Тошкент аэропортида тилла қуймалар ва телефонларнинг ноқонуний олиб ўтилиши олди олинди

0

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида хориждан кўп миқдордаги қимматбаҳо телефонларни божхона назоратидан четлаб олиб киришга уринган кимсалар ҳақида аввал ҳам хабар берган эдик.  Орадан кўп ўтмай пойтахт аэропорти божхоначилари ходимлари яна худди шундай божхона қоидабузарлигини фош этишди. Бу ҳақида Давлат божхона қўмитаси ўзининг Telegram тармоғидаги расмий ахборот канали орқали хабар берди.

Амалдаги тартибларга кўра, рухсат этилган меъёрлардан ортиқча бўлган уяли алоқа воситаларини республикага олиб киришда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг рухсати талаб этилади.

Аммо, «Сеул-Тошкент» рейси бўйича парвозини якунлаган фуқаро Умидбек Латифов(мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) ушбу тартибларга риоя қилмади. Божхона назоратидан ўтиш давомида у йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ҳам ёнида ортиқча товарлар йўқлигини маълум қилади.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Лекин, унга тегишли багаж назорат-рентген аппаратидан ўтказилганда, юклар орасида темир қутилар божхоначиларнинг диққатини тортди. Ушбу темир қутилар белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, улар орасига муқаддам фойдаланилган турли русумдаги  133 дона уяли алоқа воситалари яширилганлиги маълум бўлди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Кейинчалик қайта сотиш мақсадида олиб кирилган ушбу телефонларнинг тахминий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 64,5 миллион сўмдан ошар экан.

Шунингдек, «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб чиқилишига доир навбатдаги божхона қоидабузарлигини ҳам фош этди.

«Тошкент-Деҳли» йўналиши бўйича парвозга отланган опа-сингиллар Дилдора ва Диёра Ғофуровалар тилла қуймаларни божхона назоратидан четлаб олиб чиқиш мақсадида божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Ушбу аёллар холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганида Дилдора Ғофурова 130 г оғирликдаги 2 дона ва Диёра Ғофурова 100 г оғирликдаги 2 дона тилла қуйма бўлакларини ички аъзоларига яширган ҳолда олиб чиқишаётгани аниқланди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 1,1 мингдан зиёд божхона қоидабузарликлари натижасида қиймати 9 миллиард сўмдан ортиқ товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here