Мафия сардори (78-қисм)

0

Шоҳруҳ тушим бўлса керак, деб ўйлади. Шу боис кўзини уқалади.

— Ухлаганмидинг? Қара-я, мени уйғотиб, ўзинг қотган экансан-да, — деди Роман Фёдорович унинг ёнига келиб елкасига қўлини қўяркан. У Шоҳруҳнинг елкасини тутиб ёмон ниятда келмаганлигини билдирди.

— Йигитларингнинг ҳаммаси соғ эканлигини кўриб турибсан, энди улар кетаверишсин, — деб у Юлдузга юзланди. — Юля, оҳ, гўзал қиз, сизни шунчалик овора қилганликлари учун уларнинг териларини шилиб ташласанг ҳам камлик қилади. Сиз ҳам пастга тушаверинг, мен Шоҳруҳ билан ёлғиз қолмоқчиман. Маълум муддат. Кейин у, албатта, ёнингизга тушади.

Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичадиган бўлиб қолар экан. Йигитлар бирин-сирин Шоҳруҳнинг ишорасидан кейин ташқарига йўл олган эса-да, Юлдуз қимирламади.

— Эркаклар гаплашишаётганда аёлларнинг иштирок этишини кўпда ёқтиравермайман, қизгинам, — деди унга Роман Фёдорович.

— Лекин биз шу даражага бориб етдикки, салом берган одамни саломдан кейин сўкмадимикин, деб ўйлаймиз, — деб Юлдуз юмшоқ ўриндиққа ўтирди, — бемалол гапираверинг. Мени эшитмаяпти деб ҳисоблайверинг.

— Бўпти, келишдик. Азизлар, мен тайёрман. Бемалол ўлдиришларинг ва кейинчалик ваъда қилинган пулларга эга чиқишларинг мумкин, — деди Роман Фёдорович.

Шоҳруҳ Юлдузга қаради. Иккаласининг нигоҳи тўқнашганидан кейин юзларида табассум пайдо бўлди.

— Калака қилишнинг бошқача йўлини топганингизда бўларди, — деди Шоҳруҳ.

— Унда, — деди кўзларидан ўт сачраб банкир, — сизларга ким буйруқ берганини айтасизлар! Йўқса, мен ўзим иккалангниям отиб ташлайман!

— Сотқинлик қилади деб ўйласангиз, адашасиз! — дея Шоҳруҳ ҳам овозини бир парда кўтарди.

— Сотқинлик қилиб бўлдинглар. Сотқин ҳаммасини охиригача айтади.

— Виталийнинг уйини билсангиз керак…

Роман Фёдоровичнинг пешонаси тиришди. Зеро, у бу номни эшитаман деб сира ўйламаган эди.

— Мен унинг уйини сўрадим. Буюртмачи у, деяётганим йўқ, — деди банкирдаги ўзгаришни кўрган Шоҳруҳ.

Роман Фёдорович жилмайишга уриниб кўрди. Аммо ўхшатолмади. Дарров юзи жиддий тус олди.

— Баъзан қандай даврда яшаётганингни ҳам тушунмай қоласан. Ким сенга дўст-у, ким душманлигини аниқлаш шунчалик мушкулки, ўйлайвериб эсинг кетади. Қани, менга айт-чи, ёшгина дўстим, Виталийнинг уйи сенга нима учун керак бўлиб қолди?

— Бормасам бўлмайди. Хуллас, у ёқдан келаман-у, кейин ҳамма гапни сизга айтаман. Унгача мендан ҳеч нима сўраманг.

— Яхши, келишдик. Аввал биргалашиб юз граммдан ичайлик, ишқилиб, стол устидагиларнинг ҳеч бирига заҳар солинмаганми?

— Менимча, шундай.

— Унда нега шунча идишни синдириб ташладинг? Майли, қўявер, қани, олдик, — деб Роман Фёдорович ароқ тўла қадаҳлардан бирини Шоҳруҳга тутқазди.

Юлдуз бирга кетмоқчи бўлганида, уни Шоҳруҳ қайтарди.

— Сени хавф-хатарга қўймоқчимасман. Илтимос, шу сафар…

Аммо унинг гапи ҳавода қолди.

— Йўқ! — деди Юлдуз қатъий. — Кўп марта ёлғиз қўйиб юбордим. Шу ёғи етарли. Қолаверса, ҳечам зиёним тегмаслигини биласиз.

Шоҳруҳ қўлини икки ёнига ёзиб, Роман Фёдоровичга қаради. Банкир кулди.

— Ҳа, бу қиз ўжарлиги билан доим ўзининг айтганини қилдирадиганга ўхшайди. Бир томондан ҳавасимни келтирди. Лекин иккинчи тарафдан, эрга бўйсунмаслик яхши эмас.

— Баъзиларга ўхшаб отамга қарши бораётганим йўқ, — деди Юлдуз Роман Фёдоровичга ўқрайиб, сўнг ташқарига Шоҳруҳдан олдин чиқиб кетди.

* * *

Оксана қаттиқ маст бўлганлиги боис нималар содир бўлаётганини мутлақо идрок этолмасди. Элас-элас ташқарига чиққанларини, кейин уни машинанинг орқа ўриндиғига ётқизиб қўйганларини эслайди. Қолгани мутлақо хотирасида йўқ. Виталий амакисининг йигирма сотихли жойга қурилган ҳайбатли уйига боргани, уни майса устига ётқизишгани, унинг устидан қўриқчи йигитлар кулганини билмайди.

— Шу ҳолидаям, — деб бақирди Виталий қўлидаги шишадан муздек пиво ичгач, — сенларнинг юзтангдан қиммат туради. Кулишларингга бало борми? Ундан кўра оёғини яламайсанларми?.. Уйни яхшилаб қўриқланглар, тонггача зоғ кирмасин. Оксанани менинг ётоғимга олиб киринглар!

Йигитлардан бири кулди.

— Яхшиси, бассейнда чўмилтирайлик. Кейин ўзиям ўликка ўхшаб ётавермасдан сизга ёрдамлашиб юборарди.

Виталий уни бўралатиб сўкди. Аммо унинг ҳақлигини кейин билди. Тўғри, Оксана унинг бўйнидан қучиб, бир нарсалар деганча ўпмоқчи бўлди-ю, бироқ ҳоли келмади. Юмшоқ каравотда чўзилиб ётаркан:

— Петка, — деди ожиз товушда ва уйқусини давом этказди.

Виталий ҳеч балони эплолмади. Ёши етмишга яқинлашган, барча ёшлик лаззатлари элликнинг нарёғида қолиб кетганди. Бирон натижа чиқишидан умидвор бўлганди. Чунки тўй пайти, ундан кейинроқ Оксанани қучганида ўзида ўзгариш сезганди. Лекин қизнинг бутунлай ҳолсизлангани унинг ҳамма ниятини чиппакка чиқарди.

Бир хаёл Оксанани ювиниш хонасига олиб бормоқчи бўлди-ю, аммо дарров ниятидан қайтди. Шарманда бўлгани қолади, холос. Аммо қанийди, бу ўйлари унинг қариган танасига таскин бўлолса, баттар юрак-бағрини эзғилайди. Хонанинг у бошидан-бу бошига бориб келиб ёшлик даврларини эслади. Турмада ўтирган кезлари ёдига келди. Ўйладики, ўшанда уни совуқ олиб қўйган. Ҳа… Ҳа, у ўшанда ожизланиб қолган. Бунинг ҳам сабаби бор. Битта гуржи саккиз кун азоб берувди. Соқолсизлик ишларига кўнмаганди ўшанда у. Кечки пайт зах жойда яланғоч ўтиришга мажбур қилишди. Орқасидан ўтган совуқ миясигача етиб борди. Ва ўн кунлик “тажриба”дан кейин қувватсизлик касалига чалинди. Мана, оқибати: ҳар нарсага қўли етадиган пайти ҳеч балога ярамай ўтирибди.

Виталий мижжаларидаги ёшни артди. Сўнг нима бўлса бўлар, деб Оксанани қучди. Қиз уйғонгандай бўлди. “Петка, эркатойим”, — деди ҳам. Лекин мутлақо ҳаракат қилмади. Виталийнинг жаҳли чиқиб, уни даст кўтарди. Олиб бориб ювиниш хонасига тиқди. Устидан муздай сув қуйди. Қиз чўчиб уйғониб кетди. Ҳали-ҳамон карахт эса-да:

— Ярамаслар, нима қилаяпсизлар?! — дея чинқирди. — Ҳали ҳаммангни йўқ қиламан. Шамоллатиб қўясанлар!

— Эркатойим, ўзингга келишинг керак, — деди уни эркалаган Виталий.

Юзидан оқаётган сувни қўли билан артган Оксана Виталийни кўрди.

— Амаки, нима қилаяпсиз?! Совқотиб кетдим. Илтимос, иссиқ сувни очинг, — дея ялинди Оксана.

— Оҳ, менинг гўзалгинам, — деб Виталий тунги кўйлагини ечишга сабри етмай, йиртиб ташлади.

Оксана унинг қилиғидан ҳайрон бўлди. Кулди.

— Нима қилаяпсиз? — деди.

Виталий худди ёв қувиб келаётгандай шошарди.

Виталий бошқа мақсадда шошаётганди. Аслида унга ҳақиқатан ҳам ёв яқинлашаётганди. Агар ўзи қўлидан келмайдиган ишни бажаришга бел боғламаганида, соқчи йигитлари пинакка кетишмаганида, эҳтимол, ёвдан омон қолар, яна бир неча йил яшаши мумкин эди. Афсус, ожиз банда бу ҳақда мутлақо ўйламади. Мақсади, ўзига нисбатан ожизанинг кўпроқ меҳрини уйғотиш ва шу баҳонада унинг отасига тегишли мол-мулкка эга чиқиш эди ва… Бу унга мутлақо эришмайдиган бўлди.

Девордан иккита қора шарпа ошиб тушди. Иккаласининг ҳам юзига ниқоб тортилганди. Кийимлари ҳам қора рангда. Ҳар икковининг қўлида автомат бор эдики, уларни кўрган одамнинг эти жунжикарди. Улар бироз энгашганча атрофни кузатишди. Сўнг улардан бири — бақувватроғи бош бармоғини кўрсатиб чироғи ёниқ деразага ишора қилди.

Иккиси ҳам дераза остида пайдо бўлганидан сўнг чироқлар ёруғида кўриниб турган ҳар бир нарса яна бир қур кўздан кечирилди. Бири энгашганди, иккинчиси унинг устига чиқди-да, деразани секин итарди. Бахтига ромнинг бир табақаси очиқ эди. Енгил ҳаракат қилган ниқобли деярли овоз чиқармай ичкарига кириб олди. Ортидан иккинчиси ҳам тепага кўтарилди. Бу ётоқ эди. Тағин жиҳозлар кўздан кечирилди. Кейин шундоққина ётоқхонага қўшни бўлган ҳаммомдан келаётган овозга қулоқ тутишди.

— Ҳали бу қилиғингизни дадам билиб қолса, ёмон қилади, — дерди қиз бола қиқирлаш асносида эркаланар экан.

— Билиши учун шундай қилаяпман. Билиб қўйсин куёвининг кимлигини!

Ниқобдагиларнинг иккови ҳам сўзлашаётганлар кимлигини дарров сезишди. Оёқ учида юриб эшик ёнига келишди.

— Жудаям қарилик қиладиганга ўхшайсан… Шошилма, ана шундай, ақллигинам…

Эшик очилганини на Оксана, на Виталий сезди. Улар ҳамон ошиқ-маъшуқ ўйини билан машғул эди. “Гуп” этган товуш чиқди-ю, Виталий секин бўшаша бошлади. Сувга қон сизиб чиқди.

— Мен сенга айтгандим-ку…

Оксана гапини охирига етказолмади. Пешонасига теккан муздай нарсадан чўчиб кўзини очди. Тепасида иккита ниқобли кишини кўрди. Бақирмоқчи бўлганди, лекин қўрқув овоз чиқаришга қўймади. Ниқоблилардан бири Виталийнинг сочидан ушлаб бошқа томонга ағдарди. Иккинчиси Оксананинг қўлидан ушлаб қулоғига:

— Тур! — дея шивирлади.

Қўрқувдан дағ-дағ титраётган қиз секин ҳаммомдан чиқди. Уни кийинтириб олиб чиқиб кетишди.

Тонг отишига бирор соатлар қолган, бу пайтда Виталийнинг ҳамма йигитлари қотиб ухлашарди. Шу боисдан бирортаси ҳам кириб чиқаётганларни сезмади. Ҳатто дарвоза тепасига ўрнатилган камераларни назорат қиладиган Владимир исмли йигит ҳам.

Оксана машинага ўтиргач, Юлдузни кўриб жаҳли чиқди.

— Нега бундай қилдинглар?! — деди аламидан кўзига ёш олиб.

— Бунисини, — деди ҳайдовчининг ёнида ниқобини ечиб у томонга ўгирилган Шоҳруҳ жилмайиб, — дадангнинг ёнига борганингдан кейин биласан.

— Виталийни ўлдириб қўйдинглар-ку! — деди Оксана қўлларини кўкрагига чалиштириб.

— Ҳечқиси йўқ. Унинг нафас олиш вақти тугаган экан, холос, — жавоб қилди Шоҳруҳ.

Шу билан Роман Фёдоровичнинг уйига етгунча биров миқ этмади. Ора-чора Оксана бурнини тортиб қўярди. Бу унинг шамоллаб қолганидан дарак берарди. У Виталийнинг ўлимига мутлақо ачинмаётганди. Алам қилгани, дадасининг ҳамма мол-мулкини ўзиники қилиб ололмади. Орзуси армонга айланди. Тўғри, отасидан қанча пул сўраса беради. Лекин доим сўрайвериш жонига текканди. Эмин-эркин, катта-катта нарсаларни сотиб олиб, маза қилиб юришни ўйловди. Ахир, бир ҳафта Гавайи оролларида, иккинчи ҳафта Швейцария ўрмонларида, учинчисида Жанубий Америка ёки араб давлатларининг сўлим гўшаларида айшу ишрат қилиб юриш кимга ёқмайди? Агар Оксанага отасининг ҳамма мол-мулки қолганида, бир умр аёвсиз совурган тақдирида ҳам тугамасди.

— Нималар қилиб юргандинг? — сўради ундан Роман Фёдорович.

— Ишинг бўлмасин! Сенинг қора ишларинг жонимга текканидан одамга ўхшаб яшашни мўлжаллагандим. Барибир, сен менинг шахсий ишларимга аралашдинг. Назаримда, ойимга ўхшаб ўлсамгина қутуламан! — дея Оксана банкирни четлаб ўтмоқчи бўлганида, падари қўлидан ушлаб қолди ва қизининг дағ-дағ титраётганини сезди. Оксана бирдан отасига юзланди. Ундан шунақанги қўланса ҳид келаётгандики, Роман Фёдорович афтини бужмайтиришга мажбур бўлди.

— Бориб яхшилаб чўмил. Кейин ҳамшира қиз кўриб қўяди. Шамоллаганга ўхшайсан. Туш пайти сен билан жиддий гаплашамиз, — деди жаҳл билан банкир ва қизининг қўлини қўйиб юборди.

Қизи кетгач, миллиардлар соҳиби анча вақтгача ўзига келолмади. Қандай ўзига келсин? Ахир куни келиб, ҳамма бойликларини ташлаб кетиши керак бўлган қизи унинг кўз олдида сўлиб бораяпти. Ҳозир унинг қаноти остида шу кўйга тушаётган экан, ёлғиз ўзи қолганида нимани кутиш мумкин? Бунинг чорасини топиш керак. Шундай қилиши лозимки, унинг бутун мол-дунёси Оксана саксонга кирганда ҳам керагидан ортиқ бўлсин. Албатта, бунинг учун ўта ишончли одамни топиши зарур бўлади. У Оксананинг бекордан-бекорга пул сарфлашига йўл қўймасин, шунингдек, ўзи ҳам маълум суммадан ошиғини ололмасин. Аммо ўшандай одам қани? Қаердан топса бўлади уни? Анави бир неча йиллардан бери Швейцарияда яшаётган қизининг севган йигитими? Роман Фёдоровичга қолса, қизини ундайин кўзи оч йигитга турмушга бермасди. Ахир у бир йилга қолмай, Оксанадан ҳамма пулни тортиб олади. Сўнг қизини хору зор қилиб, ҳайдаб юборади. Шошма… Шошма, Роман, мана, ёнгинангда турибди-ку қизингни неча марталаб ўлимдан сақлаб қолган Шоҳруҳ! Унинг кўзларида ёлғончилик, ёвузлик аломатлари кўринмайди. Фақат кимдир тегинса, соғ қўймайди. Лекин у Оксанага уйланолмайди. Сабаби, ёнида бошқа қиз бор. Демак, жуда усталик билан, ҳеч кимга билдирмасдан, ўртадаги ғовни йўқ қилиш лозим. Шундагина ҳамма нарса изига тушади.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Мафия сардори (57-қисм)

Мафия сардори (58-қисм)

Мафия сардори (59-қисм)

Мафия сардори (60-қисм)

Мафия сардори (61-қисм)

Мафия сардори (62-қисм)

Мафия сардори (63-қисм)

Мафия сардори (64-қисм)

Мафия сардори (65-қисм)

Мафия сардори (66-қисм)

Мафия сардори (67-қисм)

Мафия сардори (68-қисм)

Мафия сардори (69-қисм)

Мафия сардори (70-қисм)

Мафия сардори (71-қисм)

Мафия сардори (72-қисм)

Мафия сардори (73-қисм)

Мафия сардори (74-қисм)

Мафия сардори (75-қисм)

Мафия сардори (76-қисм)

Мафия сардори (77-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here