ҚАРОҚЧИ-12…

0

 

* * *

Эрта тонгда Ниғматни кимнингдир дағал товуши уйғотди. У кўзини очди-ю, тепасида Марат деган барзангини кўриб ўзи сезмаган ҳолда ижирғаниб қўйди. Ҳақиқатан, бу нусха унга бошидаёқ негадир ёқинқирамаганди. Аммо кўнглидан кечаётган гапларни Маратга сездирмай, аста ўрнидан турди.

— Сени Соли ака залда кутяпти, — деди Марат совуқ тиржайиш қилиб. — Нонушта тайёр!

— Ҳозир чиқаман, — деди Ниғмат сир бой бермай. — Сен боравер!

Барзанги ортиқ сўз демай, ташқарига йўл олди. Ниғмат эса шошилмасдан ваннахонага кирди, юз-қўлини чайди. Момиқ сочиққа обдон артинди. Шу баҳонада қалбида илиқлик туйиб кайфи чоғланди. Шундан кейингина зал томон юрди.

Соли ака тепакал, ёши қирқдан ошган бегона эркак билан бирга ўтирар, унга пичирлаб нималарнидир уқтирарди.

Ниғмат чиқиб келганини кўриб бирдан жим бўлди.

— Ие, ҳамқишлоқ, яхши ётиб турдингми? — дея ўрнидан турди Соли ака. — Кел, манави ерга ўтир! Ҳозир сенга қоврилган жўжа олиб келишади. Унгача акангминан таниш! Бу киши менинг энг яқин ёрдамчим. Исми Бўрибой! Бўрибой, бу ҳамюртимиз Ниғматбек! Ажойиб хислати боракан. Вей, ҳамюртимиз кучли фолбин экан, билдингми?!. Ҳали бизга кў-ўп ёрдами тегади. Шундайми, ҳамқишлоқ?

— Албатта, — деди Ниғмат Бўрибой акага билдирмайгина ер остидан қараб. — Ҳали бу акам иккаламиз зўр ишлар қиламиз. Сиз буюрсангиз бўлди, қотирамиз!

— Оҳ, ажойиб йигит экансан! — дея беихтиёр чапак чалиб юборди Соли ака. — Биринчи навбатда ёлғиз ўзингни Валераникига юборамиз. Алоҳида топшириқ бор. Шуни бажарсанг, уёғи қанддай бўлади. Тўғрими, Бўрибой?

Тепакал бош ирғаб Соли аканинг сўзини маъқуллади-ю, бироқ негадир афти бужмайди. Ниғматга совуқ тикилиб бир неча марта елка қисиб олди.

Бу ҳаракати, шубҳасиз, Ниғматни безовталанишга, ҳадиксирашга мажбур этганди.

Қалби уйғониб, унга тасалли бера бошлади.

— Кўрдингми, — деди у Ниғматга. — Булар бир-бирига ишонмайди, бир-биридан хавфсираб яшайди. Шундай экан, сен олдиндан хурсанд бўлма. Соли аканинг ҳамма гаплари ясама, сохта. Аслида ҳозир атайин сени текшириб кўриш ҳақида бош қотиряпти. Аллақачон ортингдан кузатадиган югурдакларниям тахт қилиб қўйган. Улар ҳар бир қадамингни кузатишади. Хато қилсанг, тамом, шу лаҳзада хўжайинига чопишади. Уларнинг ҳеч бири сени хуш кўрмайди.

— Нега? — сўради Ниғмат хаёлан. — Мен ҳеч кимга ҳали ёмонлик қилмадим-ку!

— Сен буларнинг ошига шерик бўлиш арафасидасан. Нони яримта бўлишидан чўчишади. Қўрқма, барибир қўлларидан ҳеч вақо келмаслиги тайин.

— Хўп, мен нима қилай? Қандай йўл тутай?

— Бугун тунда сени Валераникига юборишмоқчи, — деди қалби. — Жуда қалтис вазиятда қоласан. Чунки қўриқчиларни доғда қолдириб ичкарига киришинг, Соли аканинг устидан ёлғондакам арз қилишинг, Валерани ишонтиришинг зарур бўлади.

— Бу юмуш қўлимдан келармикан? Ахир мен…

— Бобонг раҳматли сенга яна бир ажойиб хислатни мерос қилиб юборган. Сен одамзотни гипнозлаш қувватига эгасан. Тўғри, ҳали бу вазифанинг ҳадисини олмадинг. Аммо мен айтгандай йўл тутсанг, ҳаммаси хамирдан қил суғургандек осон битади. Илтимос, бўшашма, соддалик қилиб қўйма, ўзингни қўлга ол, бардам ҳаракат қил, унутма, Валера ҳам, Соли аканг ҳам сенинг ашаддий душманинг. Шундай экан, уларнинг ҳар бир гапини ёдда сақлаб қолишга урин.

Бу ростакамига илоҳий қудрат эди. Ниғмат ички овоз берган билдиргидан ниҳоятда руҳланди, вужудида номаълум кучни ҳис эта бошлади. Ҳатто, қаршисидаги бу хавфли одамларга дадил боқа олди. Ҳаётидаги илк хавфли юмушни адо этишга қалбан тайёр турди.

* * *

Ҳаш-паш дегунча оламга тун чўкди. Ниғмат кун бўйи Соли аканинг ҳовлисида кезиб, аҳён-аҳёнда қалбига қулоқ тутиб вақт ўтказди.

Айниқса, кечга яқин бағрини оппоқ қорга берганча уйқуга кетган олмазор боққа чиқди-ю, беихтиёр юраги ғаш тортди. Кўнгли беҳузур бўлиб, вужуди титрай бошлади. Азбаройи даҳшатга тушганидан бир муддат нима қилишни, қай томон юришни билмай гаранг бўлди.

— Кўрдингми, — деди қалби унга. — Бу боғда ноҳақ ўлдирилган йигитнинг руҳи кезиб юрибди. Биз буни дарҳол пайқай олдик. Афсуски, руҳ, сирли қабр ҳақида Соли акага миқ эта олмаймиз.

— Нега? — сўради бу адолатсизликка тоқат қила олмай Ниғмат. — Ахир, бу ваҳшийлик-ку!

— Ваҳший, баттол, ўғри ва босқинчи бўлмаса, Соли ака ҳозиргидай ҳашаматли ҳаёт кечира олармиди? Йўқ. Башарти оғзингдан гуллайдиган бўлсанг, тамомсан. Наҳотки, жонинг омонат бўлса, жигар?

— Йў-ўқ, — деди Ниғмат қўрқа-писа ортга тисланиб. — Мен… Яшашни истайман, яшашни!

— Унда тилингни тий. Эҳтиёт бўлишниям унутма! Чунки боғ тупроғига қоришиб ётган йигит ҳам бир вақтлар сен каби Соли акага сидқидилдан хизмат қилган. Бироқ кунларнинг бирида ёшлик қилиб қўйди. Соли аканинг ўйнашларидан бирига кўз сузди. Сал ўтмай у билан бирга айш қилди. Қара, аслида бу арзимаган айб. Шу айби учун ўлдириб юбормаса ҳам бўларди. Лекин Соли ака бошқаларга ўрнак бўлсин учун атайин йигитни ўлдирди…

Ниғмат бу ҳақда ортиқ ўйлашни, ҳеч нарса эшитишни хоҳламасди. Пича ўзини қўлга олгач, югурганча ҳовлига ўтди ва гўё телевизор кўрмоқчидек, хонасига қамалиб олганча тек ўтираверди.

* * *

Вақт хуфтондан ошганда хона эшиги безовта тақиллади. Кетидан Бўрибой тепакалнинг бўғиқ товуши қулоққа чалинди.

— Вей, йигит, эшикни оч! — дағдағали оҳангда қичқирди тепакал. — Тез бўл, вақтимиз зиқ!

Ниғмат югуриб бориб эшик зулфинини суғурди. Остонада фақат тепакал турарди. У қовоқ уйганча Ниғматга бир неча сония термилиб турди-да, боши билан ташқарига имлади.

— Кийин! Бир жойга боришимиз керак!

— С-Соли ака қани? — тутилиб сўради Ниғмат. — У киши…

— Соли аканинг зарур ишлари бор. Кеч қайтади. Сени Валераникига биз олиб борарканмиз.

— Хўп, кетдик! Мен тайёрман!

Ниғмат шоша-пиша курткасини елкасига илди-ю, тепакалга эргашди…

Улар кўчага чиқиб, хорижда ишлаб чиқарилган қора машинага ўтиришди. Ниғматнинг икки ёнидан Соли аканинг қўриқчилари жой олди.

Манзара Ниғматга умуман ёт ва ёқимсиз эди. Шу тобда ўзини худди милиционерлар қуршовида турмага кетаётган каби ҳис этар, ўртадаги сукунат баттар юрагини ғаш тортишга мажбур қилиб, уч эркакка қарагани сайин эти жунжикарди.

Лекин ҳозир қандай юмушни адо этишини биларди. Валеранинг ишончига кириши, уни алдаши, шу баҳонада аста-секин душман сирларини аниқлаши-ю, буни Соли акага етказиши зарур бўлади. Мундоқ олиб қараганда, қалби ҳақ. Икки тараф ҳам ашаддий душмани. Агар Валера Ниғматнинг ишидан хабар топса, аяб ўтирмайди. Бош тортса, Соли аканинг ғазабига учрайди. Худди икки аланга, оташ ўртасида тўлғониб яшашга маҳкум. Шундан бўлак чораси ҳам йўқ. Қанийди, мустақил бўлса, ҳеч ким буйруқ бермаса, севимли иши билан ёлғиз шуғулланса, бировларнинг қош-қабоғига қарамаса, мўлтирамаса!.. Йўқ, бошига тушган кунларни кўз билан кўришга мажбур. Агар қалби алдамаётган бўлса, келгусида албатта ишлари юришади. Насиб бўлса, Соли акага ўхшаганлар қаршисида таъзим қилганча сўнгги сўзини кутади.

— Сен яхшилаб эшит, — деди тепакал машина катта йўлдан чапга бурилиб, тўхтагач. — Ҳов анави маҳалла ичкарисига кириб борасан. Қора дарвозали ҳовлига кўзинг тушади. Э, дарров илғайсан. Деворлари баланд, ўтда ёнмайдиган ғиштдан қурилган. Аммо эҳтиёт бўл, қовун тушириб юрма тағин.

— Нима дейман? — ўзини гўлликка солиб сўради Ниғмат тепакалдан. — Тўғри кириб боравераманми?

— Соли аканг тайинлади, бизни хоҳлаганингча ёмонлайвераркансан. Устимиздан арз қиларкансан. Ишқилиб, қандай бўлмасин, Валеранинг раҳмини келтираркансан. Бола, ҳаракатингни қил. Шу ишни уддалай олмасанг, Соли ака қаттиқ ранжийди-я!..

Тепакалнинг сўнгги сўзи Ниғматга оғир ботди. Қўйиб беришса, бу қориндорни бир муштлаб қулатарди-ю, мавриди эмас. Шунинг учун тил тишлашдан, тепакалнинг гапларини маъқуллаб бош ирғашдан нарига ўта олмайди.

— Ака, хотиржам бўлсинлар, — деди Ниғмат совуққонлик билан. — Менам кўчада юрган боламан. Амаллайман!

— Бўпти, омадингни берсин! Биз кетдик!

— Ие, кейин-чи? Сизларни қандай топаман!..

— Уф-ф, сал қурса, ўзим қовун тушираёзибман-ку! — тепакал кула-кула чўнтагидан янги қўл телефони чиқариб Ниғматга тутқазди. — Мана шуни ёнингдан қўйма. Сени ўзимиз топволамиз. Қани, ишга энди, йигит! Айтганча… Шошма! Ўзингни бўш қўй! Фақат… Мени қарғаб юрма! Буям Соли аканинг топшириғи эди! Эсимдан чиқаёзибди!..

Тепакал шундай деб ёнидаги қўриқчиларнинг бирига имо қилди. Қўриқчи ўйлаб ўтирмай, Ниғматнинг оёғига икки марта қаттиқ тепди.

— Иҳ-ҳ!.. Н-нега-а?.. — Ниғмат оёғини ушлаганча бир ерда айланар, оғриқ зарбидан кўзлари каппа-каппа очилиб, додлагудек даражага етганди.

— Бу ишингда асқотади, — деди тепакал пинагини бузмай. — Ҳали ўзинг кўрасан! Хўп, биз кетдик!..

Ниғмат машина узоқлашиб кетгандан кейин ҳам анча вақтгача энгашган кўйи иҳлаб турди. Оғриқ сал пасанда бўлгач, аранг қаддини кўтарди-ю, ўзини қўлга олишга уриниб, Валера деганларига қандай муомалада бўлиш, нималар дейишни ўйлаб, ҳаммасини калласида пишитиб олди. Шундан кейингина оқсоқланганча маҳалла томон йўл солди.

* * *

Қора дарвоза рўпарасида яшил рангли серсавлат машина турарди. Ниғмат дарвозага яқин бориб ичкарига қулоқ тутди. Тайинли товуш эшитилмагач, ҳадик аралаш юқоридаги тугмачани босди. Жавоб бўлмади. Ниғмат яна тугмачага қўл юборди. Шундан кейингина кимнингдир чўзиб-чўзиб йўталгани қулоғига чалинди.

— Ким у бемаҳалда безовта қилган? — сўради бегона эркак ҳовлидан туриб. — Кимсан? Нима ишинг бор?

— Илтимос, эшикни очинг, ака! — деди атайин хириллаб Ниғмат. — Ёмон бўп кетяпман! Илтимос, оча қолинг!

— Ким керак сенга? — Товуш эгаси эшикни очишга шошилмасди. Қайта-қайта инграйвергандан сўнг дарвоза қия очилиб, Ниғматнинг рўпарасида бошига бостириб телпак кийган, узун бўйли, ингичка мўйловли йигит пайдо бўлди.

Кўзлар тўқнашди. Ниғмат лаб тишлаган кўйи йигитнинг кўзларига тик боққанча тураверди. Йигит бир муддат сукутдан сўнг беихтиёр бошини орқага ташлаган кўйи силтана-силтана дарвозага суяниб олди.

— Нима бало бўляпти ўзи? — дея турган ерида Ниғматга совуқ тикилди йигит. — Бошим айланиб кетди… Хўш, ким керак сенга? Кимсан?

— М-мен мусофирман, — деди ясама инграниш билан Ниғмат хиёл энгашиб. — Шаҳарга тирикчилик қилиш учун келгандим. Бегоналар калтаклаб, боримни тортиб олишди. Дабдала қип ташлашди. Мана… Оёғимни аранг босиб турибман, ака!

— Ким экан ўша сени калтаклаганлар? — сўради йигит сир бой бермай. — Қаердан келдинг ўзи?

— Ўзбекистондан, — деди Ниғмат йигитнинг кўзларидан нигоҳини олиб қочмай. — Айтишдики, улар Соли деганнинг одамлари экан.

— Ким айтди сенга бу гапни? Нима, Солининг бошқа қиладиган иши йўқмикан сени калтаклашдан бўлак?

— М-мен қайдан билай? И-илтимос, мени Валеранинг олдига опкиринг!

— Ие, тўхта, сенга бу манзилни ким кўрсатди ўзи? — йигит ҳушёр тортгандек Ниғматнинг тепасига яқинлашди. — Тўғрисини айт! Йўқса калланг кетади!

— Мен… Танимайман уларни. Эр-хотин эди. Шу кўчадан ўтиб кетишаётган экан. Жароҳатимга малҳам қўйишди. Кейин… Шу манзилга киришимни айтишди.

— Шунақами? — дея йигит дарвоза тирқишидан ичкарига мўралади. — Майли, укам, мусофир экансан. Шу ерда кутиб тур! Мен хўжайиндан сўрай-чи, рухсат берса, кирасан.

— Хўп, ака, — деди Ниғмат мамнунлигини майин жилмайиш орқали изҳор қилиб. — Унутмайман бу яхшилигингизни, ака!

Йигит қайтадан ичкарига кирди-да, дарвозани қулфлади.

* * *

Ниғмат ташқарида ўн беш дақиқага яқин вақт туриб қолди. Қиш изғирини тобора қутуриб борар, қор аралаш юзларга урилаётган аччиқ шамол заҳри этни узиб-узиб олай дерди. У оёқларидан совуқ ўта бошлагач, йўл ўртасига чиқди-да, уёқдан-буёққа югуриб кўрди. Сал исигандек, танасига ҳовур югургандек енгил тортди. Аммо бу машғулот узоққа чўзилмади. Кутилмаганда дарвоза очилди-да, бояги йигит кўринди.

— Юр, — деди йигит совуққонлик билан. — Хўжайин чақиряпти сени!

— Ростданми? — худди қувониб кетгандек чопқиллаганча йигитга яқин борди Ниғмат. — Ростданам сўрадими Валера?

— Сен ҳаддингдан ошаверма, бола, — пўписа қилди йигит қовоқ уйиб. — Хўжайиннинг кайфияти йўқ. Ортиқча гапириб, бошини қотирмагин-да, бўладиган гапни гапир!

— Хўп бўлади, айтганингиздай қиламан, ака!

— Қани, юр унда орқамдан!

Ниғмат йигитнинг ортидан эргашиб ҳовлига ўтди. Бу ҳовли Соли аканикидан анча тор эди. Агар қор босган бассейнни, оёқ остидаги оқ мармарларни айтмаса, Соли ака яшайдиган уйнинг ёнида буниси анчагина ғариб кўринарди.

Йигит уни эргаштириб иккинчи қаватга олиб чиқди. Хоналардан бири эшигини очди-да, қўли билан «кир» ишорасини қилди. Ниғмат ичкарига қадам қўйгани ҳамоно ўзи эшикни ташқаридан ёпиб, ҳовлига йўл олди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here