«Нозик маълумотлар»ни овоза қилмаслик учун катта миқдорда пул талаб қилган ҳайдовчи қўлга олинди

0

Миробод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан товламачилик жинояти юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дея хабар бермоқда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.

Хабар беришларича, 10 ноябрь куни шаҳар ИИББга бир аёл ариза билан мурожаат қилиб, бундан бир неча йил муқаддам унинг оила аъзоларига ҳайдовчилик хизматини кўрсатган Бекзод исмли шахс 2017 йил августидан бери унга таҳдид қилаётганини билдирган.

Маълум бўлишича, Бекзод исмли шахс ҳайдовчи бўлиб ишлаган вақтида аризачи аёлнинг қизи эркаклар билан яқин алоқада бўлгани, унда мазкур ҳолатни тасдиқловчи маълумотлар мавжудлигини билдирган.

Айни вақтда, бу маълумотлар сирлигича қолиши учун 12 минг доллар пул талаб қилган. «Акс ҳолда ушбу маълумотларни аёлнинг куёви ҳамда куёвнинг яқин қариндошларига тарқатиб юбориш билан қўрқитган», — дейилади ИИББ ахборотида.

Ушбу ариза асосида 10 ноябрь куни товламачини қўлга олиш борасида тезкор тадбир ўтказилган. Натижада соат 14:30 да, Миробод тумани ҳудудида 1982 йилда туғилган Бекзод Раҳимов талаб қилинган пулнинг бир қисми сифатида 3 минг доллар олган вақти ушланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик, яъни жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, ўзгадан мулкий манфаатлар беришни талаб қилиш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган.

«Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, Бекзод Раҳимовнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда», — дейилади ИИББ ахборотида.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here