Мафия сардори (77-қисм)

0

У Шаҳлони шунчаки вазиятдан қутулиш учун чақирган эди. Ҳаммани лол қилмоқчи эди. Гўё у малика-ю, кириши билан анави ялангоёқлар зир титраб, қўлларини кўксига қўйиб, эгилиб, керак бўлса, тиз чўкиб турадигандай. Унинг ҳар бир айтган сўзини жон қулоқлари билан эшитиб, ҳақоратларини кўнгилларининг малҳами каби қабул қилишларини истаётгандай эди. Буни ўзи ҳам билмасди. Аммо хоҳиши шундай бўлса, у бечора нима қилсин? Лекин умиди зумда чиппакка чиқди. Унинг керилишини биров сариқ чақага олмади. Қайтанга устидан кулишди. Очиқчасига, бетинг-кўзинг дейишмади. Албатта, у бировга ҳақини бериб қўядиган аёллардан эмас, лекин Шаҳло халақит бериб қолди. Шу муштдеккина қизнинг олдида у ўзини босишга мажбур бўлди-я, афсус. Аммо ҳали ҳам кеч эмас. Биринчи навбатда мардикор хотиннинг бўйнидаги тилла занжирдан бошлайди. Ундан кейин анави ялангоёқларни ҳам Шаҳло орқали ҳайдайди…

Унинг бу режаси ҳам амалга ошмайдиганга ўхшайди. Чунки ташқарида боягина ёнидан без бўлиб чиқиб кетган йигитча асабий ҳолатда юрарди.

Фароғат бир неча сония ташқарида кутиб қолди. Мурод унга еб қўйгудек тикилиб чиқиб кетди.

Шаҳло бўлғуси қайнонаси ва Наргизадан келинойиси учун узр сўраб, деворга суянганча ташқарига йўл олаётганида, Наргиза югуриб келиб унинг қанотига кирди.

— Қизим, сиз шу ерда ўтира қолинг, биз чиқиб турамиз. Айтадиганини уйда айтиб олар. Ташқарида чиройли гулзорга кўзим тушувди, унгача гулларни томоша қилиб турамиз, — деб Фотима опа уни юргани қўймади.

Сўнг ташқарига чиқиб Фароғатга Шаҳлонинг оёғи оғриётганлиги боис чиқолмаганини, бемалол кириб гаплашавериши мумкинлигини айтди. Фароғатнинг энсаси қотди. Аммо Шаҳлонинг ёнига боришга мажбур бўлди.

— Шаҳлохон, — деди юмшоқ курсига ўзини ташларкан, — қаёқдаги хотинларни уйга киргизиб ўтирибсан. Ойингдан сўраганмидинг ўзи?

— Кеннойи, — деди жаҳли чиққан Шаҳло, — шуни айтгани келганмидингиз?

— Вой ўлмасам, бу нима деганинг? Анави мардикор хотиннинг бўйнидаги тиллани кўрдингми? Ҳеч замонда мардикор шунақа зеб-зийнатлар тақиб юрадими?!

— У мардикор эмас, менинг тутинган опам бўлади. Бошқа айтадиган гапингиз йўқми? Тўғрисини айтсам, роса сиқилиб ўтирибман.

— Кет, демоқчимисан?

— Ихтиёрингиз.

— Менга қара! Ойинг, даданг касалхонада бўлганиминан, сен ўзбошимчалик қилолмайсан. Амакингга айтсам, таъзирингни бериб қўяди. Ёшгина қизча кўчада қолган хотин-халажни уйга киргизиб олармиш-у, яқинлари индамасмиш.

— Кеннойи, илтимос, уйингизга боринг. Мендан хавотир олмасангиз ҳам бўлаверади. Ҳожати йўқ.

— Амакинг атайин ҳолидан хабар…

— Ҳожати йўқ, — деб бирдан унинг гапини бўлди Шаҳло.

— Ўзинг биласан, — деб Фароғат ўрнидан турди.

У кетганидан кейин Шаҳло йиғлаб юборди. Ўпкаси тўлиб ўксиб-ўксиб йиғлади. Хонада ҳеч кимнинг йўқлигидан фойдаланиб, баҳонада ичидагини тўкиб олди.

Аввал Мурод келди. Севгилисининг юм-юм йиғлаётганини кўриб, эсхонаси чиқиб кетаёзди. Дарров унинг қошига тиз чўкиб қўлларини ушлади.

— Нима бўлди? Анави илон чақиб кетдими? Ҳозир бориб бир ёқли қилиб келаман! — деди шошиб.

— Қўйинг, — деди Шаҳло йигитнинг меҳрибонлигидан баттар кўнгли юмшаб, — у ўзи шунақа. Обрўйингизни йўқотасиз. Ана, кетди-ку, энди ҳаммаси изига тушиб кетади.

Ташқаридагилар бирин-кетин кириб келишди. Улар томоша қилган гуллар ҳақиқатан ҳам чиройли эди. Кўрган одамнинг баҳри-дили очилади. Девор тубига қатор қилиб териб қўйилган тувакдаги гулларнинг ўнтасини Содиқ атайин гул дўконидан харид қилиб келган. Улар деярли ҳар куни гуллайди. Пушти, қизил, оқ бўлиб очилади. Лекин бу гўзал манзара ҳам уларнинг баҳри-дилини очолмади. Учовининг ҳам ўй-хаёли уйда эди. Фароғат эшикни тарақлатиб ёпиб қарғанганча кўча тарафга йўл олганидан сўнг бир муддат сўзсиз туришди. Мурод югуриб Шаҳлонинг ёнига кириб кетгач, тағин бироз кутишди. Фотима опанинг сабри чидамади. Гарчи ўғли билан келинининг ёнига айни лаҳзада бориш ноқулай эса-да, Шаҳлони кўриш учун шошди.

Шаҳло эндигина йиғидан тўхтаган, шу аснода уни деб қаҳр-ғазаб отига минган Мурод севиклисини овутиш билан овора эди.

— Муроджон, болам, сен ишингга кетавер. Биз ўзимиз гаплашиб оламиз, — деди онаси ниҳоятда юмшоқлик билан.

— Шу аҳволда чиқмасинлар, озгина ўтирсинлар, — деди Шаҳло Фотима опага ялиниб.

Унинг шаҳло кўзлари жовдираб турар, кўрган одамнинг юрагини эзиб юборарди. Фотима опа билан Фарангиз ўзини тутди. Бироқ Наргиза шунчаки қараб туролмади, Шаҳлони маҳкам қучоқлаб, юзидан ўпди.

— Ойи, — деди кўзлари кулиб турган Мурод, — бир минутгина ўтирай, илтимо-о-ос, ойи!

Унинг бу қарашига кулмасдан илож йўқ эди. Аввал Шаҳло кулди, кейин қолганлар. Шу билан хонадан қайғу ариб, дилни қувонтирувчи кайфият зоҳир бўлди.

Қизига чой дамлашни буюрган Фотима опа Фарангиз билан ҳол-аҳвол сўрашди. Аммо зинҳор унга оғир ботиши мумкин бўлган гапга яқинлашмади (яъни: “Кимнинг аёлисиз, болалар нечта ва ҳоказо”, деб сўрамади).

Ярим соатлардан кейин Мурод ишига жўнаб кетди. Меҳмонлар Шаҳлонинг таклифи билан бошқа хонага ўтишди. Дастурхон тузалди. Бир пиёладан чой ичилди. Гап ўзани айланиб тўйга тақалди. Шунда Шаҳлонинг боши эгилди. Юзига қизиллик югурди.

— Кундан-кунга Шаҳлохонни яхши кўриб кетаяпмиз. Умридан барака топсин. Бирам зеҳнли, бирам ақллики, одам ўзидан ҳам қизғонади-я, — деб Фотима опа мақтаганда, Шаҳло қанот қоқиб учиб кетай деди. Фотима опага ўғринча қараб қўйди.

— Ойи, — деди Наргиза кулиб, — кеннойим уялиб кетаяптилар. Бошқа нарса ҳақида гаплашайлик.

— Ҳаммага шундай гапларни эшитиш насиб этсин, қизим, сенгаям.

— Вой! Ҳали шошмай туринг, ойи, — деди юзидаги табассумни яширолмаган Наргиза, — шунақанги мақтовлар эшитайки, келинингиз чангимда қолиб кетсин.

Кулги кўтарилди.

— Индамаса, ойим, кеннойим ўтирибди, меҳмонлар бор, демайсан-а, — деб қизини койиган бўлди Фотима опа.

— Бегонамасмиз-у, шундай пайтда эркалик қилмаса, бошқа қачон қилади? — деб дарров унинг ёнини олди Фарангиз.

— Кеннойи, юринг ошхонага, гурунглашиб туринг. Мен ўзим овқат қиламан. Қочмасак, ҳозир бошқа нарсаларниям эшитамиз, — деб Наргиза Шаҳлонинг қўлидан ушлади.

Аммо шод-хуррамлик узоққа чўзилмади. Чунки Хонзода ҳаллослаб уйига етиб келиб, эшик очиқлигидан хурсанд бўлиб кетган ҳамда дарров ўзини ичкарига урган эди. У остонадаги бегона оёқ кийимларни кўрди-ю, шу лаҳзанинг ўзидаёқ кайфияти бузилди. “Уйда йўқлигимиздан фойдаланиб, ҳамма қаланғи-қасанғи ин қуриб олганга ўхшайди”, дея хаёлидан ўтказди у.

* * *

Шоҳруҳ қўлидаги телефонни ташлаб югуриб борди-да, ташқари эшикни итарди. Темир эшик қилт этмади. Дарров орқасига қайтиб келиб:

— Бирор чора кўрмасак бўлмайди. Болалар бекорга абгор бўлишади, — деди столга ўтириб пешонасини ушлаб турган Юлдузга.

— Қанақа чора? Ҳамма йўлларимиз беркилди-ку, — деди унга жавобан Юлдуз алам билан.

— Жа унчаликмасдир. Бирорта ёриқ қолдиришгандир, биронта йўлни эсларидан чиқаришгандир?

— Йўл бор. Лекин улар эсларидан чиқаришмаган. Атайин қолдиришган бу йўлни, — деди Юлдуз Шоҳруҳга юзланиб. Йигит унга савол назари билан қараб турарди.

— Амалдорлар билан танишишингиз учун менинг ўрнимга Оксана ўтирди. Оқибатда қанча нарсага чидашимга тўғри келди. Эндиги чидаш навбати сизники.

— Тушунмадим. Нималар деяпсан?! — деди бирдан жаҳли чиқиб пешонаси тиришган Шоҳруҳ.

— Анави падар лаънати нималар деб кетгани эсингиздан чиқдими? Мени кимгадир инъом қиласиз, кейин мушкулингиз осон бўлади.

Шоҳруҳ тутақиб кетмасин деб Юлдуз атайин юмшоқроқ қилиб гапирди. Бироқ шу гапининг ўзи ҳам Шоҳруҳни издан чиқариб юбораёзди. Столнинг устида нимаики бўлса, ҳаммасини ғазаб билан бирма-бир олиб полга уриб майдалай бошлади.

— Бас! — бақириб юборди охири сабри чидамаган Юлдуз. — Нималар қилаётганингизни билаяпсизми?!

— Йўқ, билмаяпман! Билмаяпман, — деди Шоҳруҳ киноя билан, — ҳамма нарсанинг йўлини биладиган, ҳар қандай шароитга мослашиб кетоладиган сиздек хоним билган нарсаларни мен қаёқдан билай?!

— Ўзингизни босинг. Мен, ҳар қалай, ақлимни йўқотганим йўқ. Ҳаммаям Оксана бўлавермайди. Сиз Роман Фёдоровичга қўнғироқ қилиб кўринг-чи, балки бу машмашалардан унинг бутунлай хабари йўқдир. Балки Виталий исмли мараз аввал тўғри ишни қилиб, кейин уни бошқа томонга буриб юборгандир. Бизнинг хабаримиз бўлмагач, қаердан биламиз?

Юлдуз текис, равон сўзлади. Шу қадар бемалол гапирдики, Шоҳруҳ пуфакдай бўшашди. Бояги аламзадалик, ғазаб ўз-ўзидан йўқолди. Йигитда ўзгариш содир бўлаётганини Юлдуз гапини охирига етказмасидан сезиб улгурганди. Ич-ичидан кулди. Шоҳруҳнинг устидан эмас, бутун эркак зотининг устидан, эркакларнинг ожиз ва соддалигидан кулди. Агар замон шу тахлит давом этадиган бўлса, кун келиб ҳамма нарса аёлларга, ҳаттоки бутун халқлар устидан ҳукм ўтказиш ҳам аёллар зиммасида қолишини идрок этди. Аввало, мамнун бўлди. Сўнг хўрсинди. Сабаби, у Шоҳруҳнинг ожиз қолишини сираям истамаганди.

Шоҳруҳ гапирмади. Телефонини титкилаб Роман Фёдоровичнинг рақамини топиб қўнғироқ қилди. Чақирув овози анча давом этди. Шоҳруҳ банкирни ухлаган хаёл қилиб телефонни ўчириб қўймоқчи бўлганида, Роман Фёдоровичнинг хириллаган овози эшитилиб қолди.

— Уйқунгизни бузганим учун узр. Лекин шундай қилишимга тўғри келди, — деди Шоҳруҳ.

— Менинг ёшгина дўстим, сени кўриш у ёқда турсин, овозингни эшитишдан ҳам чўчиб қолдим. Чунки, албатта, бирор фалокатдан хабар берасан, — деди Роман Фёдорович.

— Ўзим ҳам шундан афсусдаман. Аммо иложим қанча? Бу сафар топшириқ ўзимга бўлди. Яъни сизни ўлдиришим кераклигини айтишди. Қўрқитишлар, пўписалар, хуллас, ҳаммасини бошдан ўтказдим. Дарвоқе, Оксананинг қаердалигидан хабарингиз борми?

— Виталий уни хавфсиз жойга олиб кетган.

— Эҳтимол. Аммо унинг ҳолидан хабар олиб қўйсангиз ёмон бўлмасди. Агар сизни бугуннинг ўзидаёқ ўлдирмасам, йигитларимдан айриламан. Ҳозир уларнинг машиналари қуршовда.

Банкир чидаб туролмади. Шунақанги ёмон сўкиндики, Шоҳруҳ эшитиб қолмадимикин, деган хавотирда Юлдузга қараб қўйди. Кейин Роман Фёдорович Шоҳруҳнинг йигитлари қаерда эканлигини айтди. Шу билан алоқа узилди.

— Ана кўрдингизми? — деди йигитга қараб турган Юлдуз. — Роман Фёдоровичнинг ҳеч нарсадан хабари йўқ. Демак, ҳаммаси анави Виталийнинг иши. Тўйдаги воқеалар ҳам. Хизматкор аёл, Бек унинг қилмишининг қурбони.

— Майли, энди ҳаммасини бас қилайлик. Эртаям бор. Агар бутун тунни шу тахлит ўтказадиган бўлсак, эрта кун бўйи карахт аҳволда юришимизга тўғри келади, — деб Шоҳруҳ юмшоқ оромкурсига бориб ўтирди. Юлдуз ҳам унинг ёнидан жой олди. Бошини йигитнинг елкасига қўйди. Улар шу тахлит ухлаган эдилар. Шоҳруҳ туш кўра бошлаган маҳал эшик шарақ-шуруқ қилиб очилди. Иккиси ҳам бараварига чўчиб уйғонишди. Лекин ўринларидан туришга улгурмасларидан олдинма-кейин уларга таниш бўлган йигитлар, охирида Роман Фёдорович кириб келди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Мафия сардори (57-қисм)

Мафия сардори (58-қисм)

Мафия сардори (59-қисм)

Мафия сардори (60-қисм)

Мафия сардори (61-қисм)

Мафия сардори (62-қисм)

Мафия сардори (63-қисм)

Мафия сардори (64-қисм)

Мафия сардори (65-қисм)

Мафия сардори (66-қисм)

Мафия сардори (67-қисм)

Мафия сардори (68-қисм)

Мафия сардори (69-қисм)

Мафия сардори (70-қисм)

Мафия сардори (71-қисм)

Мафия сардори (72-қисм)

Мафия сардори (73-қисм)

Мафия сардори (74-қисм)

Мафия сардори (75-қисм)

Мафия сардори (76-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here