ҚАРОҚЧИ-4…

0

 

* * *

Ҳовли тўртта кичик-кичик хоналардан иборат эди. Бир четда ахлат уйилиб ётар, эшиги қия очиқ хонадан чиқаётган бадбўй ҳис димоққа уриларди.

Ниғмат бу ҳидни димоғида туйди-ю, дарров оғзини кафти билан ёпди.

Шу орада хонадан ҳасса таянган, букриликка мойилроқ бир кампир чиқди-да, уларга тикилганча остонада жим туриб қолди.

— Ҳа, мамуля, — аста кампирга яқин бориб елкасига қоқди Шуҳрат. — Яхши ўтирибсизми?

— Вой, сенмидинг? — кампирнинг кайфи таранг шекилли, турган ерида чайқалиб кетди-ю, шу заҳоти деворга суяниб қолди. — Ким экан деб ҳайрон бўлиб турибман-а, Шуҳратчик!

— Мен сизга ижарачи опкелдим, — деди Шуҳрат ёнидаги Ниғматни кўрсатиб. — Зўр бола. Вақтинча туради уйингизда.

— П-пул-чи? — беўхшов тиржайди кампир. — Пулдан гапир, Шуҳратчик!

— Намунча пул-пуллайвермасангиз? — уни жеркиб ташлади Шуҳрат. — Ё менинг кимлигимни билмайсизми? Бераман ҳақингизни.

— Хўп, хўп, — дея аста ортга тисланди Мария хола. — Бир нима деётганим йўқ-ку! Бошланишига бир шиша анавиндан бўлса девдим-да! Томоқ тақиллаб кетди-ку, қурмағур! Бера қолгин бир шишага, илтимос!

— Бераман, олдин оғайнимга жойини кўрсатинг! Жуда чарчаган. Кейин… Биз гаплашиб олишимиз керак.

Мария хола ҳиринглаганча уларни ичкарига бошлади ва кейинги хонага олиб ўтди.

— Мана, шу ерда яшайверсин! — деди кампир заҳ ҳиди уфурган, бўм-бўш хонага ишора қилиб. — Томда йиғилиб-ёйиладиган каравот бор. Олиб тушинглар, ўшанда ётаверади оғайнинг!

Икковлашиб кўз очиб юмгунча каравотни ҳам хонага ўрнатиб, кампир берган кўрпа-ёстиқни тўшашди. Шундан сўнг Шуҳрат эшикни ичкаридан тамбалади-ю, каравотга чўкди.

— Энди қулоқ сол, йигит, — дея шошилмасдан гап бошлади у. — Сен бошқа дунёга кирдинг деганим эсингдан чиқмадими?

Ниғмат бош чайқаб ҳаммаси ёдида эканини билдирган бўлди.

— Менга ёрдамчи бўласан, — деди Шуҳрат тиззаларига аста-аста муштлаб олиб. — Бирга-бирга иш қиламиз. Эвазига сени ҳимоя қилиб юраман. Мелисадан узоқ бўласан, ҳеч ким сени беҳуда хафа қила олмайди.

— Шаҳарда танишларингиз кўпми? — сўради Ниғмат қизиқсиниб. — Улар казо-казо одамлар бўлса-керак-а?

— Нимайди? Тинчликми?

— Йў-ўқ., шунчаки… Сўрадим-қўйдим-да!

— Менга қара, — Шуҳрат унинг елкасига қўлини қўйди-да, оғир хўрсинди. — Бу дунёда кўп билсанг тез қарийсан… Айтганча… Шу ерда ўтира тур, мен ҳозир!..

Шуҳрат шундай деди-ю, ўрнидан сапчиб туриб кампир ўтирган хонага чиқиб кетди.

Сал ўтмай югурганча қайтиб кирди.

— Омадинг боракан, ошна, — деди у кафтларини бир-бирига ишқалаб. — Кампирни кўндирдим, кўндирдим!

— Нимага кўндирдингиз, ака? — анграйди Ниғмат. — Бирор иш бормиди?

— Э, қанақа иш? Умуман эсимдан чиққанакан. Ўтган ҳафтада зўр жононларминан танишгандим. Мария хола хаёлимдаям йўқ экан. Жиннига ўхшаб жой қидирибман. Мана, бир шиша ароқ ҳаммасини ҳал қилди-қўйди.

— Жононлар? — яна ўзини тушунмаганга олди Ниғмат. — Улар нима қилишади бу ерда?

Шуҳрат кулиб юборди.

— Эҳ, — деди кулгидан ўзини тия олмай. — Қишлоқдан ташқарига чиқмаганинг билинди, Ниғматбой! Жононлар айш-ишрат қилади бизминан.

— Йўғ-э, — деб қўйди Ниғмат бош қашиб. — Эрлари кеп қолса-чи? Муштлаш бўлади-ку! Кейин… Мелиса босади бу уйниям!

Ниғматни тушунса бўларди. Ҳали чимилдиқ тафтини вужудида туйиб кўрмаган. Аёл ва эркак муносабатини бир тарафлама тушунади. Улар иш ёки зарур масала юзасидан гаплашишади деб ўйлайди, шунга ишонади. Тўғри, қишлоқдалигида қачонлардир қўшни маҳаллалик Нозима опа деган аёлни роса-гап сўз қилишган. Одамлар Нозима опани туман марказидан келган эркак билан автобус бекатида кулишиб гаплашаётганини кўришган экан. Ўшанда бутун маҳалла йиғилиб Нозима опани муҳокама қилишганди. Шуҳрат эса кампирнинг уйига жононларни таклиф қилибди. Наҳотки, шаҳардагилар гап-сўз қилишмаса? Индашмаса, бегона эркак ва аёл бир хонада ўтириб гаплашса, кўз юмиб кетаверишса? Ўша аёлларнинг эрлари-чи? Ёки ёш бўлса, севгани бордир. Улар эшитиб қолишмайдими?

— Ҳа-а, сувга тушган мушукдай тумшайиб қолдинг, укам? — елкасига шапатилади Шуҳрат қотиб-қотиб кулиб. — Қизлар келади деганимни эшитиб қўрқиб кетдингми?

— Йў-ўқ, — сир бой бермаслик учун дарров ўзини қўлга олишга уринди Ниғмат. — Ёш боламидим қўрқиб? Шунчаки… Хаёл олиб кетибди-да!

— Қани, тур ўрнингдан! — дея унинг тирсагини сиқимлади Шуҳрат. — Тайёргарлик кўриб турайлик! Айтганча, ёнингда қанча пул бор?

— Б-билмасам, — Ниғмат сал тутилиброқ киссасига қўл солди ва бир даста пул чиқарди. — Мана шу холос экан.

— Маладес, ўғил бола! — Шуҳрат пулларни тортиб олди-да, тахминан чамалаган бўлди. — Етади! Ҳаммасига етади! Энди-чи, бир нарсани эсда сақлаб қол. Бугундан бошлаб ўлигимиз ҳам, тиригимиз ҳам бир. Топганимиз ўртада.

— Ишга киритиб қўясизми?.. Қўлга тушиб қолсам-чи?

— Оббо, жа ғалча экансан ўзингам! Боя деворга гапирдимми? Менга ёрдамчи бўласан дедим-ку! Қўй, укам, шу гапларнинг мавридимас ҳозир. Юр, аста дўконга ғизиллайлик. Кейин жононларни чақирамиз!

Ниғмат ҳеч нарса демади. Уёқ-буёғини тўғрилади-ю, Шуҳратнинг кетидан ҳовлига йўл олди.

* * *

Орадан бир соатча вақт ўтиб, сувоқлари кўчган, заҳ ҳиди уфурган хонага икки қиз кириб келди. Уларнинг бири узун бўйли, калта юбка, юбкасидан сал узунроқ пальто кийган, бўёқни азбаройи кўп чаплаганиданми, мовий кўзлари аранг кўринарди.

Шериги эса аксинча пастаккина, юмалоқ юз, кўзлари қисиқ, эгнига ихчам кофта, куртка, жинси шим кийибди.

Уларнинг нуқул тиржаяверганини кўрган Ниғмат ҳайрон бўлди. Айниқса, сўрашиш баҳонасида юзидан ўпиб қўйишлари энсасини қотирди.

«Шаҳарлик қизларнинг уяти йўқ экан, — кўнглидан ўтказди у гарчи ўпич танасига номаълум бир илиқлик бахш этган бўлса-да, дув қизариб. — Танимаган эркакни тап тортмай ўпаверишаркан. Маъмура ундай эмасди. Мендан ҳайиқиб, тортиниб турарди. Гапирсаям узоқдан туриб гапирарди. Манавиларга умуман ўхшамасди…»

— Қани, укам, Маринахоннинг ёнига ўтир-чи, — буюрди Шуҳрат дастурхонга ишора қилиб. — Анавиндан қуй олдин!

Ниғмат итоаткорона юмалоқ юзли қизнинг ёнига ўтирди-да, ароқ тўла шишанинг қопқоғини очди ва пиёлаларга қуйди.

— Вей, намунча қисинмасанг? — дея ўтирган ерида узун бўйли қизни маҳкам қучоқлади Шуҳрат қаҳ-қаҳ отиб кулиб. — Мана шу жонон бугун сеники. Тиззангга ўтқазмайсанми?

— Н-нега?? — дудуқланди Ниғмат. — Бегона қизни-я? Қўйинг-э, ака!

— Ҳезалакмисан? Қилмайсанми айтганимни?

— Нима?.. — Ниғмат эндигина пиёладаги ароқни ичиб бўлиб, газагига колбаса тишлаганди. Оғзидаги колбасани чайнашни-да унутиб, даст ўрнидан турди. — Нима дединг?..

— Ўзингни бос, ўғил бола! — Шуҳрат бир туки ўзгармай ўтирган ерида керилди. — Қаерда ўтирганингни эсдан чиқарма!

Ниғматга бу гаплар таъсир қилмади. Умри бино бўлиб кўчада ҳеч кимдан ҳақорат эшитмаганди.

Ўзини камситилган, масхараланган ҳис этиб, тишлари ғижирлади. Бир муддат тараддудланиб атрофга аланглади ва қўлга илинадиган буюм қидирди. Тополмагач, бир сакраб Шуҳратнинг тепасида ҳозир бўлди.

Киссавур эса ҳануз ҳеч нарса бўлмагандек, ёнидаги узун бўйли қизни қитиқлаб кулдириш билан овора эди.

— Ҳа, бирор нима йўқотдингми? — масхараомуз гап ташлади у ўтирган ерида. — Ё Маринахон тишлаб олдими?

— Ким ҳезалак? — хириллаш аралаш сўз қотди Ниғмат муштларини тугиб. — Гапир, ифлос, ким ҳезалак?!.

— Ие, тилинг чиқиб қоптими? — Шуҳрат қошлари чимирилиб қизни қўйиб юборди-да, аста ўрнидан қўзғалди. — Кеча шалвираб ётувдинг-ку, йигит!

— Сендан охирги марта сўрадим, ким ҳезалак? — саволни такрорлади Ниғмат.

— Сен! — дея совуқ тиржайди Шуҳрат. — Тайёр қизни эплолмаганингдан кейин ҳезалаксан-да!

— Мана сенга! — Ниғмат азбаройи жаҳлини жиловлай олмай, Шуҳратнинг юзи аралаш мушт туширди. У йиқилди. Қизларнинг дод-войига ҳам қарамай, яна икки-уч марта тепди-ю, зарда билан ташқарига йўл олди. Бироқ эшиккача етиб бормади. Яна полда чўзилиб ётган кўйи нуқул иҳлаётган Шуҳратнинг тепасига борди ва чўнтагига қўл солиб дўкондан ортган пулларни олди.

— Йўқ, — деди пулларга ижирғаниб термиларкан. — Буларни олмайман. Пулниям ҳаром қилиб бўлдинг!..

У пулларни Шуҳратнинг юзига сочди-да, қўлига курткасини олиб ташқарига чиқиб кетди.

То узоқлашиб кетгунча ичкаридан қизларнинг қий-чуви, пиёниста кампирнинг жаврагани аниқ эшитилиб турди.

* * *

Осмоннинг қовоғи баттар осилиб, қайтадан қор учқунлай бошлабди. Аччиқ изғирин тананинг очиқ жойи борки чимдиб-чимдиб оларди.

Ниғмат анча жойгача чопиб боргани сабабли совуқни ҳис этмади. Гараж ва кўп қаватли уйларни ортда қолдириб, яйдоқ далага етгач, югуришдан тўхтаб, курткасини белига қадар туширди-да, тўрт тарафга анграйди.

Биларди, энди унинг ҳолига маймунлар йиғлаши тайин. Қишлоқдан одам ўлдириб, шу ёқларга қочиб келганди. Бир оғиз ҳақоратни ичга юта олмади. Буёғига суянчиғи, уни панасига оладиган ҳеч кими йўқ. Худо кўрсатмасин, мелиса пайқаб қолса, тамом! Умри қамоқда чирийди.

— Қамоғидан қўрқмайман! — қалбидаги ваҳима ва хавотирга сўз бермай овоз чиқариб сўзлана бошлади Ниғмат. — Нима қилишарди? Жонимни олишармиди? Ўлимиданам қўрқмайман керак бўлса! Лекин ўзимни ҳақорат қилдириб қўймайман! Манаман деганининг қонини ичаман, қонини! Ўт қўяман ҳаммасига!..

Шу пайт узоқдан кимдир ўзи томон келаётганини кўрди. Шарпа аёл кишиники экани аниқ-тиниқ кўриниб турарди. Ниғмат дарров қалбига қулоқ тутди. Қалби сокин эди. Ҳеч қандай хавфдан дарак бермасди.

«Ким бўлсаям келаверсин! — шарпа томон бурилди-ю, тек қотиб тураверди Ниғмат. — Менга барибир. Бўларим бўлган. Энди қўрқиш, сесканиш йўқ. Қани, ким бўлсангам келавер!

Шарпа жуда яқин келгачгина таниди. Юмалоқ юзли Марина экан.

У нуқул ҳансирарди. Шу тахлит бир неча ўн сония тургандан сўнг Ниғмат қиздан дўқ аралаш сўради:

— Нега орқамдан думга ўхшаб эргашиб юрибсан? Нима ишинг бор менда?

— Ҳаммасини эшитдим, — деди Марина ер чизиб. — Бекор уришдингиз ўртоғингизминан. Сиз доим беркиниб яшашингиз керак. Бу юришда қўлга тушиб қоласиз.

— Сенга нима? — жирканиш билан қизга ер остидан боқди Ниғмат. — Менинг ғамимни емай қўяқол! Бор, ўша Шуҳрат акангнинг олдига!

— У сизни кечирди, — деди Марина қўрқа-писа. — Укахоним ёшлик қилди, бориб қайтариб кел деб тайинлади.

— Мен ундай меҳрибонларга зор эмасман, Бориб айтиб қўй!

— Қайсарлик қилманг, илтимос! Бу ер катта шаҳар. Суратингизни ҳамма ерга ёпиштириб ташлашган бўлса, зум ўтмай қўлга тушасиз.

— Тушсам тушарман… Вей, боргин, бошимни қотирмагин! Сендақалардан-чи, нафратланаман.

— Майли, нафратланаверинг! Лекин орқага қайтмасангиз бўлмаскан. Ёлвораман, юринг, йўқса Шуҳрат мени ўлдиради.

— Нима? Ўшами? Сени ўлдирарканми? Ўлдиролмайди. Қўрқоқларга йўл бўлсин!

Суҳбат тобора чўзилиб бораётгани ҳақида Ниғматнинг кўнгли билдирги берди. Вужудини қайтадан хавотир чулғаб, беихтиёр безовталана бошлади. Юраги потирлаб, бадани чўғ бўлиб ёнди…

Йўқ, йўқ, кетиши лозим! Бу аҳволда туриш яхшиликка олиб келмайди. Хўш, нега турибди қотиб? Кимни кутяпти? Манави қизнинг дийдиёларига қулоқ тутгандан кўра, югурмайдими дуч келган тарафга?..

Нари борса орадан икки-уч дақиқа ўтди. Ниғмат хаёлларини йиғиштириб, ўзини ўнглашга улгурмай, гаражлар тарафдан тўрт барзанги у томон чопиб келаётганини кўрди. Ҳаммасини англаб етганди. Уларни Шуҳрат юборган. Ҳозир келишади-да, дўппослашади. Хўш, нима қилсин? Қочсинми? Ахир, ҳозир дабдаласини чиқаришади…

Йўқ, ғурури йўл бермади. Тек қотганча тураверди. Марина ҳам барзангиларга кўзи тушганданоқ сўзланишдан тўхтаганди. Етиб келишлари билан тўнини тескари кийди. Пилдираганча тўрт барзангининг орасига кирди.

— Шуми? — сўради бошига қунё терисидан телпак кийиб, томоғини иссиқ шарф билан танғигани. — Нима қилди бу?

— Номусимга тегди, — Ниғматни ҳайрон қолдириб йиғлай бошлади Марина. — Роса устимдан кулди. Мана, қаранг, Анвар ака, ҳаммаёғимни кўкартириб ташлади.

— Шунақами? — иккинчи барзанги Ниғматга яқиин келди. — Ҳақи-чи, ҳақи? Ҳақини тўладими?

— Йўқ-да! — арз қилишда давом этди Марина. — Роса ялиндим ҳақимни беринг деб. Бу бўлса юзимга шапалоқ тортди-ю, қочиб қолди.

— Урларинг! — қуён телпакли Маринанинг сўнгги гапларини эшитгани ҳамоно шерикларига буюрди. — Ўлдирларинг!

— Анвар, балки кампирникига олиб борармиз? — деди барзангиларнинг учинчиси. — Бу ерда мелиса хитланиши мумкин.

— Гапинг тўғри, — қуён телпакли шеригининг таклифини маъқуллаб чўнтагидан арқон чиқарди. — Ма, оёқ-қўлини бойлаб ташла! Кампирникида гаплашамиз буминан!..

Ниғмат қанча силтаниб, қаршилик кўрсатмасин, уларга кучи етмади. Барзангилар кўз очиб юмгунча унинг оёқ-қўлларини бойлаб гўё арзимас буюм каби судраклаганча ортга қайтишди.

Бақир-чақир қилмаслиги учун оғзини скотчлашни ҳам унутишмади…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here