Мафия сардори (76-қисм)

0

Фотима опа ошхонага кирди. Ювилган, устма-уст тахлаб қўйилган пиёлаларни бошқатдан ювди. Кейин қозонга, чойнакка ўтди. Дастурхонни стол устига қўйди. Очди. Нонларни аввал ёйди, сўнгра йиғиб дастурхонга ўради. Қайтиб жойига қўйди. Бу муддат ичида унинг ичидаги ҳаяжон босилди. Энди у бемалол кула олиши, суҳбатлашиши мумкин эди.

Қизининг ёнига борди. Тўшагининг бир четига ўтириб, Наргизанинг сочларини силади, сўнг ўпиб қўйди. Қиз йиғидан тўхтади. Бироз индамай ётди.

— Ойи, — деди йиғламсираб, — нега мени ёмон кўрасиз?

— Ким айтди сенга ёмон кўради, деб? Сен жисмимнинг бир бўлагисан. Салгина йўталиб қолган пайтларинг кўзимдан ёш чиққанини неча марталаб кўргансан. Ўзинг “Нега йиғлайсиз?” дердинг.

Наргизанинг кўнгли равшан тортди. Ойиси томонга ўгирилди. Унинг тиззасига бошини қўйди.

— Мен сизни яхши кўраман, — деди.

— Она қизим, эркатойим. Жудаям ширинсан-у, баъзида айниб-айниб турасан-да.

— Билмадим, ойи, шунақа туққан бўлсангиз керак-да!

— Айбдорниям дарров топдинг. Майли, сен айтганча мен айбдор бўлақолайин, лекин бир нарсани эсингдан чиқарма: Шаҳлони мен, аканг қабул қилдик. Сен унинг уйи, ойиси билан нима ишинг бор? Ўзи яхши бўлса бўлди-да! Балки у онасига ўхшамагандир… Янаям ким билади дейсан, қизим? Бир нарса дейишга биз ожизмиз. Худо нимани раво кўрса, шу бўлади.

— Ойи, қуш уясида кўрганини қилади, деб кўп айтардингиз. Уйимизга келволганидан кейин қилиқ чиқарса, нима қиламиз?

— Айтдим-ку, ҳаммасини Худо билади деб. Тақдир, пешонадагини кўраверамиз… Энди тур ўрнингдан, аканг келгунича бориб Шаҳлонинг ҳолидан хабар олайлик. Шу оёқ билан нима қилаяптийкан бечора?

Аммо улар уйдан чиқишга улгуришмади. Ҳовлиққанча Мурод кириб келди. Унинг ранги бироз оқаринқираган, юқори қаватга югуриб чиққан шекилли, ҳансирарди. У келибоқ Наргизани сўроққа тутди. Онасининг гапларидан кейин анча босилиб қолган Наргиза ўйлаб қўйган ваҳимасини айтолмади. Уйида ҳеч ким йўқлиги учун Шаҳло келолмаганини эшитиб, Мурод бўшашди. Кўзини юмиб деворга суянди.

— Наргиз, агар яна бир марта шунақа ваҳима қиладиган бўлсанг, ўзингдан кўр, — деди.

— Биз бораётгандик, ўғлим. Кўрайлик, агар бу ёққа опкелишнинг иложи бўлса, опкеламиз.

— Мен ҳам бораман. Пастда такси кутиб турибди. Дарров етволамиз, — деб Мурод ташқарига чиқиб кетди.

Унинг кўнгли хотиржам тортганлиги боис, машинада Шаҳлонинг уйига етгунча ойисига ишлари ривожланиб кетгани, ишчиларининг қўли-қўлига тегмаётгани ҳақида гапириб кетди. Ора-чора Наргизага қараб қўяр, гўё: “Бекор юргандан кўра, сен ҳам бориб қарашсанг бўларди”, демоқчидай бўларди.

Эшик қўнғироғи чалинганда, Шаҳло Фарангиз билан бирга чой ичиб ўтирган эди. Аёл қизга ҳаммасини — унинг Бўрон амакиси билан қандай танишиб қолгани, ундан кейин нималар содир бўлгани, хуллас, ўтган ҳаётини ипидан-игнасигача гапириб берарди. Шаҳло унга тик боқолмади. Ҳали бошини девор тарафга бурар, ҳали нигоҳини ерга қадар, баъзан пиёла гардишини тирноғи билан тирнаган киши бўларди. У Фарангизни сираям ёмон кўрмаётганди. Қайтанга аёл гапиргани сайин ўзининг Мурод билан ўтказган дамлари кўз олдида гавдаланар, ўша Мурод иккаласи ўтказган тунни эсига соларди. Буни агар ўзи айтмаганида, ҳеч ким билмаган бўларди. Лекин у ойисига айтди. Мажбур бўлганидан айтди. “Балки бекор қилгандирман. Шунда ойим касалхонага тушмаган, дадам авария бўлиб… Ҳаммасига ўзим айбдорман. Дадам бечора бегона жойда, бошқа сабаб билан ҳалокатга учрамадилар-ку?! Мени касалхонага обораётиб… Ичган эканлар… Иккинчи хотин экан. Ҳалол, покиза. Менинг ҳам деярли фарқим йўқ ундан. Битта фарқимиз, менинг кундошим бўлмайди. Очиғи, кундош деган нарсага сираям чидолмаган бўлардим. Агар иккинчи бўлганимда… Йўқ, бўлмасдим. Керакмас. Ўйламайман. Оёғим эртароқ тузалганида, дадамни олиб келардим уйга”.

Фарангиз ўрнидан турди. Уйнинг у бошидан бу бошига бориб кела бошлади. У кибр билан худди аслзодаларга ўхшаб юрарди. Қадди-қомати келишган, йигирма-йигирма беш ёшлардаги аёлнинг юриши ўзига жудаям ярашар эди. Шаҳлонинг ҳам ҳаваси, ҳам ҳасади келди. “Бундай гўзал жононага ҳар қандай эркак жонини беради. Уни севмаслик мумкин эмас. Лекин ҳозир олифталанадиган пайт эмас-ку! Атайин шу ишни қилаётганга ўхшайди”, — дея хаёлидан ўтказди.

— Юришингиз жудаям чиройли экан, — деди у ўзини тутиб туролмай.

Фарангиз юришдан тўхтади. Қизга ўгирилиб қаради. Жилмайди.

— Ҳамма бало шунда-да! Эндигина бешга тўлганимда, дадам раҳматли операга оборгандилар. Икки йил қатнадим. Кейин бормай қўйдим. Лекин юришим шунақа бўп қолди. Йигитларнинг гап отишлари, шилқимликлари жонимга тегиб кетганида оёқ ўлгурни бошқача ташлашга кўп уриндим. Аммо сира ўзгартиролмадим, — дея Шаҳлонинг ёнига келиб ўтирди.

Худди шу пайт эшик қўнғироғи чалинди.

— Мурод акам, — деди Шаҳло топағонлик қилиб, унинг юзи ял-ял ёниб кетди. Нафас олиши тезлашиб, кўкраги тез-тез кўтарилиб туша бошлади. — Телефонларига жавоб бермаганим учун югуриб келган бўлсалар керак.

У сўзлаб бўлиши билан дарров хомуш тортиб қолди. Чунки хаёлига Наргиза келган эди. Муродга синглиси нималар деб тўқиб-бичгани Шаҳлога қоронғи эди. Лекин шуниси аниқки, яхши гап айтмаган. Мабодо яхши гап айтганида, эҳтимол, Мурод келмаган бўларди.

— Бориб қарай-чи, — деб Фарангиз ўрнидан турди ва ташқарига чиқиб кетди. Бир неча сониядан кейин Шаҳлонинг қулоғига ҳовли тарафдан икки аёлнинг ўзаро сўрашганлари эшитилди. У Фотима опанинг овозини дарров таниди. Қизариб, столга суянганча ўрнидан турди.

Фотима опа Шаҳлони кўриши билан қучоғини очди. Қизни бағрига босди, юз-кўзидан ўпди. Бундай меҳрибончиликка чидолмаган Шаҳло йиғлаб юборди.

— Ҳай, ҳай, — деб унинг мижжасидаги ёшни артди Фотима опа, — ҳозир мен ҳам йиғлаб юбораман.

Енгил кулги кўтарилди. Шаҳло Муродни кўриб терисига сиғмай кетди. Аммо салом беришдан нарига ўтолмади. Уялди. Бироқ араз қилишни унутмади.

Келганлар ҳали юзларига фотиҳа тортишга улгурмасидан яна эшик қўнғироғи жиринглаб қолди.

Бу сафар Фарангиз Бўрон акаси келганини ичида башорат қилиб ўрнидан турди. Аммо у адашган эди. Адашганини эшикни очиб Фароғат кундошини кўргандагина билди. Юзи қизарди, вужудида титроқ турди.

— Келинг, — деди Фарангиз зўрға тили айланиб.

— Келдик, — Фароғат Фарангизга бошдан-оёқ қараб чиқди. — Сиз ким бўласиз?

— Олиб келишганди, — Фарангиз беихтиёр ерга қаради.

— Ҳимм, мардикормисиз?

Фарангизнинг юрагига биров пичоқ санчгандай сапчиб тушди. Киприкларини пирпиратиб рўпарасида афтини бужмайтириб турган аёлга қаради. Нима деб жавоб берсин? Вазиятдан қандай чиқиб кетсин? Қанийди, эрингнинг хотини бўламан, деб айта олса-ю, шу билан елкасидан босиб, эзғилаб турган юк ерга тушиб чилпарчин бўлса ва у енгил тортса. Лекин бунга унинг журъати етмайди. Журъати етганда ҳам ақли, фаҳм-фаросати бунга йўл қўймайди: гўёки бир умрга мана шундай яшашга маҳкумсан, деяётгандай.

— Ҳа-а, нега чурқ этмайсиз?! — деди Фароғат рўпарасида мум тишлаб турган жувонга еб қўйгудек тикилиб.

— Шундай, ўзим… — деди зўрға Фарангиз, — мардикор аёлман.

— Сендан бошқа тузукроқ одам қуриганмикан эшикни очишга? — деди бирдан сенсирашга ўтган Фароғат кўнгли алланечук хотиржам тортиб.

“Тузукроқ одамлар шунга лойиқ кишилар келса очади-да”, хаёлидан ўтказди Фарангиз, бироқ дилидагини тилига кўчирмади.

— Мен шу атрофда эдим, — деб қўя қолди.

— Қоч!

Фароғат уни четлаб ичкарига кириб кетди.

Эшик қўнғироғи товушини эшитганидаёқ Шаҳло: “Ким келсаям майли, фақат Фароғат кеннойим келиб қолмасин-да”, деган хаёлга борган эди. У билан амакисининг кейинги хотини дуч келиб қолса қандай аҳволга тушишини ўзича тахмин қилганди. Мабодо Фароғат келинойиси ўзининг кундоши шу аёл эканлигини сезиб қоладиган бўлса, нималар содир бўлишиниям тасаввур қиларди. Ҳали келин бўлиб тушишга улгурмасидан Шаҳло Муроднинг оиласидагиларга керагидан ортиқ шарманда бўлди. Устига-устак, ҳозир соч юлиш, бақир-чақир бошланиб кетса борми, қиёмат қўпчиди, деяверинг. Агар, Худо кўрсатмасин, шунақанги воқеа содир бўладиган бўлса, у Муродга турмушга чиқмайди. Майли, иффатини йўқотган, бошқага эрга тегиши чекланган бўлса ҳам. Чунки атрофида бўлаётган воқеалар олдида унинг аҳволи бирмунча дурустдай туйилди ўзига.

Фароғат эшикни очиши билан Шаҳло ялт этиб унга қаради. Хаёлидан: “Эй Худо, ўзинг қутқар!” деган ўй ўтди ҳамда ўрнидан туришга интилди.

— Меҳмонлар бор экан-да, — деди Фароғат сохта жилмайиб, сўнг аввал Фотима опага, кейин унинг қизига, охирида Муродга қаради. Фотима опанинг кийинишидан билдики, камбағалгина аёл. Ҳаттоки номига бўлса ҳам, биттагина тақинчоғи йўқ, менсимасдан гаплашса бўлади.

— Ойимнинг танишлари, — деди Шаҳло кеннойисига жавобан бошқа баҳона тополмагач.

— Шунақами? — энсасини қотирди Фароғат. — Ойингнинг барча танишларини танирдим, ҳаммаси ўзига тўқ, бой-бадавлат аёллар эди. Ҳа-а, мен танимайдиган дугоналариям бор экан-да?! Ойингни билган одам бундай дугонаси борлигига сира ишонмайди.

Аёл гапириб бўлгунича Мурод тишини-тишига босди, кейин ташқарига чиқиб кетди. Ортиқ чидаёлмасди. Онасининг шаънига айтилаётган камситишлар унинг юрагини тешиб ўтаётганди. Агар оғзи бузуқ хотиннинг гапини яна бироз эшитса, портлаб кетиши тайин эди. Ўзини тўхтатолмай қоларди.

— Кеккайган бола экан-а, — деди Муроднинг орқасидан қараб қолган Фароғат, — ғинг демасдан безрайиб чиқиб кетди.

— Нима дейиши керагиди сизга? Ойисини ҳақорат қилаётганингиз учун раҳмат айтиши керакмиди? — деди Шаҳло Фароғатнинг кўзига тикилиб.

— Ҳай, ҳай, — деб қизни сўзлашдан тўхтатди Фароғат, — мен ҳали ҳеч нима демадим-ку! Шунчалик азиз меҳмонлар эканлиги тушимгаям киргани йўқ. Ана, биттаси бориб эшикни очди. Сўрасам, “Мардикорман”, дейди. Унинг бир ўзи келмаган бўлса керак, деб ўйлагандим-да.

— Сира хафа бўлганимиз йўқ, — деди Фотима опа орага қўшилиб, — танимасни сийламас, дейишади…

— Тилимиз қичиганди, тишимиз билан босиб қолдик. Бўлмаса, эшикдан келганнинг ҳаммасиям сийланишга лойиқ бўлавермайди, — деб кесатди Наргиза онасининг гапини бўлиб.

— Шаҳло, сенга гапим бор эди, — деди Фароғат гўё Наргизанинг гапини эшитмаганга олиб, — меҳмонларинг билан кейин таништирарсан, юр!

У қизнинг юролмаслигигаям эътибор қилмади. Фақат ўгирилаётиб Фарангизга ўқрайди.

— Ҳозирги мардикорларнинг ҳам бурнидан эшак қурти ёғилади. Гапга қулоқ солгунча, ишини эртароқ битирса ўладими? — деди Фароғат ҳали нотаниш кундошига тегиб кетишдан иргангандай атайин четлаб ўтаркан. Сўнг бехосдан аёлнинг бўйнидаги йўғон тилла занжирга кўзи тушди-ю, ҳеч нарсага тушунмай ҳайрон бўлди: “Мардикор аёлда бу матоҳ нима қилсин? Шундай бойлиги бор аёл мардикорлик қилиб нима қилади? Ёки Хонзоданинг очиқда қолган тақинчоғини бўйнига илиб олдими?”

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Мафия сардори (57-қисм)

Мафия сардори (58-қисм)

Мафия сардори (59-қисм)

Мафия сардори (60-қисм)

Мафия сардори (61-қисм)

Мафия сардори (62-қисм)

Мафия сардори (63-қисм)

Мафия сардори (64-қисм)

Мафия сардори (65-қисм)

Мафия сардори (66-қисм)

Мафия сардори (67-қисм)

Мафия сардори (68-қисм)

Мафия сардори (69-қисм)

Мафия сардори (70-қисм)

Мафия сардори (71-қисм)

Мафия сардори (72-қисм)

Мафия сардори (73-қисм)

Мафия сардори (74-қисм)

Мафия сардори (75-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here