ҚАРОҚЧИ-8…

0

 

* * *

Йигитлар Ниғмат ўйлаганчалик пасткаш эмас экан. Агар кучлари Ниғматникидан камлиги, милициядан чўчишларини айтмаса, мардлик қилишди.

Марат негадир яна Софияникига чопқиллади. Толик эса қоронғида тимирскилана-тимирскилана гаражнинг қайсидир бурчагидан бир шиша ароқ топди.

— Би-ир «прикол» қилмаймизми? — сўради Марат ортга қайтгач, ҳарсиллашини базўр босиб. — Зўр бўларди-да!

— Қанақа прикол яна? — деди Толик ҳеч нарсани тушунмай. — Мана, ароқ бор, Ниғматни меҳмон қиламиз, бўлди! Яна нима?

— Мана шу ароқни мозорбошида ичсак-чи? Тасаввур қил, қабрларга ёнбошлаволи-иб қадаҳ сўзлари айтардик!

— Ҳаддингдан ошма, — дея кўрсаткич бармоғини олдинга чўзди Ниғмат. — Бизда ўликларнинг устидан кулиш кечирилмайди. Шуни биласанми?

— Ҳа энди бир айтдим-қўйдим-да!

— Қани, оч ароғингни! — Ниғмат кафтларини бир-бирига ишқалаган кўйи Маратга буюрди. — Вақтим зиқ. Ҳали ётарга жой топишим керак.

Марат буйруққа итоат қилган ҳолда шишани очди ва чўнтагидан бир дона стакан чиқарди-да, уни ароққа тўлдириб Ниғматга тутқазди.

— Ич, оғайни, кайф қил! Жой масаласи бир гап бўлар!

Ниғмат ароқни бир кўтаришда ичиб битирди ва стаканни қайтадан Маратга узатди.

Хуллас, иккинчи стакан ичилгандан сўнг бироз аламларни, тавшишларни унутгандек пича енгил тортди.

Ана шунда Марат янги гап айтиб қолди.

— Хафа бўлмагин-у, — деди у қўлини Ниғматнинг елкасига ташлаб. — Ҳозир бир гапни аййтсам ранжишинг мумкин.

— Айтавер, — Ниғмат гавдасини орқага ташлаб керилди. — Дардинг ичингда қолиб кетмасин, йигит!

— Ҳозир Софияникига бордим, буни биласан, — гап бошлади Марат шошилмай. — Кўчага отланаётган экан. Сўрасам, «болани олдириб ташлайман» деб қолди. Роса…

Ичкилик Ниғматга аллақачон таъсирини ўтказиб, шу тобда беихтиёр София ҳақида ўйлай бошлаганди. Сархушликнинг олис манзилларида хаёлан сайр этаркан, у билан ўтган кечани кўз олдида қайта-қайта тасаввур этиб, гоҳ кулимсирар, гоҳ оҳ тортиб қўярди.

Маратнинг кутилмаган гапи қулоғига чалинди-ю, хаёли бузилди. Тағин бўлғуси фарзанди вужудини забт этди. Уни бир умрга йўқотиб қўядигандек, расво бўладигандек қўрқиб акетди ва ўзи сезмаган ҳолда сапчиб ўрнидан турди-ю, Маратнинг ёқасидан олди.

— Ўлдираман!.. Болани олдирса ўлдираман уни, ўлдираман!..

* * *

Ниғматнинг даъфатан ташланишини кутмаган Марат гангиб қолганди. Чирана-чирана бақувват қўлларни томоғидан олиб ташлашга уринар, аммо кучи етмасди.

— Т-толя, ёрдам бер! — хириллаб шеригини чақира бошлади у силтанишдан тийила олмай. — Ў-ўлдириб қўяди ҳозир!..

— Сен ўлишинг керак, ўлишинг! — жазава аралаш наъра тортди Ниғмат. — Ифлоссанлар! Боламни топиб берасан! Барибир топиб берасан! Йўқса ўлдираман!..

Ҳақиқатан, Ниғмат ичкилик таъсирида гўё телба қиёфасига кириб қолганди. Ҳеч нарсани идрок этмасди, эшитмасди, кўрмасди. Хаёли ҳализамон йўқ қилинажак дилбандида эди. Унинг азобланиб жон бераётганини ҳис этгани сайин юраги музлаб борар, ғазаби баттар жунбушга келарди.

Афсуски, нияти ета олмади. Орқадан туриб Толик унинг бошига қаттиқ нарса билан туширди. Иккинчи зарбадан сўнг Ниғмат беихтиёр бўшашди ва шилқ этиб ерга чалқанча йиқилди.

Шу заҳоти кўз ўнгида зулмат намоён бўлди. Зулмат қаърида эса илонсифат, ёввойи, қўрқинчли маҳлуқсифат шарпалар кеза бошлади.

Улар қур-қур Ниғматнинг тепасига яқин келиб пишқирар, илонсифат маҳлуқлар бўйнига ўралиб қаттиқ қисарди.

Ниғмат қаердалиги, қайси замон-у, қай ҳолатда эканини сира англаб ета билмасди. У нафас оларди, қоронғилик чирмашган водий ичра дарбадар кезарди. Ҳатто маҳлуқларни ўзидан нари итариб, улар билан олишиб вужудида сира чарчоқ сезмасди.

Шу тобда рўпарасидан оппоқ йўргакка йўргакланган гўдак чиқиб келди. Гўдак жуда жажжи эди. Аммо йўргакда бўлишига қарамай, оёқларини қимирлатмаган ҳолда бемалол ҳаракатланарди.

Бу манзарани кўрди-ю, Ниғматнинг юраги безовталана бошлади. Энтика-энтика сўнгги маҳлуқни томоғидан юлиб ташлади-да, ўзига яқинлашиб келган гўдакни қўлига олди.

— Дадажоним, — дея бўйнидан маҳкам қучиб олди гўдак. — Сиз менинг дадажонимсиз!..

— Сен… Гапиришниям биласанми, болам? — ҳайратланиб гўдакка боқди Ниғмат. — Ҳали жудаям кичкинасан-ку!

— Ие, дадажон, мен ҳали чақалоқлар дунёсидаман. Биз ҳаммамиз гапирамиз бу ерда.

— Унда нега оёқларингни қимирлатмасангам юра оляпсан?

— Унисини билмадим, — деди гўдак. — Майли, дадажон, энди мени қўйворинг! Энагалар кўрса мени уришишади.

— Мени… Ташлаб кетмоқчимисан? Ахир…

— Ҳақим йўқ. Хайр!..

Ниғмат иложсиз гўдакни қайтадан ерга туширди. У Ниғматга бир неча марта қуллуқ қилди-ю, кўздан ғойиб бўлди.

На ҳайратланиш, на кулишни била олмай қолган Ниғмат эса елка қисган кўйи нотаниш ва зулматдангина иборат водийни кезишда давом этди.

* * *

Орадан қанча вақт ўтди, қанча муддат шу кўйи дайдиди, чиранди, билмайди. Танасига қаттиқ санчилган игна зарбига чидолмай ўкириб юборди. Шу баҳонада кўзлари мошдек очилди ва ўзини оппоқ халатли ҳамширалар қуршовида кўрди. Ҳамшираларнинг ёнида яна бир оқ халат кийган баланд бўйли эркак ҳам турарди.

Олдинига ҳеч нарсани тушунмади. Ҳарсиллашини боса олмаса-да, анграйиб гоҳ ҳамширалар, гоҳ эркакка тикилди.

Эркакнинг юзларига боқиб беихтиёр кулгиси қистади. Наздида унинг башараси қийшайган, кўзлари ола-кула, қулоқлари шалпангдек туюлиб кетди. Айниқса, тиржайиши худди маймунни эслатиб юборарди. Мана шуниси Ниғматга нашъа қилди. Ўзи сезмаган кўйи ётган ерида хохолаб кула бошлади. Бахтга қарши «хурсандчилиги» узоққа чўзилмади. Орқа мияси чунонам санчиб оғридики, сал бўлмаса нафаси қайтиб қолаёзди.

Ниғмат оғриққа бардоши етмай йўтала бошлади. Тепасидаги шприц тутган ҳамшира шоша-пиша унга яна битта укол қилди. Бир неча дақиқа ўтгач, Ниғмат йўталишдан тўхтади. Кўзлари сузилди. Боши шилқ этиб ўнг ёнбошига тушди ва у уйқуга кетди.

* * *

Бир ҳафтадан сўнг қиш кечаларининг бирида Ниғмат нотаниш кўча юзидаги тахта ўриндиқда қунишганча ўтирар, дока танғилган бошини ора-сира сийпаларди. Шу йўл билан калтак заҳри қолган жароҳатини оғриқдан нари қиларди.

Ўтириш, ўткинчиларга ҳиссиз тикилиб қараш асносида у ўзини, бошидан кечираётган кечмишларни идрок этишга уринди. Мияси ишламади. Ҳадеганда зўрлик туйғуси вужудига чирмашиб, муштларини тугишга, лаб тишлашга, сўкинишга, ёруғ дунёдаги барча жонзотлардан нафратланишга мажбур этаверди.

Ниғмат шу тобда муаммолар, бахтсизлик, хўрлик исканжасида қолиб кетганини заррача ҳис этмасди. Ҳеч нарсани ўйлаб қайғурмасди. Буёғига нима қилиш лозимлиги ҳақида бош қотирмасди.

Хаёллар уммони уни шеркелбат, қўрқинчли, шафқатсиз, совуққон, кўз қарашларидан маразлик уфурган кимсалар томон олиб кетганди. У хаёлан уларга менсимайгина назар солар, қаршисида қуллуқ қилганча навбатдаги буйруқни кутаётган кимсаларни баъзи-баъзида бўралаб сўкарди.

Сўкиниш эса, шубҳасиз беихтиёр тилига кўчар, ўтиб кетаётган одамлар ҳайрат аралаш унга қараб қўйишдан ўзларини тия олишмасди.

Бир сўз билан айтганда, орқа миясига еган калтаги, меъёридан ортиқ ичилган ичкилик бу йигитнинг эсини кирди-чиқдироқ қилиб қўйгандек эди. Кайфи ҳануз тарқамаган. Буни ўтира-ўтира бирдан оҳ тортиб юбориши, ёки даъфатан кулиб юборишидан ҳам пайқаш мушкул эмасди.

Шунга қарамай, Ниғмат яшаётганини, катта шаҳар кўчасида эканини, қанчадир вақт ўтгач қаергадир кетиши зарурлигини англаб турарди.

— Вей, пул солинган қопниям шунақа осилтириб ушлайдими? — хаёл суриб ўтириб тўсатдан бақириб юборди Ниғмат.

Важоҳати шу қадар кучли бўлдики, кўзлари каппа-каппа очилиб, боши буралиб-буралиб кетди.

— Қанақа ношудсан ўзи, Шуҳрат? Кечаги қамчиларнинг заҳри кетиб қолдими дейман? Ҳозир анавиларга айтаман, яна подвалга олиб кириб пўстагингни қоқишади. Шуни хоҳлаяпсанми? Ҳа-а, тавба қилмоқчимисан? Тавба қилмай қаергаям борардинг?!. Мени Ниғмат каллакесар деб қўйишибди, ҳа! Қани, пулларни буёққа чўз!.. Йўқ, темир сандиққа жойла! Айтганча, Мардон, ҳов Мардон! Э, намунча кариллайсан, Жалол? Бирпас тек турсанг-чи! Мардон дедим!.. Буёққа кел, қизиталоқ! Бозордан олинадиган улуш масаласи нима бўлди? Ҳа-а, олиб келдингми? Маладес, ўғил бола! Шуҳрат, кўрдингми, пандавақи? Ишлаш манавинақанги бўпти!..

Ярим соатча шу тахлит ўтиргандан сўнг қаҳратон ширин хаёлларини бузиб, этини жунжиктира бошлади. Танасида дағ-дағ титроқ турди.

Ниғмат энди даст ўрнидан турди-да, қаергадир кетишга чоғланди. Бироқ қай томонга юришни билмай пича гарангсиди.

Орадан бир неча ўн сония ўтиб, тасаввури сал тиниқлашдими, телбаларча сўзланишдан ўзини тийди. Фақат қўл силтаб ҳаётдан ниҳоятда норозилигини ўткинчиларга намойиш этган бўлди.

— Ие, боягина баннисада эдим-ку, — деди ўзига ўзи кутилмаганда сергак тортиб. — Нимага ҳайдашди? Иссиққинайди хонаси. Ким ҳайдади мени? Қандай ҳадди сиғди? Йў-ўқ, ҳозир кунини кўрсатаман уларнинг! Борволай ўша ерга, кўради мендан!

Ниғмат саннай-саннай, келган тарафини чамалаган бўлди-да, таваккал йўлга тушди.

* * *

Касалхона қабулхонаси эшигини очиб энди ичкарига қадам қўйганди, навбатчи ҳамшира жонҳолатда гўшакни қўлига олиб кимгадир қўнғироқ қила бошлади.

— Вой, Истам ака, бояги қочоқ келди! Тез чиқинг! Э, «белая горячка» бориди-ку! Миясига таёқ еган-чи? Ўша келди деяпман!..

Бу ҳайқириқдан Ниғматнинг бир туки сесканмади. Ичкаридаги илиқлик жонига дарров роҳат бахш этиб, керишганча ўриндиқлардан бирига ўтириб олди. Ҳамшира эса гаплашиб бўлгач, пилдираганча келиб унинг тепасида ҳозир бўлди.

— Ие, хуш кептилар, қочқоқ йигит! — деди кулиб ҳамшира. — Яхши бориб келдиларми сафарга? Бизларга ҳеч ким салом айтиб юбормадими?

Ниғмат кўзларини қисган кўйи тепасидаги ҳамширага совуқ тикилди.

— Мен дўзахдаман, — шивирлади заҳархандалик билан. — Сенларминан хайр-маъзур қилишга келдим, жонидан!

— Вой, шунақами? — дея кулди ҳамшира. — Дўзахдаман денг? Қандай яхши-я! Башарти жаннатга боришни хоҳламайдиларми?

— Ўчир чакагингни, ожиза, — шивирлаб, талмовсирашда давом этди Ниғмат. — Сен ниманиям билардинг? Ҳозиргина дўзахдаги қулларимга топшириқлар бердим. Улар мени…

Бахтга қарши сўзини охирига етказа олмади. Ташқари эшик шарақлаб очилди-ю, оқ халат кийган икки барзанги ичкарига кирди. Улар кела солиб Ниғматнинг икки тирсагидан олишди.

— Қани, ошна, кетдик! — деди барзангиларнинг бири ҳамширага кўз қисиб. — Дўзахдаман дебсиз-у, аммо қочиб қопсиз. Яхши эмас-да! Қулларингиз кутиб ётишибди сизни уёқда!..

— Қ-қўйвор! Қўйвор дедим! — силтаниб уларнинг қўлидан халос бўлишга уринарди Ниғмат. — Кимминан гаплашаётганингни биласанларми ўзи? Торт қўлингни, қулвачча!..

Бу ҳунари ўтмади. Барзангилар куч билан Ниғматни ташқарига судраклаб чиқиб, машинага ўтқазишди.

* * *

Ниғмат биргина калтак туфайли бу аҳволга тушмасди. Марат ва Толик қуйган ароққа қўшиб наша ҳам чекиб қўйган экан. Шунинг бадалини уч кун руҳий хасталиклар шифохонасида тўлади. Одамни гўё жонсиз ҳайкалга айлантириб қўювчи дори-уколлар жонини суғуриб олаёзди. Аммо уч кун деганда ўзига келди. Қайтадан дунёга илгаригидек очиқ кўз билан боқа бошлади.

Қайтадан уни келгуси ҳаёт, қандай йўл тутиш муаммоси азоблади. Хаёлнинг турфа кўчасига кириб чиқса-да, ойдин йўл топа билмади. Ҳар ўйлаган ўйининг сўнгида темир тўсиқлар кўндаланг бўлаверди. Бу ҳам етмагандек, София билан бўлиб ўтган ишлар вужудига афсус, пушмон уруғини сочди. Ўзининг нақадар содда, гўллигидан хафа бўлиб, аламини оғир-оғир хўрсинишлардан олди.

Жуссасини тобора қаттиқроқ эзиб бораётган қисмат юки забтига базўр бардош бериб бош эгганча вақт шомга яқинлаганда шаҳардаги кичик бир боғга кирди.

Қиш қишлигини қилиб боғ деярли бўм-бўш эди. Фақат бир бурчакдаги ўриндиқда ёши тахминан ўн олтилар атрофидаги малла пальтоли қиз хаёл суриб ўтирар, гоҳ-гоҳ қисқа-қисқа йўталиб, оҳ тортиб қўярди.

Қиз Ниғмат келиб ўриндиқнинг бир четига ўтирганини ҳам пайқамади. Кўкка тикилган ҳолда маржондек тизилган юлдузларга ҳавас билан боқди. Шу орада бир-икки марта жажжи сумкачасидан оппоқ қоғоз, ручка чиқариб, нималарнидир ёзиб қўйди.

«Нима бало, бу олимами дейман? — ўйлади Ниғмат қизга ўғринча қараб. — Осмонга тикилади, ниманидир ёзади, хўрсинади. Жинни-пинни бўлганми бу? Ё уям мен ётгган жиннихонадан чиқдимикан? Бўлмаса, шу совуқда ўтириб осмонга тикиладими? Ким билсин? Балки катта ишнинг бошида тургандир. Каттаконлардандир. Эҳ, қандай бахт! Шу қиз ҳам менга ўхшаган одамдир, ахир!?. Ишини топибди, дунёнинг у бурчидан бу бурчига кириб янгилик қидиряпти. Мен-чи? Энг чиркин кўчалардагина кезаман. Одам боласи етти ухлаб тушида кўрмаган кунларни кўраман. Ўзимча зўрман деб ўйлайман… Йўқ, ундаймас. Мен барибир зўрман. Зўр бўлмасам барибир бўламан. Манаман деганни ўтқазиб турғазмасам отимни бошқа қўяман…»

— Ака, нега хомушсиз? — қиз тўсатдан бошини кўтариб Ниғмат томон юзланди. — Қаерликсиз? Ё борар ерингизни тополмаяпсизми?

Ниғмат аввалига қизнинг саволларига жавоб қайтаришни хоҳламади. Энсаси қотиб унга совуқ назар ташлади. Лекин қизнинг чеҳрасидаги ёрқинлик, беғуборлик уни гапиришга мажбур этди.

— Қўрғонқишлоқликман, — деди Ниғмат қизга қаттиқроқ тикилиб. — Эшитганмисан? Каттакон қишлоқ бор шундай.

— Эшитмаган эканман, — ер чизди қиз. — Ер катта-ку, ака! Бўлса бордир-да! Айтганча, қаранг, осмондаги юлдузлар сайрга чиқишибди! Кўряпсизми?

Ниғмат кўкка боқди-ю, аммо ҳеч нарсани тушунмади. Юлдузлар нур сочарди холос. Ҳеч бири қимирламас, сайр ҳам қилмасди.

— Мен унақанги нарсаларни тушунмайман, — деди ҳафсаласизлик билан Ниғмат. — Оддий юлдуз-да ҳаммаси!

— Э, йў-ўқ, — жонланиб Ниғматга яқинроқ ўтирди қиз. — Улар оддий юлдуз эмас. Худди денгизда сузаётган пари-пайкарларга ўхшашади. Ана, кўринг, ҳов анави юлдуз бошқаларини олдинга етакламоқда! Ахир, бу мўъжиза-ку!..

— Нима бало, шоирамисан? — сўради Ниғмат беихтиёр кулгиси қистаб. — Айтавер яширмай!

— Вой, сиз қаердан била қолдингиз шоиралигимни? — ҳайрат аралаш Ниғматга боқди қиз. — Ё фолбинмисиз ўзингизам?

— Мени қўявер, ўзингдан гапир! — деди Ниғмат. — Гап бошладингми, охирига етказ!

— Ҳа-а, топдингиз, — дея ўйчан кўкка боқди қиз. — Мен шеърлар битишни, юрагимдаги дардларимни оқ қоғозга тўкишни яхши кўраман.

— Дардларим? — Ниғматга қизнинг шу гапи баттар нашъа қилди. — Жиккаккина қизда дард нима қилади?

— Сиз билмайсиз-да, — деди қиз хомуш тортиб. — Ҳали катта шоира бўлиб кетаман. Ўшанда-чи, китобимни сотиб оласиз-у, дастхат қўйдиролмай, мени тополмай ҳалак бўласиз.

— Нега тополмас эканман. Осмонга учиб чиқиб кетмассан, ахир?

— Ҳа, мен хаёлот осмонида бўламан. Менинг осмонимга унча-мунча одам чиқа олмайди.

Шундоқ ҳам эс-ҳуши ҳали тамоман ўзига келиб улгурмаган Ниғматга қизнинг сўнгги сўзлари қаттиқ таъсир қилди. Бўш келса, ўзини камситиладигандек ҳис этди. Гўё ёнида ўтирган бу қиз менсигиси келмаётгандек туюлиб лаб тишлади. Шу тобда қиздан-да баландроқ, мағрурроқ, кескирроқ бўлишни хоҳлади.

— Нодон экансан, сен қиз, — дея қўл силтаб қўйди Ниғмат. — Олдин ким, қандай одамнинг ёнида ўтирганингни ўйлаб кўрсанг бўларди.

— Хўш, ким билан ўтирибман экан? — қизиқсинди қиз. — Айтинг-чи ўзингиз!

— Ундан кўра, шеърингдан айт, — деди Ниғмат тоқатсизланиб. — Умримда шеър ўқимаганман. Биров айтиб ҳам бермаган.

Қиз мисоли шу таклифни кутиб ўтирган каби шошиб қолди. Бир муддат қисқа-қисқа йўталди, бошини эгиб кулимсиради, сўнгра пича ўйланди, тараддудланди. Шундан кейингина пичирлаб шеър ўқий бошлади.

Чағир-чағир чағиртош,

Алами зил оғир тош.

Булоқ-булоқ ёшингга,

Парво қилмас бағир тош.

Тош ўйиним бориди,

Тош кўчалар ториди.

Анов бегона сиёқ,

Асли бизга ёриди.

Чақим ҳалво, чақимтош,

Бир ёстиқда икки бош.

Ютиб олиб тошимни,

Кўринар бунча юввош.

Бўлмаганга бўлишма,

Ой бўлсанг ҳам тўлишма.

Қадрингга етмас билан,

Ўз меҳрингни бўлишма.

Чағир-чағир чағиртош,

Алами зил оғир тош…

Қиз шеърини тамомлагач, ер чизганча тек қогди. Ниғмат эса бошини сарак-сарак қилган кўйи унга ер остидан боқди.

— Яхши шеър экан, — ўртадаги жимликни бузиб сўз қотди Ниғмат. — Лекин… Ўлай агар, ҳеч вақони тушунмадим. Сал… Тушунарлироқ ёзсанг бўлмайдими?

— Вой, нимасини тушунмайсиз? Муҳаббат ҳақида-ку бу шеърим!

— Муҳаббат… Муҳаббат… Бўпти, ёзавер! Айтганча, отинг нима?

— Зулфия, — деди қиз қимтиниброқ. — Ўзингизники-чи?

— Э, меникини қўявер! Ундан кўра, билиб қўй, бир кун келиб мен зўрларнинг зўри бўлганимда, албатта сени топтириб келаман. Менга шеърлар ўқиб берасан. Эвазига катта пул оласан. Уқдингми?

— Ў, иштаҳалар зўр-ку, — гўё яқин танишлардек гапни ҳазилга бурди Зулфия. — Кучингиз етармикан?

— Сенга кучим етмаса, нима қилиб юрибман бу дунёда? Майли, яхши қол, шоира!

Ниғмат шундай деб даст ўрнидан турди. Бироқ қай томон юришни билмай ҳайрон бўлди.

Шу кўйи бирпас бош қашиб олди-да, ниҳоят улкан минора бўй чўзган тарафга йўл олди.

— Ҳой, ака!..

Анча нарига бориб қолганда, Зулфиянинг жарангдор товуши қулоқлари остида жаранглади. Ниғмат уф тортганча юришдан тўхтаб, истар-истамас, ортга ўгирилди.

— Нима дейсан тағин, шоира? — дағдаға аралаш қичқирди Ниғмат. — Гапир тезроқ!

— Отингизни айтмадингиз-ку!

Ниғмат қизнинг ўжарлиги негадир кўнглини юмшатгандек беихтиёр кулимсиради ва йўлида давом этиш асносида баланд овозда бақирди:

— Хўжа Насриддин отим, Хўжа Насриддин!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here