Навбат кутиб ўттиздан ошганлар ёшлар уйларига эга бўла оладими?

0

Бугун ўзининг эришаётган юксак натижалари билан юртимиз ривожига катта ҳисса қўшаётган ёшларнинг анчаси имтиёзли ипотека кредитлари асосида шундай уйларда истиқомат қилмоқда.

Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг 2017 йил 30 июнь куни бўлиб ўтган IV қурултойи қарорига мувофиқ, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилиши эса ёшларга бундай уйларни бериш тартибига ҳам айрим ўзгартириш киритилишига сабаб бўлди. Шу ҳақда тўлиқроқ маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши юридик хизмат бўлими мудири Баҳром ИЛҲОМЖОНОВ билан суҳбатлашдик.

— 2014 йил 8 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг «Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинган эди. Мазкур қарор билан тасдиқланган низомга кўра, ёш оила фан, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда юксак натижага эришгани, туруржойга муҳтожлар сифатида ҳисобда туриши ва эр-хотиннинг биринчи марта расмий никоҳга киргани ҳамда ҳар иккисининг ўттиз ёшдан ошмаган бўлиши ва кредитга лаёқатлилиги талаб этилар эди.

Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармонида келгусида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш мақсадида 2018 — 2021 йилларга мўлжалланган ёшлар уйларини барпо этиш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш кўрсатилган. Унда барча йирик шаҳарларда кўп қаватли, қишлоқ ҳудудларида бир-икки қаватли намунавий лойиҳалар асосидаги уйларни ёшларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб барпо этиш масаласи кўтарилди. Бу борада тегишли давлат идоралари, вазирлик ва қўмиталар билан биргаликда ишларни уч босқичда ташкил этиш кўзда тутилган. Биринчи босқич — қурилиш, иккинчи босқич — қурилган уйларга номзод ёш оилаларни танлаш, учинчи босқич — имтиёзли ипотека кредитларни расмийлаштириш.

— Номзод ёш ­оилаларни танлашда қандай жиҳатлар инобатга олинади?

— Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Мазкур ўзгартириш билан бирга Вазирлар Маҳкамасининг «Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига ҳам ўзгартириш киритилди. Авваллари фан, маданият, спорт соҳаларида яхши натижаларга эришган ёш оилалар бу имкониятдан фойдаланган бўлса, энди Ўзбекистон ёшлар иттифоқида самарали фаолият юритаётган оилали ёш ходимлар ҳам Марказий Кенгашнинг тақдимномаси билан келгусида ёшлар уйларини олиши мумкин.

— Ёшлар уйлари кимларга навбатсиз берилади?

— Авваллари эр ва хотиннинг иккиси ҳам Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси бўлса ёки ёш оила Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган сурункали касалликларнинг ўткир шаклидан азият чекувчи шахслар билан бир уйда яшаса, навбатсиз уй олиш имконига эга бўлар эди. Энди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида камида уч йил давомида самарали меҳнат қилган ходимлар ҳам навбатсиз уй олиш имконига эга.

— Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ёш оилаларни имтиёзли ипотека кредитлари асосидаги уйлар билан таъминлашда қандай ваколатларга эга? 

— Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаоллари ҳам бевосита жамоатчилик асосида ёшлар уйларининг қурилиши устидан назорат қилиши мумкин. Шунингдек, улар юқорида қайд этилган уч босқич, яъни қурилиш, номзодларни танлаш ва ипотека кредитларини расмийлаштиришда ҳам иштирок этиш ҳуқуқига эга.

— Имтиёзли ипотека кредитларини тўлаш қай тарзда амалга оширилади? 

— Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 сентябрдаги қарорига мувофиқ ёш оилалар шаҳарларда кўп квартирали арзон уй-жойларни олишда 25 фоиз бошланғич тўлов билан 20 йил (имтиёзли давр билан бирга) муддатга уй сотиб олиши мумкин. Қишлоқ жойларида янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойларни 15 фоиз бошланғич тўлов билан икки, уч қаватли кўп квартирали уйлар ва 2, 3 хонали бир қаватли уйлар учун, 25 фоиз бошланғич тўлов билан икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган уйларни харид қилиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам дастлабки 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз миқдоридаги фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида тўловни амалга ошириш кўзда тутилган. Аммо шу қонун ҳужжатининг кейинги бандларида ипотека кредитларини олган ёш ­оилаларнинг кредитни тўлаш муддати давомида кейинчалик уни қайтариш шарти билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан уй-жой сотиб олиш учун дастлабки бадалларни тўлаш белгилаб қўйилган. Шунингдек, ипотека кредити бўйича 5 йил ниҳоясига етгандан кейинги бутун муддат учун ҳисобланадиган фоизларнинг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдорида тўлаши кўрсатилган.

Мухлислардан келган саволлар:

— Биз 2014 йил Тошкент вилоятидан «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати имтиёзли кредит асосида берадиган уй учун навбатга қўйилганмиз. Аммо ҳудудимизда бундай уйларнинг қурилиш жараёни тўхтаб қолгани боис шу кунга қадар уй ололмадик. Бизда бундай буён қуриладиган ёшлар уйларини сотиб олиш имкони мавжудми?

Шоҳида САЛИМОВА,

Тошкент вилояти

— Ўзбекистон ёшлар иттифоқи «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади. Ёшлар иттифоқи унинг барча ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўз зиммасига олди. «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳисобга қўйган ва навбатда турган ёш оила келгусида Ёшлар иттифоқининг тавсияномаси билан уй-жой сотиб олиши мумкин.

Бугунги кунда 1300 дан зиёд ёш оила ҳисобга қўйилиб, навбатда турибди. 2018 йилда 2149 та уй қурилиши режалаштирилган. Мазкур уйларни қуришда ёш оилаларнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб ҳудудларни танлаш бўйича тавсиялар берамиз. Бу Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг берган бўш жойларда янги уйлар қуриш ҳамда мавжуд бўш биноларни қайта таъмирлаш ҳисобига амалга оширилади. Шунингдек, келгусида барча ёшлар уйларини қуришда Ёшлар иттифоқи фаолларини жамоатчилик асосида жалб қилиш кўзда тутилган. Улар қурилиш сифати, ҳолати ва таъмирлаш ишлари белгиланган талаблар доирасида олиб борилаётганини бевосита назоратга олиш имконини беради.

— 2016 йилда имтиёзли кредит асосидаги уйларни олиш учун ҳисобга қўйилиб, навбатда турибман. Шу кунгача уй ололмадим. Ёшим эса ўттиздан ошди. Бу қонун ҳужжатларида кўрсатилган талабларга зид. Бу масалага қандай ечим топилади?

Тоҳир МИРСОАТОВ,

Паркент тумани

— Бундай оилалар уйлар тақсимланган вақтда Ўзбекистон ёшлар иттифоқига мурожаат қилишади. Ариза берилган вақтда эр ва хотиннинг ҳар бирининг ёши ўттиздан ошмаганини аниқлаб, қайд этилган ҳужжатдан нусха олинади. Шунга асосланиб, Марказий Кенгаш банкка ҳақиқатан ҳам, ёш оила вакиллари туман, шаҳар Ёшлар иттифоқи кенгашларига ариза билан мурожаат қилганда ўттиз ёшдан ошмагани ҳақида ҳужжат тақдим этади.

— Уйларининг қурилишида айрим камчиликлар аниқланса, ёш оилалар кимга мурожаат қилиши мумкин?

Шуҳрат ВОҲИДОВ,

Сирдарё вилояти

— Шундай ҳолатлар аниқланганда улар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси»га мурожаат қилиши мумкин. Улар ёшлар уйларини қуришда буюртмачи ҳисобланади.

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,

«Оила даврасида» 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here