Вилоятларда бензин таъминотидаги «шaпкавозликка» қачон чек қўйилади?

0

Бугунги кунда бензин мамлакатимизда асосий ёнилғилардан бири бўлишига қарамай, ёнилғи қуйиш шохобчаларида унинг танқислиги кўп кузатилмоқда. Айниқса, пойтахтдан ташқари ҳудудларда, чекка вилоятларда бу танқислик жуда яққол сезилаётганини ҳайдовчиларнинг ўзаро суҳбатларидан, ижтимоий тармоқларда алмашаётган фикрлари ва шикоятларидан билиш мумкин.

Пойтахтдаги мавжуд бензин қуйиш шохобчаларида, ҳартугул, олдингидек чексиз навбатда туришларни кузатмайсиз. Аммо шаҳар чегарасини белгиловчи катта ҳалқа йўлидан ўтишингиз билан аҳвол буткул ўзгача тус олади. Ёнилғи қуйиш шохобчаларида охири кўринмайдиган навбатларда турган машиналар ва уларнинг ҳайдовчиларини бир тасаввур қилиб кўринг…

Бу ҳолат қанча кишиларнинг бебаҳо вақтини ўғирлагани етмаганидек, соғлиғини ҳам эговлайди. Бунинг устига, икки соатлаб бензинга навбатда турсангиз-у, навбатингиз келай деганда АЁҚШ ходимлари томонидан бензин тугагани, қачон келиши номаълумлиги эълон қилинса, бундан ёмони йўқ.

Вилоятларда бу вазиятни яхшилашга ўз «ҳисса»сини қўшишни мақсад қилган «кўнгилли»лар эса баҳонада бензин нархини ўзлари хоҳлаган тарзда ошириб, қўлда сотишга ўтиб кетишди. Наманган, Навоий вилоятларида кўпроқ ёнилғининг иккинчи тури — табиий газдан фойдаланилаётганлиги сабаб, бензинга талаб у қадар кучли эмас. Шу боисми, ушбу ҳудудларда охирги ҳафта давомида бензин қуйиш шохобчаларида ёнилғи борлиги, кунига икки соат бўлсада, аҳолига бензин сотилгани кузатилмоқда.

Аммо маълумотларга кўра, бугунги кунда бензин чайқовчилар томонидан Сурхондарёда 4000 сўм, Гулистонда 4000 сўм, Жиззахда 4000 сўм, Бухорода 5000 сўм (АЁҚШда — 3000 сўм!), Фарғонада 4000 сўм, Фарғонада 4000 сўм, Қаршида 4000 сўм, Хоразмда 91 А — 4000 сўм, 80 А — 3500 сўм («Ўзбекнефтгаз» АЁҚШда 91 А — 3100 сўм), Навоийда 4000 сўм, Самарқандда 4000 сўмдан сотилаётгани аниқланди.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 октябрдаги 360-сонли қарори билан Республика бўйича:

Аи-80-русумли автобензиннинг бир литри – 2800 сўм (0,35 АҚШ доллари);

Аи-91-русумли автобензиннинг бир литри – 3 000 сўм (0,37 АҚШ доллари);

Аи-95-русумли автобензиннинг бир литри – 3 300 сўм қилиб белгиланган.

Аммо минг афуски, бензин ёнилғисининг айнан белгиланган нарх асосида эмас, балки устига қўшимча нарх қўйган ҳолда сотилиши нафақат чайқовчиларда, балки «Ўзбекнефтгаз» АЁҚШларида ҳам учраб турибди.

Кимга бундай «Бензин мустақиллиги» керак?

Республикамизда қазиб чиқарилаётган нефть хом ашёси ва ундан олинаётган ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ички бозор талабини ярмини ҳам қондирмаса, Қозоғистон «Дўст бўлиб ёнимизда туриб» отни калласидек транзит тарифларини қўлласа, кимга керак бу «Хўжа кўрсин» нархлар?

Четдан кўпроқ нефть маҳсулотлари олиб келиб қайта ишлаб сотайлик деса, унинг таннархи 0,45 доллардан паст бўлмаса ёки харажатларни қопламаса. Албатта, бундай ҳолат фақат бор бўлган оз бензинни таниш-билишлар орқали ҳар литрига 1000 сўм «шaпка» қўйиб сотадиганларга керак.

Мана Асака заводида ишлаб чиқарилаётган автомашиналарни сотишда «шaпкавозлик»ка чек қўйилди, наҳотки ҳукумат бензин сотилишидаги «шaпкавозликни» йўқота олмайди?

Машина ҳайдашни чидаганга чиқарган. Қимматроқ бўлса ҳам бензин АЁҚШларда бемалол сотилиши керак! Умуман олганда бозор муносабатлари ривожланган давлатларда истеъмол товарлари нақд ёки пул ўтказиш йўли билан бемалол сотилиши керак!

 

manba: kun.uz

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here