СИҒИНДИ-6…

0

 

* * *

Мўмин бува уни қабристон этагига бошлаб борди. Четроқдаги деярли текисланиб улгурган эски қабр ёнига иш қуролларини қўйди-да, елим халтачага солинган кийимларни чиқариб Маннопга тутқазди.

— Қани, полвон, манавиларни кий! Ё қўрқаяпсанми?

— Нимага қўрқарканман? — қўл силтади Манноп. — Бир ўзим ҳам юравераман бунақа жойларда.

— Баракалла! Марҳумлар безиён! Тириклардан қўрқиш керак. Ҳозир-чи, мана шу қабр ўрнини ковлаймиз.

— Ие, ичида одам ётган бўлса-чи? — хавотирланиб сўради Манноп.

Унга жавобан Мўмин бува кулимсиради.

— Бу қабр камида ўттиз йилдан бери турибди. Одам нима қилади? Фақат… Айтиб қўяй, башарти суяклар чиқиб қолса қўрқиш йўқ. Қабристонда қўрқиш мумкинмас. Боя айтдим-ку!..

Улар ишни бошлашди. Манноп чуқурроқ ковлаганлари сари негадир ваҳимага тушиб борар, лекин қарияга «мен бунақа жойларда ёлғиз юравераман» деб мақтаниб қўйгани ёдига тушиб тилини тишлашга мажбур бўларди.

— Болам, чаққон-чаққон қумларни ташқарига от! — буюрди юқоридан туриб Мўмин бува. — Жуда яхши-и!.. Сендан зўр гўрков чиқадиганга ўхшаб қолди, Маннопбой! Тупроқни чиқариб ташлаганингдан кейин ўнгга қараб ковлайсан. Униси лаҳад дейилади.

— У нимаси? — талмовсиради Манноп. — Ўзи одам сиғадиган қип ковладик-ку!

— Э, содда болам-а, — бош чайқади Мўмин бува. — Марҳум бу ердамас, лаҳадда ётади. Ҳозирги ковлаганимиз қабрга кирадиган ер холос. Марҳумни ётқизиб чиққандан кейин кирадиган жойини ғишт билан маҳкамлаймиз. Эртага ўзинг кўрасан!.. Қани, чақққон-чаққон қимирла, болам!..

Манноп лаҳадни ковлаб пича ичкарилагач, оёғига қандайдир қаттиқ нарса ботгандек бўлди ва шоши-пиша энгашиб уни қўлига олди. Не кўз билан кўрсинки, қўлига одамнинг бош чаноғи илакишиб чиқибди.

— А-а-а-а! — бор овозда бақириб юбориб юқорига тирмаша бошлади Манноп. — Ўли-ик!.. Ўликнинг суяги-и!..

— Қўй, ўзингни бос! Ўзингни бос!.. — Мўмин бува қўрқувдан дағ-дағ титраётган Маннопни маҳкам қучиб тинчлантира бошлади. — Боя ўзинг қўрқмайман деб эдинг-ку, хумпар!..

— С-суякни ушлаб олдим, суякни! — дея ҳамон қалтирарди Манноп пастга ишора қилиб. — Каттакон суяк!..

— Бўпти, — деди кулиб Мўмин бува. — Энди сен юқорида туриб мен челаклаб узатган қумларни олиб турақол!.. Ўзим охирига етказаман лаҳадни!.. Э, болам-а, суяк дейсан-а! Суяк бўлса нима қипти? Секин бир четга суриб қўйиб ковлайвермайсанми? Сени еб қўярмиди?.. Эҳ, нодон бола-я!.. Савобнинг каттасиям шунда-да! Бекорга гўрковликнинг савоби катта дейишармиди?..

Манноп бўлганича бўлганди. Ишлашда давом этаётган бўлса-да, кўз ўнгида ўша суяк гавдаланаверар, эслагани сайин юрагидаги ваҳима ортиб борарди.

Тонг ёришай деганда, ҳаммаси тайёр бўлгач, ҳужра томон кетиб бораркан, бир гапни кўнглига тугиб қўйди.

«Ҳеч қачон бу ерда қолмайди. Гўр ковлаш машаққатли экан»

* * *

Азбаройи толиққанидан Маннопнинг кўзлари юмилиб борар, мушаклари симиллаб оғрирди. Бироқ суяк воқеаси ухлашга йўл бермасди. Тезроқ тонг ёришишини, шу қўрқинчли маскандан чиқиб кетишни хоҳларди.

Ниҳоят кутилган онлар яқинлашди. Тонг ёриша бошлади. Мўмин бува айтмоқчи, ҳали замон марҳумни олиб келиб қолишлари мумкин. Демак, тезроқ қабристондан қорасини ўчиргани маъқул. Акс ҳолда қария тағин ўша ёққа судраб қолади.

— Мен кетмасам бўлмайди, — деди Манноп аллақачон китоб мутолаа қилишга тушиб кетган Мўмин бувага.

Қария илкис бошини кўтарди-да, кўзойнагини бир четга қўйиб Маннопга ҳайрат аралаш боқди.

— Нима дединг? Гапирдингми?

— Кетмоқчиман! Бу иш менга тўғри келмайди.

— Шунақами? — бошини сарак-сарак қилди Мўмин бува. — Эҳ, сен Маннопбой-эй! Қара, қандай бўй-бастинг бор. Билагинг тўла куч. Шу гапинг сира ёпишмади-да! Қўй бу гапларни! Ҳали кўрмагандек бўлиб кетасан. Бошланишида ҳамиша шундай бўлади. Ҳали ҳеч нарсадан қўрқмайдиган бўлиб кетасан.

— Барибир кетмасам бўлмайди. Мен шаҳарда катта иш бошлашим керак.

— Катта иш? Шу ёшингда-я? Вей, қишлоқдан келган фақирни қайси шаҳарлик сиғдирарди дейсан? Ақлингни ишлат мундай! Шундай савоб ишни ташлаб шаҳарга кетишинг нимаси?

— Бўпти, фотиҳа қилинг, — гапни калта қилишга уринди Манноп. — Тезроқ манзилимга етиб олай, бува!..

— Қайсар бола экансан, — юзини терс буриб норозиланди Мўмин бува. — Агар бир-икки ҳафта юрганингда кўникардинг… Майли, нимаям дердим, кетаман десанг этагингдан тутиб қололмайман. Илоё топганинг олтин бўлсин, болам!.. Ҳой, қара, шимингга қабристон тупроғи илашибди. Тез қоқиб ташла, Маннопбой! Қабристон тупроғини кўчага опчиқиб бўлмайди.

Манноп шимини қоқа-қоқа кетишдан олдин, яна Мўмин бувага юзланди.

— Бува, илтимос, энамнинг гўрини тозалаттириб қўйинг!

— Хотиринг жам бўлсин! Илойим, мана шунақа хўжайинсифат бўлиб юргин, чироғим! Майли, сазанг ўлмасин! Сен менга жуда ёқиб қолдинг. Меҳнаткаш йигит экансан. Йигитлар келса, тозалаб қўйишади. Айтганча, ма, мана бу пулни ол!

— Нега? Нима қиламан буни?

— Бу меҳнат ҳақинг! Ҳазилакам ишламадинг. Ол, керак бўп қолади.

Манноп қария узатган пулларни олди-да, ташқарига отилди.

* * *

Кўчага чиқди-ю, яна аввалги ҳолига қайтди. Совуққон, қўрс ўсмирга айланди. Катта йўл бўйлаб кетиб бораркан, ҳашаматли уйларни кўрганда, афтини бужмайтирганча бўйнини қашиб-қашиб олди. Шу баҳонада бойларга нафратини изҳор этган бўлди.

— Биламан, сенлар осон йўлминан пул топишга устасанлар!.. Қараб турларинг, — деди овоз чиқариб. — Менам кўп пул топиш йўлларини ўрганаман ҳали. Керак бўлса, пар ёстиқларга ёнбошлаганча ўтираман. Ўзларинг таъзим қилиб келасан-да, даста-даста пулларни қўлимга тутқазасан. Чиқиб кетаётиб қуллуқ қиласан. Қош-қовоғимга қўрқув аралаш қараб рангинг бўзаради. Менинг сўнгги қароримни кутиб мулзам бўласан. Гўрков бўлармишман. Овора бўласанлар! Энди бир камим қора тупроққа ботиб ер қазишмиди?..

Шундай аламга тўла ўйлар исканжасида ярим соатча йўл юриб автобус бекатига етди. Автобус кетишга тайёр экан. Орқа ўриндиққа ўзини ташлади-да, енгил нафас олди.

Ярим йўлга етиб-етмай автобус одамга лиқ тўлди. Манноп қаршисида мункиллаган кампирни кўриб даст ўрнидан турди ва ўртага ўтиб кетди.

Мақсади шу эди. Бугун чўнтаккесарликдан ўзига ўзи сабоқ бериши лозим. Бу режасида бор. Агар уддалай билса, кейинчалик асқотади. Ўзи каби чўнтаккесарлар билан учрашиб қолганда, тили узун бўлади. Уларни бўйсундириши, пул ундириши енгил кечади.

Манноп атрофидаги йўловчиларга аланглади. Бир маҳал ёнгинасида турган жиккакина, соқоллари ўсиб кетган эркак унинг эътиборини тортди. Эркакнинг ён чўнтагидан пул тўла катмон шундоқ юз кўрсатиб турарди.

— Вой анқов-эй, — кўнглидан ўтказди Манноп совуқ тиржайиб. — Мундай уёқ-буёғини тўғрилаб юришниям билмайди булар. Майли, ўзингдан кўр. Буни насиба деб қўйишибди.

Шу аснода илгари Вали ўргатганидек дуо ўқишни ҳам унутмади.

— Худойим, шарманда қилмагин ишқилиб!

Қўллар катмонни чангаллади. Энди астагина чўнтакдан суғуриб олинса бас. Иш аъло даражада адо этилади.

Болалигида майда-чуйда ўғирликларга қўл уриб, ҳийла суяги қотган Маннопнинг бир туки сесканмасди.

Лабларини асабий тишлаганча катмонни суғуришга тутинди.

Афсуски, қовун туширди. Эркак сезиб қолди. У озғин қўллари билан Маннопнинг билагини маҳкам сиқди-да, бор овозда бақирди:

— Ўғри!.. Ўғри тушди, мусулмонлар, ўғри!..

Ҳайқириқни эшитган ёшу-қари улар томон юзланди. Барваста қишлоқ эркаклари ёш ўсмирнинг ўғирлик қилаётганини кўриб ғазабга келди.

Кимдир шоферга машинани тўхтаттирди.

— Қани, қизиталоқ, шошмай тур!! — қорамағиз ўрта яшар эркак йўловчиларни оралаганча хезланиб Манноп томон ўта бошлади. Шу орада орқада турган кампирлар жаҳл билан Маннопнинг дуч келган ерини чимдиб, қарғашга тушди.

— Ҳа бетингдан бузилгур, кисавур! Илоё ўғирлаб еган ошинг заҳарга айлансин! Қон қусгин илойим!..

Кўрдики, иш чатоқ. Агар анави қорамағиз эркак етиб келса, дабдаласини чиқариб ташлайди. Қолганлариям тиш ғижирлатиб қўйишаяпти. Ур калтак қилиб юборишлари ҳам ҳеч гапмас! Эҳ, нега чўнтакка тушди ўзи? Шу тобда шартмиди нафсининг гапига кириш?..

Манноп жонҳолатда одамлар орасини ёриб ўтди-да, ўзини орқа эшикка урди. Тушиб кетаётганда кимларнингдир кучли тепкиси сони, тиззаси аралаш келиб тушишга ҳам улгурди. Аммо оғриққа ён бериб ўтирадиган пайт эмасди. Ўзини пастга отди-да, кенг дала ўртасига қараб қочди.

То узоқлашиб кетгунча аллакимларнинг қарғиши қулоғига узуқ-юлуқ чалиниб турди.

* * *

Аслида Маннопнинг бир умр чўнтаккесарлик қилиб кун кечиргиси йўқ эди. У пул тўплаб олишни режа қилганди. Шундай қилса, бировларни, ўзидан кучсизроқ, қўрқоқ болаларни қидириб топмоқчи, пул бериб турли ишларга солмоқчи бўлганди. Чунки ҳозир ҳеч ким текинга ишламаслигига ақли етади.

Бугунги ўғирлик бир машқ эди холос. Афсус, ўхшамади. Сал бўлмаса, калтаклар остида қоллиб кетаёзди. Ҳа, майли, шаҳарга боргач, қандай бўлмасин Тўлқин синфдоши билан бирга бу «ҳунар»нинг тагига етади. Ҳақиқий ўғриларни ўзига бўйсундирганда бемалол сўзлай оладиган, башарти улар алдамоқчи бўлса, гапини кесиб ташлай биладиган бўлади. Ҳа, Манноп билади. У танлаган йўлда шафқатсизликлар, номақбулликлар кўп содир бўлиши мумкин. Мана шуларга кўз юмиб кетишга ўрганиши зарур. Чунки болалигидаги ўзи бошидан кечирган аянчли лаҳзаларни бир сония унутишга-да ҳаққи йўқ. Вали акаси кунларнинг бирида уқтирганди. Бу дунёда зўр бўлмасанг, бошқа зўрларнинг чангида қолиб хароб бўласан…

Ҳа, зўр бўлади. Зўрларнинг зўрига айланиш иштиёқида яшайди. Токи ғуборлар гирдобида қолиб кетмасин!..

Манноп шуларни ўйларкан, ўзини чалғитиш ниятида чўнтагидаги пулларни қайтадан санаб кўра бошлади.

* * *

Ғўрлик-да! Шаҳарга қайтишдан аввал бир нарсани ўйлаб кўрмабди. Ётар жойи йўқ эди-ку!

Манноп шомга яқин сершовқин шаҳар кўчасида Тўлқин яшай бошлаган ётоқхонани қидириб кетиб борарди-ю, боши қотарди… Нима қилишни билмай гаранг эди.

Даъфатан ётоқхонага боргиси келмай, йўл-йўлакай қўнғироқ қилиб Тўлқинни сўроқлади. У ерда йўқ экан. Қаергадир кетиб қолганини айтишди.

Ана энди ростакамига аросатда қолганини пайқади. Ёшлиги устун келиб меҳмонхонада тунаш мумкинлигига фаҳми етмади. Кимдан аламини олишни билмай аняча вақтгача нимқоронғи кўчаларни бедор кезди. Бир неча бор сигарет тутатди. Жаҳлидан туша олмади. Ахир, нимадир қилиш керак-ку! Хўш, қандай йўл тутади? Болалар уйига энди киритишмаса…

Шу пайт йўл бўйида ким биландир гаплашиб, сигарет тутатаётган Валига кўзи тушди. Азбаройи қувонганидан сал қурса бақириб юбораёзди.

Югуриб борди-да, суҳбат қизиганига ҳам қараб ўтирмай, Валининг билагига ёпишди.

— Ака, бормисиз? — деди ҳовлиқиб. — Сизни кўрганимни қаранг-а!..

Вали чақчайган кўзларини Маннопга тикиб, энсаси қотгандек, қаршисидаги мўйловдор, сочларини ўстириб олган, узун бўйли : кўзлари худди Валиникидек аланг-жаланг суҳбатдошига хижолат чеккан кўйи қараб олди-да, Маннопга менсимайгина истар-истамас, қўл чўзди.

— Укам, сенга сабрли бўлишни ўргатишмаганми? — деди заҳархандалик билан. — Жа маданиятсиз экансан-ку-а?

— М-мен нима қилдим? — ҳайрон бўлиб жавдиради Манноп. — Сизни кўриб қолиб…

— Кечирасан!.. — Вали шеригидан узр сўраб, уни тирсагидан тутганча четроққа олиб борди-да, томоғидан бўғди.

— Сен ким бўлибсанки, бизнинг суҳбатни бўласан? Ё томинг кетиб қолганми?

Манноп Вали акаси наша хуморидан азобланаётганини, шу сабабли асабий эканини, аслида нияти нималигини ҳам билмасди. Силтаниб унинг қўлидан халос бўлишга уринарди.

— Ака, қўйворинг! Нима айб қилдим ўзи? Вой-вой-вой!.. Томоғим оғриб кетди, ака!

Вали уни қўйиб юборди-да, қулоғига шивирлади.

— Ҳов анави турган аканг-чи, обрўли акахонлардан. Сендақанги баччаталоқларни сира жини суймайди. Уни ранжитиб қўйдинг-ку! Энди нима қиламиз?

Манноп ҳеч нарсага тушунмай елка қисиш билан кифояланди.

— Қани, буёққа юр-чи!

Вали Маннопни етаклаб шеригининг олдига борди ва бир кўз қисиб қўйиб:

— Қара, Ҳусан, «братишкам»ни топволдим! — деди.

Ҳусан ҳиринглаб кулиб Маннопнинг бўйнини чангаллади.

— Братишканг жа одобсиз экан-ку! — дея Валига ёлғондакам ўқрайди. — Одам ҳам шунақа ҳовлиқма бўладими? Ўргатмаган экансан-да муомалани!

— Майли, кечиргин энди! — ўзича Маннопнинг тарафини олган бўлди Вали. — Билмай қолди-да! Ие, укажон, чўнтагингда нимадир борга ўхшаяптими? Нима булар?..

Вали Маннопнинг чўнтагига қўл солиб бир даста пул чиқарди.

— «Уҳ ты»! — дея русчалаб Ҳусанга кўзлари аланг-жаланг боқди. — Қара, ўртоқ, братишкам менга пул бермоқчи бўлган экан! Аттанг, мен шундай эсли йигитни хафа қилиб ўтирибман-а!..

— Бу пуллар сизгамас, — боридан айрилиб қолиши муқаррарлигини сезган Манноп ниҳоят дадилланди. — Беринг пулларимни! Улар меники!

— Нима? — кулиб юборди Вали. — Меники дедингми? Вой ярамас-эй!.. Ҳали менга олиб келмаганмидинг бу пулларни-а?

Манноп индамай, қаршисидаги зўравонларга совуқ нигоҳ ташлади.

— Бўпти, ма пулингни! — қўлидагиларни Маннопга узатди Вали. — Нега қараб турибсан? Олмайсанми?

Манноп энди пулларга қўл чўзган эдики, Ҳусан билагини маҳкам сиқиб олди.

— Ит! — деди у Маннопнинг қулоғига шивирлаб. — Шундай акаларинг манави сассиқ пулга арзимайдими? Уялмасдан қўл чўзаяпсанми? Йўқ, Вали, буни милисага топширвориш керак. Ўғирлик қилганга ўхшайди.

— Шундай қилсакмикан? — Маннопга атайин ер остидан тикилиб қаради Вали. — Қамалиб кетади-ку бола фақир! Балки қайдан олганини айтса, кечирармиз?

Ҳусан бош ирғаб қўйди.

— Кўрдингми, Ҳусан акангдай одам сени кечирмоқчи. Қани, айт! Қаердан олдинг шунча пулни?

Манноп энди-энди бу икки зўравоннинг аниқ мақсадини тушуниб ета бошлаганди. Ҳа, улар Маннопнинг устидан кулмоқчи, шу йўл билан синдирмоқчи. Бир умр ўзларига қул қилиб олишмоқчи. Эшакдай ишлатиб, унинг ҳисобига кун кўришмоқчи.

— «Ниятингга етиб бўпсанлар! — ўйлади у Ҳусан ва Валига бир-бир боқиб. — Сенларга сир бой берадиган аҳмоқ йўқ. Қани, зўр бўлсанг, гапиртир мени! Бўйнимни узиб ташлаганингдаям айтмайман! Атайлабам айтмайман!»

— Нега латта чайнар сигирга ўхшаб қотиб қолдинг? — ўшқирди Вали. — Гапирмайсанми? Кимнинг киссасини шилдинг? Бизгаям ўргат!

— Айтмасам-чи? — Валининг кўзларига безрайиб термилди Манноп. — Урасизми? Калтакдан қўрқмайман!

— Сени нимангни ураман? Жимжилоғимга пой келмайсан-у, тирранча! Пулларни қайдан олганингни айт дедим!

— Айтмайман! — деди қайсарлик билан Вали. — Ҳеч қачон сизларга ҳисоб бермайман!

— «Уҳ ты»! — тағин русча иборасини такрорлаб шеригини туртди Вали. — Братишкамнинг тили узайиб кетибди, Ҳусан! Нима қиламиз?

— Э, бўлди, етар! — гапни калта қилди Ҳусан ва Маннопнинг иягини тутамлаб олди. — Вей, братишка, ғинг десанг каллангни оламиз, тузукми? Бу пуллар бизга ҳозир жуда зарур. Сен мана шу ерда аскардай қотиб тур! Биз кетиб бўлганимиздан кейин юрасан! Агар бировга  чурқ этсанг, тамомсан! Мана шу қўлларимминан бўғиб ташлайман!

Манноп қимир этолмади. Тушунди. Барибир бу зўравонлар пулини қайтариб беришмайди. Аммо шундай қўл қовуштириб қолмайди ҳам. Албатта уларнинг ортидан пойлаб боради. Нима қилишларини кузатади…

Вали ҳамтовоғи билан кула-кула бошқа кўчага бурилиб кетгач, дарахтларни паналаб-паналаб бораверди.

Гоҳо улар секинлаб ортга ўгирилса, дарахт панасида тек қотди.

Шу аснода Вали шериги билан қандайдир қаҳвахонага етди ва икковлари нималарнидир бир-бирларига уқтирганча ичкарига кириб кетишди.

— Ана энди менам орқаларингдан кираман, — кўнглидан ўтказди Манноп ва олға қадам ташлади. — Қани, нима қиларкансанлар?!. Менам ўрганай-да ишингни!..

У эндигина олдинга юрмоқчи бўлгандики орқасидан кимдир келиб маҳкам елкасидан ушлаб қолди.

Манноп шоша-пиша бошини орқага бурди-ю, қаршисидаги милиционерни кўриб юраги шиғ этди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here