«Даюс! Ўз синглингга ичириб қўясанми?!»

0

Шуҳрат ака машина эшигини очган уй хизматчисини бир туртиб юборди-да, уйига қараб отилди. Ўзини қўярга жой топа олмаётган эркак ҳадеб ҳансирар, кўзлари ола-кула бўлган кўйи бақирарди.

— Салима! Салима, дедим!

— Ҳай-ҳай, секин! — дея ичкари уйдан югуриб чиққан аёл ухлар чоғда ҳам ялтир-юлтир кийиниб олганча эрига яқинлашди.

— Нега бир чақирганда чиқмайсан, а?! — деди Шуҳрат ака бўйинбоғини бўшатаркан. — Қани, ўғил-қизинг?

— Вой, бунча бақирасиз? — деди кўрсаткич бармоғини лабига босиб «жим» ишорасини қилган аёл.

— Сенга болалар қаерда деб савол бердим?! — деди жазавага тушишни бошлаган эркак. — Гапир, ҳалиям кўчада тентираб юришибдими?!

Шуҳрат аканинг хуноби ошиши бежиз эмас эди. Кунора ўғли туфайли бўлиб турадиган жанжаллар, она сути оғзидан кетмаган ёшгина қизининг хурмача қилиқлари эркак юрагига анча-мунча тош чўктириб улгурган. Игна билан қудуқ қазигандай йиллар давомида тўплаган обрў-эътиборини ер билан яксон қилаётган фарзандлари нобопроқ чиққан эди.

Мана, бугун ҳам эркак танишларидан ўғлининг бир ресторанда кўрсатган томошаси ҳақида эшитган ва шу сабаб уйи томон елдай учиб келди. Шуҳрат ака ўзини босолмас, хотинининг аврашларига қарамай, гоҳ қизининг, гоҳ ўғлининг телефон рақамини терарди.

— Йўқ, булар мени жинни қилмоқчи! — деб эркак қўл телефонини зарб билан яқиндагина таъмирдан чиққан уй деворига отди. — Иккаласининг ҳам телефони ўчирилган!

— Уйга кирайлик, дадаси, кейин бафуржа…

— Судрайверма, кирмайман! — дея бақирди Шуҳрат ака ва сўкинди. — Жин урсин, минг лаьнат! Ахир соат тунги бир ярим-ку?!

— Дадаси, юришгандир-да…

— Ҳей, менга қара! — хотинига ўдағайлаган эркакнинг кўзлари энди косасидан чиққудек даражада катталашганди. — Сен қандай онасан ўзи, ўғлинг-ку, майли, ўғил бола, лекин қизинг-чи, қизинг қаерда юрибди, а?!

Салима опа жим бўлди. «Етиб келди, энди гапирсам аниқ уради. Чиндан ҳам бу ярамаслар қаерда юрибдийкин?». Аёл энди нимадир демоқчи эди ҳамки, ташқарида машинанинг чийиллаб тўхтаган овози эштилди. Машинанинг ёқилган чироқлари очиқ дарвоза узра Шуҳрат ака билан Салима опанинг юзига тушгани сабаб улар дастлаб ким келганини англолмай қолишди. Сўнг баҳайбат соялар кичрайиб, гандираклаганча бир-бирига ёпишиб, базўр қадам босаётган ака-сингиллар экани аниқ бўлди.

Шароф ва Бону остонадан ҳатлашаркан, ҳадеб ҳиринглашишар, ора-сирада баравар «тис-с-с» дея оғизларини беркиташарди-да, яна хандон отиб кулишарди. Қиз баланд
пошнали туфлисида қайрилиб кетаверар, ҳар йиқилаёзганида тағин куларди. Шароф ҳам Бонудан кам қоқилмади.

— Ия, дадажон, ойижон, ухламадингизми?..

Ғўлдираб гапирган Шароф қаршисида ота-онасини кўриб, бироз ҳушёр тортди-ю, лекин  гапиришини ўзгартиролмади.

— Қаерларда юрибсан, ароқхўр?! — Шуҳрат ака шу қадар бақирдики, асабдан кўзлари пирпираб кетди. — Ўзинг дайдиганинг етмагандай синглингни ҳам…

— Уфф, дада, нега бунча фарёд соласиз? — Бону шу пайт оёқлари чалишиб йиқилиб тушди.

— Қизим, қизим!

Чинқириб юборган Салима опа қизига яқинлашишга уринганди ҳамки, Шуҳрат ака бақувват қўллари билан аёлини тўхтатди.

— Сен мастмисан?! — деди эркак рафиқасини тўсиб турган ҳолатда қизига анграйиб. — Сен ҳали…

Шуҳрат ака гапиролмай қолди. Зотан, гапиришга ҳожат ҳам йўқ. Ерда чўзилиб ётган қизи ўзини билмай пишиллаганча ухлаб қолганди. Шароф эса синглисининг тепасида «Тур, ҳей, нега ётволдинг!» дея бидилларди.

Шуҳрат ака ортиқ Салима опани ушлаб туролмади, бунга ҳафсаласи ҳам етмасди. У бир-бир қадам ташлаб кўчага чиқди-да, ҳайдовчисидан калитни олиб, машина рулига ўтирди. «Нима учун, қайси гуноҳларим учун бундай нобакор фарзандларни менга ато қилдинг, эй, Роббим? Қаерда хато қилдим? Тарбияни тўғри бердим, ёшлигидан назорат остида ушладим. Лекин улар қачон ўзгарди?!». Эркакнинг қўли рулда, кўзлари ҳеч тугамайдигандек кўринадиган йўлда-ю, бироқ хаёллари…

Ҳовлида эрта тонгдан қушлар сайрай бошлади. Уй хизматчилари ҳар тарафга сув пуркаш, нонушта тайёрлаш, боғ ва ҳовлини тозалаш билан овора. Кечаги дилхираликларни унутишни истаган Салима опа гарчи қалбида алланечук кемтиклик, ғашлик турганига қарамай барини ортга ташлаган. Очиқ ҳаводаги дастурхон иштаҳани очиб юборувчи неъматларга тўла, ҳамма нарса тахт. Салима опа хонасидан чиқиб келаётган фарзандларини кўрди-ю, яшнаб кетди.

— Болажонларим, кўзимнинг нури, ҳаётим мазмуни!

Аёл икки фарзандининг қўлидан тутиб олган, кечаги воқеаларни эслашни ҳам, эслатишни ҳам истамайди. Бону ва Шарофнинг эса кўзлари шишган, юзи тунд, пешоналари бош оғриғи сабаб тиришган.

— Болаларимга муздек шарбатдан қуйиб беринг, ўзларига келишсин.

— Болаларинг заҳарни ичсин!

Ҳовли ўртасидаги оила аъзолари ўтирган айвончага яқинлашиб келаётган Шуҳрат ака ҳайқирди. Салима опа ҳам, болалар ҳам ўрнидан даст туришди.

— Дадаси, қўйинг энди, ўтган ишга саловат.

— Ўғлинг кўчада муштлашиб биринчи марта қамалган куни эсингдами? — деди Шуҳрат ака хотинига кескин қараркан. — «Дадаси, ўтган ишга саловат», дединг, индамадим. Қизингнинг ўғил бола дўстлари уйгача келишди, «Ўзгаради» дединг, индамадим. Ўғлинг чекишни, ичишни, кўча қизларининг ортидан итдек эргашиб юришни бошлади. «Йигитчилик» дединг, яна индамадим. Қизинг уйдан пул ўғирлади, юриш-туриши айниди, «Қўйинг, дадаси, ёлғиз овунчоқларимиз» дединг, тағин индамадим!

Шуҳрат ака ўз оғзидан чиқаётган гаплардан, аччиқ ҳақиқатлардан ўзи уялар, эҳтимол, шу сабаб ҳам юраги санчишни бошлаганди. Гапида тўхтаб қолган эркакнинг оёқларидан мадор қочиб, стулга ҳолсиз ўтирди ва чуқур уҳ тортди.

— Аммо кеча, қизимизнинг маст аҳволи…

Шароф ва Бонунинг эса энсаси қотарди.

— Бунча кўпиртирасиз, дада, кўнгилхушликнинг нимаси ёмон?!

— Мараз! — бақириб юборди ўрнидан туриб кетган Шуҳрат ака. — Сен ҳам эркакмисан, а? Ўз синглингга ичириб қўясанми, ҳезалак?!

— Замондан орқада қолиб кетгансиз, нимаси ёмон бироз хурсандчилик қилсак, кап-катта қиз-ку!

— Ў-ў, ит, синглинг сенинг номусинг-ку, ахир!

Шуҳрат ака дастурхон устидаги идишларни зарб билан улоқтирди-да, нола қила бошлади:

— Эй, Худо, бу даюсни нима қилсам бўлади, қандай эркак бўлди бу?!

— Етар! — гапга аралашди Бону. — Бу менинг ҳаётим, сиз аралашманг, жонимга тегди ҳаммаси!

Жанжал шу ерда тўхтади. Салима опа йиғлар, эрининг гаплари тўғрилигини биларди-ю, бироқ тинчлиги йўқолаётганидан дили хуфтон эди. Аслида, аёл болалари ўзгараётганини анча аввал пайқаган. Лекин оналик меҳри устунлик қилибми ёки бу ҳолатларни шўхликка йўйибми, кўз юмиб келаётганди. Мана, энди оиладаги вазият кескинлашаётгани онанинг юрагини эзишни бошлаган. Бироқ аёл эричалик куйинмасди. Ҳаммадан ҳам Шуҳрат акага оғир. Эркак фарзандлари туфайли тобора юзи ерга қараётгани, таниш-билишлари олдида обрўсизланаётгани учун у қадар сиқилмаяпти, балки уни кети узилмас саволлар қийнарди, холос.

— Улар ёшлигидан бекорчи бўлишмади-ку, Салима!  — дея юрагини чангаллаган Шуҳрат ака хотинига ожиз қиёфада боқди.  — Спортга, пишир-куйдирга, турли машғулотларга эътиборини жалб қилдик, ким билан дўстлашаётгани, орзу-истакларига бефарқ бўлмадик, мудом улар билан дўстона алоқа ўрнатишга уриндик! Нима учун тақдир болаларимизни энди мутлақ ўзга йўллардан олиб кетяпти, а? Нега?

— Дадаси, юрагимни сиқманг!

— Эҳ, Салима, Салима! — кўзларини юмиб олди Шуҳрат ака. — Доим ҳақиқатга қарашдан қочасан!

Мавзу ёпилди. Ёпилмасдан бошқа йўли бормиди? Аллақачон ақлини таниб улгурган болаларга гап билан ақл ўргатиш бефойда. Бўйи чўзилиб қолган бу икки фарзандни уриб, қўрқитиб тарбиялашнинг ҳам иложи йўқ. Кунлар шу тариқа ўтаркан, Бону ва Шарофнинг дайдишлари тўхтамади, аксинча, авжига чиқди.

— Ўртоқлар, биз доим ишчиларга ўрнак бўлишимиз керак. Ҳар томонлама яхши намуна кўрсатишимиз шарт. Сиз, — деди мажлисда нутқ сўзлаётган Шуҳрат ака Азамат исмли ҳамкасбига қараб, — ишингизни қойиллатинг-да, кейин ўйин-кулги қилинг.

Шуҳрат ака қўлини ниқтаб гапирар, иш унуми тушиб кетгани учун айнан Азамат исмли ходимни айбларди.

— Мен қўлимдан келганича ҳаракат қиляпман, — деди ҳамманинг ёнида изза бўлган ходим тишларини ғирчирлатиб.

— Ҳаракатингиз сезилмаяпти! — овозини баландлатди Шуҳрат ака. — Ҳадеб тунги клубларда юравермасдан зиммангиздаги вазифани уддаланг ёки ишни топширинг, бошқасига берамиз.

— Тунги клубларда юрганимни ким кўрибди? — деди асабдан титраётган Азамат. — Ўғлингизми?

— Нима?! — Шуҳрат ака столдаги ҳужжатларини олди-да, вазият ёмонлашмасдан кетиш пайига тушди. — Сиз ишдан бўшадингиз!

— Ҳақингиз йўқ! — Шуҳрат аканинг ортидан бақирди Азамат. — Ҳақиқат аччиқ эканми, а? Нима, бутун шаҳарга донғи кетган беҳаё қизинг кўрибдими мени ўша клубда?! Қаерга қочяпсан, жавоб бер!

Шуҳрат ака бўйинбоғини бўшатиб, йўлак бўйлаб тез-тез юриб кетаркан ортидан айтилаётган сўзларни аниқ эшитди. У ортиқ бундай ҳақоратларга чидолмайди, ортиқ фарзандларининг бундай нобакорликларини кўтаролмайди.

— Салима, Салима!

Салима опа эрининг кўчадан бақириб киришларига ўрганиб қолган, аммо бу гал хижолатли қиёфада эрини қарши олди.

— Секин, дадаси, секин! — деди аёл пичирлаб. — Ичкарида ҳожи бобонгиз ўтирибди, меҳмонга келибди.

— Ҳожи бобом?!

Шуҳрат ака бу инсонни яхши эсларди. Ёдида, ёшлик чоғлари катта боғда мана шу инсоннинг кетмонига осилиб юрар, унинг олмазори узра қувлашмачоқ ўйнаб, гўзал болалик чоғларини ўтказган. Бу одамнинг ҳам дунёвий, ҳам диний илми ниҳоятда кучли экани сабаб, одамларнинг бари бир овоздан «Ҳожи бобо» деб чақиришар, Шуҳрат ака ҳам гарчи амакиси эканига қарамай шундай атарди.

— Ассалому алайкум, ҳожи бобо! — дилидаги ғуборлари бирдан тарқалган эркак амакисини маҳкам бағрига босди.

Қариянинг юзидан нур таралар, доимгидай камгап, камсуқум, кенг феьл. Оппоқ яктагига ҳамоҳанг оқ соқоллари кўксига тушган, анча қарибди-ю, бироқ ҳамон ўша-ўша салобатли. Улар обдан сўрашишди. Шуҳрат ака неча йиллардан бери амакисидан хабар ололмагани учун ўзини оқлаш пайида деди:

— Ишлар кўп, ҳожи бобо, шаҳарда ҳаёт қайнайди, ўтаётган кунлар бир зумдай, шу сабаб сиздан хабар ололмадик.

— Албатта, ўғлим, тушунаман!

Ҳожи бобо жилмайиб тураверди. Шуҳрат ака гарчи узоқ йиллар дийдорлашмаганига қарамай, бу инсоннинг, айнан шундай жилмайиши ортида улкан маъно ётишини билади.

— Оббо, ҳожи бобом-э, бир келибсиз-да, ҳозир зиёфатни ташкилаштириб юборамиз!

— Ўтир, болам, сенга гапим бор.

Шуҳрат ака бироз хижолат чекиб ўтирди.

— Биласанми, бир неча кун аввал анча йиллардан буён кўрмаган танишимни кўриб қолдим. У икки фарзанди билан бир аҳволда яшаётган экан. Шу ҳолларига қарамай улар бахтли. Фарзандларининг ҳар иккиси ҳам ўз билими билан олий ўқув юрти талабаси бўлишибди-ю, лекин шартнома пулини тўлолмаганлар сабаб ўқишни ташлашмоқчи экан. Бир пайтлар ўша эркак олди йигитлардан эди, лекин унга дўсти хиёнат қилди, ҳақини еди. Мен ўша хиёнаткор йигитни танирдим, яхши танирдим!

Қария гапиришдан тўхтади ва қатъият мавж уриб турган кўзларини жиянига тикди.

— Ҳаром луқма шундай нарсаки, бир чимдим бўлсин болаларингга едирсанг, қонига сингади ва ота-она қанчалар доно, оқил, юксак тарбияли бўлмасин, болаларнинг онги ва хулқида мутлақ бошқа табиат акс этади. Ҳаром аралашган луқманинг кучи мана шунақа болам, қонга сингийди, қонга!

Шуҳрат ака тилини тишлаганча, лом-мим деёлмасди. У амакиси нимага шаъма қилаётганини жуда яхши тушунган эди. Хотиралар ўз гирдобига олиб кетганди уни. «Ҳожи бобом Анвар ҳақида гапиряпти. Ҳа, эсимда, Салиманинг гапига кириб энди иш бошлаган кунларимиз уни алдадим, дўстимга хиёнат қилдим. Ҳа, мен болаларимга ҳаром едириб қўйганим учун… Ҳа, ҳаммаси шу сабаб… Ахир ўша йиллар Шароф ва Бону олдинма-кетин дунёга келишганди. Эҳ, ҳожи бобо, биласиз, ҳамма дардимни биласиз…»

Қария ўйланиб қолган жиянига бироз қараб турди-да, кетишга чоғланди.

— Ия, қаерга, ҳожи бобо?

— Уйимга, болам.

— Ахир шунча узоқдан келиб-кетасизми? Йўқ, ҳалиги, зиёфат, зиёфат-чи?!

Қария жиянига қараб, кулди.

— Болаларингни олиб, биз томонларга бор, энди нима қилишни биласан, қарзингни тўла. Зотан, ҳечдан кўра кеч.   Ҳа, айтгандай, эшик орқасида йиғлаб ўтирган Салимани ҳам олиб бор.

Ҳожи бобо кетди. Салима ҳамон пиқиллаб турар, Шуҳрат ака эса: «Анвар болаларинг, албатта, ўқийди, ночорлигинг ҳам тугайди», дея дилидан ўтказарди.

Моҳигул
ДИЁРХЎЖАЕВА

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here