ҚИЛМИШ-ҚИДИРМИШ…

0

ТИРИКЛАЙ КЎМИЛГАН ЙИГИТ

Аслини олиб қараганда, Сергей Никифоров ҳамда Елена Торгуноваларнинг ажрашиб кетиши Скобелево қишлоғидагиларни унчалик ҳайратга солгани йўқ. Елена жуда қувноқ, кўзга яқин қиз эди. Кўпчилик йигитлар унинг кетидан юриб чарчашмасди. Тақдир экан. Сергейга турмушга чиқди. У ҳам Еленани севарди. Фақат ўлгудек дангаса, уйқучи эди. Шунинг учун қиз ўйладики, севгисига эришгани бу йигитни дангасалик, уйқучилик ва шунга ўхшаш иллатлардан халос этади. Адашган экан. Тўйдан кейин ҳам Сергей ўзгармади. Тўйдан кейинги йўл-йўлакай учраб қоладиган муаммоларни Еленанинг ўзи ҳал этиб боришга мажбур бўлди. Айниқса, ўғиллари Миша туғилгач, бу оиланинг аҳволи янада оғирлашди. Ўғил кўриш баҳона бўлди-ю, Сергей ичкиликка берилди. Худонинг берган куни уйга гандираклаб кириб келадиган бўлди. Шунинг учун ажрашиш Елена учун байрамдек эди. Тез орада ишга жойлашди. Мишага онаси қараб турди. Кунлар ўтиб қўшни қишлоқлик Игор Пономарёв исмли йигитга тегиб кетди…

Сергей бўлса, ажрашишгандан кейин ҳам Еленанинг янги уйига келишни канда қилмади. Игор уни неча марта уришди, туртди. Фойдаси бўлмади. Майли, келсаям ҳеч бўлмаганда боласи учун бирор ўйинчоқми, конфетми кўтариб келса алам қилмайди. Сергей чўнтагида бор пулини фақат ичкиликка сарфлаб, ҳар гал ғирт маст ҳолда Мишани кўриш баҳонасида кириб келаверарди.

— Бунинг на алимент тўласа, на ўғлига ёрдам беришни истаса. — деб қолди бир куни Игор Еленага. — Ҳаммаси иккаламизнинг бўйнимизда. Бу бўлса юрибди ялло қилиб…

— Қўявер, — эрини тинчитди Елена. — Мабодо ўлиб-нетиб қолса, давлатнинг ўзи боламга нафақа тўлайди… Шуни кутишдан бўлак чорам йўқ…

Игор бир неча кун кутди. Аммо Сергейнинг қанча ичмасин, ўладиган чамаси йўқ эди. Шунда Игорнинг калласига бир фикр келиб қолди. Ўзи ўлмадими, демак, ўлишига ёрдам бериб юбориш керак…

МЕҲМОНГА АТАЛГАН ҚАБР

Куз кунларидан бирида Елена ва Игор танишлариникида зиёфатда бўлишди. Қайтаётиб анчагина кайфи ошган Игор Сергейнинг уйига кирди.

— Мен сени меҳмонга таклиф қилмоқчийдим. — деди у кулиб. — Юр, ўтириб кайф қиламиз!..

Сергей кутилмаган таклифдан қувониб кетди. Шуернинг ўзида собиқ хотинининг эрига дардини дастурхон қила бошлади. Игор ҳамма муаммоларини ҳал қилишга ваъда берди. Йўл-йўлакай у Юрий деган танишини ҳам чақириб чиқди.

Уйга келишгач, Елена боласини олиб ухлашга кириб кетди. Уч эркак эса, Игор бошчилигида ичкилик ичишга тушиб кетишди. Ичкилик мисоли дарё эди. Тез орада Сергей «ўчиб» қолди. Игор уни ўзига келтиришга уриниб бир неча маротаба юзига тарсакилаб кўрди. Бу Сергейга ёқмади шекилли, кутилмаганда ўзига келиб Игор билан муштлашиб кетди…

Игор барибир кучли эди. Бир-икки зарба билан Сергейни қонга бўяди ва азбаройи жаҳли чиққанидан Юрийни ташқарига чақирди-да, қўлига белкурак тутқазди.

— Қани, томорқанинг ҳов анави ерига бориб гўр қази!..

Юрий гўрни қазиб бўлиб ичкарига қайтганда, аҳвол ўша-ўша эди. Игор маст Сергейни уришда давом этар, бечора ўрнидан қўзғолиб улгурмасди.

— Гўр тайёр! — деди Юрий Игорни туртиб. Уй эгаси бир зарб билан Сергейни ҳушидан кетказди. Йўқ, уни ўлди деб ўйлади. Шунинг учун асабий бақирди:

— Қани, кўтардик!..

Икковлашиб Сергейни гўр тепасига олиб боришди. Игор ҳар эҳтимолга қарши унинг томоғини ушлаб кўрди. Ҳа, чамаси, нафас олмаяпти. Демак, бемалол кўмиб юбораверсаям бўлади…

Сергейни гўрга ташлаб устидан тупроқ ташлай бошлашди. Кўз очиб юмгунча томорқанинг бир четида дўмпайган қабр пайдо бўлди…

Улар Юрий билан яна ўн-ўн беш дақиқа пойлаб ўтиришди. Бир маҳал қабр ичкарисидан Сергейнинг инқиллаган овози эшитилди.

— Ие, тирик экан мараз! — дея сал қурса даҳшатдан бақириб юбораёзди Игор. — Энди нима қиламиз?

— Кутамиз, — жавоб қилди Юрий титраб-қақшаб. — Бироз инқиллаб турса, нафаси бўғилиб ўлади… Менга қара, урганингдан кейин ўлганди шекилли?..

— Жони қаттиқ экан-да ярамаснинг!..

Ҳа, Юрий айтганидек, Сергейнинг овози бир неча дақиқалардан сўнг бутунлай тинди…

Лекин, барибир Игор тинчини йўқотди. Кайфидан асар ҳам қолмади. Ҳар беш дақиқада чиқиб қабрни текшириб кўрар, хаёлида мурда худди қабрдан чиқиб кетаётгандек туюлаверарди. Шунинг учун кечалари чиқиб белкурак билан қабрнинг тепасига уриб кўрарди. У Сергейнинг кийимларигача ёқиб ташлади. Ана энди бемалол давлатдан нафақа олаверса бўлади…

Афсуски, улгурмади. Қиш эмасми, баҳор келса, сирим очилиб қолади деган хаёл билан қабрни бошқа жойга кўчирганди. Барибир сири очилди. Қишлоқ бўлгани учунми, одамлар қабрни пайқаб қолишди ва милицияга хабар беришди.

Орадан олти ой ўтиб бўлганди. Игорни ўн олти йилга озодликдан маҳрум этишди. Юрий эса, иштирокчи сифатида бир ярим йиллик қамоқ жазосига эга бўлди.

Сергей ПРИХОДКО

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here