ҚАРОҚЧИ-13…

0

 

* * *

Бу манзарани Ниғмат бир умр эслаб қолса арзирди. Умрида қишлоқдан нарини кўрмаган соддадил йигит учун ушбу манзара нақ қиёматни эслатиб юборарди. Ҳатто, Маринанинг ечингандаги ҳолати, чуқур хўрсиниб, ундан нимадир кутиши ҳам ҳозирги ҳолат қаршисида ҳолва бўлди.

Каттакон, ҳашамдор хона. Хона ўртасига узун стол қўйилган. Стол усти турли тансиқ таомлар, ширинлик, пишириқларга тўла. Барчасининг устига дока ташлаб чиқишибди.

Тўрдаги диванда эса паст бўйли, эгнига ялтироқ халат кийган, узун сочларини бирлаштириб, чўзма танғиган, мовий кўзли, юзлари ичга ботган тахминан ўттиз-ўттиз бешлардаги эркак тиззасига озғин, малласоч, ярим яланғоч, юзлари сутдек оппоқ нозанинни ўтқазганча ҳадеганда эркалаб, оғзига шоколад соларди. Бунга жавобан нозанин ҳиринг-ҳиринг кулиб, эркакнинг юзидан ўпиб қўярди.

«Валераси шу экан-да, — кўнглидан ўтказди Ниғмат ер чизиб. — Бунча уятсиз бўлмаса бу? Мен кириб келсам ҳам пинагини бузмай ўтирибди-я! Наҳотки, Соли акаям шунинг бири бўлса? Тўғри-да, булар ўғри, зўравон. Пули кўп. Бировларни қақшатиб пулини олади-ю, ўша пул эвазига манавинақанги бузуқи аёлларминан маишат қилади. Ие, қаранглар, бузуқиси менгаям кўз сузяптими? Ҳе бетинг қурсин, манжалақи! Бизнинг қишлоқда шундай қилсанг-у, кўрардинг кўрадиганингни! Яхшиям шаҳардасан…»

Ниғматнинг ўйлари охирига етиб улгурмай, эркак тўсатдан ўрнидан турди ва нозаниннинг елкасидан қучганча Ниғматга яқиин келди. Шубҳасиз, Ниғмат ҳануз иҳлашни бас қилмаган, қандай бўлмасин, бу турқи совуқнинг раҳмини келтириш илинжида эди.

— Хўш, кимсан ўзинг? — сўради эркак тоқатсизланаётганини сир тутмаган ҳолда гапни калта қилишга интилиб. — Тезроқ бўл, ингранавермай! Эркакмисан ўзи?

— Мен олис қишлоқдан келганман, — деди Ниғмат қаддини кўтариб. — Мени Солининг гумашталари калтаклаб кетишди. Боримни тортиб олишди.

— Солини қайдан танийсан? Балки ўзингам ҳалигидай ўшанга хизмат қиладиганлардандирсан? Мени лақиллатмоқчи бўлаётгандирсан?

— Энамнинг арвоҳиминан қасам ичаман, — деб юборди Ниғмат кутилмаганда. Бу гапи учун шу заҳоти қаттиқ афсус чекди. Раҳматли онасининг руҳидан хаёлан бўлса-да узр сўраб, тавба қилди. — Сизни алдаётганим йўқ. Кўчадан эр-хотин ўтиб кетишаётганди. Ўшалар ярамга малҳам суриб, кейин сизга учрашишимни айтишди.

— Кўриниши қандай эди ўша эр-хотинларнинг? Эслаб қолдингми?

— Ҳ-ҳа, эслаб қолдим, — деди Ниғмат ҳовлиқиб. — Эри новча, озғин, қора пальтоли, хотини эса паст бўйли, бошига қуён терисидан тикилган қалпоқ кийволибди.

— Майли, бунинг аҳамияти йўқ, — деди эркак уф тортиб. — Хўш, мендан нима истайсан?

— Илтимос, ёрдам беринг! Борар ерим йўқ. Бу шаҳарга ишлаб пул топиш ниятида келувдим.

— Адашмасам, сенам ўша ярамас Солининг ҳамюрти бўлсанг керак-а? Фақат ростингни айт! Ўхшаб турибсан!

— Ҳа, шундай шекилли. Исми ўзбекча экан-ку!

— Ҳм-м… Менинг кимлигимни биласанми ўзи?

— Валера ака дейишди сизни. — ер чизиб жавоб қилди Ниғмат. — Ўша эр-хтинлар сизни роса мақташди. Ҳаммага ёрдам беради, ҳеч кимни кўчада қўймайди Валера дейишди.

— Шунақами? — бу гапдан сўнг Валеранинг чеҳрасига илиқлик югуриб тиржайди. — Тўғри айтишибди ўша эр-хотинлар, братишка! Сендақаларга ёрдам бермасак, нима қилиб юрибмиз? Тўғрими, Наташа?

Нозанин Валеранинг сўзини маъқуллаб аста бошини унинг елкасига қўйди.

— Майли, хафа бўлма! Ҳозирча сени бир жойга юбораман. Турар жой ҳам, овқат ҳам бўлади ўша ерда. Кейин бир гап бўлар.

— Раҳмат, ака, — деди Ниғмат бош қашиб. — Яхшилигингизни ҳеч қачон унутмайман.

— Унутиб ҳам кўр-чи, — силкиниб кулди Валера. — Фақат айтиб қўяй, меникига келганингни, менминан гаплашганингни, бу ерда кўрганларингни бировга гуллаб юрма! Тилинг танглайингга ёпишсин-у, айланмай тош қотсин! Ўзингга яхши бўлади.

— Албатта, ака, гунгман, соқовман!

— Баракалла! Бўпти, ҳовлига чиқ, ҳозир сени янги манзилингга олиб боришади. Омадингни берсин!

Ниғмат икки қўлини кўксига қўйиб Валерага миннатдорчилик билдирди-да, ташқарига чиқди.

* * *

Валеранинг икки бирдек йигити Ниғматни шаҳардан анча олисга олиб кетди. Бир соатча йўл юрилгач, ниҳоят кимсасиз далалардан иборат манзилга етишди. Машина тахминан беш чақиримча ичкарига юриб бориб айланасига темир панжара билан ўралган қандайдир бино рўпарасида тўхтади.

— Туш, етиб келдинг уйингга! — буюрди йигитлардан бири Ниғматга. — Тезроқ қимирла! Шошиб турибмиз!

Ниғмат уларга эргашган кўйи бино ичига кирди. Ичкарига қадам қўйган заҳоти негадир кўнгли алланечук бўлиб танасида унсиз оғриқ туйди. Шу билан бир вақтда анча вақтдан бери сукутга толган қалби уйғониб, Ниғматга белги берди.

Ниғмат каттакон зални, зал тўла катта-кичик эркак-аёлларни кўрди-ю, ранги ўзгарди. Валеранинг йигитлари эса унга эътибор қилмай, зал тўрида турган серсоқол, узун сочли эркакка эшик олдидан туриб Ниғматни кўрсатишди-ю, бармоқ ишоралари ёрдамида ниманидир уқтирган бўлиб, дарҳол жуфтакни ростлашди.

— Одамларни кўрдингми? — деди қалби Ниғматнинг бағрини эзиб. — Булар ҳам сен каби худонинг бандалари. Аммо уларнинг барчаси алданган. Зал тўридаги анави нусха барчаларини алдаб борини шилади. Қўрқитади, қора жоду ёрдамида ўзига бўйсундиради. Бу бандалар гўё жонсиз ҳайкал қиёфасига кириб бўлишган. Ҳушёр тур!

— Азизлар, кўрдингизми? — Ниғматнинг хаёлини бўлиб қичқирди тўрдаги эркак. — Қурбонлик ўз оёғи билан кулбамизга ташриф буюрди. У сизларни, дунёни асраб қолиш ниятида келди. Энди дунё балолардан холи бўлади. Ҳаммангиз тинч, хотиржам яшайсиз. Уни олқишланг!

Залда турганлар бу чақириқни эшитганданоқ илкис Ниғмат томон бурилди-да, қуллуқ қила бошлади.

— Сен ўзингни эҳтиёт қил, — ҳайқирди қалби. — Унинг нияти бузуқ. Қора жоду йўли билан бегуноҳ бандаларнинг пулини шилади. Шунинг эвазига киссасини қаппайтиради. Агар ҳозироқ қочиб қолмасанг, ҳолингга вой! Сени ўлдиртириб юборади. Шошил! Шошил!..

Ниғмат бу садога ўз вақтида жавоб қайтара олди. Қуллуқ қилаётганларга, тўрдаги узун сочли серсоқол жодугарга тез қараб олди-да, ташқарига чопди.

Шу югурганча тўхтамади. Чопаверди, чопаверди! Худди биров ортидан қувлаб келаётгандек, ҳарсиллашига, қора терга тушганига, нафаси бўғилишига-да эътибор бермади.

Узоқ вақт чопишдан сўнг қор босган дала ёқасидагина тўхтади ва чарчоқ зўр келдими, ерга узала тушиб ётиб олди.

Ётарди-ю, юраги дук-дук урар, қалби фарёд чекарди.

— Кўрдингми, — дерди товуш бўғзига урилиб. — Дунёда ана шундай ваҳшийлар ҳам йўқ эмас. Улар ўз манфаати йўлида бутун бошли одамзотни қурбон қилади. Уни ваҳшийларча ўлдиради. Керак бўлса, қонини ичади. Аммо нафсини ранжитмайди. Сен энди бошқа йўлдан борақол!

— Қай йўлдан? — овоз чиқариб сўради Ниғмат. — Йўлнинг ўзи қолмади-ку!

— Сен дилгирсан! Йўл шундоқ қаршингда турибди. Буёғига Соли, Валера, анави қора жоду қулига қарши кураш олиб бор! Токи армонинг қолмасин! Олам поклансин!

— Тушундим, — деди Ниғмат аста ўрнидан қўзғаларкан. — Мен у ерда яширин диний ташкилот борлигини сеза олдим. Сен ёрдам бердинг менга. Ҳозир бораман-у, тегишли жойга маълум қиламан. Акс ҳолда бегуноҳ одамларнинг қони тўкилади. Ёруғ дунё яна бир адолатсизлик ботқоғига ботади.

— Тўғри ўйлабсан, — деди қалби. — Ҳали албатта эзгу ниятларингга етасан! Қўзғал! Шошилмасанг бўлмайди!

Ниғмат эгнидаги курткаси ёқасини кўтарди-да, таваккал йўлга тушди.

* * *

Ниғматнинг бўлари бўлганди. Қаҳратонда, номаълум манзил бўйлаб ҳарсиллаб чопиш, қўрқув, ҳадик вужудини чирмаб олганди. Хаёл кўчасига ажалнинг ўзи мўралай бошлаганини ҳис этгани сайин тамом бўлай дерди. Шафқатсиз кимсалар қўлида азобланиб ўлиши муқаррарлигини аниқ-тиниқ сезиб борарди. Шу сабабли қора терга ботгани, изиллаган изғирин қулоқ-бурнини узиб олай дейишига қараб ўтирмай жонҳолатда чопарди. Фақат олдинга интиларди. Ниғмат учун қай томонга боришнинг аҳамияти қолмаганди. Бу балолардан, хавфдан, ёвузликлардан нари бўлишнигина хоҳларди.

Йўқ, барибир чарчоқ устун келди. Ортиқ югуришга жисмида куч топа олмади. Шундоқ дала ёқасига таппа ўзини ташлади-ю, икки кафти билан юзларини бекитиб олди.

— Нега келдим ўзи бу юртларга? — дерди Ниғмат ётган ерида. — Ит қувмаганди-ку мени! Кимдан қўрқдим-у, кимларга йўлиқдим? Нима учун ёмонлик, бахтсизлик фақат мени таъқиб этаверади? Шу шаҳарда ҳам қанча одам бировдан қўрқмасдан, ҳайиқмасдан, ўйланмасдан, иккиланмасдан яшаётгандир, ахир!?. Ким ўзи у ёвузлар? Маҳлуқми? Нимага мени бало домига ташлашди-ю, қочиб қолишди? Нима сабабдан тўрдаги жодугар мени қурбонлик деб атади?

— Сен шуни ёдингда тут, — кутилмаганда овоз берди қалби. — Сени ўйга толдирган ўша жодугар аслида бошқалар ҳисобидан кун кўради, катта пул топади. Бу йўлда одам ўлдиришдан-да тоймайди. Эҳ-ҳе, сен келгунга қадар нечтасининг бошига етган экан у ифлос! Агар билсанг, ўша файзсиз манзилни «секта» дейишади. У ерда соддадил бандалар кучли гипноз ёрдамида ушлаб турилади, шу йўл билан уларнинг пулларини тортиб олишади. Ўзларига ит кунини кўрсатишади. «Секта»га тушган одам қайтиб у ердан тирик чиқа олмайди. Қочишга уринса, ёки пул тўлашдан, жодугарнинг буйруқларини адо этишдан бўйин товласа, ўша тундаёқ изсиз ғойиб бўлади. Айбдорнинг на тириги, на ўлигини топишади.

— Унда нега менинг ортимдан қувламади жодугар? — сўради Ниғмат. — Мени қурбонлик деди-ку! Қувласа, ўлдириб юборса бўларди-ку! Шу баҳонада бошимга тушаётган чексиз балолардан қутулармидим…

— Аҳмоқ экансан, — деди қалби тортишиб. — Жодугар аллақачон сенинг кимлигингни, қандай илоҳий қудратга эга эканингни сезиб бўлган. У қора жоду тарафдори. Сен кабилардан жуда-жуда қўрқади.

— Нега? Менинг нимамдан қўрқади?

— Агар сен яқинида турсанг, у безовталанади, гипнози, жодулари иш бермай қолишидан қўрқади. Шунинг учун ҳам ортингдан қувламади. Яна шунга қаттиқ ишондики, сен гўё кўрганларингни кўчага чиқибоқ унутасан, бировга гулламайсан. Жодугар шу нарсага ишониб қолган бўлиши мумкин.

— Энди нима қилай? — сўради Ниғмат аста ўрнидан қўзғалиб. — Қайга борай? Кимларнинг эшигини тақиллатиб, бошпана сўрай? Айт, қалбим, нега мени бу хосиятсиз жойларга етаклаб келдинг? Гадо бўлсам, хорликда, шармандаликда умр кечирсам ҳам ўз юртим яхши эмасмиди? Майли, мелисанинг қўлига тушардим. Лекин мен ўз ватанимда эканимни билардим…

— Қайғуга ботаверма, — уни овутган бўлди қалби. — Ҳали олдинда бизни катта ишлар кутиб турибди. Сен қатъиятли йигитсан. Ҳалитдан ўзингни тушкунлик ботқоғига отма. Йигитнинг руҳи синса, уни қайта тиклаб бўлмайди. Ундан кўра, ўрнингдан тур! Тўппа-тўғри шу юртнинг мелисасига бориб учраш. Қўрқма, сенга балоям урмайди. Сендақалар тегирмонга тушса бутун чиқади. Борасан-у, ўша сектанинг аниқ манзилини, нималар бўлаётганини айтасан. Уёғини менга қўйиб бер! Мен кўксингда эканман, сени хор қилдириб қўймайман…

Шундан кейингина Ниғмат пича жонланиб ўрнидан туришга, қаддини тик тутишга ўзида куч топа олди.

У ишонди. Дилгир қалби алдамаслигига, тўғри йўл кўрсатганига тўлиқ амин бўлди ва олдинга дадил қадам ташлади.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here