ҚАРОҚЧИ-10…

0

 

* * *

Купеда ҳақиқатан қориндор эркак пишиллаб ухларди. Хурраги таъсирида юзига қадар ёпилган чойшаб кўтарилиб-кўтарилиб тушарди.

Ниғмат аста унинг тепасига келди-да, чойшабни тортди. Эркак аввал хуррак отишни бас қилди. Сўнгра кўзларини очиб Ниғматга бақрайди.

— Ҳа-а, — дея ётган ерида дўқ аралаш сўради у. — Сенга нима керак? Қури бу ердан!

— Тур ўрнингдан! — буюрди Ниғмат. — Бўғилиб ўлишни хоҳламасанг, тур!

Эркак уф тортган кўйи истамайгина ўрнидан қўзғалди.

— Хўш, нима керак? Гапир!

— Пулларни чиқар, — деди Ниғмат қовоқ уйиб. — Фақат чўзма!

— Қанақа пул? Қароқчимисан нима бало?

— Кутяпман! Бўласанми-йўқми?

— Менда пул йўқ, — юзини терс бурди эркак. — Қўлингдан келганини қилавер! Мен-чи… Жонини гаровга қўйган одамман. Пўписангдан қўрқмайман.

— Қўрқмайсанми? Яхши-и…

Ниғмат секин икки қўлини эркак томон чўзди-да, томоғига чанг солди.

— В-вей! Б-бу нима қ-қилганинг?.. — нафаси қайта бошлаган эркак зум ўтмай типирчилай бошлади. — Қ-қўйвор! Ҳ-ҳозир мелиса ч-чақираман!..

— Бечора бир аёлдан олган пулларни чўз! — дея эркакнинг қулоғига шивирлади Ниғмат. — Ўлишни истамасанг, айтганимни қил!..

Ниғмат орадан икки-уч дақиқа ўтгач, қўйнида бир даста пул билан тамбурга чиқди. Тамбурда уни икки киссавур бетоқатлик билан кутиб турарди.

Ниғмат уларнинг ҳар бирига пича-пичадан пул улашди-да, гапни калта қилди.

— Россияга етгунча сенлар мени, мен сенларни танимайман! Башарти оғзингдан гуллайдиган бўлсанг, тамомсан!..

— Ж-жўрабошилик-чи? — тутилиб сўради киссавурларнинг бири. — Ахир…

— Эсингни йиғ, — деди Ниғмат совуқ тиржайиб. — Мен ўзга юртга катта иш бошлаш учун кетяпман. Киссавурлик қилиш учунмас. Сурларинг энди олдимдан!

Киссавурлар яна бир неча дақиқа чайналиб туришди-ю, Ниғматнинг авзойи бузила бошлаганини кўргач, бошқа вагон томон жўнаб қолишди.

* * *

Ниғмат тушунарсиз ҳолатга тушиб қолганди. Вагоннинг бир маромда чайқалиб бориши, рельслар тақир-туқурига қулоқ тутарди-ю, аҳён-аҳёнда туши ёдига тушар, ички овознинг ғойиб бўлганига ҳайрон қоларди. Тағин қандайдир номаълум товуш унга буйруқ беришини ўйлаганда беихтиёр қўрқувга тушар, аммо тўғри йўл кўрсатганини кўз олдига келтиргач, бирдан тинчланарди ва ўша товушни кута бошларди.

«Мен кимларга айланиб қолдим? — ўйларди ўзича. — Бу товуш кимники? Ўзимдан бўлак ҳеч ким эшитмаса, ҳар қадамда менга йўл кўрсатса, маслаҳат берса, таъқиб этса! Ким ўзи у? Нимага энди тиллашмаяпти? Қаерда ўзи? Қандай пайдо бўлди? Наҳотки, тушимга кирган бобомнинг овози бўлса бу? Йў-ўқ, ундаймас. Марҳумлар тирик одамнинг ичига кира олмайди-ку! Хўш, унда ким? Нима деганди? Кимман девди? Эҳ, эсимдан чиқибди! Эслай олмаяпман! Умуман эслай олмаяпман!..»

— Овсарлик ҳам эви билан-да!..

Ниғмат яна чўчиб тушди. Ичдан келган овоз гўё кўксини тирмалаб ўтгандек бўлди. Сапчиб ўрнидан турди-да, бир муддат каловланиб купе ичкарисига аланглади.

— Нима? — сўради ниҳоят ўзини қўлга олиб. — Нима дединг?

— Ҳалиям кимлигимни англай олмадингми? — сўради ички овоз зардали оҳангда. — Айт, шунчалар гўлмисан?

— Н-нега гўл бўларканман? — дудуқланди Ниғмат. — Фақат… Эсимдан чиқибди-да!..

— Тағин такрорлайман, — деди номаълум овоз. — Мен қалбингман. Қалбинг уйғонди! Бундан буён фақат менинг маслаҳатим билан иш тутишингга тўғри келади. Акс ҳолда хароб бўласан.

— Сен… Мени ҳар қандай хавфдан асрай оласанми?

— Ҳа, лекин қулоқсизлик қилмасанг. Йўриғимга юрмаган тақдирингда бало ортингдан қувлайверади.

— Ўзга юртлардаям бирга бўласанми?

— Гапни калта қил! — уришиб ташлади номаълум товуш. — То манзилингга етгунча сукут сақлайман. Ҳозир истироҳат қил! Нафас ростла! Олдинда сени катта синовлар кутади. Ўша синовларга тайёр тур!

— Қанча яшашимни айта оласанми? — соддалик билан савол ташлади Ниғмат. — Айтиб бер-чи!..

— Сендайлар кексалик гаштини сурмаслиги аниқ, — деди номаълум овоз. — Аммо қисқа умрингни роҳатда ўтказишинг мумкин. Майли, ҳозирча хайр, қаҳрамон! Ухла!

Ниғмат шундан кейингина кўнгли тинчланиб ўринга чўзилди ва кўзларини юмди.

* * *

Уч кечаю уч кундуз деганда поезд манзилга етиб келди. Ниғмат ним қоронғиликда ташқарига чиқиб қай тарафга юришни билмай гарангсиди. Бу шаҳар одамларга гавжум, турлича кийинган йўловчилар уёқдан буёққа чопишар, аллакимлар вокзал ичкарисида ўтирганча ташқарида гупиллаб ёғаётган қорни маъюс томоша қиларди.

Ҳадеганда йўлини топа олмаган Ниғмат қайтадан ички овоздан нажот кута бошлади. Унинг йўл кўрсатишига умид боғлади. Бахтга қарши вужуди сукунат ҳукмида эди.

«Таваккал кўчага чиқаман, — хаёлидан ўтказди Ниғмат совуқдан жунжикиб. — Чўнтагимда пулим бор, бирор меҳмонхонага бораман. Эртага бир гап бўлар…»

Шундай ўй билан кўча тарафга юрди. Серқатнов йўл бўйига етганда ниҳоят қалби овоз берди.

— Сен ҳов анави боғ томонга юр, — деди овоз. — Омадинг ўша тарафда.

Ниғмат итоаткорона боғ томон бурилди. Овоз уни тарк этмаганидан мамнун бўлди. Оғзининг таноби қочди. Йўл-йўлакай ўзича турли режалар тузди.

«Мен мана шу шаҳарда катта иш бошлайман, — ўйлади Ниғмат боғ ичарисига кириб бораркан. — Майда-чуйда юмушларга қараб ўтирмайман. Фақат катта ишларни кўзлайман. Чунки катта ишнинг даромадиям шундай бўлади…»

Қор босган бу боғнинг ўрталаридаги ўриндиқ ёнида ярқираган чет эл машинаси турар, ўриндиқда эса қалин пальто, жундор телпакли бир эркак сигарет тутатиб ўтирарди.

Ниғмат эркакнинг кайфи таранглигини унга яқин боргандаёқ дарров пайқади. Шунинг учун индамай ўтиб кетмоқчи бўлди. Аммо ички овоз бунга йўл бермади.

— Сен шу эркакдан йўл сўра, — тайинлади Ниғматга. — Акс ҳолда чув тушасан. Шошил, кетиб қолиши мумкин.

Ниғмат оғир хўрсинганча тўхтаб эркакнинг тепасига яқинлашди.

— Узр, — деди мулойимлик билан. — Бир нарса сўрасам майлими?

Эркак бошини кўтариб хўмрайди.

— Сенга нима керак? Нимани сўрайсан?

— Шу яқин орада бирор меҳмонхона борми? Узоқдан келгандим. Йўлдан адашдим.

— Шунақами? — эркак қўлидаги сигаретни четга улоқтирди-да, ўрнидан турди. — Адашдим дегин? Қаердан келдинг?

— Ўзбекистондан.

— Ҳа-а, шундайми? — беихтиёр жилмайди эркак. — Тупроқдош эканмиз-ку, жўра! Нима юмушминан келдинг?

— Шунчаки… Иш излаб келувдим.

— Ишми? Яхши-и…

Эркак икки қўли билан бошини чангаллаганча бирпас туриб қолди. Шу орада машинасига яқин борди ва эшикни очиб салондан бир шиша ароқ чиқарди.

— Ичасанми? — сўради Ниғматдан. — Ёлғиз ўзим ичгим келмаётганди.

Ниғмат ҳайрон бўлди. Ички товуш ҳам жим. Унинг маслаҳатисиз нимадир қилишга негадир ҳайиқиб норози бош чайқаш билан кифояланди.

— Мен… Ичмайман, — деди зўрға бадавлат бу эркакнинг кўзларига тик боқмасликка тиришиб. — У-умуман ичмайман.

— Қўйсанг-чи, — қўл силтади эркак афтини бужмайтириб. — Мен ҳар кимгаям ичкилик таклиф қилавермайман. Юртдошим экансан, бунинг устига башаранг ҳам ёқимтойгина. Кел, танишайлик!

Эркак шундай деб яна машина эшигини очди-да, иккита қадаҳ чиқариб олиб уларни ичкиликка тўлдирди.

— Қани, ол, — деди қадаҳлардан бирини Ниғматнинг қўлига тутқазаркан. — Бегона шаҳарда учрашиб қолганимиз учун ичайлик, йигит!.. Айтганча, исминг нима?

— Ниғмат!

— Зўр! Меники Соли! Қани, олдик, Ниғматбой! Охиригача ич!

Иккинчи қадаҳ ичилгач, Соли ака анча очилди. Ҳатто яқин олиб Ниғматнинг елкасига қўл ҳам ташлади.

— Сени Худонинг ўзи юборди, — деди гап орасида. — Йўқса, муаммони ҳал қилиш қийин бўларди.

— Қанақа муаммо? — Соли акага савол назари билан боқди Ниғмат. — Тинчликми, ака?

— Биламан, ҳозир ўзингча «Шундай машинаси бор одамда муаммо нима қиларкан?» деб ўйлаяпсан. Ё нотўғрими?

— Р-рост, — деди кулиб Ниғмат. — Ҳақиқатан шундай деб ўйловдим.

— Бе, машина нима бўпти? Буям ёмон хотиндай бир гап. Бугун бор, эртага бошқаси илиб кетиши мумкин. Гап бошқа ёқда…

Ниғмат азбаройи қизиқсинганидан Соли акага қаттиқроқ тикилиб давом этишини кутди.

— Хотинимминан ажрашганман… — деди бирозлик сукутдан сўнг Соли ака. — Ўртада бола бўлмади. Қолаверса, жа жанжалкаш эди. Нуқул тергайверарди. Жонга тегди охири. Ажрашиб кетдим. Аммо… Шундан кейин янги ҳунари чиқди манжалақининг.

— Ҳунари? — сўради Ниғмат лаб тишлаб. — Қанақа ҳунар, ака?

— Энди мулк талашмоқчи менминан. Бор мулкнинг ярмисини ўзиники қилмоқчи. Ахир… Мен шаҳардаги иккита квартирани, дала ҳовлини, отхонани… Хуллас, шуларни топгунча она сутим оғзимга келган.

— Берманг, вассалом! — деди Ниғмат. — Қўрқиб ўтирасизми, ака?!.

— Э, сен ажнабий аёлларни билмайсан, — қўл силтаб қўйди Соли ака. — Улар бир нарсани кўзладими, оч бўридай ташланишади ўшанга. Хўп, қани кетдик, менга ёрдам берасан.

— Мен-а? Қ-қандай қилиб?

— Машинага ўтир олдин. Кейин биласан.

Ичкилик ичган бўлса-да, барибир совуқ ўта бошлаганди. Ниғмат ортиқча қаршилик билдириб ўтирмай, машинага ўтирди.

— Энди менга яхшилаб қулоқ сол, — деди Соли ака моторга ўт қўйиш асносида. — Ўша аёлни хиёнат устида қўлга туширишимиз керак. Тушундингми?

— Й-йўқ!.. — елка қисди Ниғмат ҳануз Соли аканинг мақсадини англай олмай.

Шу баҳонада ғижиниб ҳам қўйишни унутмади. «Эҳ, қани товуш? Нега жўяли маслаҳат бермайди?..»

— Тушунмадингми? — кулимсиради Соли ака. — Кап-катта йигит-а?..

Хайрият, қалби узоқ кутдирмади. Мана шундай оғир лаҳзада ёрдамга келди.

— Сен ўзингни соддаликка солавер, — тайинлади овоз Ниғматга. — Бундайлар соддаларни хуш кўришади.

— Ростданам, — деди Ниғмат жонланиб. — Мен… Унақа нарсаларни тушунмайман.

— Майли, тушунмасанг, эшит. Хуллас, собиқ кеннойингдан шубҳам ҳам йўқ эмас. Бир вақтлар қўриқчи йигитлардан бириминан дон олишади деб эшитгандим. Лекин қўлимминан тутмаганим учун тилимни тишлаганман. Ана энди пайти етди. Ҳозир борамиз, сени ўша аёлникига киритиб юбораман. Кирасан-у, гўё ўша ерда тунаб қоласан. Мен бирпасдан кейин кириб бораман-у, таппа босаман. Кўрибсанки, тили қисилади. Мендан мулк талаб қилмайдиган бўлади.

— М-мен… Ундай қила олмайман, — дея норози бош чайқади Ниғмат. — Бегона аёлминан…

— Э, ҳеч нарса қилмайсан. Шунчаки кириб ўтирсанг бас.

— Ака, кечирасиз-у… Бу ишни қила олмайман. Мен ҳали меҳмонхона излашим керак.

— Қанақа меҳмонхона? Меникига борасан. Қойиллатсанг, иш масаласиниям ўйлаб кўрармиз. Хўш, розимисан?

Ниғмат жавоб бериш ўрнига кўксига кафтини босди. Шу баҳонада номаълум товуш соҳибининг кўрсатмасини кутди. Ҳадеганда товуш келавермагач, таваккал рози бўлди.

Шундан бўлак иложи ҳам йўқ эди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here