«Бахтимни кўрмай қолибман…»

1

— Худди ёмон туш кўраётганга ўхшайман. Наҳот шу ишларни мен қилдим? Ўшанда ўзимга нима бўлаётганини англамасдим, тушунмасдим. Оқибатини ўйлаб кўрмасдим. Мени деб фарзандимиз азият чекса ҳам тушуниб етмадим. Чунки барчаси учун аёлимни айблардим, кўришга кўзим йўқ эди уни.

Ҳар куни хотиним билан суҳбатимизнинг қисқача мазмуни шулардан иборат эди: «Бундай ҳаётга чидаб бўлмайди. Бу оқшом уйга келмайман. Дўстимнинг уйида қоламан!» — дердим. Дилбар бунга жавобан: «Эътиборсизлигингиз, дашномларингизга ортиқ чидаб бўлмайди. Келмасангиз, келманг!» — дерди.

Бир куни аёлим билан бўладиган одатий жанжалдан сўнг уйдан чиқдим. Ишга кетарканман, бу муаммоларнинг ечимини ўйлаб бош қотирдим. «Ўн бир йил… Шунча йилдан бери мен хор бўлиб яшаяпман. Тоқатим қолмади. Бундай яшашни хоҳламайман. Лекин… лекин болалар-чи? Болалар? Уларга нима бўлади? Кел, яхшиси, бошқа аёлга уйлана қоламан. Мени тушунадиган, ҳурмат қиладиган, қараганимда кўзларимни қувнатадиганига уйланаман!» Хаёлимдан тинмай шу фикрлар ўтарди. Ўзим таниган-билган аёлларни кўз ўнгимга келтирдим. Тўсатдан хаёлимга Лобарнинг исми келди-ю, таққа тўхтадим. «Эй, воҳ, қанийди, у эрга тегмаган бўлганида. У мен билан бир идорада ишлайдиган ҳамкасбим Расулга турмушга чиққан. Лобар ҳам ҳамкасбим. Биз билан ишлайди. У жуда гўзал, ораста. Унга қараганда кўзинг қувнайди. Аёл киши шундай бўлиши керак-да!? Дилбар эса… Эҳ,  ундан доим саримсоқ, ошхонанинг ҳиди анқиб туради. Сочлари тўзғиган, чақирсам ошхонадан овқат иси ўрнаб қолган кийимларида чиқиб келади. Эҳ-ҳе қандай қилиб шунча йил яшадим-а?! Шулар ҳақида ўйлаб, ишхонамга кириб келдим. Ўзимча гўзал аёлларни тасаввур қилиб, ашула хиргойи қила бошладим ва бехосдан нигоҳим ҳамкасбим Расулга қадалди. У афтодаҳол, хўмрайган, кайфиятсиз ўтирарди. Тезда ўртоғимдан нима бўлганини сўрадим. Ундан бундай жавобни сира кутмагандим, эшитиб, турган жойимда қотиб қолдим.

— Эй, дўстим, нимасини айтай?! Хотиним билан ажрашдик.  Бугун суд бўлди.

Мен: «Қандай қилиб шундай аёл билан ажрашасан? Эй, аҳмоқ, одамларнинг сенга ҳасади келарди-ю сен бўлсанг… Сенга ҳайф  шундоқ аёл, а?!» дедим ичимда ва ажралишнинг сабабини сўрадим.

Расул деди:

«У билан ортиқ яшашга мадорим қолмади. У ўта совуққон, худбин. Уни ўзидан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмайди. Мен учун эмас, кўча учун ясанади. Лобарга бошқаларнинг у тўғрисида нималар дейиши муҳим. Ҳақиқатан, у гўзал, ораста. Лекин булар мен учун эмас. Одамлар кўриши учун. Мен унга пул бераман. У ўзини безайди. Менинг ўрнимда бўлмаган киши аҳволимни тушунмайди. Лобар узун тирноқлари, бармоқларига шикаст етишидан қўрқиб, ошхонага умуман кирмайди. Доим тайёр таомларни сотиб олиб еймиз. Уйнинг тозалигию, уйилиб ётган кир кийимлар билан ҳам иши ҳам йўқ. Майли, буларга чидайман. Лекин менинг борлигимни ҳис қилмаслиги, икки хил табиат эгаси эканимиз, уйга киришга тоқатим қолмагани мени чарчатди. Аёлим ўз маошини пардоз-андозга ишлатса, меники ҳам унга, ҳам тўловлару тайёр овқат, уйни тозаловчи ходимларга кетади. Охири буларнинг барчасига чек қўйдим ва натижада ажрашдик.

Буларни эшитиб, «Эй, Худойим, Лобар каби бир аёлни орзу қилибман-а?! Кўзларим бунча кўр бўлмаса? Мен энг яхшисини топишим керак. Ўқимишли, ақлли, мени тушунадиган, мазмунли суҳбат қура оладиган, қувноқ бўлсин! Ҳа, шунақасини топишим керак», деб ўйладим. Уйга қайтарканман, таниш аёлларни яна хаёлимдан ўтказдим. Раъно эсимга тушди. «Эҳ-ҳе, нега олдинроқ эсимга келмади-я? Раъно синглимнинг дугонаси. Олий маълумотли, ақлли аёл. Муҳим мавзулар тўғрисида кўп тортишганмиз. Унинг фикрлари мени қойил қолдирарди. Тўхта, у турмушга чиққанми-йўқми, шуни билиш керак! Агар турмушга чиқмаган бўлса, менга рози бўлармикин? Яхшиликка шошилган яхши! Синглимга қўнғироқ қилиб сўрайман!»

Дарҳол синглимга қўнғироқ қилдим. Салом-аликдан кейин Раъно ҳақида суриштирдим. Синглим ҳайрон бўлиб:

— Тинчликми, ака? Раънони эслаб қолибсизми? У бечора турмушга чиққанди. Кўп яшамасдан ажрашди. Эри тўғри қилди ажрашиб. Доим ҳамма нарсада тортишадиган аёлнинг нима кераги бор? Фақат ўз фикрини маъқуллайди. Бундан ташқари, фақат ўзини ақлли, ўта доно, деб билади. Бундай аёл билан ажрашиш керак эди. Ўзи ҳам шуни хоҳлади. Нима эмиш, иккинчи маротаба докторликни ёқлаши учун турмуш халақит қилармиш?!  — деди.

«Эҳ, бугун қанақа кун бўлди? Майда-чуйда нарсаларгаям тортишаверадиган хотин менга керакми? Эй, Аллоҳим, Ўзинг ёрдам бер! Энди нима қилдим?!» дея ўйланиб, уйга кириб бордим. Дилбар яна ошхонада ивирсирди. Сув ичиш учун ошхонага кирдим. Кичик ўғлим Дилбарнинг ёнида ғингширди. Негадир ўз-ўзидан асабийлаша бошладим ва унга қарата: «На уй ишларини эплайсан, на болага қарашни», дея ёзғирдим. Аёлим аввал менга қараб қотиб қолди, кейин асабийлашди. У билан ажрашишимни, ортиқ бундай яшай олмаслигимни айтдим. Жанжалимиз борган сари авжига чиқди. Шунда Дилбар бехосдан чойнакни туртиб юборди. Қайноқ сув эмаклаб юрган болажонимнинг устига тўкилди. Хотиним додлар, ўғлим тинимсиз йиғларди. Кўз олдим қоронғилашиб, нима қилишни билмай қолдим. Ҳаммасига мен айбдор эдим. Бироқ буни тан олиш осон кечмади. Дастлаб бўлиб ўтган ишларда аёлимни айбладим. Кейин виждоним қийналиб, гўё дўзах оловида ёна бошладим…

Ўғлимнинг аҳволи бироз яхшилангач, касалхонадан чиқдим. Кимсасиз жойга боргим келди. Машинамни соҳил бўйида тўхтатиб, балиқ овлаётган икки кишига қарадим. Улар сабр билан балиқ илинишини кутишарди. Ёдимга Дилбар келди. Энди турмуш қурган пайтларимизни эсладим. У бамисоли нозик ниҳол, латофатли, хушбўй гулга ўхшарди. «Эҳ, Дилбар, нега шунчалар ўзгариб кетдинг, а? Ўша дамлар биз жуда бахтли эдик. Суҳбатимиз соатлаб давом этарди. Бир-биримизга талпинардик. Мен уни севардим. Йўқ, йўқ, мен уни ҳалиям севаман! У энг қийин кунларимда ёнимда бўлган. Қийинчиликларга сабр қилган. Менга далда берарди, йўғимга ҳам, боримга ҳам чидарди. Чурқ этмасди. Энди нима ўзгарди? Қани ўша саодатли кунларимиз? Дилбар нега бошқача бўлиб қолди?.. Тўхта, ахир ўзинг эмасми, ўзгарган? Аёлинг билан ишинг ҳам йўқ. Улфатларинг билан кетасан! Ҳар қанча жимжимадор гапларинг бўлса, кўчанинг нозанинларига ишлатасан! Қачон охирги марта унинг ҳол-аҳволи билан қизиқдинг? Қачон ундан нима кераклигини сўрадинг? Охирги марта нима совға қилганинг эсингдами? Қачон сўраса, чарчагансан. Ҳа, деса, ишинг бор. У бояқиш қачонгача бу ҳолатингнинг тугашини кутади?

Аллоҳ менга меҳрибон, солиҳа, раҳмдил аёлни берган. Мен бўлсам, кўчадан фароғат излаб юрибман…

Энди ўзимни айблашдан фойда йўқ. Ўғлимиз қаттиқ куйган, тузалишига анча вақт керак экан.Аслида, бахтим тўкис экан. Мен эса беъмани ўй-хаёллар билан ҳаётимдан нолиб юрибман. Шу қадар худбинлашиб кетибман-ки, кўзим очилганида кеч бўлди. Бегуноҳ болам касримга қолди. Ношукрлик қилиб, Худонинг қаҳрини келтирдим чоғи. Фалокат юз берди. Энди  гуноҳимни қандай юваман, ўзимни қандай оқлайман?

ШЕРЗОД

Андижон

Иқбол АДИЛОВА, руҳшунос:

— Ҳаммамиз ҳам хато қиламиз, адашамиз. Ҳар ким бахтни ўз кўзи билан кўради. Ўз қаричи билан ўлчайди. Баъзан ўзимизга ҳам бахтимиз кўринмай қолади ёки шунчаки арзимас бир нарса бўлиб туюлади. Бахт қуши деган таъбирнинг мавжудлиги бежиз эмас. Бахт ҳам шу кишига ҳамиша йўлдош бўлавермайди. Бахтиёрлик кўп ҳолларда кишини худбинликка, манманликка етаклаши мумкин. Ана шунда жар ёқасига келтиради-ю, ўзи ғойиб бўлади. Киши: «Бахтим қайдасан?» деб чапак чалиб қолаверади. Ҳаётдан маълумки, жарга қулаганлар ҳам учрайди. Эси бутун одамлар эса ўзини асраб қолади. «Бахтингни қўлдан берма», деган гапни мен: «Манманликка берилма, худбин бўлма», деган маънода тушунаман. Бахт зарралардан ташкил топади. Масалан: эрталаб дастурхонимда нон туриши бахт. Нонни емай, исроф қилишлик эса худбинлик. Ҳар тонг аҳли оиламизни, қўни-қўшнимизни, қариндошу дўстларни соғ-омон кўрмоқлик бахт. Улардан бирининг кўнглини оғритиш эса худбинлик… Заргар тилла зарраларини тўплаб, чиройли узук ясаса-ю, уни бир онда йўқотиб қўйса… Одам бахтини ана шундай машаққат билан топади, осонлик билан йўқотади. Энг муҳими, хатоларни вақтида англаш! Ҳаммасини қайтадан бошлаш мумкин.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

1 ТА ФИКР

  1. Менам уйлаб коламан гохида олий малумотли уй бекаси турт фарзанднинг онасиман.Малумотим була туриб узимга яраша хусним кадди коматим Бор деб уйлайман мени уйда утиришимни хохлаши гашимни келтиради .Хужайиним бн аразлашиб уришиб коламан шу масалада уйлаб карасам менинг бахтим шу эмасмикан

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here