Мафия сардори (82-қисм)

0

* * *

Шаҳло ойисини остонада кўриши билан ранги докадек оқариб кетди. Нима деярини билмай киприкларини пирпиратди. Худди махлуққа дуч келган одамдай оёқ-қўллари қалтирай бошлади.

— Вой, менинг эрка қизим, югуриб келиб бўйнимга осилмайсанми? — деди мутлақо кутилмаганда Хонзода қучоғини очиб.

Шаҳло аввал ёнида ўзи каби нима қиларини билмай турган Наргизага, сўнг ойисига қаради. Қулт этиб ютинди.

— Соғиндим-ку, қизгинам. Нега келмайсан ёнимга?!

У гапини шунақанги майин оҳангда дард билан айтдики, Шаҳло ортиқ чидаб туролмади. Оқсоқланганча олдинга бир қадам босди. Шуни кутиб турган Хонзода югуриб келиб қизининг юз-кўзларидан ўпди. Сўнг маҳкам бағрига босаркан:

— Бир ҳафтага қолмай оиламиздагилар бир жойга тўпланади. Аввалгидай эрталаб, кечқурун бирга овқатланамиз, суҳбатлашамиз. Даданг-чи, худди ёшлигингдагидай ҳар куни ўйинчоқлар олиб келади. Маза қилиб ўйнайсан, хўпми, ўзимнинг асалим?! — дерди кўзидан дув-дув ёш оқизиб.

— Ойижон, бўлди, қийналиб кетдим. Унақа деманг, ҳаммаси яхши бўлади, денг, етади шунинг ўзи!

Қолган ҳаммаси рисоладагидек кечди. Худди Хонзода бирон ёққа кетган-у, келса, қизининг оёғи гипсда. Камига уйига меҳмон келиб ўтирибди. Ҳам юраги азобда, ҳам хижолат чеккан онаизор нима қиларини билмай қолган.

У шоша-пиша кўз ёшларини артди. Сўнг меҳмонларга қараб жилмайди. Аввал Фотима опанинг ёнига борди. “Узр, озгина ноқулайлик бўлиб қолди”, деди. Фотима опа жудаям ҳайратда эди. У Хонзодадан бунақа муомалани мутлақо кутмаганди. Унинг овозини эшитган заҳоти Фарангизга қараган ва кутилиши мумкин бўлган жанжалдан хавфсираб чора ахтара бошлаганди. Муроднинг кетганидан ҳам ич-ичидан хурсанд эди. Бўлғуси қудасининг юзидаги табассумни кўрганидан кейин эса, ўғлини шу ерда эмаслигидан афсусланди. У биринчи бўлиб Хонзодани бағрига босди. Дори ва аллақандай захнинг ҳиди бурнига урилди. Бироқ жирканмади. Сўрашди. Хонзода узр сўраши лозим бўлган бирорта ҳам иш бўлмаганини айтиб, унинг кайфиятини кўтаришга уринди. Ҳатто Хонзоданинг шу аҳволда кириб келганига ич-ичидан ачинди.

Хонзода шу уйнинг бекаси бўлса-да, Фотима опа қизи Наргизага тезроқ бориб чой қўйишни буюрди. Шу билан Хонзодани озгина хурсанд қиламан, деб ўйлаганди. Бироқ унинг бўлғуси қудаси ичидан зил кетди. “Ҳали сен менинг уйимга келиб, рухсат сўрамай қизингни ошхонамга киритаяпсанми?” деб хаёлидан ўтказди. Бироқ ичидагини ошкор қилмади. Ичидаги қурум ташқарига табассумга айланиб чиқди. Худди шайтон зумда гўзал маликага айлангани каби.

— Майли, ёшлар ишга келади-да, — деганча нафратга тўлиб-тошган нигоҳини овсинининг кундошига бир қадаб олди-да, — мен бошқа жойдан келаётгандим. Дарров ювиниб чиқай, сизлар бемалол ўтириб туринглар, худди уйларингда ўтиргандай, — деди.

Унинг сўнгги гапида кесатиш оҳанги бор эди. Бироқ на Фарангиз ва на Фотима опа тушунди. Буни Шаҳло англай оларди. Бироқ уям ошхонада эди.

Ярим соатлардан кейин бутунлай бошқа қиёфадаги Хонзода меҳмонларнинг ёнига келди. Қайтадан сўрашди. Алоҳида-алоҳида илтифот кўрсатди. Ундан кейин янги тушган келиндай бир қўлини кўксига қўйиб, хиёл эгилиб: “Сизлар бемалол гаплашиб туринглар, мен озгина жиз-биз қилиб бераман, ош ундан кейин”, деди.

Унинг сўзларига биров эътироз билдиролмади. Фарангизни эса қўрқув боса бошлади. У агар баҳор ёки куз фаслида кун ҳаддан зиёд исиб кетса, албатта, эртасига ёмғир ёки қор ёғишини биларди. Шу боис эртароқ кетишини айтмоқчи бўлди-ю, аммо сўзлашга улгурмади. Хонзода дарров чиқиб кетди.

Хонзода нафақат ош дамлади, балки ҳожатхонага кириб, овсинига қўнғироқ қилишни ва унга меҳмонлар келганлигини айтишни ҳам унутмади. Фароғат: “Дарров бораман”, деганидан кейин унинг шодлиги икки ҳисса ошди. Юраги қувончдан ёрилгудай бўлган аёл меҳмонларнинг ёнига аввалгидан-да хушчақчақ ҳолда келиб, Фарангиз билан Фотима опанинг олдидаги буғи чиқиб турган чойни бошқа идишга тўкиб, янгисини қуйиб берди. Сўнг ёнгинасидаги стулда ўтирган Фотима опанинг елкасини силади.

— Сизнинг олдингизда жудаям хижолатдаман. Ҳалигача ўзимга келолганим йўқ. Одамда шунақанги ўзгариш давриям бўлиб тураркан-да. Хафа бўлмайсиз энди, — деди.

— Сиз мени хафа қилганингизни сираям эслолмадим, қудажон. Худога шукур, ўғлимнинг диди чакки эмаскан, Шаҳлохоннинг қўли гул, ўзиям бирам одоблики, бировларга айтишга, мақтанишгаям қўрқасан, кўз тегиб қоладими, деб. Умрингиздан барака топинг, шунақа ажойиб қиз тарбиялабсизки, ишқилиб, қўшгани билан қўша қарисин, — дея Хонзоданинг янаям кўнглини кўтаришга, уни хижолатдан чиқаришга ҳаракат қила бошлади Фотима опа.

Фарангизнинг эса ич-этини нимадир тимдалар, нафас олишга қийналарди. У эртароқ бу ердан кетгиси келар, аммо тайинли сабаб тополмай қийналарди.

Бу пайтда Фароғат тошойна қаршисида ўзига оро бериш билан овора эди. У кутилмаганда Хонзода қўнғироқ қилиб, уйига таклиф қилганига ҳайрон қолди. Чунки жиннихонада ётган одам у ёқдан чиқиб келиши ва ҳеч нарса бўлмагандай сўзлаши унинг учун ғайритабиий туйилди. “Бир касофатни бошлаган, менимча, қочиб келган… Эҳтимол, уйида… Шошма, қизи унинг рухсатисиз қаланғи-қасанғиларни тўплаб олганидан… Меҳмонлар деди-ку”, дея хаёлидан ўтказди аёл ва шу заҳотиёқ ўзига оро беришдан тўхтади. “Келиб-келиб, ялангоёқлар билан бирга ўтираманми?.. Садқайи улар учун ажратадиган вақтим”, дея ўзига-ўзи гапирди. Сўнг ўрнидан туриб, кўзгу қаршисидан узоқлашмоқчи бўлди-ю, ички бир қизиқиш тағин бўянишга мажбур қилди.

У Хонзода айни ошни сузаётган чоғда етиб борди.

— Вой, ўзимнинг овсингинамдан ўргилай, — деди Хонзода уни кўриши билан лабида табассум пайдо бўлиб, — раҳматли қайнонам бекорга яхши кўрмасдилар-да сизни?!

— Ҳаҳ, сабил, — деди Хонзодага қўлини узатган Фароғат, — қозон ёнида гўрида чиригурни эслатмасангиз бўларди.

Хонзода ҳиринглаб кулди.

— Жа ўзгачасиз, худди қизингиз қолиб, сизга совчи келгандай, — деди кўзининг ости билан қараган Фароғат.

— Ҳали қариб қолганим йўқ. Керак бўлса, — Хонзода эшик томонга қараб олди-да, кейин овсинининг қулоғига деди, — унча-мунчасини чарчатиб қўяман.

Бирдан хандон отиб кулиб юборган Фароғат:

— Ўлманг сиз! — деди баланд овозда.

— Тисс! — деб лабига бармоғини қўйган Хонзода кўзи билан меҳмонхонага ишора қилди.

— Кимлар келди? — сўради дарров жиддий тортган Фароғат.

— Сиз сўраманг, мен айтмайин, — шивирлади Хонзода, — бечоралар иккита юмшоқ гапимдан оғизлари қулоғида бўлиб ўтиришибди. Бориб сиз ҳам бир гаплашинг… Айтганча, сизга тааллуқлиси ҳам бор.

— Вой, менга қанақа тааллуқлиси бўлсин?

— Тавба, ошхонага тўғри кириб келмай, аввал меҳмонхонага ўтмайсизми, кўрардингиз. Борсангиз шунақанги янгилик кутаяптики, даҳшат! Овсинжон, сиз меҳмонларни яхшилаб суриштиринг, ажабмас, бирортаси қариндошингиз чиқиб қолса.

— Йўғ-э, — дея киприкларини пирпиратди Фароғат, — Хонзодахон, илтимос, топишмоққа айлантирмай очиқроқ айтинг. Кимлар келишган?

— Секрет, овсинжон. Менимча, узоқ вақтлардан бери сиз билан учрашишни ният қилиб юрган ёки ўзини танитмасдан сизнинг кимлигингизни билиш учун юрган одам…

— Хонзодахон, — деб Фароғат овсинининг қўлидан ушлади, — илтимос, айта қолинг, ҳозир юрагим ёрилиб кетади. Менинг бирор қариндошимми?

Хонзода бир неча сония ўйланган киши бўлиб шифтга термилиб турди. Кейин Фароғатнинг кўзига тик боқиб:

— Мен сизга ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмайман. Овсин бўлганимиз учун тўйимиз ҳам, маъракамиз ҳам бир. Жойи келганда, доим бир-бировимизга елкадош бўламиз. Сизнинг жонингиз ачиса, меникиям ачийди. Тўғри, бошимдан кўп ташвишларни ўтказдим. Худо хоҳласа, ёмон кунларнинг охири кўриниб қолди. Бундан бу ёғига…

— Илтимос, юрагим ҳозир отилиб чиқиб кетади. Худо хайрингизни берсин, менга ёмонлик қилиш ниятида бўлган қандай одам уйингизга келди? Агар менинг душманим бўлса, нега унга ош дамлаб бераяпсиз?!

— Ошни бошқа мақсадда қилдим, айланай. Ҳар қалай, қизимнинг эртасини ўйлашим керак… Майли, тилим бормаётганди-ю, сира қўймаганингиздан кейин айтмасам бўлмайдиганга ўхшаяпти. Келганларнинг биттаси, биласизми, нима деди?

— Нима деди?

— “Бўрон аканинг аёли бўламан”, деди. Мен янглиш эшитдимми, деб қайта-қайта сўрадим. Лекин у бўйнинг узилгур, ҳар сафар шу гапини қайтараверди. Мен овсинимни танимай қопманми? Фароғатхон-ку менинг овсиним десам, тилингга чечак чиққур: “Иккинчисиман”, деса бўладими? Ёқамни ушладим, нима дейишимни билмайман. Одам ҳам шунақанги безбет, беҳаё бўладими?! Бир туки қилт этмади-я! Яна денг, иржайиб-тиржайиб худди мени масхаралаётгандай гапиради! “Нега унақа дейсиз? Бировнинг оиласини бузиб қандай бахт топасиз?” десам, бетинг чиригур: “Бўрон акамнинг бахти менман, у киши шу пайтгача итнинг кунини кўриб келди”, деса бўладими?..

Фароғатнинг кўзлари олайиб кетган, ранги оқарган, тез-тез нафас олар, аъзои бадани қалтираб, пешонасидан тер чиқиб кетганди. Гўё унинг бошига биров гурзи билан урди-ю, у бутунлай карахт аҳволга тушиб қолди. Шундай эса-да, Хонзода эрига, ўзига туҳмат қилганини эслади. “Бу паразит яна бир нимани бошлаётганга ўхшайди”, дея ўйлади ва бироз ўзини босиб, деворга тақаб қўйилган оромкурсига ўтирди. Сўнг пешонасидаги терни артиб:

— Ҳозир бориб, чочини битталаб юламан… Йўқ… Йўқ, яхшиси, сўйиб ташлайман! — дея ўрнидан сапчиб турди. У шу аснода Хонзоданинг юзида ўзгариш бўлиш-бўлмаслигига эътибор қаратди.

— Вой, сира унақа қилманг, — деди қўрқиб кетган Хонзода, — аввал ётиғи билан ўзига тушунтиринг! Тушунмаса, ана ундан кейин мулла акамни сиқувга олинг. “Агар талоғини бермасангиз, мен кетаман”, денг! Аниқ биламан, мулла акам сиз учун ҳамма нарса тайёр… Бу аёл шантаж қилаётган бўлиши ҳам мумкин.

Хонзоданинг гаплари сираям жинниникига ўхшамасди. Демак, у туҳмат қилаётгани йўқ. Ҳаммаси бор гап. Фароғат ҳозир боради-ю, ўша манжалақининг афт-башарасини юмдалаб ташлайди. Ўлдиради!

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Мафия сардори (57-қисм)

Мафия сардори (58-қисм)

Мафия сардори (59-қисм)

Мафия сардори (60-қисм)

Мафия сардори (61-қисм)

Мафия сардори (62-қисм)

Мафия сардори (63-қисм)

Мафия сардори (64-қисм)

Мафия сардори (65-қисм)

Мафия сардори (66-қисм)

Мафия сардори (67-қисм)

Мафия сардори (68-қисм)

Мафия сардори (69-қисм)

Мафия сардори (70-қисм)

Мафия сардори (71-қисм)

Мафия сардори (72-қисм)

Мафия сардори (73-қисм)

Мафия сардори (74-қисм)

Мафия сардори (75-қисм)

Мафия сардори (76-қисм)

Мафия сардори (77-қисм)

Мафия сардори (78-қисм)

Мафия сардори (79-қисм)

Мафия сардори (80-қисм)

Мафия сардори (81-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here