Ким биздан «Аллоҳу Акбар» сўзларини ўғирлади?

0

Қирғизистоннинг Ummamag.kg сайтида Айкол Болотбекованинг юқоридаги сарлавҳа остидаги мақоласи эълон қилинди. Биз уни сизнинг эътиборингизга ҳавола этамиз, деб ёзади azon.uz.

Кунлардан бир куни биз қариндошларимиз пейнтбол ўйнаётгандик ва қўлимизда қуроллар билан жамоавий суратга тушишга қарор қилдик. Бир қатор бўлиб туриб олганимиздан сўнг, акаларимиз «Аллоҳу Акбар» деб бақира бошлашди ва қолганлар ҳам уларга жўр бўлишди. «Аллоҳу Акбар» дея ҳайқираётган винтовкали аскарлар образи миямизга шу қадар ўрнашиб қолганки, «Аллоҳу Акбар» сўзлари кўпчиликнинг тасаввурида зўравонлик, қотиллик ва қурол билан уйғунлик касб этади.  Нега бу ёруғ дунёга келиши билан мурғак чақалоқ илк бор эшитадиган ва намозда кўп маротаба такрорланадиган сўзлар зўравонлик рамзига айланди. Нега биз бизга тегишли «Аллоҳу Акбар» сўзини ўғирлашларига йўл қўйдик?

Бугун саҳифамни варақлаб, америкалик олим, Ислом фанлари профессори шайх Умар Сулаймоннинг «Аллоҳу Акбар» сўзининг маъноси ҳақидаги постига кўзим тушди. Қуйида биз бу мақоланинг таржимасини келтиришни лозим топдик.

Мен Ироқда хизмат қилган америкалик аскар билан учрашувимни ҳеч қачон унутмайман. Бир куни у Янги Орлеандаги масжидимизга шаҳодат келтириш учун келди. У бутун борлиғи билан Исломни қабул қилишни истарди. Лекин у шаҳодат келтиргач, одамлар баланд овозда «Аллоҳу Акбар» деб бақира бошлашди ва аскар бундан қаттиқ ҳайратга тушди.

Уруш фахрийси Ироқда хизмат қилган пайтида уни даҳшатга солган сўз уни янги динда кутиб олиши ҳақида ҳатто ўйлаб кўрмаган. У бу сўзларни ибодат вақтида айтиши мумкинлигини тасаввур кила олмаган.

«Аллоҳу Акбар» сўзи одамлар у ҳақда ўйлашга кўниккан маънонинг бутунлай тескарисини англатади. Бу сўз «Аллоҳ Буюк» деган маънони билдиради, холос. Бу сўз мусулмон байрамлари, ибодатларида тез-тез қўлланилади. Бу сўздан ҳаёт, тирикликни намойиш этиш учун фойдаланилади. Бу чақалоқнинг дунёга келиб эшитадиган илк сўзларидир. У туғилиши билан отаси қулоғига «Аллоҳу Акбар» деб пичирлайди.

Бу сўзларни мусулмонлар барча қувончли ҳодисаларда Аллоҳнинг қудратини таъкидлаш учун айтишади. Масалан, Аллоҳ уларга улар ҳатто орзу ҳам қила олмаган неъматларини инъом этади. Бу сўзлар намозда, нимаики содир бўлмасин, биз қандай фалокатга дуч келмайлик, ҳар доим ҳаммадан устун турувчи Буюк Аллоҳ борлигини эслатиш учун ишлатилади.

Бироқ «Аллоҳу Акбар» жумласи ОАВда тез-тез салбий контекстда пайдо бўлиб туради. Гўё, атайлаб бу сўзларни айтувчиларга нисбатан қўрқув уйғотиш ҳамда Исломни қоралаш мақсадида ундан фойдаланишаётгандек. Бироқ биз бу сўзлар бегуноҳ одамни ўлдириш вақтида уларни айтувчи террорчига тегишли эмаслигини ёдда тутишимиз керак. Бу одамлар мазкур гўзал сўзнинг маъносини ўғирлаган ночор ўғрилар холос.

«CAIR-Florida»нинг ижрочи директори Ҳасан Шибоий Нью-Йоркдаги сўнгги терактга нисбатан жавобида шундай деди: «Энг улкан бидъат — Оллоҳга қарши гуноҳ содир этиш вақтида «Аллоҳу Акбар» деб бақиришдир».

Бироқ таъкидлаш керакки, янги ҳаётни овоза қилишга мўлжалланган сўзлар ўлим ҳақида жар солиш учун кеча ишлатила бошлангани йўқ.

Бунга алоқадор муҳим воқеа Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобаси Абдуллоҳ ибн Зубайр (розияллоҳу анҳу) билан содир бўлган. «Аллоҳу Акбар» сўзлари унинг дунёга келиши ва вафоти вақтида айтилган. Абдуллоҳ ибн Зубайр мусулмонларнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилишидан сўнг туғилган биринчи чақалоқ эди. Бу вақтда Мадинанинг айрим фуқаролари мусулмонларда фарзандсизлик тавқи лаънати борлиги ҳақида миш-мишлар тарқата бошлаган. Шунинг учун, Абдуллоҳ туғилганда, унинг бобоси, ҳурматли Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ўз набирасини кўчалардан олиб ўтаркан, мамнун овозда «Аллоҳу Акбар» дея хитоб қилган.

Абдуллоҳ Маккада адолат учун курашда ўлдирилганида ҳам уни ҳалок қилган бир гуруҳ одамлар «Аллоҳу Акбар» деб бақиришган.

Бу саҳналарнинг гувоҳларидан бири шундай деган: «Мен Абдуллоҳ туғилган кунда ва у вафот этган кунда бор эдим. Мен у туғилган кунда ва у вафот этган кунда «Аллоҳу Акбар» сўзларини айтишганини эшитдим. Аллоҳ ном билан онт ичаманки, у туғилган кунда «Аллоҳу Акбар» деганлар уни ўлдираётганда айтганлардан кўра яхшироқ эдилар».

Абдуллоҳни ўлдирган одамлар у туғилган вақтдаги сўзларни айтаётган бир дамда, фақатгина бир гуруҳ ҳақиқатан ҳам Аллоҳнинг буюклигига имон келтирган. Ва «Аллоҳу Акбар» сўзининг маъноси айнан уларга тегишли. Ўз ҳаёти ва инсонларга хизмати орқали улар доим Аллоҳни улуғлайдилар.

Биз «Аллоҳу Акбар» сўзларининг асл маъносини доим ёдда тутишимиз ва хурсандчилик онларида ҳамда Аллоҳ марҳаматига муяссар бўлганимизда уларни ишлатишимиз керак. Террорчилар ёки турли сиёсий ўйинлар «Аллоҳу Акбар» сўзининг маъносини ўғирлашига йўл қўймаслигимиз шарт.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here