Мафия сардори (80-қисм)

0

У Рамизнинг бошқа бир ёрдамчиси Паровоз — Архатнинг ёнига боришни маъқул кўрди.

Бомба у билан жуда яқин эди. Бомба ўғрилик қилиб қўлга тушганида, Паровоз уни қутқариб қолганди. Мутлақо тасодифан.

Ўшанда Архат ҳали унақанги буюк эмасди. Лекин унча-мунча одамни танир, сўзи ҳам ерда қолмасди. Бозорда Эрондан келтирилган ҳужжатсиз молларни ҳамюрти сотаётганида милиционерлар олиб қўйишган экан, у шу молларни қайтариб олиш учун бўлинмага борди-ю, темир панжара ортида бурни танқайган, сўхтаси совуқ бир нусха ўтирганини кўрди. Индамай ўтиб кетаётганида:

— Ардаш, мени қут-қарсанг, хизматингни қиламан, — деди Бомба (дарвоқе, у ҳали Бомба эмасди, оддийгина киссавур, Тасқара лақабли — Нешон эди) ялинчоқ овозда.

Паровоз унга синчиклаб қарагач, келажакда кўп фойдаси тегиши мумкинлигини англади. Икки юз доллар пора эвазига панжара ортидан олиб чиқди. Кейин ўзи билан бирга олиб юрди, устозлик қилди. Қарабсизки, киссавур Тасқара зумда унча-мунчани йўқ қилиб юборадиган даражадаги Бомбага айланди.

Бомба кириб борганида Архат эндигина ҳаммомдан чиқиб, мириқиб пиво ичиб ўтирарди. Бомба уни кўриши билан хурсанд бўлиб кетди. У билан сўрашар-сўрашмас рўпарасидаги юмшоқ курсига ўтирди.

— Нечук йўқлаб қопсан? — сўради Паровоз қўлидаги идишини стол устига қўяркан.

— Битта иш чиқди, маслаҳатга келдим, — деди Бомба устозига.

— Фойдаси борми?

— Билмадим.

— Билмайдиган нарсангни мендан сўрайсанми?

— Сўрамасам бўлмайди. Икковимизгаям тегишли.

— Қани, айт-чи, — деб Паровоз сигарета тутатди (дарвоқе, у Паровоз лақабини бир дона сигаретани тўрт марта тортишда тугатиши ва ичидан бурқситиб тутун чиқаргани учун орттирганди).

— Ўзимизми? — деб Бомба атрофига аланглади.

Архат унинг нима демоқчилигини дарров тушунди ва “йўқ” дегандек бош чайқаб, стол устида турган идишга қўлини узатди. Пиво ичди. Бомба билдики, гапириб бўлмайди. Аммо айни чоғда бошқача маслаҳат сўраши керак устозидан. Чунки шу ҳақда оғиз очди, “Қулоқ”лар ҳушёр тортгани аниқ. Агар “маслаҳат” ҳақида оғиз очмаса, бу ҳам “катта”га етиб боради. Ундан кейин Бомба портлашга улгурмаслиги, бўлакларга бўлиниб кетиши мумкин.

— Бўйдоқчилик, ака, — деб бирдан гапни бошқа томонга бурди Бомба, — биттасини топувдим. Уйлансамми, йўқми…

— Сен ўзинг кимсан-у, топганинг нима бўларди? — деб ҳи-ринглаб кулди Паровоз.

— Энди бир-иккита қонуний бола орттирмасам, эртага мендан ит ҳам қолмаскан. Тўғри, қиз боламас у, лекин, менимча, ундан ортиғи бўлмайди.

— Сен учун, албатта. Кимни кўз остингга олдинг?

— Бошқаларга қараганда тоза.

— Кўзинг етса, уйланавер. Ўзи анчадан бери бошингни иккита қип қўймоқчийдим. Бола орттирсанг, янаям яхши. Қадамингни ўйлаб босадиган бўласан. Тўйни қачонга мўлжаллаяпсан?

— Ўзингиз бир нарса дерсиз, устоз.

— Ҳозир вақти эмас. Беш-олти ой чидайсан. Унгача чурвақангни орттириб қўйсанг ҳам бўлаверади, — деб Архат сигаретаси қолдиғини кулдонга эзиб, пиво солинган идишини қўлига олди-да, ўрнидан турди. — Юр, ташқарида озгина айланайлик, юрагим сиқилиб кетди.

Мақсадни дарров илғаган Бомба аввал ошхонага кириб бир шиша пиво олди-да, ундан кейин ташқарига — Паровознинг ёнига борди. Пивосидан ҳўплаб қўйиб:

— Ўзимни зўрға ушлаб турдим. Қаёқдаги гапни ўйлаб топганимга ҳайронман, — деди.

— Довдирсан-да, қани, нима гапинг бориди, айт? — деди узоқларга термилиб турган Архат.

— Шефнинг миси чиқиб қолди, — деб пивосидан яна симирди Бомба.

— Қанақа миси? — сўради ҳайрон бўлган Паровоз нигоҳини шогирдига қаратиб.

— Сонянинг айтишича, белидаги холи йўқолибди. Уқаловчиям тасдиқлади унинг гапини. Баданиям қиз боланикидай майин дейди. Илгариги чайир, эти йўқолиб қолганидан боши қотиб ётибди. Яна шеф охирги пайтларда ўзини мутлақо уқалатмай қўйибди.

— Шунақа дегин. Ғалати гап-ку! Бош қотиришга арзийдиган нарса.

— Бош қотишидан кўра ҳам, одамга алам қилади.

— Гапинг тўғри.

— Ишга киришаверайми? Ҳозироқ бориб калласини олиб келаман.

— Ҳовлиқма, — деб Паровоз пивосини охиригача қултуллатиб ичди. Сўнг идишни отиб юбориб, лабига сигарета қистирди. Лекин тутатмади. Қўли мушт бўлиб тугилди.

— Бор, Бомба, ароқ опкел, мана шу ерга, ўтнинг устига! — деб бақирди.

Бомба уни бу даражада тез ўзгаради деб ўйламаганди. Шу боис эти жимирлаб кетди.

— Ёмғир ёғишга тайёргарлик кўриб турибди. Балки ичкарида…

— Шу пайтгача ёғмоқчи бўлган ёмғирдан минг чандон совуқроқ!

Бомба ич-ичидан хурсанд бўлганча югуриб уйга кириб кетди. Хизматчиларга бўкирди. Биттасининг орқасига тепди. Шу билан қисқа вақт ичида ташқарида соябон, унинг остида стол, унинг устида эса егулик-ичкиликлар пайдо бўлди. Паровоз юзидаги жаҳл ўрнини мамнунликка бўшатиб берган эди. Шу боис, у қадаҳни шогирди билан тўқиштирганидан кейингина ичди.

— Эртага кечгача ҳамма нарсани тахлаб қўй. Калласини оламиз, — деди шивирлаб Паровоз ликопчадаги колбасани санчқи билан оларкан.

— Устоз, насиб этса, бундан бу ёғига ўзингиз йўл-йўриқ кўрсатасиз, шунинг учун юз-юз олайлик, — деб қадаҳини кўтарди Бомба.

У бирозгина эҳтиётсизлик қилиб қўйганди. Рамиз давридаёқ айнан уларнинг орқасидан одам қўйилган, “ака-ука”нинг ҳар битта ҳаракатини зимдан кузатиб юрадиган йигит айни лаҳзада идишда буғи чиқиб турган гўштни кўтариб келган ва Бомбанинг сўнгги гапини эшитган эди. Лекин ҳар доимгидай миқ этмади. Шунингдек, “ака-ука”лар ёнида узоқ муддат турмади ҳам. Лаганни столнинг устига қўйди-да, дарров узоқлашди. Аммо ичкарига кириши билан шошганча газак кўтариб келаётган хизматчи қизнинг қўлидаги газак солинган ликопчани олди ва дарров ортига қайтди. Паровоз бу пайтда шогирдининг қадаҳига ўзиникини тўқиштирган ва тиниқ суюқликни ичиш учун идишни лабига олиб бораётганди. Унга Бомбанинг гапи мойдай ёққан ва шу сониялар ичида ўзини ҳақиқий хўжайиндек ҳис қила бошлаганди.

— Ана, ёмғир томчилаяпти. Қаердадир эшитганман, ёмғир барака белгиси экан. Режамиз баракали бўлади-ёв, — деди Бомба.

Ликопчани стол устига қўйиб, ортига бир қадам қўйган “қулоқ” қадамини секинлаштирди. Аммо Бомба ортиқ ҳеч нима демади. Ичди. Ундан кейин газак чайнади.

“Қулоқ” эса ошхона орқали яширин эшикдан уйнинг нариги тарафига чиқди-да, ён телефонини олиб Рамиз-Февзининг рақамини терди.

Ана шу маҳал ҳаво бир ёришди-да, орқасидан гумбурлаган овоз эшитилди. “Қулоқ” чўчиб тушгани каби, Паровоз билан Бомба ҳам ўринларидан сапчиб туришди. Агар бир неча сония ичида уларни бир жойга йиғишнинг имкони бўлганида эди, учови ҳам бир вақтда осмонга қараганига гувоҳ бўлиш мумкин эди.

* * *

Юлдуз мириқиб ухлади. Машина манзилга етиб, Шоҳруҳ уни кўтариб ётоққа олиб кирганида ҳам уйғонмади. Туш кўрди. Гўзал, бетакрор туш: гулзор, боғ-роғ ўртасида Юлдуз. Кўзи тинимсиз атрофга аланглаб, шодликдан ичига сиғмайди. Бундай беғубор, нурли гўша фақат меники, ҳеч кимга бермайман, деб бақиради. Сўнг югура бошлади. Югураверди, югураверди… Бирдан унинг ёнида кийик пайдо бўлди. Ўйноқи кийик. Қиз билан бирга югура бошлади. Юлдуз тўхтаб, уни қучоқлаб олди. Олтин рангда товланаётган кийикнинг бўйнига юзини босди. Ундан бир хушбўй ҳид таралдики, қиз ҳидлаб тўймади. Бунинг устига, унинг териси шунақанги майин эдики, юзини босгани сайин босгиси келаверди. Қиз умри бино бўлиб бунчалик яйрамаганди. Ҳатто Шоҳруҳ билан ўтказган кечаси ҳам бундай роҳатбахш бўлмаганди. Бўлмаса у ҳам ўша кунни пинҳона орзиқиб кутганди. Ўзининг сирини очиш билан бирга Шоҳруҳникини ҳам билиб олди. Бироқ, ҳозирги лаззат олдида у ҳеч эди. Ҳатто этни жунжиктириши мумкин бўлган эпкин, дилни хиралантирувчи қуриган шох, майса ҳам йўқ. Ҳамма ёқ бир текисда, мукаммал. Фақат ундан шодланиш, маза қилиш лозим.

Шоҳруҳ Юлдуздан олдин уйғонди. Тўшакдан турмай, шифтга қараганча хаёл суриб ётаверди. Бир қўли билан унинг кўксига бош қўйиб ухлаётган Юлдузнинг сочларини силади. Йигирма дақиқалардан сўнг қиз ҳам уйғонди. Бироқ у ҳам, Шоҳруҳ каби тўшакни тарк этишга шошмади. Ишонган тоғининг кўксини силаб, ўпиб қўйди.

— Юлдуз, сираям тургим келмаяпти, — деди Шоҳруҳ қизнинг уйғонганини сезиб.

— Мениям. Ётаверамиз. Ишлариям бошидан қолсин, — дея сўзлади Юлдуз эркаланиб.

— Ўзи йўқ жойдан бошимизга шунча ташвиш орттирволибмиз.

— Сўраманг. Нега шунақа бўп кетганига ҳайронман. Балки ҳаммасига қўл силтаб кетармиз, — деб қиз йигитга қаради.

— Шундай қилсак, ўзимиз учун яхши бўлади. Амаллаб кунимизни кўриб юраверамиз. Лекин бу ерда қолганларга энди кун беришмайди. Ана шуниси чатоқ. Боядан бери ўйлаб, ўйимни охирига етказолмайман, — деб Шоҳруҳ Юлдузни қучоқлаб яна кўксига ётқизди.

— Биласизми, ғалати туш кўрибман. Илгари осмону фалакда кўп учардим. Аммо бунақасини биринчи маротаба кўришим. Қани ҳақиқатан ҳам ўшандай боғу роғларда иккимиз пайдо бўлиб қолсак, — дея қиз хўрсиниб қўйди.

— Майли, яшайверайлик-чи, балки ҳақиқатан ҳам тушингда кўрган жойларга ўнгимизда бориб қолармиз.

— Мен сизга ўзимнинг кийигимни бермайман. Тўғрироғи, сизни ундан рашк қиламан, — деб қиқирлаб кулди Юлдуз.

— Нималар деяпсан? Қанақанги кийик?

— Олтиндай товланадиган, териси юмшоқ. Сиз уни бир кўришда ёқтириб қоласиз.

— Ҳали шунақами? — деб Шоҳруҳ бағридаги соҳибжамолнинг бўйинларидан ўпишга тушиб кетди…

Улар овқатланиб бўлишганида атроф қоронғиликка чўмганди. Шоҳруҳ лабини артаётганида Роман Фёдорович қўнғироқ қилди.

— Тонгларинг отдими? — деди ҳазиллашган бўлиб.

— Шарофатингиз билан бойўғлига айланаяпмиз, шекилли, — жавоб берди Шоҳруҳ.

— Яхши, унда ишга киришаверамиз энди. Сен билан кўришсак, дегандим. Прокурор ёнимда. Ҳа, Юлянинг ёнига Оксана бормоқчийди. Зарур гапим бор, дейди. У ҳам сизларга суяниб қолган. Худди қариндошдай.

Шоҳруҳнинг юзи жиддийлашди. У банкирнинг ҳар битта ҳаракатига, гапига шубҳа билан қарайдиган бўлиб қолганди. Ҳозир ҳам ўйланиб қолди. Бир неча сония Роман Фёдоровичга жавоб бермай, жим турди.

— Бошқа режанг бормиди? — сўради таклифига жавоб берилавермагач Роман Фёдорович.

— Нима десам экан?..

— Ҳар қалай, эркак зоти ўзи қарор чиқаради, деб ўйлайман. Сенинг кимлигингни кўрдим. Сендайин йигитлар ҳамма жойдаям топилавермайди.

Бу билан банкир: “Қачонгача ёнингдаги қизчангдан маслаҳат сўрайсан? Сен ҳам ўғил боламисан ўзи?” демоқчидай эди. Гап оҳангини илғаган Шоҳруҳнинг жаҳли чиқди. Бир хаёл: “Эркаклигимни кўрсатиб қўяйми?” демоқчи бўлди-ю, ўзини босди. Бир оғиз:

— Бораман, — деб телефонни ўчирди.

— Нима деяпти сўхтаси совуқ? — сўради Шоҳруҳдаги ўзгаришни кўрган Юлдуз.

— Тайинли гапи йўқ. “Кел, гап бор”, дейди, — деди Шоҳруҳ ўрнидан тураркан.

— Дарров кийиниб чиқаман. Сиз болаларга машинани тайёрлашни буюриб туринг, — дея юзига фотиҳа тортди Юлдуз.

— Йўқ, бу сафар сен бормайсан. Мени кўришни хоҳлашаяпти. Сенинг ёнингга эса, анави алкаш қиз келаётганмиш. Онаси йўқлиги учун сенга суяниб қолганмиш…

Юлдуз ўтирган жойида Шоҳруҳга тикилиб қолди. Бир нима дейишга унинг тили ожиз эди. Кечқурун уни эркалаб, сочларини силаган йигит билан ҳозиргисининг орасида ер билан осмонча фарқ бордай эди. Униси ҳақиқий ошиқ ва севгилиси учун ҳеч нарсадан қайтмайдиган, буниси ўз режаси йўлида бировни менсимайдиган, кўнглига қарамайдиган тошбағир инсон… Гарчи Шоҳруҳ овозини баландлатмаган, қўпол сўзлар ишлатмаган эса-да, у ўкинди. Севгилисини кузатиб қўйишга ҳам чиқмади. Шу туришда гўё Шоҳруҳ айтган “алкаш” қизни кутаётгандай.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Мафия сардори (57-қисм)

Мафия сардори (58-қисм)

Мафия сардори (59-қисм)

Мафия сардори (60-қисм)

Мафия сардори (61-қисм)

Мафия сардори (62-қисм)

Мафия сардори (63-қисм)

Мафия сардори (64-қисм)

Мафия сардори (65-қисм)

Мафия сардори (66-қисм)

Мафия сардори (67-қисм)

Мафия сардори (68-қисм)

Мафия сардори (69-қисм)

Мафия сардори (70-қисм)

Мафия сардори (71-қисм)

Мафия сардори (72-қисм)

Мафия сардори (73-қисм)

Мафия сардори (74-қисм)

Мафия сардори (75-қисм)

Мафия сардори (76-қисм)

Мафия сардори (77-қисм)

Мафия сардори (78-қисм)

Мафия сардори (79-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here