СИҒИНДИ-4…

0

 

* * *

Кунлар ўтиб борарди. Манноп болалар уйи «қамоқ» эмаслигига тўлиқ амин бўлди. Аста-секин болалар уйининг шарт-шароитларига кўникди.

Аммо у қайсар ва совуққонлигича қолаверди. Тенгқурлари, ҳатто, ёши каттароқ болалар ҳам у билан тортишиб ўтириш бефойдалигини билишарди. Чунки Манноп арзимаган гапни-да кўтара олмас, бирдан муштлашиб кетарди. Кучи етмаслигига кўзи етса, тош ёки темир қидиришга тушарди. Бор овозда бақириши, оғзидан боди кириб шоди чиқиши болаларни бирмунча чўчитиб қўйганди. Ҳеч ким у билан тенглашишни хоҳламасди. Бундан руҳланган Манноп эса ўзини тобора кучли ва ботир ҳис этар, барча яхши нарсалар фақат уники бўлиши керак дея ҳисобларди.

Фақат Нозима исмли тарбиячи қиз қаршисида мулойиб тортиб қоларди. Тарбиячини кўрди дегунча шошиб кийимларини тўғрилашга тушар, қандай топшириқ бермасин, сўзсиз адо этарди. Нозимага яна нималардир демоқчи бўларди-ю, негадир ҳайиқарди.

Охири чидолмади. Ичидагини Тўлқин исмли синфдошига айтди.

Тўлқин паканадан келган, худди бўғирсқ каби юмалоқ бўлса-да, муштлашишда Маннопдан қолишмасди. У болалар уйида Маннопдан кейин иккинчи муштумзўр эди.

— Мен Нозима опани яхши кўраман, — деди Манноп Тўлқинга. — Катта бўлсам фақат Нозима опага уйланаман.

Бу гапидан Тўлқин сал қурса кулиб юбораёзди. Зўрға ўзини тутиб Маннопнинг елкасига муштлади.

— Жиннимисан? У сендан катта-ку! Бошингга урасанми?

— Нима қипти? — деди Манноп. — Энам айтган, эркак киши ўзидан катта қизга уйланса, бой бўларкан. Мен ҳам бой бўлишни истайман. Манави пулларимга шаҳардан зўр уй сотиб оламан. Кейин биз Нозима опа билан бирга яшаймиз.

— Ўзига айтганмисан? — жиддийлашди Тўлқин. — Вей, нега индамайсан? Нозима опа яхши кўришингни биладими?

— Билмайди-да! — дея бош эгди Манноп. — Айтолмаяпман.

— Айтолмайсанам.

— Нега?

— Нозима опа боплаб таъзирингни беришидан қўрқасан.

Бу гапни эшитиб беихтиёр Маннопнинг қайсарлиги тутди.

— Қўрқмасам-чи?

— Э, барибир қўрқасан. Катта кетаверма!

— Гаров ўйнаймизми? — синфдошига дадил қўл узатди Манноп. — Нимага бақраясан? Эркакмисан? «Давай», гаров ўйнаймиз!

— Бўпти, қанчадан ўйнаймиз?

— Агар ютқазсам, чўнтагимдаги пулларнинг ҳаммаси сеники бўлади. Сен ютқазсанг, икки минг сўм берасан.

— Келишдик.

Манноп бориб тарбиячига «дард»ини айтадиган, Тўлқин эса дарахт панасидан туриб кузатадиган бўлди.

* * *

Гаров Маннопга куч бағишлаганди. Бу гал тап тортиб ўтирмади. Ҳовлидаги ўриндиқлардан бирида дам олиб ўтирган Нозимага яқин бориб таваккал сўз қогди.

— Нозима опа, мен сизни яхши кўраман! — деди у қовоқ уйиб.

Тарбиячи бу гапни эшитиб кулимсираганча ўрнидан турди ва Маннопни қучди.

— Вой, асалим, менам сени яхши кўраман!

— Йўқ, тушунмадингиз, — давом этди Манноп. — Мен сизга уйланмоқчиман.

Нозима кулиб юборди.

— Оббо сен-ей, ростданми? Мени хурсанд қилиб юбординг-ку, Маннопжон!

— Нима, менга турмушга чиқмайсизми? — сўради Манноп ваҳима аралаш. — Тўғриси айтинг, мени ёқтирмайсизми?

— Нега ёқтирмас эканман? Албатта турмушга чиқаман сенга. Фақат сен улғайишинг керак. Ана ўшанда гаплашаверамиз, жоним.

— Мен сизга шаҳардан каттакон уй олиб бераман, опа. Росаям катта уй.

— Ўзимнинг меҳрибонгинамдан ўргилай! — уни эркалашда давом этди Нозима. — Кейин-чи? Яна нима олиб берасан?

Манноп чўнтагидаги пулларни чиқарди-да, Нозимага кўз-кўз қилди.

— Мана, энам гўриситонга кетмасдан олдин менга шу пулларни берган. Уйлансанг уй сотиб оласан деган. Хоҳлайсизми пулларимни сизга бераман?

— Йўқ, ундай қилма, — маъюс тортди Нозима. — Бу энанг раҳматлидан ёдгорлик сенга. Хафа бўлмагин, ҳали катта йигит бўласан, ўшанда бу пулларга иккаламиз сен айтган уйни оламиз. Хўпми?

— Сизга ишонсам бўладими, опа? Алдамаяпсизми?

Нозима оғир хўрсинди. Нима дейишни билмай бирпас иккиланиб турди-да, Маннопнинг бошини силаганча қатъий оҳангда жавоб қиллди.

— Алдамайман, қўзим, алдамайман.

— Унда эшитинг, опа. Мен энди ҳеч қачон сизга бу ҳақда гапирмайман. Катта бўлганимдан кейин эслатаман. Ўшанда унутиб қўймаган бўлсангиз бас.

— Кўндирдинг, жоним, кўндирдинг.

* * *

Манноп ортга худди қаҳрамонлик кўрсатгган аскар каби гердайганча қайтди ва негадир жуфтакни ростлаш ҳаракатига тушган Тўлқиннинг йўлини тўсди.

— Қани, чўз пулни! — деди дўқ аралаш. — Бўл!

— Ўртоқ, кейинроқ берсам бўлмайдими? — ер чизди Тўлқин. — Ҳозир пулим йўғиди-да!

— Қиз боламисан? — Манноп жаҳли чиқиб унинг ёқасидан олди. — Нимага гаров ўйнадинг унда?

— Ишон, эртага топиб бераман пул. Алдамаяпман.

— Топиб бермасанг-чи?

— Ундами?.. — Тўлқин ўйланиб турди-да, дангал жавоб қилди. — Айтган ишингни қиламан.

— Бўпти, гап йўқ. Эртадан қолмасин!

Манноп шу лаҳзаданоқ ўзига янада қаттиқроқ ишона бошлади. Пул ҳар ишга қодир, пули бор одам ўзгаларга нисбатан дағалроқ, совуққонроқ бўлиши лозим экан деб ўйлади.

Улғайгач, албатта бойиб кетишни кўнглига тугиб қўйди.

* * *

Эртаси куни дарслар тугагач, Манноп тарбиячиларнинг кўзини шамғалат қилди-да, Тўлқинни судраклаганча бино орқасига ўтди.

— Қарзни тўлаб қўй! — дея синфдошининг икки елкасини сиқди у атрофга аланглаб. — Нега қараб турибсан? Бўлақол!

— Мунча сабрсизсан, ўртоқ? — йиғлагудек бўлиб норози ғудранди Тўлқин. — Кечгача чидасанг бўлмайдими? Қочиб кетмаяпман-ку!

— Йўқ, бунақаси кетмайди, — деди Манноп қўл силтаб. — Сўз бердингми, тамом, тўлаб қўй!

— Тўлай олмайман, пулим йўқ, — бўшашганча бош эгиб олди Тўлқин. — Айтавер, нима иш десанг бажараман.

Қаршисида синфдошининг айбдорларча бош эгиб туриши, худди кинолардаги асирга тушган аскар каби лаб-лунжи осилиб кетиши Маннопни янада руҳлантирди. Ҳалитдан ўзини ҳақиқий бойлардек тутгиси келиб қаддини ғоз тутган кўйи Тўлқинга буюрди.

— Эшшак бўлиб мени айлантириб келасан.

Тўлқин ҳеч нарсадан чўчимаса-да, Манноп кутилмаганда ташланиб қолиши, калтак еб у ер бу ери кўкаришидан қўрқаётганди.

Бу гапни эшитиб қувониб кетди.

— Гап йўқ, ўртоқ, эшшак бўлишга розиман!

— Қани, энгаш! — деди Манноп. — Икки минг сўм қарзинг ўрнига ўйингоҳни икки марта айланиб чопасан!

Тўлқин итоат билан энгашди ва Манноп бир сакраб унинг устига миниб олди.

Агар бу шунчаки ўйин бўлса, Манноп ҳозирчалик оғзи қулоғига етиб қичқирмасмиди. Айни паллада эса қарз эвазига эришилган «ҳузур» бошини буткул айлантириб қўйганди. Бироқ Тўлқин ҳар ҳансираб инқиллаганда қалбида дўстига нисбатан ачиниш ҳиссини туярди. Фақат… Ҳавас, қарзни ундиришга бўлган иштиёқ уни тўхтата олмасди.

Бир маҳал темир тўсиқ ортида новча, мўйловдор, юзларини тошма босган пиёниста эркак Маннопни чақира бошлади.

— Ҳой, бола, буёққа кел!

Манноп шу заҳоти Тўлқиннинг биқинига туртди.

— Эшшагим, ўша ёққа юр!

Етиб келишгач, эркак унга битта мингталик узатиб деди:

— Бориб дўкондан пиво опкелиб бермайсанми? Менга сотишмаяпти баччағарлар!

— Мен бандман, — дея юзини терс бурди Манноп. — Ўзингиз опкелаверинг!

— Ие, сен ғирт ярамас бола экансан-ку!.. Туш пастга! Қара, оғайнинг бўғриқиб кетибди.

— У нима дегани? — сўради Манноп пинагини бузмай.

— Чарчабди ўртоғинг дегани, туш унинг устидан! Инсофинг борми?

— Тушмайман! Бу ҳозир менинг эшшагим. Яна бир марта айлантиради.

— Туш дедим сенга! — эркак жаҳли чиқиб ичкарига ўтишга чоғланди. — Кимга айтдим!

— Тушмасам-чи? Урасизми?

— Ҳали сен шунақамисан, етимча? Ҳозир ўтсам калтак ейсан!

Эркакнинг сўнгги ҳақорати Маннопга оғир ботди. Зарда билан синфдошининг устидан тушди-да, жонҳолатда энгашиб қўлига каттакон тош олди.

— Ўзинг етимчасан, билдингми? Ҳозир бир уриб абжағингни чиқараман!

Эркакнинг кайфи тарангми, бир сакради-да, темир тўсиқдан ичкарига ўтди ва ҳануз гезариб турган Маннопнинг қулоғига ёпишди.

— Сен, муштдай бошингдан катталарга гап қайтарадиган бўлдингми? — деди у Маннопнинг қулоғидан қаттиқроқ тортиб. — Гапир, тирмизак!

— Қулоғимни қўйвор! — силтана бошлади Манноп йиғламсираб. — Қўйвор, ҳозир Нозима опамга айтаман сени!..

Нозима опа тарбиячиси эканини тушунган эркак унинг қулоғини қўйиб юборди-да, нари кетди.

— Тағин бир марта гап қайтаргин, нима қиларканман! — астойдил пўписа қилди эркак темир тўсиқдан қайтиб кўча тарафга ўтаркан. — Пачоқ қип ташлайман!

Манноп ҳам бўш келай демасди. Ўйингоҳнинг ўртасига қочиб бориб бор овозда қичқирди:

— Ҳали катта бўлиб бойиб кетай, сени қидириб топиб дабдалангни чиқараман! Роса эшшак қилиб минаман!

— Ҳе падарингга лаънат сени! — қарғана-қарғана йўлида давом этди эркак. — Бу кунингдан баттар бўлгин!

* * *

Пиёнистанинг гаплари Маннопга жуда алам қилди. Тағин онаси ёдига тушиб қовоғини уйганча бино бурчагидаги бетонга ўтириб олди. Шу тобда болалар уйидан яна қочиб кетгиси, тўппа-тўғри қабристонга бориб онаси билан гаплашгиси, пиёниста устидан шикоят қилгиси келди. Афсуски, Нозимага бўлган болаларча муҳаббати уни кетишга қўймасди. Агар қочиб кетса, Нозима албатта бошқасига тегиб кетишидан қўрқарди.

Қанча ўтирди, билмайди. Ўзи томон келаётган тўққизинчи синфда ўқийдиган бўйдор Валига кўзи тушиб даст ўрнидан турди.

Вали ҳам синфининг энг зўр муштумзўри. Буни Манноп ўз кўзи билан кўрган. У каратэ билан шуғулланаркан. Бир куни ўнтача болани бир ўзи калтаклаган.

Манноп катта муштумзўр яқинлашгач, унга қўлини узатди.

— Вали ака, яхшимисиз?

— Ие, сенмисан? — Манноп билан менсимайгина сўрашди Вали. — Бу ерда нима қилиб ўтирибсан? Ё қиладиган ишинг йўқми?

— Дарслар тугади-ку, ака! Дам олиб ўтирибман.

— Ҳадеб дам олаверсанг-чи, йигит, дангаса бўп қоласан.

— Нимага-а?.. Дангаса эмасман-ку!..

— Ёнингда пулинг борми? — сўради Вали Маннопга қаттиқроқ тикилиб.

— Йў-йўқ, — тутилиб жавоб қилди Манноп. — Ростданам йўқ, ака.

— Ёлғон гапиришни эплолмас экансан. Болалар айтишди, пулинг кўп экан. Қани, чўнтагингни кўрсат-чи, хумпар!

Манноп дарров ўзини орқага олди.

— Ака, рости… Энам берган пул бор, — деди у пул солинган чўнтагига қўл солиб. — Буни сизга бера олмайман.

— Э, қанақа эна? Энанг бўлса шу ерда яшармидинг, аҳмоқ? Нимага ёлғон гапирасан?

— Энам бор. Гўристонда ётибди. Чақирсам, бир зумда капалакка айланиб учиб келади.

— Жа опқочасан-да ўзингам! Ўлганлар қайтиб келмайди.

— Ҳечам-да! Сожида момо айтган. Ўлганларминан гаплашсаям бўларкан.

Маннопнинг соддалиги жиғига тега бошлаган Вали гапни кесди.

— Бўпти, ҳадеб сайрайверма!.. Короче, ҳозир кўчага ғизиллайсан-да, ўша пулларингдан пичасини олиб менга кола опкеласан. Тушундингми?

— Э, йў-ўқ, — норози бош чайқади Манноп. — Бу пулларга энам уй сотиб олишимни тайинлаган.

— Вей, жаҳлимни чиқараяпсан! У пулингга қайси аҳмоқ уй берарди? Опкеласанми, йўқми?

— Ака, бошқа иш айтинг, майли, бажараман!..

— Оббо, жа қайсар экансан-ку сенам! Бўпти, бир топшириқ бераман.

— Ростданми? — қувониб кетди Манноп. — Қанақа топшириқ, ака?

— Буёққа юр!

Вали уни темир тўсиқлар қаршисига бошлаб борди-да, йўлнинг нариги четидаги кичик бир дўконни кўрсатди.

— Кўрдингми дўконни? — сўради Вали. — Ҳов анави яшилга бўялган дўкон.

— Ҳа, ҳа, кўраяпман!

— Ташқарисига баклажкалар териб қўйилганиниям кўраяпсанми?

— Ҳа.

— Секин борасан-да, баклажкали коланинг биттасини билдирмай қўйинга урасан. Опкелиб қўлимга берасан.

— Сезиб қолса-чи?

— Уёғи сенинг муаммонг. Сездириб қўйиб қовун туширсанг, чўнтагингдаги пулингни ишлатасан.

— Бўпти, — деди бўшашиб Манноп. — Уддаласам керак. Қишлоқдаям кўп марта дўконлардан печенье ўмарганман. Хавотир олманг, ака!

— Кўрамиз абжирлигингни! Менга қара, агар-чи, шу топшириқни қойиллатсанг, сенга каратэни ўргатаман.

— Ростдан-а? Кейин менам каратэчи бўламанми?

— Бўласан, ука, бўласан. Қани, югур энди! Ҳали замон тарбиячиларинг чақириб қолишади. Бўлақол!

Манноп айни чоғда шу ишга қўл уришни сира хоҳламаётганди. Каратэчидан қўрқиши ўша тарафга юришга мажбур этди.

* * *

Катта йўл бўйида жойлашган бу дўкондан харидор узилмасди. Манноп одамлар орасида бироз уёқдан буёққа юриб ўзича ичимликлар, чекимликларни томоша қилган бўлди. Сотувчилар қўли қўлига тегмай савдо қилиш билан банд эди.

Эҳтиёткорона бориб олдин кўк қутичалардан бирини қўлига олди. Яқинда муаллимлардан бири шу чекимликни тутатиб турганда, Манноп тутун ҳидини ёқтириб қолганди. Муаллимга ҳаваси келиб, албатта чекиб кўришни кўнглига тугиб қўйганди.

Қутичани оҳори кетиброқ қолган костюмининг ички чўнтагига жойлади. Чўнтак тешилган экан. Қутича тешикдан астар орасига тушди.

У атрофга ўғринча аланглай-аланглай кола тўла баклажкага қўл чўзди. Яна ҳеч ким сезмади.

Баклажкани қўлтиққа урганча қаддини ростлади-ю, катта йўлга чиқди.

Шу тобда билагидан кимдир маҳкам сиқиб қолди. Манноп жонҳолатда орқага ўгирилди. Не кўз билан кўрсинки, оппоқ халатли ўрта яшар сотувчи унга нафрат аралаш тикилиб турарди.

— Ҳа, ўғривачча, — ўдағайлай кетди сотувчи. — Кола ичгилари кеп қолдими? Қани, буёққа чўз-чи!..

— Қўйворинг, қўйворинг! — силтанди Манноп. — Сотволдим буни пулимга! Ана, шеригингизга берганман пулни!

— Қайси шеригимга? Кўрсат уни!

Манноп сотувчи етагида дўконга кирди ва таваккал пештахта ортида турган сотувчи қизни кўрсатди.

— Мана шунга бердим.

Сотувчи шеригидан сўради:

— Рост гапираяптими бу бола? Сенга пул берганмиди?

— Йў-ўқ, — елка қисди қиз. — Бу болани биринчи марта кўриб туришим.

— Ҳа-а, қасамхўр! — Маннопни уришга чоғланди сотувчи. — Келиб-келиб мени алдамоқчи бўлдингми ҳали? Қани, юр, ҳойнаҳой болалар уйидан чиққан бўлсанг керак!

— Бормайман, қўйворинг! — ёлғондакам йиғлашга тушди Манноп. — Энди ўғирлик қилмайман, қўйвора қолинг, амаки!

— Қўйвориб бўпман! — деди сотувчи уни судраклаганча болалар уйи дарвозаси томон кетиб бораркан. — Адабингни тарбиячиларинг берсин! Бир додингни егин!

Манноп биларди. Ҳозир бу одам директор ҳузурига олиб киради. Директор эса жазо беради. Нари борса, ўйинлардан, телевизор томоша қилишдан маҳрум этади. Хўш, нима бўлибди? Қўрқмайди. Барибир бир кунмас бир кун шу иши учун дўконидан албатта кола ўғирлаб қочади. Кўрсатиб қўяди буларга ҳали!

У шуларни кўнглидан кечираркан, ёлғондакам йиғлашни ҳам бас қилди. Ёлғиз қолгач, чекимликни бир тутатиб кўришга аҳд қилди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here