СИҒИНДИ-7…

0

 

* * *

Манноп нима қилишни билмай қолди. Қочиб кетай деса, кеч эди. Милиционер елкасини маҳкам ғижимлаб турарди.

— Э, қўйворинг мени! — силтана бошлади Манноп. — Нима айб иш қилдим? Нега мени ушлаб олдингиз? Қўйворинг!

— Мунча силтанасан? — жеркиб Маннопни қаттиқроқ тортқилади милиционер. — Кимсан ўзинг? Кечаси нима қилиб юрибсан? Бу ерда кимни пойлаяпсан?

— Ҳеч кимни. Ўзим… Шунчаки айланиб юргандим.

— Айланиб юрган одам дарахт панасида турарканми? Қани, ҳужжатингни кўрсат!..

Манноп истар-истамас чўнтагидан паспортини чиқариб милиционерга узатди.

— Ие, қишлоқдан келибсан-ку! — деди милиционер паспортни текшириб кўриб чўнтагига соларкан. — Нимага мени алдадинг?

— Алдаганим йўқ. Мен шаҳардаги детдомда ўсганман. Шунга…

— Ҳа-а, шунақами? — бу гапни эшитиб, милиционер дарров Маннопнинг елкасидан қўлини тортиб олди ва мулойим тортди. — Детдом боласиман дегин? Хўш, унда дарахт панасига нега беркиниб олдинг?

Манноп очиғини айтишга қўрқди.

— Қаҳвахонани томоша қилаётгандим, — деб қўя қолди.

— Эҳ, болакай, болакай, — оғир хўрсинди милиционер. — Ёлғонни эплай олмас экансан. Майли, мен билан юр! Бўлимда гаплашамиз.

— Нимага? Қанақа бўлим? — азбаройи қўрқиб кетганидан, Маннопнинг кўзлари чақчайди. — Ҳеч қаёққа бормайман. Мен айб иш қилмадим, ака, ишонинг!

— Хўп, айб иш қилмаган бўлсанг, ўша ерда исботлайсан. Қани, юр! Сени еб қўймайман-ку!

— Қамашга ҳақингиз йўқ. Мен… Яшашга жой қидираётгандим. Шунинг учун…

— Сени қамаб зарил кептими менга? Ё бошқа ишим йўқми? Кабинетда очиқчасига гаплашволамиз холос. Юрсанг-чи тезроқ!..

На илож? Манноп милиционернинг буйруғига бўйсунишдан бўлак имкон топа олмади.

Кетаётиб яна бир неча марта қаҳвахона томонга қараб қўйди. Валининг ташқарига чиқиб қолишидан умид қилди.

* * *

Шаҳар ички ишлар бошқармаси биноси ичкарисига кириб келишгач, Манноп навбатчилар хонасидаги бақир-чақирни кўриб баттар ваҳимага тушди. У ерда пакана, қорамағиз йигитни икки милиционер қистовга олар, кайфи тарангми, йигит ўзича ғўлдираб нималарнидир исботлашга уринарди.

У милиционерга эргашганча қоронғи йўлаклар бўйлаб кабинетлардан бирига кирди. Милиционер чироқни ёқди-да, чарм курсига ўтириб, қаршисида қовоқ уйиб турган Маннопга сирли боқди.

— Қани, йигит, ўтир манави ерга! — деди мулойимлик билан. — Тортинма, ўтиравер!

— Йўқ, мен шу ерда туравераман! — қайсарлик билан жавоб қилди Манноп. — Паспортимни беринг, ака, илтимос!

— Бераман, бераман, — деди милиционер кулимсираб. — Олдин ўтиргин! Худди ўғирлик қилган киссавурлардай ҳадиксирайсан-а, вей!..

Бу гап Маннопни ҳушёр торттирди. «Ўғирлик қилганимни пайқаганмикан?» деган хаёлда ер остидан милиционерга назар ташлади.

Милиционер хотиржам, қарашларида шубҳа сезилмасди.

Манноп аста курсилардан бирига ўтирди-да, бошини эгди.

— Оббо сен-эй, — Маннопга термилиб бош чайқади милиционер. — Отинг нима?

— Манноп.

— Меники Абдураҳим. Раҳим ака деб чақиравер!.. Шундай қилиб детдомда ўсганман дегин?

— Ҳа, шундай.

— Нима, детдомингда битирувчиларни жойминан таъминлашмайдими?

— Ётоқхона беришганди, мен хоҳламадим.

— Нимага? Яхши-ку! Ё сенга ётоқхонада яшаш ёқмайдими?

— Жонимга тегиб кетган.

— Ҳа, ҳа, тушунаман сени, — дея бошини чангаллади Раҳим ака. — Ўзи бўларканми?!. Хўш, буёғига нима қилмоқчисан? Қизиққан, танлаган касбинг борми? Қаерда яшамоқчисан? Қандай режаларинг бор?

Манноп елка қисди.

— Билмадим… Ака, шошиб тургандим, паспортимни бера қолинг, кетай!..

— Ҳалиям менга ишонмаяпсанми?.. Маннопбек, илтимос, ука, менга милиционерга қарагандай қарамагин! Менам сенга ўхшаган одамман. Сен… Менга маъқул кеп қолганинг учун шу ерга етаклаб келдим…

Шу гаплардан кейин ҳам Маннопнинг қовоғи очилмади. Кетишга шошилаётгани, ҳадиксираётгани тоқатсизланиб, тез-тез ўрнидан қўзғалишга уринаётганидан сезилиб турди.

— Менга қара, — деди Раҳим ака янада мулойимлашиб. — Майли, бир саволимга жавоб бер! Айт, дунёда сен учун қимматли, ўзинг яхши кўрадиган инсон борми?

Манноп бироз ўйлаб жавоб қилди:

— Ҳа, Нозима опани яхши кўраман.

— Ким у Нозима опа?

— Тарбиячимиз.

— Ҳа-а, шунақами?.. Севиб қолганман дегин? Майли, бу бошқа нарса, ука!.. Сен, яхшиси, айт, ота-онанг борми? Уларни яхши кўрасанми? Мен шуни назарда тутдим.

— Отамни тилга олманг! — беихтиёр бақириб юборди Манноп. — Уни ёмон кўраман! У пиёниста! Мени уйдан ҳайдаган!

— Кечир, кечир, ўзингни бос! — Раҳим ака даст ўрнидан турди-да, Маннопнинг тепасига келиб икки елкасидан тутди. — Ярангни янгилаган бўлсам, кечир, ука!.. Мен буни билмагандим… Хўп, яхши кўрган одаминг бўлмаса, мени туғишган акангдай кўра оласанми?..

— Менга ака керакмас!

— Э, ўтакетган қайсар бола экансан! — деди Раҳим ака сал аччиқлангандек. — Хўп, ҳозир сени қўйиб юбордим ҳам дейлик. Қаерга борасан? Нима иш қиласан?

— Билмайман.

— Кўрдингми? Ўзинг ҳам билмайсан. Агар ташқарига чиқсанг, тамом, жой, иш, пул топиш йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган баттол бир одамга айланасан. Юз-кўзинг шундай деб турибди. Айтганча… — Раҳим ака бирпас ўйланиб турди-да, давом этди. — Ўзинг қизиқадиган касбинг борми? Ҳеч шу ҳақда ўйлаб кўрганмисан?

Манноп ялт этиб суҳбатдошига қаради.

— Ҳа, — деди лаб тишлаб. — Болалигимда милиционер бўлишни орзу қилардим.

— Ие, шунақами? — жонланиб кетди Раҳим ака. — Боракансан-ку, хумпар!.. Қара, менга ҳамкасб бўлишни орзулабсан-у, жим ўтирибсан-а! Ҳалиям кеч эмас, ука. Агар менинг айтганларимни қилсанг, яхши йигит бўлиб юрсанг, келгусида зўр милиционер бўласан. Сени ўзимиз олий мактабда ўқитардик. Хўш, бунинг нимаси ёмон-а?..

— Яхши-и, — деди бўшашиб Манноп. — Милиционерларга ҳавасим келади.

— Унда келишамизми? Ака-ука тутинамизми?..

Манноп бош ирғаб Раҳим аканинг сўзини маъқуллади.

— Мана бу бошқа гап, — Раҳим ака шоша-пиша пиёлага бир бўлак новвот солди-да, қайноқ чойдан қуйиб Маннопнинг олдига қўйди.

— Қани, манави чойни қайноқ-қайноқ ич! Қолганини йўл-йўлакай гаплашаверамиз. Айтганча, ростини айт энди, боя кимни пойлаётгандинг?

Манноп пиёладаги чойдан ҳўплаб, ўйга толди. Гарчи қаршисидаги Раҳим акага тобора ишониб бораётган бўлса-да, иккиланди.

— Айтавер, укажон, — деди Раҳим ака унинг иккиланаётганини пайқаб. — Иккаламизнинг орамизда сир бўлмаслиги керак. Шунда сенга ёрдам беришим осон кечади. Нега индамайсан?

— Детдомимиздан чиққан бир бола шеригиминан пулларимни тортиб олганди, — ниҳоят ёрилди Манноп. — Ёшлари мендан каттароқ эди. Кучим етмасди уларга.

— Ие, нега пулингни олиб қўйишади? Қанақа болалар ўзи?

— Э, Вали деган бола. Каратэчийди.

— Шунақами? Вой аблаҳлар-эй! — қўлларини мушт қилди Раҳим ака. — Агар сенинг пулингни тортиб олган бўлишса, демак, улар яхши боллармас. Тезда топишинг керак.

— Э, йў-ўқ, қўрқаман, — дея ўрнидан туриб кетди Манноп. — У ёмон уради. Аямайди одамни.

— Сен қўрқма, — уни тинчлантирди Раҳим ака. — Пулларингни талаб қил. Агар беришмаса бошқача йўл билан оламиз!..

— Хўп.

— Энди, юр, меникига борайлик! Эртага ўзингга алоҳида жой қидириб топамиз. Кечгача ўша Валини топишминан банд бўласан. Балки улар ашаддий жиноятчилардир. Иложини топсанг, орқасидан тушиб, нима иш билан шуғулланаётганини аниқла. Шундай қилгинки, худди ҳақиқий изқуварлардай йўл тут!.. Билки, сен ўзинггамас, милицияга хизмат қилаяпсан. Аста-секин бу ишни пухта ўрганиб оласан. Ишон, кам бўлмайсан! Фақат менинг йўриғимдан чиқмасанг!.. Майли, борайлик энди! Нима қилиш кераклигини уйда тушунтираман!

Манноп мамнун бўлиб Раҳим аканинг ортидан ташқарига чиқди.

* * *

Манноп ҳам тош эмасди. Болалар уйидаги бошқа тенгқурлари сингари меҳрга эътиборга зор бўлиб яшаган. Болаликда кўча-кўйда кимнингдир ўзига қаттиқроқ тикилганини сезса, турган ерида тош қотган, олиб кетишидан, ёки қўлига битта хўрозқандми, ўйинчоқми тутқазишидан умидвор бўлган. Терс ўгирилиб кетганда, ўксинган, қалби яна аламга тўлган, аччиқ кўз ёшлари сарғайган юзларини ювганча қолаверган.

Шунинг учунми, Раҳим аканинг ширин сўзлари, меҳрибончиликлари унинг ёввойи қалбини эритгандек бўлди.

— Мен ўзи ким бўлибман? — ўйларди қаҳвахона томон кетиб бораркан. — Бу одам қамаб қўйсаям ҳеч нима қила олмасдим. Жуда яхши одам экан Раҳим ака. Менга жиноятчини тутишнинг зўр йўлларини ўргатди. Энди у айтгандай қиламан. Вали ярамасни боплаб тутиб бераман. Ўзидан кўрсин! Ҳали мен унга пул тортиб олиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман!..

Манноп чўнтагидаги Раҳим ака берган пулларни чамалаб, қаҳвахонага кирди.

Шу аснода костюми астарига маҳкамланган тугмачадек ускунани ҳам текшириб кўрди. Жойида экан. Мана шу ускуна уларнинг суҳбатини ипидан игнасигача ёзиб олади. Раҳима ака айтди. Шундай экан, қўрқмасдан гаплашаверади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Вали Раҳим акани алдай олмайди. Алдамоқчи бўлса, мана шу ускуна ёзиб олган товушларни қўйиб беришаркан…

Билади, кўнгли сезиб турибди, Вали ҳамтовоғи билан қаҳвахонага бекорга кирмаган. Ё ароқ ичишган, ё Раҳим ака айтмоқчи, бу ерда бир гап бор.

У ичкарига киргач, бир шиша пиво олди-да, қўлидаги бир дона қуртни кафтлари орасига олиб асабий айлантира бошлади.

Вақт тушдан ошган. Ҳали замон бу қаҳвахона мижозларга тўларкан. Раҳим ака тайинлади. Шулар орасида Вали ҳам келиб қолса, жуда яхши бўларди. Манноп сир бой бермаган кўйи режадаги ишни бажара бошлайди.

«Эҳ, қандай зўр экан бу изқуварлик! — ўзича ўйларди Манноп. — Мен милицияга хизмат қиларканман! Ҳақиқий изқуварлар каби «крутой» ишларни қойиллатарканман. Бе, ҳали Валига ўхшаганларнинг кўпини кўрсам керак. Керак бўлса ҳаммаси менга таъзим қилса-чи?.. Ҳа, шундай бўлишиям мумкин. Ишқилиб, шарманда бўлмайин-да! Қовун тушириб қўйсам, Раҳим акадан роса гап эшитаман… Йўқ, қовун туширмайман. Аҳмоғи йўқ. Валини тузлайман, тўппа-тўғри бўлимга олиб кетишади. Ким зўрлигини ўшанда кўрамиз!..»

Манноп қаҳвахонада икки соатча қолиб кетди. Шу орада Раҳим ака берган қўл телефондан бир неча марта қўнғироқ қилиб, унга ҳисоб берди.

***

Бир пайт Вали мўйловдор Ҳусанни етаклаганча қаҳвахонага гердайиб кириб келди. Унга кўзи тушгани ҳамоно Манноп негадир безовталаниб қолди. Ўзи сезмаган ҳолда жуфтакни ростламоқчи ҳам бўлди. Лекин Раҳим ака кўз ўнгида гавдаланиши билан бирдан тинчланиб жойига ўтирди.

Вали қаҳвахона ўртасига етганда, Маннопни кўрди ва шеригини туртиб масхараомуз тиржайди.

Манноп гўё уларни пайқамаган каби тек ўтираверди.

Ниҳоят «акахонлар» унинг тепасига келишди. Икковининг ҳам ранги оқаринқираган, кўзлари қизарган.

— Ҳусан, — мўйловдорни туртди Вали. — Қара, братишкаям бизнинг қаҳвахонага кирибди. Пиво ичгиси кепти!.. Нима қиламиз? «За компания» уминан ўтирамиз-да-а энди?..

— Братишканг пивоминан сийлай олармикан ўзи? — ҳиринглаб сўради Ҳусан. — Киссасида пули бормикан ўзи?

— Ие, нима деяпсан? — қўл силтади Вали. — Бу менинг таълимимни олган. Ҳеч қачон соққасиз юрмайди. Тўғрими, Маннопбек?..

Манноп сир бой бермади.

— Ака, биласиз-ку, — деди ясама керилиб. — Ризқимни териб юрибман ҳар ҳолда.

— Ў, бу жуда зўр! Маладес!

Икки ҳамтовоқ Маннопнинг рўпарасига чўкди. Ҳусан шу заҳоти атрофга аланглаб олди-да, чўнтагидан папирос чиқариб тутатди ва бир-икки чўзиб тортди. Вали ҳам папиросдан татиб кўргач, қолганини ўчириб қутига жойлаштирди.

— Хўш, нега бақрайиб ўтирибсан? — бу гал дағдаға аралаш сўз қотди Вали. — Кутаяпмиз. Опкелмайсанми пивони?

— Ака, менам анави папиросдан чекиб кўрай! — гапни айлантириб, атайин ялинган бўлди Манноп. — Ҳиди ёқимли экан. Нашами?

Вали кутилмаганда кафти билан Маннопнинг оғзини ёпди.

— Ўчир, тирранча! — шивирлади аланглаб. — Катта холангни уйими бу бақирасан?

— Нима дедим? Бир чекиб кўрай дедим холос-ку!

— Бор, гапни кўпайтирмай, пиво олиб кел бизга! Томоқ тақиллаб кетаяпти.

— Пулим йўқ-да, ака, — бўшашди Манноп. — Охирги пулимга олдим бу пивони.

— Ие, акаларингга ёлғон гапирасанми? — ўдағайлади Ҳусан. — Бор дегандан кейин боргин-да, эркак!..

Манноп жавдираб турди-да, Валига юзланди.

— Вали ака, кечаги пулимни қайтаринг, илтимос! У пул меники эмасди. Бировга беришим керак эди.

— Қанақа бетаъсир бола бу? — Маннопнинг билагига чанг солди Ҳусан. — Бунга пиво олиб кел деса, гапни айлантиради-я! Яхши гапга тушунмайдими?

— Қўйвор уни, — Вали секин шеригининг қўлларини нари сурди. — Братишка тўғри айтаяпти. Маннопбек, кеча ўша пул бизга жуда зарур эди, тушунаяпсанми? Мана мундай керак бўлганди! Оласан пулингни! Хоҳласанг, ўзинг меҳнат қилиб оласан.

— Қ-қанақасига? — ўзини тушунмаганга олди Манноп.

— Ҳозир бир жойга борамиз. Тинчгина квартира. Бир аёл ёлғиз ўзи яшайди. Мени яқин танишим. Анча-мунча пули бор. Биз Ҳусан акангминан уни чалғитиб турамиз. Сен бўлсанг, мен ишора қилган хонага кирасан-да, айтган еримдан ўша пулларни олиб қўйинга урасан. Шундай қиласанки, чиқиб кетганингни ҳатто менам сезмай қолай! Кўрибсанки, бизгаям бўлади, сенгаям. Баҳонада кечаги пулинг ўзингга қайтади.

— Э, йў-ўқ, — ўзини қўрқиб кетганга солди Манноп. — Мен умримда унақа иш қилмаганман.

— Ёлғон гапирма! — тишлари ғижирлаб дўқ урди Вали. — Ўғирлик қилмаган бўлсанг, кечаги пуллар қайдан келди? Шунча пайтдан бери қай гўрдан пул ишлаб топгансан?

— Мен… — Манноп ўйланиб турди-да, таваккал давом этди. — Одамларнинг сумкасини олиб қочардим. Кейин ичидагиларни сотворардим.

— Ў, буям ажойиб иш! — дея жонланиб Маннопнинг қўлларини сиқди Вали. — Ҳусан, кўрдингми, ошна, шогирдим менданам ақлли чиқиб қолди. Хўш, сен нима дейсан? Шундай қилаверсинми?

Ҳусан тиржайганча бош ирғаб қўйди.

— Бўлди, Маннопбек, бизгаям бу таклифинг маъқул, — деди Вали. — Кейинчалик ўша ишингни давом эттираверасан. Ўзимиз ёрдамлашиб турамиз. Лекин бугун мен айтган юмушни бажарасан. Қўрқма, уй бекаси сени кўрмайди. Бунинг устига қулоғиям оғирроқ. Ёшлигида том босган экан. Хуллас, олдин биз Ҳусан акангминан ичкарига кириб кетамиз. Ташқари эшик очиқ қолади. Ҳусан аканг аёлдан ҳол-аҳвол сўраган бўлади-да, дарҳол ташқарига чиқиб кетади. Мен шундан кейин сенга белги бераман. Белги беришимминан кирасан. Уёғи келишганимиздек бўлади. Маъқулми?

Манноп норози бош чайқади.

— Йўқ, ака, ҳозир ундай қилолмайман.

— Ие, нега?

— Оёғим оғрияпти.

— Оббо! Ўзингам жа бўлмағур бола экансан… Мен ҳеч нарсани билмайман, оёғинг оғрийдими, узилиб тушадими, ҳозир бизга қандай бўлмасин ўша пулларни ўғирлаб берасан.

— Ўзингиз олсангизам бўлади-ку! — деди Манноп қайсарлик билан. — Танишингиз бўлса…

— Уф-ф, эзвординг ўзингам! — дея юзини терс бурди Вали. — Агар мен қила олганимда ўша ишни, сен жинқарчага ялиниб ўтирмасдим. Қанақа хомкалласан ўзинг, Манноп? Мен олиб чиқиб кетолмайман пулни!.. Аёл уйига киришим билан орқамдан соядай эргаша бошлайди. У мени беш қўлдай билади. Хонага мени киритмайдиям, тушунаяпсанми?.. Майли десанг-чи, бир дунё пулимиз бўлади. Нима, тешиб чиқармиди? Шуниям эплолмасанг, юраверган экансан-да шалвираб!..

— Қўявер, ошна, — уни тезлай бошлади Ҳусан. — Маннопбек эсли йигит. Гапимизни ерда қолдирмайди. Йигитча уддалайди. Агар ишончимизни оқлай олса, балки ўзимизга шерик қилиб олармиз. Тўғрими, братишка?

— Ҳа, боплайман! — ниҳоят кўнди Манноп. — Ҳаммасини уддалайман, акалар!

— Маладес, ўғил бола! — унинг елкасига қоқди Вали кулиб. — Айтдим-ку, Ҳусан, шогирдлар гапимни икки қилишмайди! Қани, кетдик унда! Вақтни ўтказиб нима қиламиз?

Шу тобда Манноп тўсатдан безовталана бошлади.

— Акалар, ҳожатга кириб чиқсам майлими? — тишлари такиллаб сўради у. — Тез кириб чиқаман.

— Э, мен айтган квартира шу яқин орада. Чидайсан! — — масхарали тиржайиш қилди Вали. — Ўлиб қолмайсан!

— Иложи йўқ, ака, — баттар буралди Манноп. — Чидолмайман.

— Бўпти, фақат узоқ қолиб кетма! Биз бекорчи эмасмиз.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here