ҚАРОҚЧИ-6…

0

 

* * *

Ниғматнинг нияти яна амалга ошмади. Кампир унга балкон эмас, кичик хонадан жой ажратди.

Хонанинг бир бурчагига ахлатхонадан териб олинган йиртиқ-ямоқ кийимлар, пластик, алюминли идишлар уйиб ташланибди. Улардан таралаётган ҳид шу қадар бадбўйки, бу хонада ухлаш тугул, бир муддат туриб қолишнинг ўзи амри маҳол эди.

— Сен, болам, бу нарсаларга эътибор қилма, — деди кампир Ниғматнинг хаёлидан ўтган гапларни уққан каби қўл силтаб. — Тирикчилигим шундай. Ҳозирги замонда ахлатхонаям катта дўконлардан қолишмайдиган бўлиб қолди. Хоҳлаган буюмингни топасан, бозорга олиб чиқсанг, икки қўллаб сотиб олишади. Шукр қил, кўчада қолсанг, совқотардинг.

— Й-йўқ, эна, мен ҳеч нарса демайман, — Ниғмат кампирнинг қўтир босган, кирланган оёқларига ижирғаниб қаради-ю, лаб тишлаб юзини терс бурди. — Амаллайман, эна, амаллайман. Раҳмат сизга!

Ва хаёлан сўкиниб олишни-да унутмади:

«Падарига лаънат! Келиб-келиб шу сассиқ кампиргаям йўлиқаманми? Ишқилиб, кўнглим айниб қусвормасайдим! Эҳ, тезроқ тонг отсайди, даф бўлардим шу уйдан!..»

Қўланса ҳид сония сайин Ниғматнинг вужудини сиқиб келар, безовталанишга, қалбан эзилишга мажбур этарди.

У қоп-қоронғи хона деразаси орқали ташқарини кузатарди. Юраги эса қилмишлари юкини кўтара олмай керагидан тезроқ урар, ўзига қолса тушкунлик забтига ён берай дерди.

Бу-ку майли, амал-тақал, гир айланибми, кўксини полга берибми тоқат қилса бўларди. Қорнининг таталаб бораётганига бардоши етмади. Қишлоқда ўсган, икки коса таомни кўрдим демай паққос тушириб ўрганган Ниғматга очлик аламдан бўлак туйғуни ҳадя этмасди.

«Бас, етар, — дея беихтиёр ўрнидан туриб кетди у. — Ортиқ бу тахлит ўтира олмайман. Қўрқишим, хавотирланишим нимаси? Нимадан чўчийман? Кимдан ҳадиксирайман? Қишлоқда манаман деганни юз метр наридан ўтишга мажбур қилган одам шу тобда қаёқдаги дайди, пиёниста, сассиқ кампирдан ҳадиксираб хонага қамалиб ўтирсам! Бу нимаси ўзи?..»

У кўнглидан кечган қарама-қарши ҳисларни енгиб бирдан дадиллашди ва эшикни очиб кампир ўтирган хонага қулоқ тутди.

Чамаси кампир ёлғиз эмасди. Яна қайсидир аёлнинг алмойи алжойи гаплари қулоққа чалинарди.

— Ким бўлди бу нусха энди? — шивирлади Ниғмат. — Пиёнистами, тиланчими? Нима бор экан ярим кечаси дайдиб? Э, итдан тарқаган! Ҳозир кириб ҳайдаб солсаммикан? Ё…

Ниғмат зарда билан кампир ўтирган хона эшигини очди.

Хона ўртасига эски, бир тарафи қийшайган стол қўйилибди. Стол атрофида кампирдан ташқари бўлиққина, калта кўйлаги остидан оппоқ сонларини кўз-кўзлаганча ўрта яшар бир аёл ўтирарди. Ниғмат бунақаларни фақат кинолардагина кўрган. Шу сабабли аёлнинг очиқ баданидан кўз узолмай бир муддат туриб қолди.

Уй бекасининг ҳам аллақачон кайфи таранг эди. У Ниғматга қаради-ю, базўр ўрнидан қўзғалиб, гандираклаганча яқин келди.

— София, — деди Ниғматнинг елкасига қоқиб. — Қара, қандай келишган, меҳрибон йигит экан. У қаноримни уйгача олиб кириб берди.

Ўрта яшар аёл ўтирган ерида бош буриб Ниғматга разм солди.

— Кел, яхши йигит, бизминан ўтир, — дея қўли билан столга ишора қолди аёл кўз сузиб. — Улфатчилик қиламиз! Танишамиз!..

— Вей, ухлашга қўясанларми-йўқми? — таваккал дағдаға қилди Ниғмат. — Ҳаммаёқни саситиб юбордиларинг-ку!

— Н-нима? — уй бекаси кайфи ошиб, ўзини аранг идора этиб турган бўлса-да, Ниғматнинг дўқини эшитгач, ҳушёр тортди. — Нима дединг?

— Сасиб кетди ҳаммаёқ дедим! — дўқлашда давом этди Ниғмат. — Мен чарчаганман, тушунасанларми?!.

Бу муносабат, шубҳасиз, ўрта яшар аёлга ҳам таъсир этмай қолмади. У кўзлари чақчайган кўйи оҳиста ўрнидан қўзғалди ва Ниғматга яқин келди.

— Бунинг томи кетган шекилли, Маруся, — дея кампирга юзланди аёл. — Қара, сеникида ўтириб хўжайинлик қилмоқчи!

— Ҳой, бола, — кампир улфатининг чақириғидан янада жонланиб Ниғматга ўшқирди. — Сен нега бизга хўжайинлик қиляпсан-а? Кимсан ўзинг?

Ниғмат базўр ўзини босиб турганди. Кампирнинг аччиқ кесатиғи баттар жаҳлини қўзғади.

— Менми? — дея хезланганча икки аёлнинг елкасидан маҳкам сиқди. — Мен Ниғматман, билдингми? Эшитмаганмисан? Қани, тез полга ётларинг! Йўқса, бўғиб ўлдираман икковингниям!

Ичкилик аёлни ҳам шер қилиб юбораркан. Ўрта яшар аёл бир зарб билан Ниғматнинг қўлини елкасидан олиб ташлади.

— Қ-қоч-э, — деди у афтини бужмайтириб. — Жувонмарг!.. Б-бизам жа ердан чиққан қўзиқоринмасмиз! Ўлдириб кўр-чи қани!

— Ие, ҳали шунақами? — Ниғмат эпчиллик билан ўрта яшар аёлнинг томоғига чанг солди. Аёл шу заҳоти хириллаб, турган ерида типирчилай бошлади.

— Қ-қўйвор, ҳароми, қўйвор! — уй бекаси эса шеригини ҳимоя этиш илинжида Ниғматнинг билагидан тортқиларди. — Ўлдириб қўясан, ифлос! Торт қўлингни!

Ниғмат яна бир кўнгилсизлик юз беришини кўнгли сезган каби шоша-пиша қўлини аёлнинг томоғидан тортиб олди ва икковини баравар елкасидан сиқимлаб полга ўтқазди.

— Чунқинг чиқмасин икковингниям! — уларнинг елкасидан қаттиқроқ эзди Ниғмат. — Қимирламайсан! Мен бир иш қиламан. Агар шу ишни тугатгунимча қимир этсанг, тамом, аяб ўтирмайман!

Пиёнисталар Ниғматнинг бу гапига сира ҳайратланмади. Улар стол устида қолиб кетган ярим шиша ароқни тортиб олса керак деб ўйлашди ва кетма-кет ичида ичкилик қулқиллаб турган шишага суқ билан қараб-қараб қўйишди.

Бироқ Ниғмат ароққа қўл теккизмади. Ўрнидан турди-да, аёлларни назардан қочирмаган ҳолда бурчакдаги жавон эшигини очди. Ҳеч нарса тополмагач, эски гиламнинг бир бурчагини кўтаришга тутинди.

— Йўқ, йўқ, тўхта, — шу пайт ўрта яшар аёл ўрнидан туришга чоғланди. — Сенга зўр гапим бор. Айтайми?

Гилам остида ҳам ҳеч нарса йўқлигига амин бўлган Ниғмат аёлга совуқ тикилди.

— Нима дейсан?

Аёл унинг сал бўшашганидан фойдаланиб, даст ўрнидан турди ва яқин келиб қулоғига шивирлади.

— Кел, жоним, беҳуда бизни хафа қилма. Ундан кўра, биргаликда ишрат қилайлик! Қара, мен зўр колбасаям опкелганман. Қорнинг очдир. Кейин-чи, бекитиб қўйган яхши ароғим бориди. Манави холангдан қизғониб турувдим. Ичайлик, кайф қилайлик. Ана ундан кейин ниятингни айтсанг, ўзим ёрдамлашаман. Ҳа-а, мен сендақанги келишган, мард йигитларни ҳурмат қиламан.

— Отинг нима ўзи? — сўради Ниғмат аёлдан. — Намунча яхши кўрмасанг ичкилик ичишни?

— Мен София опангман, ўргилай. Қўшни домда тураман. Мусофирга ўхшайсан, агар гапимга кирсанг, шаҳарнинг ҳамма бурчагини кўрсатишим мумкин сенга. Бир тийининг керакмас, ишон!

Ниғмат аёлнинг гапидан сўнг ўйланиб қолди. Ҳақиқатан, шаҳарга бекордан-бекорга келгани йўқ. Бундан буён шу нотаниш манзилда қўним топиши зарур. Шаҳарда эса таниши қолмади ҳисоб. Шуҳрат билан ҳам ёвлашиб улгурди. Хўш, нима қилади? Албатта, манавинақанги пиёниста аёллар ҳам унинг кунига яраши мумкин. Сал қўрқитса, жой ҳам, пул ҳам беришади. Ҳа, энди айёрлик йўлига ўтмаса бўлмайди. Акс ҳолда яна бирор кор-ҳолга учраш эҳтимоли йўқ эмас.

— Шунақа дегин? — сўради Ниғмат кулимсираб. — Жуда яхши, гапингга ишондим. Бироқ айтиб қўяй, алдайдиган бўлсанг…

— Ўлибманми алдаб? — аёл жонланиб ҳамон бурчакда ўтирган кампирга қўли билан ишора қилиб туришга ундади. — София опанг ҳалол аёл. Бир гапни айтдими, тамом, албатта гапининг устидан чиқади.

— Жуда яхши, — деди Ниғмат кафтларини бир-бирига ишқалаб. — Ўзиям бугун совуқда бўларим бўлганди. Ҳаммаёғим зирқираб кетяпти. Қорин сурнай чаляпти. Ичсак ичибмиз-да! Нима дейсан, София?

Аёл Ниғматнинг сенлашидан пича койинса-да, сездирмади. Ёлғондакам кулиб пальтосининг ички киссасидан бир шиша ароқ, колбаса чиқарди.

— Мана, ўзинг соқийлик қиласан, йигит, — деди у кампирга кўз қисиб. — Маруся холанггаям бир нима деб қўй, қўрқиб ўтирибди бечора!

— Келеверсин, — Ниғмат шундай деб кампир томон юзланди. — Қани, яқинроқ кел, кампир. Улфатчилик қиламиз!

Шиша очилди. Ниғмат аёлларга оз-оздан қуйди-да, ўзи учун ароқ тўлдирилган пиёлани бир кўтаришда бўшатиб, газагига колбаса тишлади.

Иккинчи пиёладан кейин Ниғмат терга ботди. Эгнидаги қалин кийимларни ечиб бир кўйлакда қолди.

Кайфи таранглашгач, ҳадеганда биқинига туртиб, қийшанглаётган София ҳам кўзига янада жозибали кўрина бошлади. Хонани тутган бадбўй ҳидни илғамай қўйди. Қур-қур Софиянинг таранг сийналари, мовий кўзлари, боя кўзини ўйнатган, калта кўйлаги остидан ўзини кўз-кўз қилаётган оппоқ, бўлиқ сонларига суқ билан қараб қўяверди. Буни, шубҳасиз, аёл аллақачон пайқаганди. Атайин кўйлаги этагини баландроқ кўтарган бўлиб, Ниғматнинг пинжига кирди.

— Уйланмаганмисан? — шивирлаб сўради София Ниғматдан. — Фақат ростингни айт, жоним!

— Й-йўқ, — жавоб қилди зўрға Ниғмат кайфдан қисилган кўзларини юмган кўйи ичкилик ихтиёрига ўтган гавдаси чайқалиб Софиянинг сочларини ҳидлаб-ҳидлаб оларкан. — Умримда аёл кишиминан бирга бўлмаганман.

— Вой шўрли-ик! — қотиб-қотиб кулди София Ниғматни қитиқлаб. — Эшитдингми, Маруся, бу бечорагина аёл кўрмаган экан. Нима қиламиз?

Маруся хола юзини терс ўгириб лаб бурди-ю, қайтадан улар томон юзланиб ароғи яримлаган шишани кўрсатди.

— Ароқдан қуйларинг! Томоқ тақиллаб кетди.

— Қуямизми? — сўради Ниғматдан эркаланиб София. — Жони-им, эшитаяпсанми? Ароқ қуйишимиз керакмиш.

— Қ-қуямиз, — Ниғмат аёлни қўйиб юборди-да, энгашиб бўш пиёлаларни қайтадан ароққа тўлдирди.

— Мен… Ш-шу қадаҳни, — дея пиёлани баланд кўтарди Ниғмат. — София учун кўтараман.

— Ура-а! — деб юборди икки аёл бараварига. — Зўр қадаҳ сўзи бўлди…

* * *

Ниғмат кейин нималар бўлганини умуман эслай олмасди. Кўзини очганида аллақачон тонг отган, ўзи Софиянинг бағрида ётарди.

У бир муддат гарангсиб ўтириб қолди. Аёл эса ярим яланғоч ҳолда пишиллаб ухлар, ундан ароқнинг ёқимсиз иси уфурарди.

— Нима бўлди ўзи? — ўзича сўзланиб кийинишга тутинди Ниғмат. — Нималар қилдим? Нималар дедим? Нега бу аёл менинг ёнимда ухлади?.. Ҳа-я, кеча бирга ичкилик ичгандик. Кейин… Ўлай агар эслай олмайман… Э, ўлиб кетмайдими ҳаммаси!.. Кетишим керак, кетишим. Жой топмасам, иш қидирмасам бўлмайди. Бўлмайди…

Унинг товушини эишитди чоғи, София кўзларини очиб, ўрнидан турди.

— Қаерга отландинг, жоним? — сўради у жавдираб. — Тинчликми? Ё ароққа чиқиб келмоқчимисан?

— Қанақа ароқ? — аёлни жеркиб берди Ниғмат. — Шундоғам сенларминан бирга қанд еб қўйганга ўхшайман.

— Унда қаерга йўл олдинг? Айтсанг-чи!

— Билмадим, бирор ишончли, тинч жой қидираман. Ҳали иш топишим керак.

— Биз-чи? — София ўрнидан сакраб турди-да, Ниғматнинг йўлига кўндаланг бўлди. — Биз нима қиламиз?

— Биз деганинг ким? — анграйди Ниғмат. — Маруся иккалангми? Кунингни кўраверасан. Мен нима қилай? Мардикормидим сенларга?

— Демак, бизни ташлаб кетмоқчисан, шундайми? — деди София асабий лаб тишлаб. — Икки йўл орасида ўзимизни ёлғиз қолдирасан-у, кетаверасан…

— Вей, намунча ғалчага ўхшаб бидирлайсан? Нима демоқчисан ўзи?

— Мен… Боламизни назарда тутдим, — дея ясама йиғламсиради София. — Туни билан менга уйқу бермай, қийнаб, бола орттирасан-у, энди ташлаб кетмоқчимисан?

— Нима? — Ниғмат бу гапни эшитди-ю, кулгиси қистаб ортга тисланди. — Қанақа бола?

— Қанақа бола! Қанақа бола!.. Эркакларнинг ҳаммаси шу! Билиб туриб ўзларини билмаганга олишади. Ялинтиришади, йиғлатишади…

— Бўпти, гапни калта қил, мен кечикяпман. — Ниғмат шундай деб курткаси ёқасини кўтарди-да, йўлак томон ўгирилди. Бироқ София шу заҳоти йўлини тўсди.

— Йў-ўқ, — деди заҳархандалик билан аёл. — Мен индамай қолаверадиган аёлларданмасман. Қўйвориб бўпман.

— Вей, нима қилиб берай яна? — бақириб юборди Ниғмат. — Мунча менга ёпишиб қолдинг-а?

— С-сендан ҳомиладорман, билдингми? Бадалини мен билан баравар тўлайсан.

— Ҳомиладор? Ўйлаб гапиряпсанми? Ё ҳазиллашяпсанми?

— Бундай ишда ҳазил кетмайди, жоним, — дея икки қўлини белига тиради София. — Гапларим рост. Сендан ҳомиладор бўп қолдим. Шундай экан, бизни ёлғиз ташлаб кетиб бўпсан!

Ниғмат ҳайрон эди. Хўш, шунақаси ҳам бўлиши мумкинми? Бир кеча бирга ётиб фарзандли бўлиш ҳақиқатми? Шундай бўлса, қаршисидаги аёлга нима десин? Эркаклар бу лаҳзаларда нима дейдилар? Ташқарига отилиб чиқиб кетадилар-у, кун бўйи анҳор бўйи, кўчаларни ёлғиз кезадиларми? Ёки фарзандининг онаси ёнида ўтириб вақт ўтказадиларми?..

«Нималар бўляпти ўзи? — ўйларди Ниғмат бошини икки кафти билан чангаллаганча. — Нима қилиб қўйдим? Нега ундай ишга қўл урдим? Гуноҳ эканини билардим-ку! Энди-чи? Нима бўлади? Қандай йўл тутай? Софияни шартта итариб юбориб бошим оққан тарафга кетиб юборайми? Бола-чи? Барибир бир кун туғилади, Софиядан отаси кимлигини сўрайди. Шунда отаси аблаҳ эканини айтиб унинг кўнглини чўктирадими? Бир умрга фарзанди Ниғматнинг номини тилга олмай ўтадими? Қандай даҳшат!.. Йўқ, Ниғмат ундай тарбия олмаган. Қондоши, фарзандидан воз кечиб кетиш Қўрғонқишлоқ эркакларига хосмас. Улар ҳеч қачон номардликка қўл урмайдилар. Қўрғонқишлоқ эркаклари бошларини баланд кўтариб яшайдилар. Демак, Ниғмат ҳам шундай йўл тутади. Она-болани аросатда қўйиб кета олмайди. Охиригача туриб беради…»

Бир неча дақиқа ичида содда, қишлоқдаги ариқни ҳатлаб четга чиқмаган Ниғматнинг кўнглидан шу ўйлар ўтди. Фарзандини кўксида опичлаб турган Софияни маҳкам қучоқлади. Сийрак, патаклашган сочларидан ўпди. Сўнгра қорнига кафтини босиб дилбанди билан хаёлан тиллашди.

«Мен шу ердаман, асалим, — деди қалбан унга. — Қўрқмагин, ранжимагин, хавотирга тушмагин! Мен ойинг икковларингни ташлаб қўймайман. Қара, сени топиш учун шундай катта шаҳарга келишим зарур бўлибди. Қишлоқда топишсак ҳам бўларди-ку, ўғил бола!.. Нима? Мен қиз бўлишим ҳам мумкин дейсанми? Асло. Сен ўғил боласан, ҳа! Ҳали туғилгин, сенминан Қўрғонқишлоққа борамиз. Умар мироб ногирон бўлиб қолгандир. Унинг адабини икковлашиб берамиз… Ким билсин? Балки ўлдириб қўйгандирман? Ўзим ҳам ҳайронман. Ўша куни жуда қаттиқ ургандим. Агар жони қаттиқ бўлса, тирик қолгандир. Э, барибир қийналиб ўлиб кетади у ифлос. Мана, кўрасан, қишлоқдагиларнинг ўзи қарғаб ўлдирворади уни. Чунки ўша ҳовли сенминан меники… Ойим-чи дейсанми? Ойингниям опкетамиз… Ҳа, гапинг тўғри, ойинг жуда келишган жувон. Фақат ичкиликни ташласа яхшийди. Ҳа, ҳа, албатта ташлаттирамиз унга ичишни. Ташламай кўрсин-чи, ўзинг ота ўғил қорнига муштлаб-муштлаб адабини берасан…»

— Ҳой, нима бўлди сенга? — Ниғмат сесканиб бошини кўтарди. София кўксига муштлаб эркаланаётган экан.

Бир муддат тик қараб тургач, Ниғмат кўнгли юмшаб Софияни бағрига босди.

— Гапинг ростми? — сўради болаларча соддалик билан Софиядан. — Алдамасдан ҳақиқатни гапир! Ростдан мендан ҳомиладормисан?

— Алдаб ўлибманми? — энди чинакамига йиғламсирай бошлади София. — Сен ухлаб ётганингда Марусяга дардимни айтгандим. Роса хурсанд бўлди. «Шунча йилдан бери ёлғиз эдинг, мана, худо эрниям, боланиям қўшқўллаб берди» деди. Икковимиз бир қултумдан ичиб боламизни «ювдик»…

— Менга қара, — Ниғмат кутилмаганда Софиянинг икки юзини сиқимлаб олди. — Бундан кейин ичма! Эшитяпсанми, ичма! Болани нобуд қиласан ичсанг! Мени биласан, башарти шундай бўлса, сени тирик қўймайман.

— Ичмайман, албатта, — дея Ниғматнинг қўлларини ҳирс билан ўпди София. — Сен ёнимда бўлсанг, боламиз отасиз ўсмаса бас. Ичмайман! Мана! — София шундай деб бир неча марта чўқинди. — Қасам! Қасам! Ичсам ҳар бало бўлай!..

— Йўқ, йўқ, қасам ичма, — дея уни қайтадан қучоқлади Ниғмат. — Ишондим сенга, ишондим! Қўрқма, мен ҳеч қаерга кетмайман. Сизларни боқиш учун нима иш бўлса қиламан. Айтганча… Сенинг шаҳардаги «шпана» болалардан танишинг йўқми?

— «Шпана»? — кўзларини катта-катта очиб сўради София. — У нимаси?

— Чўнтаккесар, безорилардан демоқчийдим.

— Бор, бор танишим. Қўшни массивда туради. Лекин… Сен нима қиласан ундайларни?

— Кейин биласан. Ҳозирча айта олмайман. Баъзи режаларим бор. Агар ўхшаб қолса, боламиз бир умр ҳеч нарсага зориқмасдан яшайди. Хўш, қачон таништирасан ўша бола билан?

— Вой, олдин меникига ўтайлик! Янги уйга ўрнашиб ол! Келажак ҳақида яхшилаб гаплашволайлик. Ундан кейин бир гап бўлар, ахир!..

— Бу ишни шу бугуноқ битириш керак, — деди Ниғмат тоқатсизланиб. — Чўзиб бўлмайди.

— Хўп, юр олдин, уйга кир, ваннахонада чўмил, уёқ-буёғингни тартибга келтир! Кейин бориб келаверамиз!..

Айни паллада Ниғматнинг қалбида ҳақиқий байрам бошлангандек эди. Мамнунлигидан ўзини қўярга жой топа олмас, қадам ташлашида, сўзлашларида ўзгариш сезила бошлаган, ўзини худди ҳақиқий оталар каби тутишга интиларди.

Қувончини аранг вужудига сиғдириб, меҳр билан Софиянинг билагидан тутди ва қулоғига шивирлади:

— Майли, юрақол, онаси!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here