ҚАРОҚЧИ-7…

0

 

* * *

Софияникига киргунча Ниғматнинг миясидан минг хил фикрлар яшин тезлигида ўтиб кетди. Умрини қишлоқ кўчаларида ўтказган йигит учун Софиянинг хабари ростакамига кутилмаган бахтдек туюларди. Қур-қур қишлоқдаги қарияларнинг «Худо бераман деса ўзига осон» қабилидаги сўзларини ёдга олар ва уларнинг топқирлиги, нуронийлигига қайта-қайта тан берарди.

«Ахир… Ўша чоллар беҳуда гапиришмас экан, — ўйларди Ниғмат товуқ каби лапанглаганча ёнида кетиб бораётган Софияни қаттиқроқ қучиб. — Мана исботи. Худо менга бир кечадаёқ фарзанд бериб турибди!.. Аммо… Қишлоқдагилар эшитса нима деркин? Уйланмай ҳаромдан бола орттирибди деб маломатга қўйишмасмикан? Э, қўйиб кўрсин-чи! Нима иши бор уларнинг? Мен ўзига хон, ўзига бек одамман. Биронтаси ғинг деса дабдаласини чиқараман, ҳа!..»

Софиянинг квартирасидан ҳарқалай бадбўй ҳидлар таралмас экан. Икки хонали квартира шинамгина безатилибди. Ҳар бир жиҳоз дид билан териб чиқилибди.

«Адашибман, — кўнглидан ўтказди Ниғмат хоналарни зимдан кўздан кечириш асносида. — Софияни ғирт пиёниста, анави кампирнинг бири деб ўйлабман. Уйига яхши қараркан, ораста хотин экан. Ие, Ниғматнинг хотини шундай бўлишиям керак-да!..»

«Хотин» деган жумла хаёлидан ўтиши вужудига янада илиқлик бахш этди. Ниғмат қалбида ғурур туйғуси кучайиб бораётганини, катта шаҳарда ҳам кимгадир жуда кераклигини сезиб, ўзини тобора эркин ҳис эта бошлади.

«Омадим келгани шу, — ўйлади Ниғмат диванга чўкиб дастурхон тузашга киришиб кетган Софиянинг ҳаракатларини ер остидан кузатаркан. — Шаҳарда осонгина жойлиям бўлдим. Хотин, еб-ичиш нақд. Совуқда кўча кезмайман, мелисалар безовта қилмайди. Тун бўйи хотинчанинг қўйнида ухлайман-у, кундузлари ўзим орзулаган ишминан шуғулланавераман. Ҳа, ўша орзуни барибир амалга оширишим шарт. Шуҳратга ўхшаганларни таъзим қилдирсам армоним қолмасди. Шундай қиламан ҳам! Албатта шундай қиламан!..»

* * *

Бу орада София дастурхонга шўр бодринг, помидор ва бир шиша ароқ қўйишга улгурди ва эркаланибгина келиб Ниғматнинг ёнига чўкди.

— Қани, паҳлавоним, қиттай-қиттай қилайлик энди! — шивирлади София дастурхонга ишора қилиб. — Бугун болали бўлаётганимизни ювмасак бўлмас!?.

— Эрталабдан-а? — афтини бужмайтирди Ниғмат. — Қайси аҳмоқ азонлаб ароқ ичади? А-айтганча… Сен ҳомиадорсан-ку! Шундаям ичмоқчимисан?

— Нима қипти? — деди София елка қисиб. — Жин урмайди мени. Сизгача иккитасини туққанман. Ўшандаям чекардим, ичардим. Ҳеч бало бўлмади. Болаларим саломат. Бувисиминан яшашаяпти бир яхши.

— Менга бунинг қизиғи йўқ, — дағдаға аралаш сўз қотди Ниғмат. — Мен буткул бошқа одамман. Тартибли, номусли аёлларга ўхшаб ҳаёт кечирасан.

— Хўп, хўжайин, хўп, — деди София нозли жилмайиш қилиб. — Бугун ичай, кейин умуман ташлайман. Илтимос, қуяқол, жоним! Бошим ёрилай деяпти!

Ниғмат қовоқ уйган кўйи шиша қопқоғини очди-да, иккита лаби учган пиёлани ичкиликка тўлдирди.

Улар сўзсиз қадаҳ кўтаришди.

Ичкилик ҳар гал турлича таъсир кўрсатади шекилли, иккинчи пиёлани ичгандан сўнг Ниғматнинг бадани қизиб, тафаккури равшанлашгандек бирдан ҳушёр тортди. Лаб тишлаганча Софияга совуқ боқди. Аёл эса парвойи фалак, ароқдан кейинги газак учун қўйилган шўр помидорни ғарч-ғарч тишлаган кўйи Ниғматга тиржайиб қўярди.

— Сен алдадинг мени, — деди Ниғмат ниҳоят фикрларини бир жойга жамлагандек. — Ҳомиладормассан. Ёлғон гапирдинг, ёлғон!

— Нима? — бундай гапни кутмаган Софиянинг беихтиёр ранги бўзарди. — Нима дединг? Ҳали шунақамисан? Қилар ишни қилиб қўйиб тонмоқчимисан? Мени боламминан аросатга ташлаб кетмоқчимисан?

— Бир кечада бола бўлиб қолмайди! Қишлоқда катталардан эшитганман. Мени алдай олмайсан.

— Хўп, юр, унда дўхтирга бориб текширтирамиз! Бора оласанми? Ўша ерда ҳомиладорлигимни исботлаб бераман сенга.

— Исботлаб бўпсан, — совуқ кулимсираб Софияга тикилди Ниғмат. — Йўқ нарсани энангни уйидан исботлайсанми?..

Шу пайт ташқари эшик тақиллай бошлади. София ирғиб ўрнидан турди-да, йўлак томон юришдан олдин Ниғматга аламли термилди.

— Ҳозир исботлайман, ҳа, исботлайман! — деди ташқарини кўрсатиб. — Ўшанда кўрасан!

— Э, қўлингдан келганини қил, — деди Ниғмат қўл силтаб. — Кимларга тайинлаб қўйгандинг? Қани, кўрай-чи!

* * *

София индамасдан йўлакка чиқиб кетди. Ниғмат эшик очилганини, қандайдир эркаклар ичкарига кирганини, улардан қайсидир бири бўралаб сўкинганини эшитди ва эҳтиёт шарт ўрнидан турди. Ҳали олдинга бир қадам ташлаб улгурмай, хонага Софияни эргаштирганча икки йигит кириб келди.

Ниғмат аллақачон ҳаммасини англаб етганди. София уларни ҳар эҳтимолга қарши чақириб қўйган. Ҳойнаҳой, кўзлаган ниятига етолмаслиги, шу ёшга кириб ўзидан анча кичик йигитни қарам қила олмаслигини сезган. Башарти шундай бўлса, анави икки нусхага дўппослатиб хумордан чиқишни кўзлаган.

«Қандай аҳмоқ ва лақмаман? — хаёл қилди Ниғмат ўзидан ўзи ижирғаниб. — Кап-катта бўлсам ҳам қаёқдаги ёлғон-ёшиқ гапларга ишониб ўтирибман. Ёш бола ҳам биларди-ку бир кечада аёл ҳомиладор бўлиши ва буни аниқлай олиши мумкин эмаслигини! Наҳотки ичкилик мени вақтинча бўлса-да ақлдан оздирган бўлса? Унда бугун ҳам ичдим. Лекин ақлим яхши ишлади-ку! Лақмалик қилмадим, аксинча хатомни тушуниб етдим-ку!..»

Шуларни хаёллаб туриб Ниғмат остонада пайдо бўлган икки йигитга разм солди. Иккови ҳам пакана, хомсемиздан келган, башаралари чўтирсифат, бирининг ўнг юзида чандиғи бор экан. Уларнинг нигоҳлари ўткир, қўлларини мушт қилганча муштлашишга шай туришидан шу теваракда майда-чуйда безориликлар қилиб тирикчилик ўтказадиган ўғривачча, нашавандларга жуда ўхшарди.

Ниғмат биринчи қарашдаёқ иккаласига бемалол бас кела олишига кўзи етди. Шунинг учун тап тортмай бор эътиборини Софияга қаратиб қўя қолди.

— Ҳа, ишонганларинг шумиди? — сўради зардали оҳангда. — Қани, кўрайлик-чи!..

— София, кимларни киритиб юрибсан уйингга? — сўради ўнг турган йигит Ниғматга нафрат билан кўз ташлаб. — Ким ўзи бу? Қаердан келиб қолди?

София бу гапни эшитганданоқ ясама йиғламсиради.

— Бу мараз мени нима қилса қилди, — деди гарчи ёш бўлмаса-да, кўзларини ишқалаб. — Неча кундан бери меникидан кетмайди. Қўрқитади, кеч тушди дегунча тўшакка тортади. Нима қилай? Ожизаман, кучим етмайди бунга. Буям майлийди, ҳомиладор бўп қолдим, бир йўлини топ, бизни боқиш ҳаракатини қил десам, мана, тиззамга шунақанги қаттиқ тепди…

София шундай деб кўйлаги этагини кўтарди-да, чап тиззасини кўз-кўз қилди. Ҳақиқатан, тиззасида кўкарган жой бор эди.

— Ҳали шунақами? — хезланди икки йигит бараварига. Чапдагиси эса бир қадам олдинга юрди. — Менинг опамни хўрлайдиган бўлдими бу шимилдириқ?

Ниғмат атайин тек турарди. Йигитлар биринчи бўлиб қўл кўтаришини кутарди. Шундай бўлиб чиқса, шу тобда уларни савалаб бир хумордан чиқмоқчи эди. Бироқ бу ажнабий йигитлар негадир қўл кўтаришга шошилмади. Ҳозирча пўписа билан кифояланди.

— Менга қара, йигит, қаердан келдинг ўзи? — сўради эгнига яшил кофта кийиб, пешонасини қандайдир тасма билан танғиган йигит. — Нега опамни зўрладинг? Нимага ҳомиладор қип қўйиб тан олмайсан?

Ниғмат бу чапани йигитнинг кўзларига тик боқди. Кўзлари негадир қизарган, сузилганнамо, киприклари пирпираб-пирпираб кетарди.

— Сенга нима? — қайсарлиги тутди Ниғматнинг. — Ўзинг кимсан? Сенга ҳисоб беришим керакми?

— Оғайни, буни мелисага бервориш керак шекилли?!. — деди ёнидагиси. — Қара, қишлоқдан келиб бизга зўрлик қилмоқчи! Ё пўстагини қоқсакмикан?

— Пўстак қоқадиган одам-чи, — деди икки йигитни тезлаш ниятида Ниғмат. — Бир-бирига маслаҳат солиб ўтирмайди.

Афсуски, икки йигитнинг ҳеч бири қўл кўтариш, муштлашишга шошилмасди. Аксинча София томон ўгирилиб, кўз уриштириб олишарди холос.

— София, майли, анавиндан бир дона бер, — деди ниҳоят улардан бири. — Буминан гараж ёнида гаплашамиз.

— Пули-чи? — кўзларини чақчайтирганча йигитларга ҳайрат аралаш боқди София. — Ҳали кечагисиниям берганинг йўқ-ку!

— Оласан, — деди иккинчи йигит. — Хумор тутяпти. Биласан-ку, бизда қолиб кетмайди пулинг. Ҳозир «вручат» қип тургин, опа!

— Уф-ф, — деганча нари кетди София ва бурчакда турган тахта сандиқни очиб ичидан бир дона папирос олди. Ниғмат шундан кейингина тушунди. Булар гиёҳванд экан. Папиросни ўзи ҳам қачонлардир бир марта татиб кўрган. Аммо ёқмаган. Юрагини ҳовлиқтириб, кўнглини айнитгандан кейин кайфияти бўлмаса ароқ ичишни маъқул кўрган. Манавилар эса папиросни кўришлари билан бирдан тетиклашиб, кафтларини бир-бирига ишқалай бошлашди.

* * *

«Мен бу нусхаларнинг яна бир нозик жойини топдим, — ўйлади Ниғмат гоҳ Софияга, гоҳ йигитларга разм солиб. — Кўчага чиқволай, ўзим биламан нима қилишни…»

— Фақат пулини эртага албатта олиб келларинг, — Ниғматнинг хаёлини бўлиб йигитларга тайинлади София. — Менам ошиб-тошиб кетганим йўқ. Сенлар эркак киши, мен бўлсам аёлман. Айтганча, манавининг адабини берларинг! Эсини киритиб қўйларинг!

Бу гапни эшитиб Ниғматнинг кулгиси қистади. Лекин сир бой бермади. Тезроқ ташқарига чиқиш ва икки ажнабий гиёҳванд билан эркакча гаплашишни хоҳлади.

Йигитлар уни узоқ кутдиришмади. Олдин ваннахонага киришди-да, папиросни ими-жимида тутатиб чеккач, кўзлари қизарган, ранглари оқаринқираганча ташқарига чиқишди ва улардан бири Ниғматни кўчага бошлади.

— Кетдик энди! Гаражда гаплашамиз!

* * *

Қаҳратон кўчаларни кезиб бетиним изиллар, этни узиб олгудек увиллаб эсаётган шамол қорларни айлантира-айлантира учириб бурчак-бурчакларга йиғарди-да, яна йўлида давом этарди. Ажнабий йигитлар Ниғматни ўртага олганча кўп қаватли уйларни оралаб кичик анҳор бўйига етишди. Анҳор ёнидан кичик сўқмоқ ўтган, сўқмоқнинг ёнгинасига қатор гаражлар ўрнатилганди.

Улар кўк рангли гаражга етгач, таққа тўхташди. Ниғмат пайқаб турибди. Булар наша чеккандан бери анча дадиллашишган. Йўл-йўлакай алмойи алжойи сўзлаб, сўкинишлари ҳам буни тасдиқлайди. Шундай бўлса-да, тағин сукут сақлашни, охирини кутишни маъқул кўриб икки йигитга бир-бир қараб қўяверди. Ҳар қараганда, кўзларини жавдиратиб, ўзини худди улардан нажот кутгандек тутди.

Шу пайт анча нарида милиционерлар кийимидаги одамнинг қораси кўринди-ю, иккови ҳам типирчилаб қолишди. Бири шоша-пиша анҳон бўйига бориб, гўё сувни томоша қилаётган каби қайсидир қўшиқни хиргойи қилишга тушди. Иккинчиси жонҳолатда киссасидан калит чиқариб гараж қулфини очишга тутишди.

Милиционер эса атай қилгандек улар томон шошилмасдан юриб келар, ора-сирада қўлидаги рациядан кимлар биландир лақиллашиб қўярди.

Ниғмат икки гиёҳвандни қўрқитиш пайти етганини пайқади ва тап тортмай гараж очаётган йигитнинг билагига чанг солди.

— Ҳозир ҳов анави мелисага чақиб берайми? — унинг қулоғига шивирлади Ниғмат. — Хоҳлайсанми? Индамайсан-а? Хўп, ҳозир яқин келсин, «манавилар гиёҳванд модда сотди, ўзлариям чекволган» деб айтаман. Ана ўшанда кўраман ҳолингни.

— Йўқ, йўқ, — дея Ниғматнинг икки елкасини сиқимлади йигит. — Ундай қилма, ошна! Қамаб қўяди. Б-Биз таниймиз уни. Ш-шу ернинг участковойи-ку!

— Шунақами? — деди Ниғмат пинагини бузмай. — Янаям яхши. Сенларни яхши билиши керак участковой бўлса.

— Илтимос, айтма! — деди йигит беихтиёр титраб. — Бизга тинчлик керак! Ким қўйибди бизга камерада қийналишни? Айтмагин! Мужикмисан ўзи?

— Бир шартим бор, — дея Ниғмат тобора яқинлашиб келаётган мелисага қаттиқроқ тикилди. — Агар бажарсанг, майли, мужиклик қиламан.

— Айт, нима керак сенга?.. Менга қара, сен София опани хафа қилдинг, биз индамадик-ку! Шунинг ўзи камми сенга? Бор, хоҳлаган тарафингга кетавер!

— Э, йў-ўқ, — кўрсаткич бармоғини юқори кўтарди Ниғмат. — Иккалангам мендан қўрқдинг. Шунинг учун қўл кўтаролмадинг. Қўл кўтаришга-чи, духларинг етмади… Бе, сенларминан пачакилашиб ўтираманми? Ана, деярли кеп қолди мелиса…

— Бўпти, айтавер шартингни! — баттар безовталанди йигит. — Нима қилайлик?

— Жуда ичгим келяпти ҳозир. Бошланишига бир шиша ароқ берасанлар!

— Шу холосми? — йигитнинг чеҳраси ёришиб, анҳор бўйигап бориб олган ҳамтовоғини ёнига чорлади. — Марат, кел тез! Зўр гап чиқиб қолди!

* * *

Марат жуда эҳтиёторлик билан ортга бош бурди-ю, хотиржам ўтиб кетаётган милиционерга қайта-қайта қуллуқ қилгач, гараж томон юрди.

— Ҳа, нима дейсан? — Ниғмат унинг милиционер ўтиб кетгандан кейинги ўзгаришини кўриб сал қурса ёқа ушлай деди. Марат ҳақиқатан аввалгидек тетик, дадил, совуққон йигитга айланиб қолганди. — Нима бўлди?

— Манави дўстимиз мужиклик қилди, — деди шериги унга. — Мелисага айтмади. Маладес!

— Айтиб ҳам кўрсин эди, — Марат ер остидан Ниғматга нафрат аралаш боқди. — Бир уриб абжағини чиқарардим.

— Сен-а? — Ниғмат эпчиллик билан Маратнинг бўйнига чанг солди ва куч билан ерга энгаштирди. — Мишиқи, мелисани кўрдинг дегунча типирчилаб қолгандинг-ку! Иштонинг қуруқми ишқилиб?.. Мен безовталанишингни кўриб аммангнинг бузоғи чала туғиб қўйибдими деб ўйлабман. Ростдан шундаймасмиди ишқилиб?

— Қ-қўйвор! — дея силтанарди Марат гарчи Ниғматга кучи етмаса-да чираниб. — Толик, туширсанг-чи бунинг бошига! Нега қараб турибсан?..

— Аҳмоқлик қилма, Марат, — деди Толик дегани гараж эшигига суянган кўйи хотиржам оҳангда. — Мужикларга ҳурмат кўрсатиш керак, ошна! Агар ҳозир тўнини тескари кийганда, тағин иккаламиз камерада тонг отирардик. Ўтган сафаргиси эсингдан чиқдими? Туниминан ҳожатхона тозалатишганини айтаяпман. Ундан кўра, ўзингни бос. Бу йигитга бир шиша ароқ берсак бўлдийкан… Мен сўз бериб қўйдим. Биласан-ку, мен тупурган тупугимни қайтиб олмайман!..

Шундан кейингина Маратнинг шашти пасайди. Энди энгашган ҳолда Ниғматга ялина бошлади.

— Оғайни, қўйвор, эркакча гап, биргалашиб улфатчилик қиламиз. Муаммоларинг бўлса, ҳал қиламиз, ишон!

Ниғмат бу галги ишидан икки ҳисса ғурурланиб, Маратни қўйиб юборди ва гердайганча икки йигитга буюрди.

— Тез ичкилик топларинг! Томоқ тақиллаб кетди!

(давомми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here