Путин ва Трамп Суриядаги ИШИДни «бутунлай яксон этишга» келишиб олди

0

Россия Президенти Владимир Путин ҳамда АҚШ раҳбари Дональд Трамп ИШИД террорчилик ташкилоти мутлақ яксон этилгунига қадар унга қарши курашишга тайёр эканликларини билдирди. Бу ҳақда «Кремль» сайтида эълон қилинган икки мамлакат раҳбарларининг қўшма баёнотида сўз боради, деб хабар берди «РБК».

Баёнот 11 ноябрь, шанба куни Дананг шаҳрида (Вьетнам) бўлиб ўтган APEC саммитининг қисқа муддатли йиғилишида сиёсатчилар томонидан маъқулланди.

Путин ва Трамп икки мамлакат ҳарбийлари ўртасидаги нохуш ҳодисаларни бартараф этишдаги муваффақиятларни алоҳида таъкидлаб ўтди. Бунинг натижасида «сўнгги ойларда ИШИД жангарилари йўқотишлари сезиларли даражада ошди», — дейилади баёнотда.

Президентлар АҚШ ва Россия қуролли кучларининг хавфсизлигини таъминлаш учун мавжуд ҳарбий алоқа каналларини қўллаб-қувватлашга, шунингдек, ИШИД билан курашаётган иттифоқдош кучлар билан боғлиқ хавфли ҳодисаларнинг олдини олишга келишиб олди», — дейилади матнда.

Президентлар Суриядаги ҳукумат кучлари ва мухолифат ўртасидаги можаро ҳарбий ечим билан ҳал бўлмаслигини, мамлакатнинг якуний сиёсий бошқарувига БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2254-резолюциясига мувофиқ Женева жараёни доирасида ечим топиши лозимлигини таъкидлади. Женевада музокаралар мухолифат ва Дамашқ расмий делегациялари иштирокида БМТ ҳомийлигида ўтказилмоқда.

Шу билан бирга иккала президент ҳам Сурия ўз мустақиллиги ва ҳудудини сақлаб қолиши тарафида. Шунингдек, Путин ва Трамп Суриядаги зўравонликларни вақтинчалик бўлса-да камайтириш учун деэскалация зоналарининг муҳимлигини қайд этди.

Россия ва АҚШ раҳбарлари Сурияда фуқароларга ёрдам бериш мақсадида «БМТнинг барча аъзо давлатларини келгуси ойларда инсонпарварлик эҳтиёжларини қондириш учун ўзларининг ҳиссаларини оширишга» чақирди дея хабар беради Daryo.uz.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here