ҚАРОҚЧИ-11…

0

 

* * *

Машина шаҳар кўчалари бўйлаб елдек учиб борарди. Ниғмат ойнадан нимқоронғи кўчаларни томоша қиларди-ю, ичидан зил кетарди. Бажаражак иши қанчалар таҳликали, хавфли эканини ҳис этгани сайин ваҳимага тушарди. Шу орада Соли акага қараб-қараб олар, машинани тўхтатишини илтимос қилмоқчи, рози эмаслигини айтгиси, машинадан тушиб боши оққан тарафга йўл олгиси келарди. Лекин журъат қила олмасди. Кўнглининг бир четида милтиллаб турган умид шами оғиз очишга, барчасига кўз юмишга қўймасди.

Қолаверса, қалби нуқул унга далда бериб борарди. Гарчи Соли аканинг олдида жавоб беришга ийманса-да, бош ирғаб товушни маъқулларди.

— Сен ростакамига боши берк кўчага кириб боряпсан, — дерди ички овоз. — Аммо сира ташвиш чекма. Бахт қасрига айни шу йўл орқали борилади. Фақат боши берк кўчага киргандан сўнг чиқиш йўлларини ҳам қидиришинг лозим бўлади. Мен қўлимдан келганча сенга кўмак бераман. Бироқ ўзинг ҳам каллангни ишлат!

— Ҳозир ишни нимадан бошлай? — сўради хаёлан Ниғмат. — Бегона аёл бўлса, танимасам. Қандай, нима деб кириб бораман?

— Сенга анави эркак тайинлади-ку! — уқтирди қалби. — Сен ҳамма нарсага қодирсан. Бу бобонг раҳматлининг васияти. Эшикни очгани ҳамоно аёлнинг кўзларига тик боқ. Қолгани ўз-ўзидан бўлаверади. Ўзинг кўрасан нима бўлишини!..

Ниҳоят машина кўп қаватли уйлардан бирининг рўпарасига келиб тўхтади. Соли ака моторни ўчиргач, бир неча дақиқа сукутга толди ва беихтиёр ортга ўгирилиб, Ниғматнинг елкасига қўлини қўйди.

— Мана, етиб келдинг, — деди у кулимсираб. — Тўққизинчи қават, тўртинчи квартирада мен айтган аёл — собиқ кеннойинг яшайди. Ўзингни кўрсат, тупроқдош!

— Нима дейман унга? — сўради Ниғмат соддаларча елка қисиб. — Бирор баҳона бўлиши керак-ку!

— Кундузи эшитгандим. Марина опанг табиб кутяпти ҳозир. Табиби келмайди. Келмайдиган қилганман уни. Сен ўша табиб ниқоби остида кирасан. Қўрқма, балониям сезмайди. Кириб олсанг, марра бизники!

Шундай деб Соли ака эндигина ташқарига чиқмоқчи бўлган Ниғматни елкасидан тортиб тўхтатди ва ҳазиллашган бўлди.

— Фақат айтиб қўяй, кеннойинг жа кетворган аёл. Тағин шилқимлик қилиб юрмагин-а!.. Дарвоқе, мен ярим соатдан кейин орқангдан кириб бораман. Омадингни берсин!..

Ниғмат бу ҳазилга жавобан кулимсиради-ю, Соли ака тутқазган, ичига ичимлик, шоколад ва шу каби майда-чуйдалар солинган пакетни қўлтиқлаб подъездга кириб кетди.

* * *

Ниғмат зиналардан сира шошилмай юқори кўтариларди. Қалбан эзгин эди. У гарчи бадавлат бир одамнинг илтимосини рад эта олмаган бўлса-да, ич-ичдан афсус чекарди. Чунки у умри бино бўлиб бировнинг уйини бузмаган, бировга ёлғон гапирмаган, иккиюзламачилик қилмаган. Ҳатто, энг оғир лаҳзаларни, хўрликларни бошидан кечирган пайтларда ҳам бошини тик тутган ҳолда ўзгаларга мағрур боқа олган. Ҳозир эса кимгадир ёлғон сўзлаш, кимнидир сотиш, мулзам этиш, йиғлатиш, бош эгишга мажбур этишга маҳкум. Ортга эса йўл йўқ. Унга ишонишди. Жой, иш топишга ваъда беришди. Агар ҳозир ортга қайтиб пакетни Соли аканинг қўлига топширса, орқа-кетига қарамай кетиб юборса, яхши иш бўлмайди. Ниғматни қўрқоққа, номардга, лўттибозга йўйишади. Йўқ, Ниғмат ҳеч қачон айтган сўзидан қайтмаган. Майли, бунинг охири ўлим билан тугаса-да, Соли аканинг илтимосини адо қилади. Сўнгра бошини баланд кўтариб у билан хайрлашади…

Ниғмат шундай хаёллар исканжасида тўққизинчи қаватга чиқди ва қизғиш мато қопланган эшик қўнғироғи тугмачасини қайта-қайта босди.

Ичкаридан аёл кишининг мулойим овози қулоғига чалинди.

— Ким у? Кимсиз?

— Табибман, — паст овозда жавоб қилди Ниғмат. — Кутдириб қўйганим учун узр!

Эшик очилиб, Ниғматнинг қаршисида малла, майин сочлари елкасини ўпган, дўмбоқ, мовий кўзли соҳибжамол ҳозир бўлди. Ниғмат гарчи аёлнинг гўзаллиги қаршисида бироз ўзини йўқотган бўлса-да, иложи борича ўзини қўлга олиб қалби тайинлаганидек, унинг кўзларига тик боқди.

Аёл шу заҳоти янада мулойим тортди. Йўл бўшатиб Ниғматни ичкарига таклиф қилди.

— Вой, табиб сизми? — сўради эшикни ичкаридан тамбаларкан Марина. — Ўхшамайсиз-ку!..

Ниғмат бу иқрорни эшитгани ҳамоно қўрқиб кетди. Марина ҳаммасидан хабар топишидан, шарманда бўлишидан чўчиб дув қизарди. Аммо айни дамда қўрқувга сира ўрин йўқ эди. Дадил ва ишонч билан ҳаракат қилиши шартлигини биларди.

— Пешонага табиб деб ёзиб қўйишмайди-ку, — деди овозини ҳийла баландлатиб. — Чақирган экансиз. Идорадан топшириқ бўлди. Мана, келдим! Хўш, қаерингиз безовта қиляпти?

— Вой, нима десам экан? — каловланди Марина. — Б-буйрагим…

— Шунақами? Унда ечининг!

— Ечининг? — ҳайрон бўлиб сўради Марина. — Бутунлайми?

— Ҳа, кийимларингизнинг ҳаммасини ечинг!

* * *

Аёл нозли жилмайиш қилганча бир муддат қаршисидаги навқирон, совуққон, ёш бу йигитга тикилиб қолди. Бу ишидан Ниғматнинг бир туки ўзгармаганини кўргач эса елка қисган кўйи кийимларини ечди.

Ниғмат рўпарасида фариштадек гўзал, оқбадан, гўё ҳар бир тукидан нур ёғилаётган соҳибжамолни кўрди. Бу гўзалликка сал қурса асир бўлаёзди. Дунёни, Соли ака билан бўлиб ўтган гап-сўзларни-да унутаёзди. Томирларида сокин оқаётган қони жўш уриб асабий лаб тишлади. Сархуш бандадек боши ёқимли айланди. Юраги орзиқди. Аёлни жуда-жуда эркалагиси, нимадир дегиси, қайноқ муҳаббат изҳор этгиси келди. Шубҳасиз, Марина ҳам унинг ҳолатини, ниятини пайқаганди. Шу сабабли кулимсираганча каравотда юзтубан ётган кўйи сукут сақлар, ёш, бўй йигитнинг қалтис ҳаракатини интиқ кутарди.

Аммо Ниғмат дарров ўзини қўлга ола билди. Вужудини кемиргудек аюҳаннос солаётган қалб садосига қулоқ тутишдан ўзга чора топа билмади.

— Бу шайтон йўриғидаги бир банда, — таъкидларди қалби. — Сен шундоғам бўлари бўлган, адойи тамом бўлаёзган одамсан. Агар ҳозир ўзингни бу аёлнинг устига отсанг, билки, жаҳаннам азобидан-да минг чандон кучлироқ азобга йўлиқасан. Кўриб турган кунинг ҳолвага айланади. Бу ниятингдан қайт! Сен адолатни тиклаш учун йўлга чиқдинг. Ундан кўра боши берк кўчадан чиқиш имконини қидир! Умуман, барибир улгурмасдинг. Ана, эшик тақиллайди ҳозир ва Соли аканг шитоб билан кириб келади!..

Ҳақиқатан, шу заҳоти ташқари эшик тақиллади ва Марина сакраб ўрнидан турди.

— Нима бало, импотентмидингиз? — зардали оҳангда сўради у кийиниш асносида. — Намунча шалвирадингиз? Мени умидвор қилишни, устимдан кулишни мўлжаллаганмидингиз? Ана, ҳаммаси тугади. Уйимга кимдир келди. Беркининг! Ҳов анави шкаф ичига киринг!

— Мен беркинадиган иш қилмадим, — деди Ниғмат қўл силтаб. — Керак бўлса ўзингиз беркининг!

— Алдоқчи! Фирибгар! — койина-койина бошига дуррасини ўради Марина. — Табиб ниқоби остида уйимга кирволган экан бу ярамас! Ҳали қараб тургин! Кунингни кўрсаттираман!..

Аёл саннай-саннай йўлакка чиқди-да, ташқари эшик зулфинини суғурди. Орадан бир неча сония ўтиб-ўтмай Ниғмат турган хонада Соли ака ёнида икки барзанги билан пайдо бўлди.

— Ў, маишат зўр-ку! — деди Соли ака гўё Ниғматни биринчи марта кўриб турган каби унга совуқ назар соларкан. — Ёшгина йигитни уйга олиб кирволиб айш қилаётганмидилар? Яхшимас, яхшимас! Мендан олган пулларни қаёқдаги қаланғи-қасанғиларга бериб, эвазига айш қилиш, уларга эркаланиш… Афсус… Мен қўйнимда илон сақлаб юрганимни мана бугун кўрдим! Сенларам кўрдиларингми?

Барзангилар Соли аканинг саволига бош ирғаб сўзсиз жавоб қайтаришди.

Марина эса хиёл титраб қўяр, ҳеч нарса демас, юзини терс бурганча турарди.

Ниғмат эса бундай ҳолатда ўзини қандай тутиш, нима дейишни билмай хуноб эди. Чунки Соли ака бу ҳақда ҳеч нарса демаганди. Хайрият, тағин қалби унга далда бўлди.

— Сен хавотирга тушаверма, — деди қалби Ниғматнинг кўксини қитиқлаб. — Ўзлари келишволишади. Асосийси, сен вазифангни бажардинг, қойиллатдинг. Энди бу босқинчининг ишончига кирасан. Кўрибсанки, тез орада унинг ўнг қўлига айланишингам мумкин. Фақат сенга бир гапим бор. Уни Соли аканинг уйига боргандан кейин айтаман…

Унсиз суҳбатни Соли аканинг пўписаси бузди.

— Ҳой бола, кимсан? — Ниғматга ўдағайлай бошлади у. — Менинг хотинимминан қанд еяётганмидинг бу уйда? Гапир!..

«Қизиқ бўлди-ку, — деди Ниғмат хаёлан қалбига мурожаат этиб. — Бу одам нима қилмоқчи ўзи? Нимага менга ўдағайлаяпти? Бунисини келишмагандик-ку!..»

— Индамасдан уйдан чиқиб кет! — тайинлади қалби Ниғматга. — Гап қайтарма ҳозир! Ташқарига қараб юрсанг, у ортингдан бормайди. Тезроқ бўл!

Ниғмат айтилганидек, бир оғиз сўз демади ва бошини эгганча ташқарига қараб юрди.

Қалби алдамабди. Соли ака жойидан жилмади. Турган ерида сўкина-сўкина Маринага ўшқира кетди.

Ниғмат эса эшикни очди-ю, пастга чопди. Машинага чиқиб ўтиргани ҳамоно енгил нафас олиб кўзларини юмди…

Бу гал Ниғматнинг икки ёнидан бояги барзангилар жой олишди. Соли ака эса моторга ўт қўйди-ю, газни босишдан аввал ортга ўгирилиб Ниғматга маъюс боқди.

— Ука, кўрдингми, — деди у шивирлаб. — Аёллар мана шунақанги аҳмоқ бўлишади.

— Ака, мен ҳеч қандай ёмон иш қилмадим, — дея ўзини оқлашга тушди Ниғмат соддаларча. — Ўлай агар, у аёлга қўлимниям теккизмадим.

— Биламан, — деди Соли ака бош чайқаб. — Ишонмасам, сени ўша манжалақиникига киритармидим? Бопладинг. Қойиллатдинг. Ана энди меникига борамиз. Бу воқеани ювмасак бўлмайди…

Ниғмат индамади. Шу лаҳзаларда жуда уйқуси келаётганди. Чарчоқ танасига чиппа ёпишиб, уни тобора ҳолдан тойдириб борарди. Шу сабабли бош ирғаб Соли аканинг қарорини маъқуллади-ю, қайтадан кўзларини юмди…

* * *

Машина шаҳар кўчалари ичра елдек учиб бориб қайсидир муюлишга бурилди.

Бу кўчанинг икки юзи ҳашаматли ҳовлилардан иборат эди. Симёғочларга ўрнатилган ранг-баранг чироқлар ёрқин нур таратиб, ҳовлиларни янада гўзал кўрсатарди.

Машина уйлардан бири рўпарасига етиб тўхтагач, Ниғмат Соли аканинг ишораси билан пастга тушди.

Қаршисида уч қаватли ҳашамдор ҳовли ўзини кўз-кўз қиларди. Ҳовли дарвозасининг ўзи сеҳрли бир масканни ёдга соларди.

Ниғмат нақшинкор дарвозага бир муддат термилиб қолди. Хаёлида дарров қишлоқдаги кўримсизгина ҳовлиси, Умар миробнинг ғазабнок, ичкилик туфайли бужмайган башараси гавдаланди. Ўзича шундай уйни қандай бунёд этиш мумкинлиги ҳақида бош қотира бошлади.

«Дунё шунчалар адолатсизми? — кўнглидан ўтказди у ичкарига қадам қўяркан ҳовлига териб чиқилган қора мармарларга қўрқа-писа оёқ босиб. — Бундай уйни менга ўхшаганлар тушидаям кўрмайди. Қанча пул керакдир, ахир шундай уй қуриш учун! Соли ака қандай топди экан шунча пулни?.. Билмадим, билмадим…»

— Овсарсан-да, бўтам, — беихтиёр овоз берди қалби. — Оддий нарсаларни тушунмайсан. Ахир, Соли аканг ўғри, босқинчи, баттол! Керак бўлса у одам ҳам ўлдира олади. Кўрдинг-ку, қандай гўзал аёли бор экан. Чунки пули кўп. Соҳибжамоллар, шайтон йўриғига кирган гўзаллар фақат пулдорларнинг ортидан қувлашади. Сендайларни писанд этишмайди. Аммо кўнглингни чўктирма. Ҳали шундай кун келадики, ҳақиқий фариштамисол қиз йўлингдан чиқади. У сенга ёруғ дунёнинг ростакам жаннатини ҳадя этади… Майли, ундан кўра эсингда тут. Соли акангнинг шаҳарда ягона душмани бор. Исми Валера. Валера билан Соли ака ўн йилдан бери бекитиқча жанг олиб боради. Бойлик, ўғрилар дунёсига ҳукмдорлик илинжи икковини ёвуз душманга айлантирган. Сен Соли аканинг ишончини қозонмоқчи бўлсанг, биринчи навбатда душманини ёдига сол, исмини, қаерда туришини, нима билан шуғулланишини, феъли қанақалигини аниқ айтиб бер. Ўзим сенга ёрдам бераман. Кўрибсанки, бу одам қойил қолади. Икки қўлини боши узра баланд кўтаради-ю, сенга тан беради. Бўшашма!..

Ниғмат буларнинг барчасини ёдида сақлаб қолган ҳолда Соли ака ва барзангиларга эргашган кўйи хоналардан бирига кирди.

Хона ажойиб эди. Деворларига шарқона безак берилган, ўртага узун ва чиройли стол қўйилган, стол ноз-неъматларга тўла, уларнинг устига оппоқ дока ташлаб қўйилибди.

Соли ака ичкарига киришлари билан эгнидаги курткани ечиб барзангилардан бирига тутқазди-да, тўрдан жой олди.

— Хўш, нега бақрайиб қолдинг, ҳамюрт? — деди у кулиб. — Қани, ўтир! Базми жамшидни бошлайлик! Мана шу уй меники. Ўз уйингдагидек керилиб ўтиравер! Бу ерда сени ҳеч ким хафа қилмайди. Ўтир дедим!

Ниғмат дарҳол хаёлларини жамлади-да, Соли ака кўрсатган курсига чўкди ва мақсадга ўтишга шошилди.

— Қалбингиз жуда эзгин, ўзингиз безовтасиз, — деди Ниғмат ароқ тўла шишани очиб қадаҳ тўлдиришга тутинган Соли акага тик боқиб. — Тез-тез юрагингиз оғриб қоладиган бўлган. Кейинги бир ой ичида ўзингиз ҳам қўрқиб қолгансиз. Сиз… Ўлиб қолишдан қўрқасиз. Буйрагингиз хуруж қилиб туради. Асабийлашсангиз, миянгизда оғриқ туради. Жигарингизниям мазаси йўғроқ.

Ниғмат сўзларди-ю, Соли ака қўлидаги қадаҳни бир четга қўйганча бақрайиб қолганди.

— Н-нима бало, фолбинмисан? — сўради у Ниғмат сўзини тугатиб улгурмай. — Қаердан биласан буларни? Ахир… Мени биринчи марта кўриб турибсан-ку, қизиғар!..

Ниғмат жавоб бериш ўрнига асосий гапни тўкиб солишга ошиқди.

— Валера деган хавфли душманингиз бор, — деди ер чизиб Ниғмат. — У жуда жонингизга теккан. Қандай йўл билан йўқ қилишни билмай ҳайронсиз. У шунчалик хавфлики, ҳеч қачон сизга қарши очиқ жанг олиб бормайди. Сиз назорат қиладиган бозорларга бош суқади, сизга қарашли одамларни жазолайди, ўлдиради, майиб қилади-да, ҳеч нарса бўлмагандек юраверади. Аммо кўришиб қолса, сизминан қучоқлашиб кўришади. «Жигарим» дейди сизни.

Бу маълумотлар Соли акани ростакамига ҳайратга солиб қўйганди. Буни ичкилик, эшик олдида турган барзангилар, қўлида қайноқ овқат тўла косалар жойланган патнис тутганча буйруқ кутаётган аёлга-да эътибор бермаётгани, юзлари ловиллаб, кўзлари чақчайганидан пайқаб олса бўларди.

— Вей, сен зўр фолбин экансан-ку, — дея кутилмаганда ўрнидан туриб кетди Соли ака. — Тўппа-тўғри! Ҳамма айтганларинг ҳақиқат, ука, ҳақиқат! Менга қара… — Соли ака столни айланиб ўтди-да, Ниғматнинг тепасига келиб икки елкасидан тутди. — Очиғини айт, фолбинмисан? Айтавер!

— Йўқ, — деди Ниғмат норозиланиб. — Мени камситманг! Шунчаки… Дилгирман холос.

— Шунақа дегин? М-майли, майли, дилгир бўлсангам барибир кучли дилгир экансан! Тан бердим сенга, ука, тан бердим! Т-тўхта, о-олдин… Олдин манавиндан қиттай-қиттай ичайлик! Кейин сенга гап бор! Зўр гап бор! Дода гап бор, укам!.. Ҳой, Лариска, овқатларни олиб келмайсанми! Нимага қаққайиб қолдинг! Қўй буларни столга! Меҳмоним очиққан! Марат!

Эшик олдида турган барзангиларнинг бири исмини эшитиши билан икки қўлини кўксига қўйди.

— Ака, нима қилай?

— Тезда Бўрибой акангни чақиртириб кел! Оёғини қўлига олсин-у шуёққа етиб келсин! Зарур иш чиқиб қолди дегин! Бўл!..

Барзанги буйруқни эшитгани заҳоти илкис бурилиб ташқарига зипиллади.

Соли ака эса коса тўла овқатлардан бирини Ниғматнинг олдига суриб қўлига қадаҳ тутди.

— Қани, мана шу қадаҳни танишганимиз, келажакда ака-ука бўлиб қолишимиз учун кўтарайлик, ҳамқишлоқ! Тортинма, олавер!

Ниғмат ичкиликни оғзига яқин олиб боришдан олдин кўксига кафтини босиб қалбидан жавоб кутди. Ҳеч қандай садо бўлмагач, таваккал қадаҳни кўтарди.

— Менга қара, — деди Соли ака Ниғматга синчковлик билан боқиб. — Агар ростданам фолбин бўлсанг, айт-чи, Валера неча марта қамалган?

— Саккиз марта, — деди Ниғмат қайтадан кафтини кўксига босиб. — Охирги марта каттакон амалдорминан ёвлашиб қамалган. Лекин икки ойдан кейин уни қўйиб юборишган.

— Нега қўйворишган? Шунисиниям айтгин-да, хумпар!

— Катта пул эвазига, — деди Ниғмат пинагини бузмай. — Турмадагиларнинг оғзини яхшилаб мойлагани учун.

— Баракалла, — деди Соли ака кафтларини бир-бирига ишқалаб. — Сен, бола, зўр чиқиб қолдинг-ку! Яхши-и!.. Қани, олдик яна!

Ниғмат эндигина қадаҳни қўлига олган эдики, қалби даъфатан қўзғолон қила бошлади.

— Бас, етар! Ҳаддингдан ошма!.. Қаердалигингни унутма! Ётиб дамингни ол!..

Ниғмат бу товушни эшитди дегунча қадаҳни стол устига қўйди.

— Узр, ака, менга кўплик қилади, — деди у безовталаниб. — Рухсат берсангиз, дам олсам. Очиғи, жуда чарчагандим.

— Шунақами? Гап йўқ, ўғил бола! Дам ол, тўйиб ухла! Қолган гапларни эртага гаплашамиз. Ҳой, ким бор? Келларинг! Укамга хонасини кўрсатларинг!

* * *

Ниғмат умри бино бўлиб бу қадар юмшоқ диванда ухламаган, оппоқ, нафис чойшабларни кўрмаганди.

Диванга чўзилганданоқ танаси яйраб кетди. Беихтиёр жилмайиб шифтга тикилди. Бироқ яна ички овоз оромини бузди.

— Сен бу ҳашаматларга ён берма, — тайинлади овоз. — Буларнинг барчаси сен учун омонат. Ҳали Соли ака ортингдан беармон кузатади. Сени оғир, машаққатли йўл, бир-биридан хавфли лаҳзалар кутмоқда. Фақат қўрқма, мен ҳамиша сенга йўл кўрсатаман! Сен бир нарсани ёдингда сақласанг бас.

Ниғмат кутилмаганда даст ўрнидан турди-да, эшик томонга юзланди. Қулоғини динг қилиб ташқаридаги товушларни илғашга уринди. Залда Соли ака ким биландир баланд овозда суҳбатлашар, лекин суҳбат нима ҳақида кетаётганини англаш қийин эди.

— Буёғига нима қилай? — энди овоз чиқариб сўради Ниғмат. — Келишга келдим, ҳаммасини айтдим ҳам. Энди-чи? Нима бўлади?

— Сен икки босқинчи орасида элчи каби кезаверасан, — деди овоз. — Ҳар бирининг ички сирларини ипидан игнасигача билиб оласан. Керак бўлса, бирини бирига гиж-гижлайсан.

— Бу хатарли иш, — дея норози бош чайқади Ниғмат. — Буларнинг қўлидан ҳар иш келади. Ўлдириб юборишлари мумкин.

— Мен ёнингда эканман, ҳаммаси рисоладагидек кечади, — деди овоз. — Бўшашмасанг, иккиланмасанг, қўрқмасанг, ортга чекинмасанг бас.

Ниғмат бу сўзларни эшитгач, янада енгил тортди ва диванга қайтадан ёнбошлади.

 

 

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here