СИҒИНДИ-8…

0

 

* * *

Бу зўравонларни чалғитиш учунгина ўйлаб топилган баҳона эди. Манноп ҳожатхонага кириб эшикни ичкаридан тамбалади-да, чўнтагидаги телефонни чиқариб керакли рақамларни терди. Зум ўтмай, гўшакдан капитан Раҳим Мавлоновнинг товуши эшитилди.

— Раҳим ака, улар нашаванд, ўғрилар экан, — деди ҳовлиқиб Манноп. — Пулимни қайтариб беришмади. У пулларни қайтариб олишим учун бир квартирани тунашим керак экан. Уларгаям анча пул керакмиш. Нима қилай?

— Баракалла! — деди Раҳим ака. — Ишончни деярли оқлаяпсан, ука!.. Чамаси, учига чиққан ўғриларни топганга ўхшайсан!.. Энди буёғига ҳушёр бўл!.. Айтганларини қилавер! Тунаш керакми, туна! Фақат квартира қаерда жойлашганини менга аниқлаб бер! Орқангиздан милиционерлар кузатиб боришади. Эҳтиёт бўл, сездириб қўйма! Айтганча, ўша ўзинг айтган Валиниям қандайдир йўл билан ўғирлик содир бўладиган хонага киришга унда! Шунда жиноятни бўйнига юклаш осон кечади.

— Ёнимда ҳалигидай… Ёзволадиган ускуна бор-ку!

— Айтганимдай қил!

— Хўп бўлади! Сиз айтгандай қиламан!

— Яша, ҳамиша ана шундай ақл билан иш тутгин! Кам бўлмайсан!..

Манноп телефонни чўнтакка жойлади-ю, ташқарига чиқди. Қаҳвахона ҳовлисида уни Вали ва Ҳусан кутиб туришарди.

* * *

Кечки пайт кўп қаватли уйлар атрофида одам қайнайди. Кимдир ишдан, кимдир ўқишдан, яна кимлардир бозор-ўчардан қайтаётган бўлади.

Керакли манзилга етиб келишгач, Вали юришдан тўхтаб, Маннопга юзланди.

— Мана шу уй, — деди салмоқ билан. — Ҳозир учинчи қаватга чиқамиз. Эслаб қол, квартира рақами 18. Адашиб бошқа уйга кириб кетма тағин! Хуллас, подъездда кут! Ҳусан аканг чиқиб кетиши билан юқорига чопқилла! Эшикни очиқ қолдираман. Сен эса тўғридаги хонага ўтиб кетавер. Ўша хонада жавон бор. Ичини очсанг, тахлам-тахлам эски-туски кийимларни кўрасан. Ўшаларнинг остига қўл суқсанг, кичик бир қутича топасан. Қутичани олгин-у, оёқ учида ташқарига чиқиб кет!

— Ака, мен қутичани олганимдан кейин ўзингизам бирров олдимга чиқиб кетинг! — деди Манноп жавдираб. — Ҳарқалай, бу ишга биринчи марта қўл уряпман. Қўрқаман барибир!

— Бўпти, — деди Вали қовоқ уйиб. — Сен кириб ишни бошлайвер, ўзим сендан хабардор бўлиб тураман! Фақат айтганларимни яхшилаб эслаб қол. Қовун тушириб юрма!

— Хўп, ака, — деди Манноп айёрона кўз қисиб. — Ҳаммасини эслаб қолдим.

— Қани, кетдик унда! Омадимизни берсин!

Бу Манноп учун айни муддао бўлди. Орқада қолиб телефон орқали манзилни Раҳим акага аниқ- тиниқ тушунтирди. Милиционерлар беш-ўн дақиқада ўша жойга етиб келадиган бўлди.

Манноп шундан кейин кўнгли хотиржам тортиб подъездда Ҳусан пастга тушишини кута бошлади.

* * *

Ниҳоят Ҳусан аланглаганча пастга тушди ва Маннопга кўз қисиб ташқарига чиқди.

Манноп шу заҳоти юқорига югурди. Ҳақиқатан, зах ҳиди уфураётган, таъмирга муҳтож квартира эшиги қия очиқ қолдирилибди. Оёқ учида юриб йўлакка ўтди-да, ланг очиқ хонага кирди. Бошқа хонадан Вали ким биландир валақлашар, ора-сирада аёл кишининг кулгиси эшитилиб қоларди.

Манноп аста бориб жавонни очди. Ҳақиқатан, жавонда эски-туски кийимлар қалашиб ётган экан. Кийимлар остига қўл суқди-ю, у ердан ихчамгина қутичани чиқарди. Қопқоғига қулф илинган. Лекин қулфланмаган экан. Эҳтиёткорлик билан қутичани очди.

Қутичада бир неча тахлам пуллар жам эди. Юраги ҳовлиқиб, дарҳол қопқоқни қайтадан ёпди.

Нариги хонада ҳануз суҳбат давом этяпти.

Манноп телефонни чўнтагидан чиқариб, вақтни чамалади. Раҳим ака айтган беш-ўн дақиқа аллақачон ўтиб бўлибди. Демак, шошилиш керак. Йўқса улгурмайди.

Валини чақириб ўтиришга ҳам фурсат йўқ.

У ҳовлиқиб телефонни қўлига олди ва керакли рақамга гудок ташлади.

* * *

Буёғи худди детектив фильмлардаги манзарани эслатарди. Квартирага бостириб кирган тўрт нафар милиционер ҳаш-паш дегунча Валининг қўлларини кишанлади.

Квартира ичкари хонадан югуриб чиққан кекса кампирнинг қичқириғига тўлди.

— Ҳой, нима қиляпсизлар? — бақирарди у милиционерларга. — Бу болада айб йўқ! Нега бола фақирни бекордан бекорга қамайсизлар? Ўғри… — У ваннахона тарафдан чиқиб келган Маннопни кўрди-ю, баттар тутоқди. — Ана-ку ўғри!.. Беркиниб турган экан-ку!..

Манноп мункайган, оппоқ сочли кампирни кўргандаёқ адойи тамом бўлганди.

Бир муддат қаршисида сочларини юлгудек шовқин солаётган онахонга анграйди. Нима қилишни, нима дейишни била олмай гарангсиди…

— Ҳа, бетингдан бузилгур, ўғри, баттол! — кутилмаганда Маннопга ёпишиб қарғана кетди кампир. — Ҳали келиб-келиб қари, ҳеч кими йўқ кампирнинг уйига ўғирликка тушдингми, жувонмарг?.. Қайси инсофсиз, юзсизнинг фарзандисан ўзи-а? Қон қусгур, гапир, гапир!.. Гапир анавиларга, ит! Мен ўғриман, бу акамда гуноҳ йўқ дегин! Нега жимсан? Нимага айта қолмайсан?..

Шу тобда Манноп гапирадиган аҳволда эмасди. Қалбида қувонч ва нафрат ўзаро курашар, қанча уринмасин, нафрат ҳисси устун келгандек, ўсмирни ёввойи жаҳдга бўйсунишга мажбур этарди.

Манноп ҳаммасини энди-энди англаб ета бошлаганди…

«Нималар қилиб қўйдим? — ўйларди ич-этини еб. — Билиб-билмай шу кекса одамнинг омонатига қўл урдимми? Нега?.. Онажон, мен билмай қолдим!.. Кексалигингизни, Валини бу қадар яхши кўришингизни, унга ишонишингизни билганимда, ўлсам ҳам уйингизга кирмасдим. Ифлос Вали!.. Қандай қўлинг борди кампирни қақшатишга? Сени ўз ўғлидай кўриши куйиниб йиғлашларидан кўриниб турибди-ку!.. Қандай виждонсизсан ўзи?.. Йўқ, бир жиҳатдан сенга қўшилганим, таклифингга розилик берганим яхши бўлди. Кампир асл башарангни эртами-кечми барибир кўради. Қолаверса, сен бундан кейин ҳаром ишларга қўл уролмайсан. Чунки қамаласан. Қилмишларингга яраша жазо оласан…»

У кишанли қўлларини силтай-силтай халос бўлишга уринаётган зўравонга аламли нигоҳларини тикди.

Сўнгра кампирга ер остидан ачиниш билан қараб қўйди…

Бироқ ҳеч нарса демади.

Манноп аслида милиционерлар элчиси эканини сўнгги лаҳзалардагина тушуниб етиб нуқул сўкинаётган Валининг тепасига яқин борди-да, совуққонлик билан шивирлади:

— Аблаҳ!.. Кўрнамак!.. Кўр бўласан ҳали!..

 * * *

Бу йил ёз янада иссиқ келди. Эрталабданоқ кун қиздира бошлашига қараганда, кузнинг ярмига қадар қуёш тафти совимайдиган кўринади.

Манноп эрталаб Раҳим аканинг навбатдаги топшириғини адо этиш ниятида шаҳарга чиққанди. Икки бекат юргунча қора терга ботди. Йўл четидаги чинорлардан бири остида тўхтади-да, дастрўмолчасини олиб пешонасидаги терларни артди. Шу аснода ишни қандай амалга ошириш хусусида бош қотира бошлади.

Бир маҳал сал наридаги истироҳат боғида бир-бирларига тикилиб турган йигит ва қизни кўриб ҳайратга тушди. Севишганлар тик турган кўйи ширин суҳбат қуришар, қиз қўлидаги йигит тақдим этган чиройли ва бежирим гулдастани кўрсатиб нимадир дер, йигит кулиб қўярди.

Уларга ҳавас билан боқаркан, Маннопнинг ёдига Нозима опаси тушди. Унинг қайрилма қошлари, пирпираб тургувчи узун киприклари, буюк рассомлар чизган суратлардаги каби келишган қомати, юпқа лаблари кўз ўнгида гавдаланиб, юраги орзиқди. Мулойим, эркалаб сўзлашларини соғинди.

“Нозима опа, ҳозир қаердасиз? — хаёлан муҳаббатига талпинарди Манноп. — Мен сизни бир кўрсам дейман. Ахир, сўз бергансиз! Фақат меники бўлишингизга ишонтиргансиз. Қайдасиз? Қаранг, йигитлар суюклисига боқиб бу ҳаётдан завқ олишаяпти. Гулдасталар тақдим қилишаяпти. Мен-чи? Менинг ҳақим йўқми севишга, севилишга, Нозима опа? Нима қилай? Болаликдан ўзингизга ишқим тушди. Юрагимнинг тўрини эгалладингиз… Йўқ, опа, сизни қидириб топмасам бўлмайди. Мени биласиз-ку, ўзимга етгунча ўжар ва қайсарман! Агар бугун сизни топиб, қўлингизга ҳов анави қиздагидай чиройли гулдаста тутқазмасам, тинчимайман”.

Манноп шундай хаёллар билан ортга қайтди. Раҳим ака буюрган ишни ҳам унутди. Умуман, шу тобда унга ҳеч нарса керак эмас, ҳеч нарсанинг қизиғи йўқ эди. Нозимани кўриш иштиёқи, соғинч, армон, ҳижрон бу бўй йигитни ўз домига олганди.

Манноп кун бўйи шаҳар кезди. Дўконларни, бозорларни томоша қилди.

Вақт шомга яқинлашгач, шаҳар марказига борди-да, гул бозорига ўтди ва ўша гулдастадан биттасини сотиб олди. Сўнгра Нозиманикига йўл олди.

* * *

Атрофи темир тўсиқлар билан ўралган бу кўп қаватли уйга болалигида бир-икки марта келганди. Ёдида қолган экан. Сира адашмасдан тўртинчи қаватга кўтарилди ва яшил рангли мато қопланган темир эшикли квартиранинг қўнғироқ тугмачасини босди.

— Ким у? — ичкаридан Нозиманинг овози жаранглади.

Манноп атайин индамади. Жавоб бериш ўрнига яна қўнғироқни қайта-қайта чалди.

— Тавба қилдим-эй, — дея ғудранганча эшик зулфинини суғурди Нозима… — Ким экан кеч кирганда шовқин солган?..

У эшикни очди-ю, қаршисидаги баланд бўйли, совуққон Маннопни кўриб беихтиёр ранги оқаринқиради. Аммо Манноп гулдастани қўлтиқлаганча хотиржам турганини кўриб сал ўзига келгандек жилмайди.

— Маннопжон, ўзингмисан? — барибир Нозиманинг юрагида қўрқув аломати зоҳир эди. Овози титраб чиқди. — Қ-қайси шамоллар учирди?..

— Муҳаббат шамоли, — деди тиржайиш қилиб Манноп. — Келишимни кутмаганмидингиз?

— Сира кутмагандим, — Нозима негадир тортиниб, уёқ-буёғини тўғрилаган бўлди. — Тинчликми? Гулдаста кўтариб олибсан?..

— Бу… Сизга! — шоша-пиша гулдастани Нозимага узатди у. — Мен… Хуллас, сизни кўргим келганди.

— Вой, раҳмат, — қувониб кетди Нозима. — Маннопжон, мен яхши кўрадиган гул шу эканини қаердан била қолдинг?

— Мен сизнинг рентгенингизман! Кўнглингиздан нималар кечаётганигача билиб тураман.

— Ў, зўрсан-ку! — ер чизди Нозима. — Нега энди айнан мени?

— Ўзингизни билмаганга солманг! Сиз мен учун дунёда битталигингизни жуда яхши биласиз.

— Қўйсанг-чи шу гапларни! Мен сендан анча катта бўлсам! Бошингга урасанми мени?

— Балки бошимга урарман. Аммо сизни ҳеч кимга бериб қўймайман. Эсингизда бўлсин, мабодо бошқасига тегиб кетадиган бўлсангиз, ўша одамни мана шу қўлларимминан бўғиб ўлдираман.

— Қўрқитмагин-да унақа! — жиддий тортиб бир қадам ортга тисланди Нозима. — Менга кимнинг кўзи учиб турибди?.. Юр, ичкарига кир! Остонада турмайлик!..

— Йўқ, — деди Манноп Нозиманинг кўзларига тик боқиб. — Кирмайман!

— Нега?..

— Ишларим кўп, Нозима опа, ишларим кўп! Фақат… Илтимос, менинг муҳаббатимни оёқости қилманг, ўтинаман! Сиздан тез-тез хабар олиб тураман.

— Бўпти, жоним, — дея эшик кесакисига бош қўйди Нозима. — Ўзимнинг ҳимоячимдан ўргилай!.. Айтганча, Маннопжон, ҳозир нима иш билан бандсан?

— Э, майда-чуйда ишлар қилиб юрибман, — қўл силтади Манноп. — Тирикчилик дегандай… Хуллас, милицияга хизмат қилаяпман… Аммо ўша гапим гап. Мен қандай бўлмасин, бойиб кетишим керак. Ўшанда албатта сизни бу уйдан олиб кетаман.

— Йўқ, йўқ, ундай қилма!.. Милициядан нари юр, укажон!.. Ундай ишлар сенга тўғри келмайди!..

— Нега? — ҳушёр тортди Манноп. — Гапираверинг!..

— Билмадим… Сендан милиционер чиқмайди!.. Ундан кўра, бошқа ишлар билан шуғуллан!.. Яхшиликка хизмат қиладиган юмушлар кўп-ку!.. Ундан кейин… ҳеч қачон мазлумларнинг ҳақига хиёнат қилмагин! Ҳаром ишларга қўл урмагин! Агар мени чинданам севсанг, айтганимни қил!.. Кейин…

— Хотирингиз жам бўлсин, Нозима опа! Мен нима қилаётганимни яхши биламан. Майли, яхши қолинг! Кўришгунча!..

— Сени Яратганнинг ўзи паноҳида асрасин! — Нозиманинг беихтиёр кўнгли бўшаб, кўзлари ёшланди. Бироқ сир бой бергиси келмай, мажбуран ҳазиллашган бўлди. — Ўзимнинг Ромеомдан айланай!.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here