Мафия сардори (81-қисм)

0

Оксана ҳам кўп куттирмади. Шоҳруҳ кетгач, беш дақиқадан кейин пайдо бўлди. Худди атайин Шоҳруҳни пойлаб тургандай. Юлдуз эшикни очиши билан бўйнига осилди. Юлдуз уни маст-аласт, ўзини билмайдиган бир аҳволда кўрган ва қолаверса, марҳум Виталийнинг уйида нималар содир бўлгани қулоғига чалинганди. Шу боисдан ҳам ижирғанди. Ўзини ундан тортди. Оксана эса, баттар унга ёпишиб, юзидан чўлпиллатиб ўпди. “Юля, мен сени яхши кўраман”, деб йиғлаб юборди. Сўнг қаршисидаги қизга суянган кўйи сирғалиб, полга чўк тушиб ўтириб қолди.

— Қийналиб кетдим, ишонасанми? Мени эзиб юборишди. Ҳеч бир қиз отасининг оёғига ўзини ташлайдими? Ундан… Айтолмайман. Яхшиси, мени ўлдирсинлар, тўйиб кетдим! — дея Оксана ўкириб йиғлаб юборди. Елкаси силкиниб-силкиниб, Юлдузнинг оёғини қучоқлаб йиғлади.

— Тур, — деди Юлдуз унинг қўлидан ушлаб, — нима бўлганини менга айтиб берасан.

Оксана “хўп” дегандек бош силкиди. Бироқ юмшоқ курсига ўтирганидан кейин ҳам анча вақтгача гапиролмади. Афтидан, ич-ичидан эзилаётган ва гапни нимадан бошлашни билмаётгандай эди. Агар ҳозир муздай сув қуйиб берса, у тилга киришини Юлдуз яхши биларди. Аммо атайлаб бундай қилмаётганди. Унинг кўз ўнгидан ҳанузгача Оксананинг бефаросатларча маст-аласт чўзилиб ётгани кетмаган, Шоҳруҳ билан ўпишганини эслаб баттар жиғибийрони чиқаётганди. Қийнагиси келди. Ҳар доим ҳеч нарсадан тап тортмай, кўнглига келган ишни қилиб кетаверишга кўникиб қолган Оксана негадир шу сафар стол устида турган елим идишдаги минерал сувга қўл узатишга ботинмади. Охири, Юлдуз чидолмади, стаканни тўлдириб сув қуйиб, рўпарасида ўтирган қизга узатди.

Оксана ойлаб сув кўрмаган одамдай ютоқиб, шошиб идишдаги суюқликни ичди-да, сўнг Юлдузга қараб жилмайди. Ўшанда Юлдуз унинг қарашида мутлақо совуқлик аломатлари йўқлигини кўрди.

— Энди бемалол, нима дардинг бўлса айтавер, қулоғим сенда, — деди Юлдуз.

— Ҳаммасини отамга гапириб бердим, — деди Оксана қаншарини қашлаб, —Менга нималар дейишгани-ю, унинг жонига қасд қилишганларигача.

— Ўзинг биздан Роман Фёдоровични ўлдиришни илтимос қилганингни айтмадингми?

— Айтолмадим. Тилим бормади. Жинни бўлмасам, қариб-қартайган Виталийнинг гапига ишонаманми? Юля, — деди қўллари қалтирай бошлаган Оксана, — мени жуда ёмон алдашди. Тасаввурга сиғмайдиган мол-дунё эгаси ва бир умрлик кайфу сафони ваъда қилишса, индамай кетаверибман. Аслида, улар мендан ҳамма бойликни тортиб олмоқчи бўлишган экан. Отамни ўлдиришганидан кейин узоғи билан бир ой яшашим башорат қилинган экан. Пулларнинг ҳаммаси чет эл банкларига ўтказилади. Кейин мен Виталийга турмушга чиқаман. Албатта, расман. Сўнгра у секин-аста менинг бойликларимнинг ҳаммасини ўз номига ўтказиб олади-да, баҳримдан ўтиб қўя қолади.

— Ўзинг билмаганмидинг шундай бўлишини? Билардинг…

— Йўқ, шошмай тур, — деб Юлдузнинг гапини бўлди Оксана, — сенга ҳаммасини бир бошдан тушунтирай, кейин бир хулосага келасан… Мен отамга аччиқ қилувдим. Ахир, менинг жонимга уч марта қасд қилишди. Бундан ташқари ойижонимни ўлдириб юборишди. Ана шундай жаҳл отига минганимдан фойдаланишди улар. Балки сизлар Виталийни ўлдирмаганларингда, ҳозир мен бутунлай етим бўлиб қолишим тайин эди. Энди сендан бир илтимос, Юля, Швейцарияга чиқиб кетишимга ёрдам бер. Йўқ дема, баҳонаям қидирма. Чунки сен ва Шоҳруҳнинг қўлларингдан келади. Ёрдам берасан-а, тўғрими?

— Ҳамма нарсадан отангни хабардор қилган бўлсанг, шартми чет элга кетишинг? Қолаверса, кетишингга ҳеч ким энди халақит беролмайди.

— Беришади. Чунки дадам мени кечирмади. Юзини тескари қилиб: “Чиқиб кет”, деди. Юмшоқ оҳангда, юракни эзадиган қилиб айтди. Юля, менинг эмаклаб чиқишимга оз қолганди. Ҳовлимизда кўп вақт йиғлаб ўтирдим. На уйга киришимни биламан, на бирон жойга кетишимни. Авваллари эркин бўлишни, ёлғиз қолишни жудаям хоҳлаган бўлсам, шу сафар қўрқдим. Лекин отамнинг ҳам ёнига боролмасдим.

— Ҳалиям осон қутулибсан. Сендақа қизни бўғиб ўлдирганида ҳам, ҳақи кетарди. У сенинг отанг-ку, нима бўлгандаям…

— Юля, илтимос! — дея бақириб юборган Оксана Юлдузнинг оёқлари остига ўзини ташлади. — Қийнама мени. Сен ҳам қиз боласан-ку… Оилангдан узоқдасан. Эркакларнинг кимлигини сенам биласан…

Оксана сўзлашдан тўхтади. У: “Сен ҳам мен каби Шоҳруҳ билан бўлгансан”, демоққа оғиз жуфтлади-ю, ички бир куч тилига тушов солди.

— Сен жудаям чарчагансан. Роман Фёдорович билан гаплашаман. Қиш келаётганида араб давлатлари дам олиш учун энг яхши жойлар ҳисобланади. Денгизда маза қилиб чўмилиш, қумда офтобда тобланиб ётиш жоннинг роҳати.

— Кўп борганман у ёқларга… Лекин таклифинг ёмонмас, балки ҳақиқатан ҳам шундай қилганим маъқулдир. Менга қара, бирор юз грамм қуйиб бер. Ростини айтсам, бошим ёрилиб кетай деяпти. Уйқугаям тўймаганман. Отам белига тепди.

Юлдуз музлаткичдан бир шиша ароқ олиб, стол устига тўқ этказиб қўйди-да:

— Ич заҳарингга! — деди жаҳл билан. — Четдан қараган одамнинг сенга ҳаваси келади. Лекин сени яхши билганлар нафратланишади. Хоҳлаган нарсани олишга, хоҳлаганингни улоқтиришга қурбинг етади. Сен бўлсанг умрингни ароқхўрлик билан ўтказаяпсан! Ҳайф сенга шундай ота!

— Сен отамнинг кимлигини билмайсан! Билмасдан туриб менга ақл ўргатма! Тушундингми?! Ақл ўргатувчилар сенсиз ҳам тиқилиб ётибди! Раҳмат!

Юлдуз уни кетиб қолса керак, деб ўйлаган эди. Аммо Оксана жойидан жилмади. Асабий ҳолда шишани очиб, стаканни тўлдириб қуйди. Сўнг ичиб юборди-да, кўзини юмди. Оксана газак ҳам қилмади, Юлдузнинг эса, эти жимирлаб кетди.

— Билганлар, — деб гап бошлади Оксана бироздан кейин, — мени нафақат пиёниста, балки содда ва гўл ҳам деб ўйлашади. Ва жуда қаттиқ адашишади. Мен ўта маст бўлишни беш-олти кундан бери одат қилдим. Шундай қилмасам, ухлаёлмасдим. Бундан бу ёғига эса, озгинаси ҳам етади. Соғлиқ учун. Лекин сен отам билан эринг орасида нима гаплар бўлишини билмайсан!

— Тушунмадим, — деди бирдан кўзлари каттариб кетган Юлдуз.

— Бизнинг уйимизда фақат отам билан прокурор эмас, суднинг раиси ҳам ўтирган эди. Отам уларни камдан-кам уйга чақиради.

— Хўш, Шоҳруҳни нима мақсадда чақирди?

— Буниси менга қоронғи. Билганим, қандайдир жиноятларига шерик қилиб олишмоқчи. Чунки уларнинг бундан бўлак юмушлариям йўқ. Бировларни алдаб, пулларини олиш ёки улардан бошқа мақсадларда унумли фойдаланишгагина каллалари ишлайди уларнинг… Дарвоқе, ўзи кимга айтаяпман бу гапларни? Сизларнинг ишларинг ҳам шундай-ку. Ҳатто бойлик учун бир-бировингни сотиб юборишга-да тайёрсизлар.

— Сен шу ерда ўтир. Бирон нима керак бўлса, йигитлар олиб келиб беришади. Менинг ишим чиқиб қолди, — деб Юлдуз ўрнидан турди-да, ётоқхонасига кириб кетди. Бир хаёл Шоҳруҳга қўнғироқ қилиб нима гаплигини билмоқчи бўлди. Аммо шу заҳоти ниятидан қайтди. Роман Фёдорович яна бирор шумликни ўйлаб, уни чақирган бўлса… Шоҳруҳ соддалик қилмайди, албатта. Бироқ унинг қўнғироғи халақит бериб қолиши мумкин. Яхшиси, боради. Уйидан берироқда кутиб туради. Банкирникига кириб чиқаётганларни кузатади. Ҳозир қоронғи. Лекин банкир уйининг ҳар бир бурчагига чироқ ўрнатган. Кўча худди кундузгидай ёп-ёруғ бўлади.

У кийимларини кийди. Елкасига сумкачасини илиб, ойнага қараганча бироз турди. Сўнг ниятидан қайтиб, ечинди. Оксананинг ёнига борди. Бу пайтда Роман Фёдоровичнинг эркатойи ароқ шишасини бўшатиб қўйган эди. У ўзига-ўзи гапирарди. Унинг маст бўлиб қолгани бир ҳисобдан яхши. Чунки ортиқча муаммо туғдирмайди. Мабодо Роман Фёдорович “қилиқ” чиқарадиган бўлса, қизини осонлик билан бу ердан чиқариб юбормайди.

Юлдуз келиб ўтирганидан кейин ичишни бас қилган Оксана лаб-лунжини сочиққа артди. Стол устида турган пичоқни қўлига олиб, бироз айлантириб ўйнаган киши бўлди.

— Юля, дам олишга бирга борсак нима дейсан? Ҳаммани, йигитингни ҳам ташлаб кетамиз. Кўриб турибман, эркаклар сенинг ҳам жонингга теккан. Иккаламиз маза қилиб келардик. Кейин-чи, дубайликлар сенга ўхшаган чиройли қизлар учун жонини бериб юборишади. Бошингдан тилла сочишади. Ишонавер гапимга. Менга шундай қилишган. Лекин у пайти қўлларидан ҳеч бало келмаган. Чунки мен билан бирга Петка, отам бор эди, — деди ва ўрнидан туриб керишиб қўйди. Шунда ҳам унинг қўлида пичоғи бор эди.

Юлдуз шу сафар ҳушёрликни қўлдан бой берди. У хаёл уммонига ғарқ бўлгани сабаб Оксанага мутлақо эътибор қилмади. Бундан Оксана усталик билан фойдаланди. Ўзини ювиниш хонасига бораётган кўрсатиб Юлдузнинг орқасига ўтиб олди ва кутилмаганда рақибасига ташланиб, бир қўли билан унинг сочини ғижимлаганча иккинчи қўлидаги пичоқни томоғига тиради. Пичоқ ўтмас эди. Буни яхши билган Оксана унинг тиғини қаттиқроқ босди. Юлдуз хириллади.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Мафия сардори (57-қисм)

Мафия сардори (58-қисм)

Мафия сардори (59-қисм)

Мафия сардори (60-қисм)

Мафия сардори (61-қисм)

Мафия сардори (62-қисм)

Мафия сардори (63-қисм)

Мафия сардори (64-қисм)

Мафия сардори (65-қисм)

Мафия сардори (66-қисм)

Мафия сардори (67-қисм)

Мафия сардори (68-қисм)

Мафия сардори (69-қисм)

Мафия сардори (70-қисм)

Мафия сардори (71-қисм)

Мафия сардори (72-қисм)

Мафия сардори (73-қисм)

Мафия сардори (74-қисм)

Мафия сардори (75-қисм)

Мафия сардори (76-қисм)

Мафия сардори (77-қисм)

Мафия сардори (78-қисм)

Мафия сардори (79-қисм)

Мафия сардори (80-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here