ҚАРОҚЧИ-9…

0

 

* * *

Ниғмат шу кўйи анча жойгача юриб борди. Йўл-йўлакай шоира қиз айтган сўзлар хаёлини чулғаб, тез-тез кулимсиради, телба каби ўзича нималардир дея сўзланди.

Аммо бу юриш узоққа чўзилмади. Беихтиёр қорни таталаб бораётганини ҳис этди ва таққа тўхтаб, атрофга аланглади. У темир йўл вокзали рўпарасида турарди.

Егулик қидириш илинжида вокзал томон анча вақтгача тикилиб турди. Ўткинчиларга жавдираб боқди. Афсуски, ҳеч қаердан нажот топа билмади. Қай томон қарамасин, юзланмасин, фақат боши берк кўчани, зулматнигина кўраверди.

Шунда бирдан мияси тиниқлашгандек ҳушёр тортди. Сескана-сескана қаддини ростлади. Зўравонлиги, ҳеч кимдан ҳайиқмаслиги ёдига тушиб жонланди.

Ниғмат негадир тўсатдан чўнтагига қўл суқиб руҳий хасталиклар шифохонаси врачи ёзиб берган маълумотномани олди.

— Ҳа-а, мен жинниман-ку, — деди овоз чиқариб. — Жиннилар ҳамма ишни қила олади. Уларни ҳеч зоғ уришмайди. Қай кўчани кўришса, ўша ёққа киришади. Мелисалар ҳам қамамайди жинниларни. Шундай экан, нега ўйланиб турибман? Мазали овқат топиб есам нима қилади? Тўхта, пул… Пул йўқ-ку, Ниғматбой! Нима қиламиз? Пулжонни қаердан оламиз? Ҳа-а, баракалла! Ақлингга қойилман, акаси! Ҳозир вокзални айланиб чиқсак, пул ҳам топилади, ҳа!..

Ниғмат маълумотномани қайтадан чўнтакка жойлади-да, жонҳолатда вокзал томон йўл олди.

Қаҳратон туфайли вокзал ҳовлиси ҳувиллаб қолганди. Йўловчилар, кузатувчиларнинг барчаси ичкарида. Хўш, энди нима бўлади? Ичкарида одам кўп, бировга зўрлик қилиб пул ололмайди. Хавфли.

Ниғмат норозиланган кўйи вокзалнинг орқа томонига ўтди. Қаршисида турнақатор темир йўллар, бу йўлларнинг деярли ҳаммасини поездлар банд этибди.

У бир неча ўн дақиқа қандай йўл тутишни, қай манзилдан нажот излашни билмай гарангсиб турди. Қорни эса борган сари таталаб, тинчини бузар, қаердандир келиб димоғига урилаётган кабоб ҳиди вужудини қитиқлаб, баттар жиғибийрон бўларди.

Бир маҳал ҳов наридан пакана, букри, жуда озғин бир пиёниста аёл у томон оқсоқлаганча юриб келди-да, шундоқ девор остига қўлидаги кирланган халтани қўйиб, ўзи халтанинг устига чўкди.

Ниғмат сир бой бермай аёлни кузатарди.

Аёл парвойи фалак нималардир дея саннаб халати киссасидан бир даста пул чиқарди ва шошилмасдан санай бошлади.

Бу Ниғмат учун ягона имконият эди. Агар яна бир муддат тек турса, тамом, пиёниста аёл ўрнидан туради-ю, кетиб қолади.

Ниғмат таваккал пиёниста тарафга илдам юриб борди ва тепасида ҳозир бўлди.

Аёл қаршисида нотаниш йигитни кўрди дегунча кўнгли янги бир хавфни сезгандек пулларни халтага беркитди.

— Ҳа, сенга нима керак? — титроқ аралаш сўради аёл. — Бор, йўлингдан қолма!

— Пулни чўз буёққа! — шивирлаб пиёнистага буюрди Ниғмат. — Тез бўл!

— Нима? Қанақа пул? — пиёниста аёл азбаройи қўрқиб кетганига қарамай, сира бўш келгиси йўқ эди. — Бор-э, жувонмарг, текинтомоқ!..

Очлик, ташналик, яшаш истаги зўр келди. Ниғмат кутилмаган ҳаракат билан пиёниста аёлнинг томоғига чанг солди.

— Чиқар пулни, ифлос, чиқар! Ҳозир бўғиб ўлдираман!..

— А-а-ана, — дея олди аёл базўр хириллаб. — С-сумкада… Ҳ-ҳаммасини…

Шундан кейингина Ниғмат уни қўйиб юборди-да, халтага қўл суқиб пулларнинг барчасини чиқарди ва қўйинга урди. Сўнгра ҳеч нарса бўлмагандек ортга кета бошлади.

Бахтга қарши, пиёниста аёлнинг ҳайқириғи уни юришдан тўхташга мажбур этди.

Пиёниста аллақачон вокзал эшигига етиб олган ва ўша ердан туриб бор овозда қичқирарди.

— Одамла-ар! Мени ўғри урди, ўғри! Ёрдам беринглар!

Ниғмат шошиб қолди. Қай кўчага қочишни билмай гарангсиди. Аммо бу тахлит туравериши яхшиликка олиб келмаслигини биларди. Шошилиши, тезроқ бу теваракдан даф бўлиши шарт эди.

Ниғмат илкис бош буриб темир йўл тарафга боқди. Поездлардан бири эндигина ўрнидан қўзғалибди.

Миясига чақин каби урилган хаёл уни поезд томон етаклади.

Ҳа, поездга чиқиб олади. Боши оққан тарафга кетади…

У сўнгги бор пиёниста аёл турган томонга бош бурди. Не кўз билан кўрсинки, ўзи томон қўлида чарм таёқ тутган милиционер жадал юриб келар, пиёниста ҳам унинг ортидан қолмасди.

Ниғмат орқа-кетига қарамай поездга қараб чопа кетди ва бир неча ўн сониялар ичида ўзини вагон ичкарисида кўрди.

Аммо ростакамига хавфдан холи бўлганига амин бўлса-да, эҳтиёт шарт аста вагон эшигини очиб вокзалга назар солди. Милиционер темир йўл бўйида турар, қаршисидаги пиёниста аёлга қўл силтаб нималарнидир уқтирарди.

«Ўла, ифлослар, — кўнглидан ўтказди Ниғмат эшикни ёпиб тамбурдан ичкарига кираркан. — Тутиб бўпсанлар! Додингни энангга айтларинг энди!..»

* * *

Вагон ичкарисига киргани ҳамоно хўппа семиз, калбош кузатувчи эркакка рўбарў бўлди.

Кузатувчи унга бошдан оёқ разм солди. Ниғматнинг чиптаси йўқлигини дарров пайқади. Шу сабабли қовоқ уйиб, гапни ўдағайлашдан бошлади.

— Сенга нима керак, йигит? — сўради у дағдаға билан. — Чипта борми? Қайси вагонга? Қаерга кетяпсан ўзи? Нега кўзинг ўйнаяпти? Ё киссавурмисан?

— Менга жой керак, — деди тап тортмай Ниғмат. — Қорним ҳам оч. Агар иложи бўлса, овқат беринг, пулини тўлайман!

— Нима? — кузатувчи энсаси қотиб елка қисганча Ниғматга яқинроқ келди. — Овқат? Олдин чиптани кўрсат! Йўқса мелиса чақираман!

— Илтимос, амаки, ундай қилманг, — дея ялинишга ўтди Ниғмат эҳтиёт чорасини кўрмаса иш чаппасига кетишини олдиндан сезиб. — Мен узоққа кетяпман. Ишонинг, йўл ҳақиниям тўлайман. Фақат… Кечадан бери туз тотганим йўқ. О-овқат беринг!..

— Бўпти, — кузатувчи сал бўшашди. Ниғматга раҳми келдими, бош чайқай-чайқай, тамбур томон ишора қилди.

— Тамбурда бўлиб тур, ҳозир овқат опчиқиб бераман. Кейин… Сезиб турибманки, чиптанг йўқ. Тўғрими-йўқми? Фақат ростини айт!

Ниғмат жавоб ўрнига бош силкитди.

— Уйдан қочдингми, хумпар? — сўради кузатувчи шивирлаб. — Қўрқмай айтавер! Сендақаларнинг кўпини кўрганман.

— Ҳа, шундай десаям бўлади, — ёлғондакам лаб тишлаб ер чизди Ниғмат. — Ўгай отам хўрлаб юборди. Чидолмадим. Шунга… Ризқимни узоқлардан териб юраверишни маъқул топдим.

— Тўғри қилибсан, — деди кузатувчи. — Ўгайнинг оти ўчсин, бўтам!.. Майли, хафа бўлма! Россияга борсанг, йўлингни топволасан. Уёқларда сенга ўхшаганлар тиқилиб ётибди.

Ниғмат Россия сўзини эшитиб, сал қурса қовун тушираёзди. Қўйиб берса, «Россияга? Поезд ўша ёққа кетяптими?» деб сўраёзди. Аранг тилини тийди. Гўё қай манзилга йўл олганини, қайси поездга чиққанини яхши билган каби кузатувчининг сўзини маъқуллаш билан кифояланди.

— Хўп, сен тамбурга чиқиб тур, — деди кузатувчи кўрсаткич бармоғини лабига босиб. — Ҳали замон текширувчилар кириб қолади. Ўшалар келиб кетсин, сенга жой топиб берарман вагондан… Ҳозир бирор егулик опчиқиб бераман! Бардам бўл, ўғил бола!

Кузатувчининг сўнгги далдаси ҳақиқатан Ниғматнинг кўнглини кўтариб юборганди. У барча ташвиш, аламларни бир муддат унутгандек жилмайганча кафтларини бир-бирига ишқалаб тамбурга қайтди.

* * *

Орадан бир соатга яқин вақт ўтди. Ниғмат кузатувчи қўлига тутқазган овқатни паққос тушириб, кўрсатилган ўринга чўзиларкан, анчадан бери илк бор руҳан енгил тортди. Қалбининг бир четида эзгу орзулар куртак ёза бошлаганини, юрак-юрагидан яхши, шоҳона, хотиржам, бахтли, қувноқ ҳаёт кечиришни хоҳлаётганини ҳис этди.

Шу орада даъфатан раҳматли бувисининг деярли кунора Яратганга нола қилишлари хаёлида жонланиб, беихтиёр тилга кирди.

— Худойим, зўр бўлишни ният қилдим! Ўзинг қувват, йўл бер! — пичирлади Ниғмат.

Пичирлаш асносида кўзидан икки томчи ёш думалаб юзларига тушди. Вужудида илиқ титроқ туйди.

— Бувижон, мени яхши кўрардингиз-ку, — давом этди у. — Менга йўл кўрсатинг! Қоқилмайин, туртинмайин, бировлар қўлида хор бўлиб ўлмайин!

Ниғмат нола чекарди-ю, гўё ўзга бир дунёга кириб қолгандек эди. Ҳар илтижо қилганда гоҳ Шуҳрат, гоҳ ўгай отаси, гоҳ безори ажнабийлар кўз ўнгида гавдаланар, ажабланарлиси, барчалари Ниғматнинг қаршисида қўл қовуштирган кўйи тек қотиб туришар, бир-бирларига навбат бермай, ундан узр сўрашарди.

Ниғмат илтижо қила-қила ухлаб қолди. Уйқуси ҳам негадир бу гал ғалати кечди.

Туш кўрибди. Тушида поёнсиз саҳрода турганмиш. Саҳронинг кунчиқар тарафида каттакон кўл мавжуд эмиш. Ниғмат ўша кўл бўйида ўтирганча хаёл сурар, худди кимнидир интиқ кутаётган каби қур-қур ортга бош буриб жавдирармиш.

Бир маҳал тепасида эгнига оппоқ либос кийган, узун бўйли, серсоқол, нуроний бир қария пайдо бўлибди.

Олдинига қария Ниғматга умуман эътибор бермай, кўкка боққан кўйи узоқ вақт дуо ўқибди. Ниғмат эса нуқул безовталанар, нуроний ўзига бир карра бўлсин қараб қўйишидан умид қиларди. Ниҳоят қария дуо ўқишдан тўхтабди-ю, Ниғматнинг истагини пайқагандек у томон юзланибди.

— Болам, мен раҳматли бобонг бўламан, — дебди қария тик турган ҳолда сал энгашиб Ниғматнинг бошини силаркан. — Мени эслайсанми ўзи?

— Ҳа, эслайман, — жавоб қилибди Ниғмат жонланиб. — Бувижоним тез-тез гапириб берарди. Сиз росаям кучли башоратчи бўлган экансиз. Одамларнинг тақдирини кўзига боқиб тўппа-тўғри айтиб бераркансиз.

— Баракалла, — дебди қария кулимсираб. — Ана ўша хислатни сенга мерос қилиб қолдирмоқчиман.

— Энди менам башоратчи бўламанми? — жавдираб қарияга боқибди Ниғмат.

— Ҳа, шундай. Лекин бир шартим бор Ўша шартни бажаришга онт ичсанггина хислатни сенга қолдираман. Акс ҳолда…

— Бажараман, — дебди Ниғмат ҳовлиқиб. — Мен сизни жуда жуда яхши кўраман, бобожон. Айтган гапларингизни албатта адо қиламан.

— Унда яхшилаб эшит, — дебди қария чуқур хўрсиниб. — Сен буёғига чексиз илоҳий қудрат эгаси бўлиш арафасидасан. Беморларни даволаш, ўғри, баттолларни тутиш қўлингдан келади. Ҳатто бирор мурдага тик қараб туриб қандай ва қай вазият, ҳолатда ўлим топганигача айтиб бера оласан. Керак бўлса, кўз кўриб қулоқ эшитмаган бойликларни қўлга киритишинг мумкин. Лекин ҳаётингда ўз қўлларингминан одам ўлдирмайсан. Менинг ягона талабим шу. Одам ўлдирсанг, хислат ўз-ўзидан ғойиб бўлади.

— Зўравон бўлсам-чи? — болаларча соддалик билан сўрабди Ниғмат. — Ёмонларданам зўрроқ бўлсам…

— Агар юмшоқ қалб эгаси бўла билсанг, майли, — дебди қария қўл силтаб. — Лекин зўравон бегуноҳ, хокисор, мискиннинг уйини куйдирмаслиги, беҳуда бурнини қонатмаслиги, аксинча, корига яраши шарт.

— Розиман, — дебди Ниғмат даст ўрнидан туриб. — Айтганингиздай йўл тутаман!..

Қария бу сўзни эшитгач, Ниғматнинг икки кафтини ўз кафтлари орасига олибди-да, юзини терс буриб нималардир дея пичирлай бошлабди.

Ҳар пичирлаганда Ниғмат гоҳ титраб, гоҳ танаси қизиб безовталанаверибди.

Ушбу ҳолат тахминан ўн дақиқача давом этибди…

* * *

Ниғмат уйқудан қора терга ботиб уйғонди. Кўзини очганданоқ ичкарини, кейин ўрнидан туриб йўлакни кўздан кечирди. Ҳеч ким кўринмади. Поезд тарақлаганча бир маромда кетиб борарди.

У бош томондаги оппоқ сочиққа терларини арта-арта бўшашганча қайтадан жойига ўтирди.

Тушини эслашга, қарияни танишга уринди. Хаёлида кимсасиз саҳродан бўлак ҳеч нарса намоён бўлмади.

— Тез ўрнидан туриб ташқарига чиқ!..

Ниғмат ички овозни эшитиб сал бўлмаса сапчиб кетаёзди. Купеда кимдир бордек туюлиб, безовталарча ён верига аланглади. Ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, елка қисиб яна ўтиришга тутинди.

— Сенга нима дедим?

Овоз иккинчи бор қулоқлари остида жаранглагандек туюлди. Ниғмат юрагини ваҳима босиб қўрқа-писа ўрнидан қўзғалди ва овоз такрорланишини кута бошлади.

Овоз узоқ кутдирмади.

— Мени танидингми? — сўради бегона овоз. — Гапир, мени танидингми?

— Й-йўқ, — деди тутилиб Ниғмат. — Қ-қаердасиз? Кимсиз?

— Мен қалбингман! Бундан буён менинг йўриғимда бўласан. Айтганимни бажо қиласан. Аксинча иш тутсанг, адо бўласан. Уқдингми?

Ниғмат шундагина бу ички туғён эканини англаб етди. Ҳийла енгил тортиб, яна кўрган тушини чамалади.

— Тушимдагилар ҳақиқатга айланиши муқаррарми? — сўради у қалбидан. — Айт, нуроний бобом мени алдамадими?

— Алдаса, мен уйғонмасдим, — деди қалби оҳ тортиб. — Бугундан эътиборан ҳаётинг тубдан ўзгаради. Оқдан қорани, қорадан оқни фарқлай биладиган даражага етасан. Қани, энди йўлакка чиқ!..

Ниғмат итоат билан эгнига курткасини илди-да, йўлакка чиқди. Йўлак бўм-бўш, поезд бир маромда тебраниб, вагонни оҳиста аллаларди.

У шошилмасдан кузатувчининг хонаси ёнига борди ва ичкарига қулоқ тутди.

Купедан кимларнингдир оғир ҳарсиллаши, узун-қисқа нафаслар қулоққа чалинарди.

— Кўрдингми? — деди қалби Ниғматнинг вужудини қитиқлаб. — Сенга яхшилик қилган бўлса-да, кузатувчидан нарироқ юришинг лозим.

— Нега? — ҳайрон бўлиб сўради Ниғмат. — У менга ёмонлик қилмади-ку! Жой берди, пул сўрамади, қорнимниям тўйдирди.

— У зинога муккасидан кетган одам, — деди қалби ижирғаниб. — Уйда гулдек хотини бўла туриб, ишга чиққанданоқ бегона аёллар билан дон олишади.

— Тушундим, — Ниғмат юзини терс бурди. — Ундайлардан узоқ бўламан, ишон!..

Шу тобда вагон охиридаги купе рўпарасида икки барваста йигит пайдо бўлди. Чамаси улар купе эшигини очишга уринарди.

— Хўш, булар кимлар? — сўради қалби Ниғматни йигитлар томон етаклаб. — Менинг кўмагимсиз топ-чи!

— Булар киссавур, — деди Ниғмат ишонч билан. — Бегона купега ўғирликка тушишмоқчи.

— Жуда тўғри! Қани, ҳаракатни бошла!..

Буйруқ кўкси узра жаранглаган заҳоти Ниғматнинг бадани чўғ бўлиб ёна бошлади. Кўзлари чақнаб, лабларида титроқ туйди. Шу аҳволда икки йигитга яқин борди.

— Купеда қориндор бир эркак ухламоқда, — тайинлади қалби. — У шўрлик бир аёлни қақшатиб, пулларини тортиб олган. Аёл хокисор, муниса эди. Қориндорга иши тушиб, ёлворган. У эса эвазига пора талаб қилган. Жўжабирдай жон ўша аёл бисотидаги тақинчоқларини сотиб эркакнинг қўлига топширган. Хўш, нима қилган маъқул?

— Пулларини тортиб олиш керак, — деди Ниғмат муштларини тугиб. — Бу пуллар тупроққа қоришгани маъқулроқ.

Йигитлар Ниғматнинг кутилмаган ташрифидан норозилигини қайта-қайта ўқрайиб қўйиш билан ошкор этди. Бироқ негадир дўқлаш, пўписа қилишга журъат эта олишмади.

— Эшикни бундай очмайди! — Ниғмат қандайдир сим ёрдамида купе қулфини бузмоқчи бўлаётган киссавурни билагидан маҳкам сиқиб нари сурди ва пичирлаган кўйи нимадир деди. Кейин қулфга кафтини босиб, бир неча марта сийпалади.

Қарабсизки, купе эшиги очилди.

— Хўш, буёғига нима қилмоқчисизлар? — сўради ичкарига талпина бошлаган киссавурларнинг йўлига кўндаланг бўлиб. — Мақсад нима?

Ниҳоят киссавурлардан бири — оқ-сариқдан келган узун сочли киссавур ўзида куч топдими, Ниғматга пўписа қилди.

— Ўзинг кимсан? Қай гўрдан кеп қолдинг? Йўлни бўшат!

Ниғмат унга қарши бир сўз демади. Ўзини босиб қайтадан қалбига мурожаат этди.

— Айт, нима қилай буларни?

— Кўзларига боқ! — деди қалби. — Навбатма-навбат кўзларига тикил!

— Ие, бу жинни-пинними? Ўзиминан ўзи гаплашяпти, Нодир! Н-нима…

Афсуски, оқ-сариқ киссавур масхараомуз сўзларини охирига етказа олмади.

Ниғматнинг совуқ нигоҳлари таъсиридами, ё бошқа сабабданми, бир қалқиди-ю, ўқчий-ўқчий, тамбур томон югурди.

Иккинчи киссавур эса ўткир нигоҳлар таъсирида эди. У Ниғматнинг ҳар бир саволига лўнда жавоб қайтарар, жавоб бериш асносида унсиз йиғларди.

— Хўш, пулларни нима қиламиз? — сўради ундан Ниғмат. — Бўлишамизми?

— К-кечиринг! — дея ер чизди киссавур йиғлашдан ўзини тиёлмай. — Ҳ-ҳаммаси сизга! Фақат сизга!.. Илтимос, бизга жўрабоши бўлинг!

— Буни ўйлаб кўриш керак, — қаддини ғоз тутиб киссавурга менсимай назар ташлади Ниғмат. — Олдин пулларни қўлга киритайлик!

Ниғмат шундай деб купе эшигини очди ва ичкарига кирди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here