ҚАРОҚЧИ-5…

0

 

* * *

Кампирнинг ҳовлисидан жон аччиғида анча нари кетиб қолган экан. Барзангилар судраклаб то манзилга етгунча Ниғматнинг аъзойи бадани шилиниб, қонга беланди. Аммо шу аҳволда ҳам бировга сўз бериш нияти йўқ эди. Сезарди, ҳозир улар Шуҳратнинг олдига судраб киришади. Шуҳрат боплаб устидан кулади, масхаралайди, сўкинади, ҳақоратлайди, аламини дўппослашдан олади. Хўш, нима қилибди? Ниғмат бу дунёда аллақачон ўлимни ҳам, тақдирнинг оғирдан оғир зарбаларини ҳам бўйнига олиб бўлган. Пешонасида қанча вақт нафас олиш ёзилган бўлса кўради, чидайди, тишни тишга босади. Лекин қандайдир бир номарднинг қаршисида бош эгмайди.

— Мана, опкелдик зўравонни! — деди Анвар деган барзанги. — Шуҳрат, қарагин бунга!

— Вой-бў-ў! Қонига бўяб ташлабсанлар-ку! Эзилиб кетибди бечора!

Шуҳрат шу тахлит масхараомуз сўзлардан сўнг Ниғматнинг оғзидаги «скотч» ни кўчириб олди. Ниғмат эса гарчи нафас олиши осонлашган, анча енгил тортган бўлса-да, атайин сир бой бермади. Бурнидан бир меъёрда нафас олишда давом этди.

— Ҳа, ўзингни зўр кўрсатмоқчимисан, мишиқи? — тепасига чўнқайиб ўтирди-да, уни сўроққа тутди Шуҳрат. — Боринг шу экан-ку! Яна нимангга зўрлик қиласан, ифлос? Гапир!

— Сендайларминан гаплашишдан ор қиламан, — дея бошини ўнгга ташлаб юзидаги қонни елкасига артди Ниғмат. — Арзимайсан!

— Нима? Мен арзимайманми? Мен-а? Қара, Анвар, ҳали бу таъзирини емабди шекилли!

— Урайликми? — сўради барзангилардан бири қўлларини Ниғмат томон чўзиб. — Чўзилтириб ташлайлик бир! Эси кириб қолади!

— Йўқ, шошилмаймиз, — бош чайқаб шерикларининг таклифини рад этган бўлди Шуҳрат. — Олдин қарзини узсин!

— Ие, ҳали қарзиям бормиди сендан? — сўради Анвар барзанги хезланиб. — Қачон улгурдинг бу маразга пул бериб?

— Пулмас, — деди Шуҳрат шундоқ Ниғматнинг оёқлари остига чирт этиб тупуриб. — Бу мени урди, обрўйимга путур етказмоқчи бўлди, қолаверса, кўрнамаклик қилди. Мана, шундай жононни қўйнига солиб қўйгандим, ноз қилди!

— Анавиндай… Анақароқдир-да! — кулиб луқма ташлади бошқа бир барзанги. — Сенам тушунгин-да! Қурби келмагандан кейин…

— Ифло-ос! — оёқ-қўллари бойланган бўлса-да, олдинга талпиниб барзангига совуқ боқди Ниғмат. — Ечларинг арқонни! Нима, кучимиз етмайди деб қўрқяпсанларми? Сенлар кўпчилик-ку!

— Еч арқонни! — Ниғматнинг киноясига чидай олмаган Шуҳрат ёнидаги барзангига буюрди. — Қани, кўрайлик-чи ҳолини!

Барзанги бир зумда Ниғматнинг оёқ-қўлини арқондан халос этди. Ниғмат тепасидагиларга бир-бир қараб олди-да, қаттиқ оғриётган белини ушлаб аста ўрнидан турди ва қўлларини мушт қилди.

— Қани, бошламайсанми? — икки кафтини олдинга чўзиб уни қошига чорлади Шуҳрат. — Тушир яна мени, тушир!

— Мени тинч қўй, — деди Ниғмат совуққонлик билан. — Жонга тегдинг, жўра! Ундан кўра, йўлни бўшат, мен кетай!

— Қаерга кетасан? — деди Шуҳрат унга яқинроқ келиб. — Шаҳаргами? Нега? Олдин қарзингни узиб қўймайсанми? Ё қарзниям қиёматга қолдириб юбормоқчимисан?

— Қанақа қарз? Бошимни қотирма, Шуҳрат!

— Вей, Шуҳратлама ўзингдан каттани! Ҳозир манави акаларингга айтсам, дабдалангни чиқариб ташлашади.

— Хўш, кейин-чи? Кейин нима бўлади? Ўлдирасанларми? Марҳамат, ўлдирларинг! Мен ўлимдан қўрқмайман!

— Шуҳрат, бу ваабше ҳаддидан ошиб кетди, — дея кутилмаганда Ниғматнинг томоғига чанг солди Анвар барзанги. — Буни-чи, мажақлаб ташлаш керак. Қачонгача пачакилашиб ўтирамиз мишиқиминан?

— Ҳай-ҳай, қўйвор уни! — орага тушди Шуҳрат истезҳоли кулимсираб. — Ҳамқишлоғим ҳарқалай. Маҳалладагиларнинг қулоғига етса нима бўлади?

— Унда нима қиламиз? Ҳақоратини эшитиб, мақтанишига қараб ўтираверамизми? Ё мелисага топширворайлик! Айтувдинг-ку, кимнидир ҳалигидай… Тинчитган деб! Энасини кўри-иб юрарди ўша ёқларда.

Шуҳрат жавоб ўрнига орқароқдаги курсига ўтирди. Ўзини худди хўжайинлардек кўрсатгиси келдими, бошини орқага ташлаганча чап қўлини олдинга чўзди.

— Йўқ, мелисага бермаймиз, — деди Шуҳрат ясама виқор билан. — Бу жудаям осон жазо.

— Хўш, унда нима қилиш мумкин? Гапир тезроқ, бизниям ишларимиз кўп, ўртоқ!

— Бўпти, чўзиб ўтирмаймиз. Хуллас… Бу ҳозир тиз чўкиб оёғимни ўпади, тамом, тўрт томони қибла. Хоҳлаган ерига кетаверсин. Нима дейсизлар?

— Маъқул гап, — унинг гапини тасдиқлади биринчилардан бўлиб Анвар. — Адашмасам, қарзиям шу эди.

— Ҳа, менга қўл кўтаргани учун оёғимни ўпиши шарт. Бўл тез, шимилдириқ!

Ниғмат Шуҳратнинг бу гапини аҳмоқликдан бўлак нарса эмас деб ҳисоблади. Шу сабабли кулгиси қистаб қонталаш юзини терс бурди.

— Кутяпман, — хонада янада баландроқ жаранглади Шуҳратнинг дағдағали товуши. — Биз сенга ўхшаган бекорчи эмасмиз. Бўлмайсанми?

— Нима қилай? — деди Ниғмат ҳеч нарса бўлмагандек хотиржамлик билан. — Айт, нима қилишим керак?

— Оёғимни ўп, овсар, оёғимни!

— Қай бирини? Чапиними, ўнгиними?

— Иккаласиниям!

— Хўп, гап йўқ!

***

Ниғмат калтак зарбидан оғриб бораётган танасини эҳтиёткорлик билан эгди ва тиз чўкди. Аввал орқароқда қунишганча турган икки қизга, сўнгра барзангиларга тик боқди. Барзангилар кулгидан ўзларини зўрға тийиб масхарали ижрони кутишарди.

Шу маҳал Ниғмат Шуҳратнинг оёқлари ортида узун сопли пичоқни кўриб қолди. Кўрди-ю, миясига кескин урилган янги фикрдан кўзлари чақнаб кетди. Лекин қаршисидагиларга сездирмади. Сира тап тортмай тиззалаганча курсида керилиб ўтирган Шуҳратга яқинлашди. Худди бу ишни қилишга сира юраги чопмаётган каби бошини кўтариб оғир уф тортди.

— Бўл, имиллама! — ўтирган ерида дағдаға қилди Шуҳрат. — Аканг оёқларини эрталаб ювган, жирканмасдан ўпавер, қизиталоқ! Айтганча, Анвар, келинглар, у оёқларимни ўпса, Маринага тайинлайлик! Би-ир маза қилишни ўргатсин! Нима дейсизлар?

Барзангилар бу гапни эшитганлари ҳамоно қиқир-қиқир кулиб, Ниғматни синчковроқ кузата бошлашди.

У эса узун сопли пичоққа қур-қур кўз ташлаб қўяр, хаёлан ўз режасини тузарди.

Афсуски, режани айни чоғда узоқ вақт тузиб бўлмайди. Жуда шошилинчда ниятини амалга ошириши лозим. Токи анавилар пайқамай ҳам қолишсин!

Ниғмат гўё оёқ ўпмоқчидек энгашди-ю, эпчиллик билан пичоқни қўлига олди ва худди шундай тезликда Шуҳратнинг чоти аралаш тиғ санчди.

— Иҳ-ҳ-ҳ! — Шуҳрат кутилмаган тиғ зарбаси туфайли полга юмалади.

Уй ичи бақир-чақирга тўлди. Барзангилар Ниғматга яқинлашишга уринар, бироқ у аллақачон полда думалаб ётган Шуҳратнинг томоғига пичоқ тираганча қичқирарди:

— Яқинлашма! Сўйиб ташлайман! Ҳаммангни чавақлайман! Йўқол! Чиқ уйдан, чиқ! Учгача санайман!

Икки суюқоёқ қиз бу манзарани кўргани ҳамоно ростакамига жазавага тушиб қолганди. Лекин Ниғматнинг важоҳати туфайли титрашдан нарига ўта олишмасди. Улар бир-бирларининг пинжига кириб қунишганча унсиз йиғлашарди.

Ниғмат фурсатни қўлдан бой бериб қўймаслик ниятида жуда қисқа вақт орасида қизлардан бирига ёпишди-да, томоғига тиғ тиради.

— Жойингда турларинг! — буюрди у барзангиларга. — Қимирласанг, тортвораман! Биз ташқарига чиққунча қимирлама!

— В-вей, ўзингни бос, аҳмоқ! — Анвар барзанги турган ерида қўл узатиб Ниғматни тинчланишга ундади. — Нодонлик қилиб қўйма! Шундоғам мелиса қидиряпти сени! Баттар бўласан, бола!

— Менга барибир, — дея эҳтиёткорлик билан ортга тисланди Ниғмат қизни қўйиб юбормаган ҳолда. — Йўқотадиган ҳеч нарсам йўқ. Сенларга оғир бўлади. Жим турларинг!

Ниғмат остонадан ўтгач, пичоқни тортиб олди-да, узун бўйли қизнинг бўйнини сиқимлади.

— Қани, югур менминан, — буюрди унга дағдаға аралаш. — Миқ этсанг, ўласан, манжалақи! Уқдингми-йўқми?

Қиз титраб-қақшаб боши билан розилик аломатини берди.

— У-уқдим… Ф-фақат ўлдирманг, ўлдирманг! Ҳ-ҳали ёшман, ака!

— Ўлишни истамасанг, мени холи жойга етаклаб борасан. Ахлатхонами, қабристонми, шунақа жойга! Тез бўл!

Суюқоёқ бўйнида пайдо бўлган оғриққа базўр бардош бериб Ниғматнинг қистовида югуришга мажбур бўлди.

* * *

Ниғмат фақат бир нарсадан хавотирда эди. Барзангиларнинг қувиб келишидан, қайтадан ташланиб дўппослашларидан чўчирди. Шу сабабли ҳадеганда орқасига ўгирилар, иложи борича тезроқ юришга, бу жойлардан нари бўлишга интиларди.

Ҳарқалай, суюқоёқ панд бермади. Азбаройи қўрққаниданми, итоат билан Ниғматнинг олдига тушиб, уни айтган ерига олиб борди.

Бу жой шаҳар четидаги қабристонлардан бири эди. Деворлари баланд, симёғочлардаги чироқлар ҳам негадир ўчирилган. Зулмат қўйнида ҳайбат таратиб турган бу масканга юрак ютиб киришнинг ўзи даҳшат.

Аммо Ниғматнинг қўрқишга вақти ҳам, хоҳиши ҳам йўқ. У бироз ўйлаб турди-да, суюқоёқни қўйиб юбориб, ўзини қабристон ичкарисига урди.

— Йўқол! — шивирлади суюқоёққа таҳдид аралаш. — Бировга чурқ этсанг, ернинг остидан бўлсаям топиб сўйиб ташлайман сени! Даф бўл!..

Қиз кўздан ғойиб бўлгач, эҳтиёткорлик билан қабристонга кирди ва ўриндиқлардан бирига чўкиб атрофни ўғринча кузата бошлади.

Шу кўйи ярим соатча ўтириб қолди. Хаёлидан яқин ўтмиш, ўгай ота воқеаси, кампирникидаги қисқа саросималар, Шуҳрат билан бўлиб ўтган ишлар маржондек тизилиб ўтди. Буёғига қандай йўл тутиш, қандай яшаш, нима билан машғул бўлиш ҳақида бош қотирди. Мияси ишламади. Гўё олдинда улкан тўсиқ турган каби бош қашишдан нарига ўта олмади.

Устига устак изғирин тобора зўрайиб борарди. Жонидан совуқ ўтиб қунишиб олди. Қорни очганини ҳис этиб тамшанди. Афсуски, бунинг ҳам иложи йўқ. Борадиган, кирадиган манзили, меҳр-мурувват кўрсатадигани бўлмагандан кейин бу ҳақда ўйлаш аҳмоқликдан бўлак нарса эмас. Аксинча, нимадир қилиш, жонини асраб қолиш йўлларини қидириши лозим.

«Қамоғиям яхшийди, — кўнглидан ўтказди Ниғмат даст ўрнидан туриб совуқни енгиш учун уёқдан буёққа юра бошларкан. — Камера, мелисалар совуқ кўринсаям, иссиқ эди. Қотган нон бўлсаям қизғонмай беришарди. Хотиржам ухлаш мумкин эди. Нима қилсам экан? Ҳа, кўчага чиқаман-да, шаҳар ичкарисига кириб бораман. Атайин мелисаларга рўбарў бўламан. Улар кечасиям изғиб юришади шаҳарда. Шуҳрат мараз гапириб берганди. Тутишсин, мени қўлга олгани учун мукофот олишсин. Фақат бу ерларда қолмайман. Жонимга тегди беркиниб, пусиб юриш. Пешонамдагини кўраман. Умуман, эртами-кечми барибир қўлга тушаман-ку! Касалга чалиниб, ит кунини кўргандан шу йўл маъқул…»

Шу қарор баҳонасида қалбидаги хавотирлар, иккиланиш, ўйланиш, хаёлан зорланишлар чекинди. Ниғмат бошини баланд кўтарганча қабристондан чиқди ва шаҳарга олиб борадиган йўл бўйлаб илдам юра кетди.

Чамаси бир чақиримча йўл босгач, кутилган лаҳзалар яқинлигини ҳис этди.

Қарама-қарши тарафдан икки милиционер ғудранганча ўзаро гаплашиб келишарди.

«Хайрият, шуларни кўрадиган кун бор экан, — ўйлади Ниғмат жонланиб. — Олдин текшириб кўраман. Мени танишадими-йўқми. Башарти танишмаса, уларни ўзим гапга тутаман. Ана шунда аниқ танишади…»

***

То милиционерлар яқинлашгунча Ниғмат жойидан жилмади. Қотиб тураверди. Улар эса негадир Ниғматга эътибор бермай, ўтиб кета бошлашди. Шунда Ниғматнинг ўзи милиционерларнинг йўлини тўсди.

— Акалар, мабодо бир дона сигарет топилмайдими? — сўради у милиционерларга бир-бир жавдираб. — Жуда хумор тутди-да!

Милиционерлар аввал Ниғматни бошдан-оёқ кузатишди. Шу орада бир-бирларига маъноли қараб ҳам олишди. Ниғматнинг эса юраги така-пука эди. «Тезроқ қўлга олишсайди, бўлимга олиб бориб иссиқ камерага қамашсайди» дея безовталанган кўйи икковларига навбатма-навбат умидвор тикиларди.

— Мусофирмисан? — сўради милиционерларнинг бири чўнтагидан сигарет чиқариб унга узатаркан. — Қачон келдинг қишлоқдан?

Ниғмат нима қилишни билмай қолди. Уларнинг ҳеч нарса бўлмагандек илиқ муносабатда бўлишларига ҳайрон қолиб каловланди.

Танишмаганига амин бўлиб, ўзи ҳамма сирни очмоқчи ҳам бўлди. Лекин ҳақиқатни айтишга тили айланмади.

— Ҳ-ҳа, яқинда келдим, — дудуқланиб жавоб қилди Ниғмат сигаретни шоша-пиша тутатиб.

— Ётар жойинг тайинми ўзи, йигит? — иккинчи милиционер унга сирли боқиб саволга тутди. — Қариндош-париндошинг борми ишқилиб шаҳарда?

— Ҳа, бор, икки мавзе нарида холам туради. Ҳалигидай… Такси бузилиб қолди. Шунга… Пиёда етиб ола қолмоқчийдим-да!

— Шунақами? Майли, омадингни берсин, йигит!

Милиционерлар баравар Ниғматнинг елкасига қоқиб, йўлида давом этди. Ниғмат бўлса, ҳайратдан қотиб қолганди. Милиция ходимининг бу қадар эътиборсизлигидан ўзича афсус чеккан бўлиб бош чайқаганча, йўлга тушди.

«Ҳали суратим шаҳаргача етиб келмабди чоғи, — кўнглидан кечирди йўл-йўлакай. — Йўқса, анавилар дарров хиппа бўғишарди. Э, сира омад юришмади-да! Мана, яна оч қоладиган, совуқда қотадиган бўлдим. Эссиз, ўшанда Шуҳратнинг айтганини қилсам, бир ерим камайиб қолармиди? Нимага шаккоклик қилдим ўзи? Қизни қучоқласам, эркаласам нима қиларди?.. Э, йў-ўқ, аҳмоғи йўқ! Бегона қизни қучоқлаш яхшимас, ҳа! Бир марта қўшнимиз Султон буванинг кимгадир гапираётганини эшитиб қолганман. Бегона аёлни қучоқласа, у эркакнинг бўйнига минволиб, роса пулини шиларкан. Кейин эса Худоям кечирмаскан. Дабдаласини чиқариб ташларкан. Йў-ўқ, аҳмоқ эмасман дабдала бўлиб. Ундан кейин танимаган қизни қандай эркалаш мумкин ўзи? Отини, кимлигини, қаерда туришини билмасам… Нима деб эркалардим? Тўғри қилдим. Ўлиб кетсин Шуҳрат! Энди камида бир ой ярасини қўлтиқлаб дўхтирга чопади. Ўзидан кўрсин!..»

Шу пайт Ниғмат кўп қаватли уйлардан бири рўпарасида мункайибгина турган бир кампирни кўриб қолди. Кампир ниманидир кўтариб олишга уринар, кучи етмаётганди чамаси, қайтадан қаддини тиклаб оғир хўрсинарди.

***

Бу Ниғматнинг кўнглида номаълум умид уйғотди. Танимаса-да, шу кампир унинг жонига оро кириши муқаррарлигига ишона бошлади. Қадамини тезлатиб, бир зумда кампир турган жойга етиб борди.

Кампирнинг оёқлари остида каттакон қанор турар, қанор ичи нималаргадир тўла эди.

— Эна, кўтара олмаяпсизми дейман? — сўради Ниғмат мулойим оҳангда. — Юкингиз жа оғирга ўхшайди.

Кампир жавоб беришдан олдин унга яхшилаб разм солди. Икки кафти билан бошини чангаллаб, бир неча дақиқа тек тикилиб турди.

— Ўғри, қароқчимасмисан ишқилиб? — сўради ниҳоят сергакланиб. — Ростингни айтавер! Акс ҳолда бақириб, одамларни ёрдамга чақираман.

— Бу нима деганингиз, эна? — мажбуран кулимсиради совуқ жонидан ўтиб кетган Ниғмат титроқларни сездирмаслик илинжида. — Йўлдан ўтиб кетаётгандим. Қарасам…

— Ишондим, ишондим, — деди кампир кутилмаганда Ниғматнинг билагидан тутиб. — Мусофирлигинг аниқ-тиниқ кўриниб турибди. Топдимми?

— Топдингиз. Жа топқир кампир экансиз-да ўзиям!

— Қани, кўтар, болам қанорни! — буюрди кампир. — Ҳов анави тўққизинчи қаватга опчиқиб берасан. Қуриб кеткур жудаям зил-замбил экан.

— Шу ергача ўзингиз кўтариб келдингизми буни?

— Судраб келдим. Ҳув-в анави ахлатхонани кўряпсанми? Ўша ёқдан судраб келдим. Шу ерга етганда кучим қолмади.

Ниғмат қанорни даст кўтариб елкасига қўйди-да, кампирга юзланди.

— Қани, эна, бошланг! Тезроқ олиб кириб берай юкингизни!

— Умрингдан барака топ! — уни алқай-алқай йўлга тушди кампир. — Юрақол, ўзингам кўкариб кетибсан совуқда, юр!

Кампирнинг кўримсизгина бир хонали квартирасига қадам қўйди-ю, қўланса ҳиддан Ниғматнинг кўнгли ағдарилай деди ва дарров кафтлари билан оғиз-бурнини беркитди. Аммо уй бекасига бу ҳолатини сездирмай, қанорни балконга олиб ўтиб қўйди.

— Болам, мусофир экансан, борар жойингниям тайини йўқдир-а? — сўради кампир Ниғматга ачиниш аралаш тикилиб. — Қара, совқотибсан. Агар истасанг, бир кеча меникида қолавер! Яхши йигитга ўхшайсан. Жой етади сенгаям!

Ниғматга айни шуниси керак эди. Таранг қилиб ўтиришни хоҳламай, кампирнинг таклифини маъюс жилмайиш билан қабул қилди.

Фақат бир нарсани хоҳлади. Қанийди кампир унга балкондан жой ажратса! Чунки бу қўланса ҳидга узоқ вақт тоқат қила олмайди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here