СИҒИНДИ-9…

0

 

* * *

Ташқарига чиққач, Манноп ўйланиб қолди. Қаерга борса бўлади? Ярим кеча бўлса. Раҳим ака кутаётганини билади. Бир марта қўнғироқ ҳам қилиб қўймади. Хавотир олаётгандир. Балки жаҳли чиққандир. Ким билсин?

— Йўқ, у ерга бормайман, — кўнглидан ўтказди Манноп. — Нозима опамнинг гапини икки қила олмайман. Кўнглини қолдиришга ҳақим йўқ. Кўзлари ёшга тўлса, мендан юз ўгирса, бардошим етмайди. Яхшиси, ҳозирча барга кираман. Бугунги учрашувни ювмасам бўлмайди. Уёғига бирор йўли топилиб қолар…

Барда нари борса ўзидан бир-икки ёш катта тўрт йигит улфатчилик қиларди.

Улардан паканароқ, жингалак сочлиси шерикларига ниманидир ҳикоя қилар, қолганлар қотиб-қотиб куларди.

Ичкари йигитлар чеккан сигарет тутунига тўлганди.

Манноп бир шиша пиво, сигарет олди-да, йигитларга яқинроқдаги стол қаршисига чўкди.

Қадаҳни тўлдириб пиво қуйди ва бир кўтаришда сипқорди. Сўнгра дарҳол сигарет олиб тутатди.

Унинг совуқ тикилаётганини сезишди чоғи, йигитлар бараварига Манноп томон қараб қўйишди ва кулишди.

— Оғайнилар, — атайин Маннопга эшиттириб сўз қотди орқа ўгириб ўтиргани. — Шаҳарда «деловой» кўпайиб кетибдими?.. Мундай эркин нафас олишгаям қийналади-я одам!..

Бу гап ўзига қаратилганини Манноп пайқади. Аммо индамади. Тишни тишга босиб қолган пивони шишаси билан кўтариб бўшатгач, даст ўрнидан туриб бориб янгисини сотиб олди.

Энди йигитнинг гапини жингалаксоч илиб кетди.

— Пивони қандай ичганини кўрдиларингми? — сўради у Маннопга кўз қирини ташлаб. — Идишини еб қўяй деди-я!.. Майдалаб, эстетика билан ичишниям билмайдими, нима бало?

— Э, эшитмаганмисан? — бошқаси унинг сўзини кесди. — Булар уйида шўрвани косасиминан кўтариб ичиб ўрганишган. Сенинг эстетикангни қайдан билишсин?!.

Манноп ҳайрон эди. Нима қилса бўлади? Мана, болалар уйидан буткул кетди. Мустақил ҳаётга қадам қўйди. Илгари тарбиячилар барча болаларни ҳимоя қилгувчи эди. Энди улар йўқ. Ҳаммалари улғайиб, ўз араваларини ўзлари тортишга маҳкум. Кўчада эса манавиларга ўхшаган бетамизлар кўпга ўхшайди. Уларнинг адабини бериш вақти етмадимикан? Юзингда кўзинг демай, устидан кулишаяпти, ҳақоратлашаяпти. Нега тек қотиб ўтирибди? Қўрқаяптими? Йўғ-э, бу олифталарнинг нимасидан қўрқади? Ҳа, ҳозир боради-да, «разбор» қилади. Уларга «деловой» қанақа бўлишини кўрсатиб қўяди…

«Тўхта, Манноп, — деди ўзига ўзи хаёлан. — Шошилмаслик керак. Аввал сотувчидан ими-жимида буларнинг кимлигини сўраб кўради. Балки улар ҳам ўзи каби кўча болаларидир? Негадир башаралари шунақага ўхшаб турибди».

Шундай ўйлар билан эндигина ўрнидан қўзғалмоқчи бўлганди, бар эшиги очилиб, ичкарига яна бир йигит кирди.

Уни кўрди-ю, Манноп сакраб кетаёзди. Тилла топган одамдек ҳовлиқиб олдинга интилди.

Ҳа, бу ўзи қидириб тополмаган синфдоши Тўлқин эди.

У чироқнинг ғира-шира шуъласида Маннопни пайқамадими, тўғри бориб стол атрофини тўлдириб ўтирган йигитлар билан сўрашди.

— Ана, яна биттаси келди, — деди жингалаксоч кулиб. — Болалар, буям пивони шўрва қилиб ичармиди?..

Манноп чидолмади. Бир сакраб жингалаксочнинг тепасида пайдо бўлди ва жонҳолатда ёқасидан бўғди.

— Жағингни эзиб ташлайман, ифлос! — хириллаб йигитни қаттиқроқ бўғди. — Нима дединг? Қайтар, хунаса!

Шубҳасиз, қолган шериклар Маннопга ташланишди. Манноп бир қўли билан паканадан келганини итқитиб ташлади. Орқадан туриб томоғига чанг солишга уринганининг чотига тепди. Шу маҳал Тўлқин уни таниб қолди. Куч билан Маннопни икки елкасидан тутиб ўзига қаратди-да, хезлана бошлаган йигитларга бақирди.

— Тўхтанглар! Нима қилаяпсизлар? Бу менинг синфдошим Манноп-ку!.. Ўзимизнинг одам, тушунаяпсизларми? Бас қилинглар!..

Шундан кейингина Манноп жингалаксочнинг ёқасидан қўлини олди ва қўрқа-писа келиб ағанаган курсиларни тўғрилашга тушган бар сотувчисига қараб қўйгач, Тўлқиннинг кўксига муштлаб, сўрашган бўлди.

— Хумпар, қаерларда юрибсан? — Тўлқин барчаларини тинчитиб, жой-жойига ўтқазди-да, югуриб бориб Манноп учун ҳам курси келтирди. — Қани, ўтир-чи манави ерга!.. Оббо сен-эй, ҳалиям жангарилигинг қолмабди-да!..

— Сен нима деб ўйловдинг? — қаршисидагиларга бир-бир совуқ қараб совуққонлик билан жавоб қайтарди Манноп. — Манавинақанги олифталар устимдан кулсаям жим ўтираверайми?..

— Майли… — вазиятни юмшатишга уринди Тўлқин. — Бу йигитларминан бирга ишлаймиз, ошна! Зўр йигитлар булар!.. Ҳақиқий «мужик»лар! Хўш, ўзингдан гапир! Нимага ётоқхонага келмадинг?

— Бордим, лекин сен ярамасни тополмадим, — деди Манноп. — Қай гўрда юрасан, Худо билади сени.

— Э, ишминан кетувдим бир жойга. Мана бу акахонларминан биргайдик. Бўлди, энди сизларни таништирмасам бўлмайди. Баҳром ака, — Тўлқин олдин жингалаксочга юзланди. — бу Манноп, менинг синфдошим! Бу Баҳром ака. Жўрабошимиз. Манави паканаси Меҳмонқул. Чап ёнимдаги қиррабурун Ўринбой ака. Бу кишини шаҳарда Ўрин ўғри дейишади. Вей, Манноп, — Тўлқин ҳийла овозини пасайтириб Маннопга яқинроқ энгашди. — Ўрин ака мол ўғирлашга уста. Шундай оғилхонага кириб ўзи хоҳлаган сигирними, буқаними, умуман мўъратмасдан, оёғини ерга теккизмай опчиқиб кета олади. Ҳаммамиз тан берамиз. Манави жиккакина акамиз Одилбой. Пулларимиз шу акамизда туради. Шунинг учун бу кишини бой ака деб чақирамиз.

— Бўпти, — дея қўлига пиво тўла шишани олди жингалаксоч Баҳром. — Тўлқин, жўранг жуда бизбоп йигит экан. Ошна, ўлгудай қайтмас экансан-а, вей!.. Шаҳарликларнинг ҳурмати йўқми?..

Қолганлар бу қўпол ҳазилдан мириқиб кулишди. Манноп эса Баҳромга сирли боққанча қўлидаги қадаҳни кўтарди.

Сўнгра совуқ кулимсираб сўз қотди.

— Хўш, Баҳром ака, сизам пивони шўрвадай ичишни қотира оласизми?..

Ўртада тағин кулги кўтарилди…

Шу кўйи бир соатча ўтиришди. Янги танишлар Маннопнинг зўравон, қайсар ва танбаллигини тан олишди. Ўзаро шивир-шивирдангина иборат суҳбат давомида анча қалинлашиб қолишди. Ҳатто, улар Маннопни эртанги «иш»га таклиф ҳам қилишди.

* * *

Шу кеча Манноп Баҳромларникида ётиб қолди. Эрталаб улар Азамат деган ўғрибошининг олдига борадиган бўлишди. Баҳромнинг айтишича, у шаҳардаги энг обрўли кишилардан экан. Ўғрилар топганини Азамат ака билан баҳам кўраркан. Шунинг эвазига Азамат ака уларни яхши-ёмон кунларда қаноти остига олармиш.

Баҳром Маннопни ҳам у билан яқиндан танишриб қўядиган бўлди. Бусиз «иш»га шерик қила олмаскан.

Манноп эрта тонгда туриб ҳовлига чиқди-ю, ўйга толди. Очиғи, бу тўрт йигитнинг биронтасини ёқтирмаганди. Барчалари бир-биридан совуқ ва мақтанчоқ. Қолаверса, кечаги масхаралашлари сира хаёлидан чиқмади. Туни билан аламдан ёниб чиқди.

— Бу ярамаслар мен йўғимдаям устимдан кулишлари аниқ, — кўнглидан ўтказди Манноп. — Ўзларича шерик қилиб олгач, мендан фойдаланмоқчи. Тушингни сувга айт, итлар! Сенлардан бир-икки ёш кичик бўлсам-да, ҳали совунимга кир ювмабсанлар!.. Нима қилсам экан? Раҳим акага секин шипшитиб қўяверсаммикан? Ё шошилмаганим маъқулмикан? Бўшашиб ўтираверсам, булар тағин қайсидир шўрликнинг шўрини қуритишади-ку!.. Йўқ, каллангни ишлат, Манноп!.. Нозима опанинг гапларидаям жон бор. Мендан барибир милиционер чиқмайди. Раҳим акага юк бўлиб юргандан мустақил ишлаганим дуруст. Ҳа, бу нонкўрларга қўшилиб ишлайман. Улушимни ҳам оламан. Кейин чув тушириб кетавераман. Олдин ўша Азаматиниям кўришим, қандай одам эканини, қаерда яшашини билиб олишим зарур. Керак бўлиб қолади…

Нозима опа айтмоқчи, эзгу ишнинг катта-кичиги бўлмайди. Ишқилиб, мени Худо кечирсин!.. Мен қалтис кўчаларга кириб қолдим. Бу кўчага киргандан кейин чиқиб бўлмайди. Майли, пешонамдан кўрарман! Нима бўлганда ҳам, болаликдаги орзум ушалса, бойиб кетсам, энг бадбахт, аблаҳ кимсаларни таъзим қилдира олсам бас.

* * *

Улар таксига ўтириб, кўз очиб юмгунча далага туташган ҳашаматли уйга етишди. Дарвоза олдида ярқираган чет эл машинаси турарди. Манноп бу манзарани эсда сақлаб қолди. Ўша кунлар келса, албатта бундан-да зўр машинани уйи рўпарасига қўяди. Шунда кўрганлар бу кимнинг уйи эканини тахминлаб олаверишади.

— Ҳозир ичкарига кирамиз, — деди Баҳром Маннопнинг қулоғига шивирлаб. — Азамат ака сал жаҳлдорроқ одам. Бўлар-бўлмас гапларни гапириб, қовун тушириб ўтирмагин тағин!

— Намунча ақл ўргатасиз? — уни жеркиб берди Манноп. — Нима, мен лақма ё овсармидим? Менам анча-мунча ҳаётни кўриб қўйганман, «брат»!..

— Кўрамиз, — дея норозиланиб дарвозани қия очди Баҳром. — Азамат ака сиқувга олганда иштонингни ҳўл қилмасайдинг!..

— Бу гап учун қайтиб чиққандан кейин гаплашамиз, — деди Манноп бўш келмай. — Қани, бошлай қолинг энди!..

Улар хоналарга олиб чиқадиган мармар зинага етмай, ичкаридан озғин, узун бўйли, сочлари ўсиқ бир йигит чиқди.

— Ҳа, улуш опкелдингми? — сўради у Баҳромдан.

— Йўқ, кеча бериб кетдим-ку улушни! — норози тўнғиллаб ерга чирт этиб тупурди Баҳром. — Бошқа иш билан келдик.

— Ёнингдаги ким? Нега келди?

— Акахонда иши бориди. Илтимос, айтгин тезроқ! Ишимиз мана мундай зарур!

— Хўп, кутиб туринглар!

Йигит ортга қайтиб йигирма-йигирма беш сониядан сўнг яна қайтиб чиқди.

— Киринглар, — деди ичкарига ишора қилиб. — Бироқ айтиб қўяй, аканинг авзойи бузуқ.

— Тинчликмикан? — пичирлаб сўради ундан Баҳром. — Бирор гап бўлдими?

— Кеча бир ишлари ўхшамабди шекилли. Шундан бери ҳаммани эзаяпти.

Баҳром ёнидаги Маннопга кўз қисиб олди-да, ичкарига бошлади.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here