СИҒИНДИ-10…

0

 

            * * *

Улар кенг хоналардан бирига қадам қўйишди. Тўрдаги деворга каттакон телевизор илинган. Чап тарафда юмшоқ диванга чўк тушганча ўрта бўйли, ҳийла қорин қўйган, калбош, заҳил юзли, ёши тахминан қирқ-қирқ бешлар атрофидаги эркак телевизор томоша қиларди.

Икки йигитни кўргач, телевизорнинг овозини пасайтирди-да, Баҳромга совуқ тикилди.

— Ҳа, аммангнинг бузоғи чала туғиб қўйдими? — илмоқли савол ташлади у. — Намунча ит қувган соқовдай каллаи саҳарлаб келмасанг? Ёнингдаги кимнинг ташландиғи?

Охирги савол Маннопга оғир ботди. Лекин Баҳром айтмоқчи, ўғрибошиларга дағал гапириб бўлмайди. Бу Маннопнинг тактикасига ҳам тўғри келмайди. Ҳозирча, то бу нусханинг икир-чикирларини ўрганиб олмагунча тилини тишлагани маъқул. Акс ҳолда иш бузилади.

Манноп ўғрибошининг саволидан сўнг мийиғида жилмайган бўлиб ёнидаги Баҳромга назар ташлади. Йигит бир муддат бош қашиган кўйи тек туриб қолди.

— Намунча латтачайнарларга ўхшаб каловланасан? — янада дағалроқ оҳангда қайта сўради Азамат ака. — Гапир, хумпар!

— Ака, — деди сал тутилиброқ Баҳром. — Манави Манноп деган оғайним. У ҳам… Ўзимизнинг ишга қизиқади… Шунга…

— Нимага қизиқади? — сир бой бергиси келмай даст ўрнидан турди Азамат ака. — Биз нима ёмон иш қиларканмизки, бу нусха қизиқиб қолибди?

— Ҳа энди, ака… Сизга шогирд тушишни ният қилганакан!..

— Шунақами?.. — бу гап Азамат акага ёқиб тушди. Оғзининг таноби қочиб, Маннопга яқин келди.

— Нима иш қўлингдан келади? — сўради Маннопдан. — Бирор ҳунаринг борми?

Баҳром Маннопга бир қараб қўйди-да, ўзи гапни илиб кетди.

— Ака, дўконларингиздан бирида юк ташувчи бўлиб ишлашгаям тайёр оғайним.

— Юк ташиш дегин? Тилига маҳкамми бу ўзи? Негадир лом-мим демаяпти.

— Ҳаяжонланаяпти-да! Ўзи зўр бола.

Манноп сезди. Азамат ака деганлари пихини ёрганлардан кўринади. Ўғрибоши эканини сир тутмоқчи бўлаяпти. Дўкон эмиш. Ҳаммасини Баҳромдан эшитиб бўлган-ку! Нега гапни айлантираяпти? Ҳа, бундайлар эҳтиёткор бўлади дейишарди. Ростга ўхшайди. Майли, Манноп ҳам аҳмоқмас. Оқимга қараб сузишни билади.

— Ака, Баҳром тўғри айтаяпти, — деди ниҳоят кулимсираб. — Дўконингизда юк ташиб юрсам ҳам розиман. Бир-икки сўм дегандай… Пул топсам девдим-да!..

Азамат ака уф тортганча нари кетди. Нималарнидир чамалаган бўлди. Сўнг тағин ортга қайтиб Баҳромнинг елкасидан тутди.

— Бўпти, қийналган болага ўхшайди, — дея Маннопга ишора қилди. — Ҳозир ошхонага опчиқ. Қорнини тўйдиришсин. Ундан кейин ўйлаб кўрамиз. Ўзинг дарҳол ёнимга қайт! Гаплашадиган гаплар чиқиб қолди.

— Хўп, Азамат ака! — дея икки қўлини кўксига қўйди Баҳром. — Ҳозир «ест» қиламиз-да!..

Манноп ўғрибошининг тутган йўлидан кулгиси қистаб Баҳромга эргашди.

Шу аснода деворларга кўз ташлади.

Ўнгдаги деворга қора қинли қилич осиб қўйилибди. У қиличга қайта-қайта қараганча ташқарига юрди.

* * *

Баҳром Азамат аканинг ёнида бир соатча қолиб кетди. Манноп ҳам бу вақт орасида бекор ўтирмади. Ҳовлидаги йигитнинг ҳаракатларини кузатди, шу орада бир неча қизлар кириб келиб ошхона томонга ўтиб кетишди. Манноп билдики, улар ҳам шу уйда хизмат қилади.

— Оббо айёр-эй, — ўйларди у бош чайқаб. — Пули кўп экан. Акс ҳолда шунча одам уйида ишламасди. Осмондан келиши-чи!?. Гўё дунёда ундан зўр одам йўқдай керилади-я! Ҳали шошма, мулла Азамат! Сирларингни ўрганиб олай, ўшанда кўрамиз! Ҳарқалай, Баҳромнинг гапи тўғри. Сендақалар ҳалол йўл билан пул топмайсан!..

Бир пайт Баҳром ичкаридан мамнун чиқиб келди ва Маннопнинг ёнига келиб ўтирмай, эшик олдидан туриб имлади.

Улар олдинма-кетин ташқарига чиқишди.

— Бояги гапларимга эътибор қилма, — деди Баҳром шивирлаб. — Азамат акани ўғрибоши деб ҳазиллашгандим. Аслида у одам катта тижоратчи. Шаҳарда қатор-қатор дўконлари бор. Пули бор-да! Унча-мунча одамга сўзини ўтказа олади. Шунинг учун биз у кишининг ҳимоясига ўтганмиз.

— Кимдан ҳимоя қилади? — талмовсираб сўради Манноп. — Милицияданми?

— Қанақа милиция? Бизнинг ўғирлик қилишимизни Азамат ака билмайди. Бизни майда савдогар деб ўйлайди.

— Унда кимдан ҳимоя қилиши мумкин?

— Биласан-ку, бозорда бир-иккита зўравонлар барибир топилади. Агар орқангда бақувватроқ одаминг бўлмаса, шилиб олишади. Азамат ака ўшаларнинг тилини бураб туради. Ёрдами учун пича-пичадан улуш берамиз. Тушундингми?

— Ҳа, — деди ўзини гўлликка солиб Манноп. — Тушундим. Кўриниб турибди, Азамат ака эски савдогарларданга ўхшайди. Гаплариям салмоқли. Салобатли одам экан.

— Ҳа-да, — жўшди Баҳром. — У одам оғзи бўшларни ёқтирмайди. Шундай экан, дўконида ишлаган вақтингдаям бўлар-бўлмасга алжирайвермагин! Ҳар ҳолда тижоратнинг ҳам ўз сир-асрорлари бўлади. Ичкаридаги гап дўкондан ташқарига чиқмаслиги керак.

— Нима, сизлар билан «иш»га чиқмайдиган бўлдимми?

— Нега чиқмас экансан? Кечаси ястаниб ётмайсан-ку! Масалан, бугун кечаси катта бир ҳовлини тунаймиз. Жуда катта бойнинг уйи. Азамат акамга рақобатчи у. Агар чув тушиб чопқиллаб қолса, аканинг кайфияти кўтариларди.

— Бу ишни биз қилганимизни билиб қолса-чи?

— Жинни бўлибмизми билдириб? Бизнинг болалар ҳам анойи эмас. Орқада из қолдиришмайди.

— Зўр экансизлар! — Баҳромни ясама мақташга ўтди Манноп. — Менам сизларга қўшилсам, яхши бўларкан унда.

— Бу ўзингга боғлиқ. Агар шилталик қилмасанг, ўсасан, бола. Бўпти, унда шу ерда хайрлашамиз. Билиб қўй, кеча иложсиз бўлганинг учун уйга опкетгандим. Буёғига ўзинг жой топасан. Хафа бўлиш йўқ-а?

— Н-нега энди хафа бўларканман? — деди Манноп. — Жой муаммо бўлмайди. Топаман.

— У ҳолда кечқурун кечаги бар ёнида кўришамиз. Сен биринчи гал бораётганинг сабабли бизга қўриқчилик қилиб турасан. Шунга яраша улуш оласан. Маъқулми?

— Маъқул! — Манноп Баҳромга қўл узатди. — Уялтириб қўйиш йўқ, ака!

— Бўпти, омадингни берсин!..

Маннопга шуниси керак эди. Кечгача шаҳар кезиб, қўшимча иш ўрганади. Асосийси, қандайдир йўл билан Азамат аканинг ҳовлисини кузатиш ҳаракатига тушиши зарур. Бу ишни чўзиб бўлмайди. Ишкал тарафини тутиб олса бас, шу заҳоти керакли жойга хабар беради.

“Нозима опа, мени кимларга айлантириб қўйяпсиз? — хаёлидан ўтказди Манноп. — Мен буткул бошқа одамга айланиб бормоқдаман. Сизни ўйлаганим сари ўғри, танбаллардан ҳазар қила бошладим. Нега? Мени нима қилиб қўйдингиз? Не кўйларга солдингиз? Йўқ, сиз барибир ҳақсиз. Буни узоқ ўйлаб кўрдим, опа! Мен бошқа йўлдан кетишим шарт экан. Шунда виждоним олдида пок бўларканман… Ҳа, ҳали кўрасиз, вақти келиб, ҳаромхўрларнинг адабини бераман! Уларнинг қўйнидаги заҳарли илонга айланаман! Сиз хоҳлагандек одам бўламан! Биламан, менинг ўзим ҳам ўша ёмонларнинг бириман! Аммо ёмон бўлиб ўзимдайларга қарши хуфиёна курашаман. Уларнинг бир умр гуноҳ ишлар ботқоғига ботиб яшашларига имкон қолдирмайман! Эзгулик албатта ғалаба қилади”.

Манноп шуларни ўйларкан, кайфияти чоғланиб, навбатдаги режасини амалга ошириш илинжида шаҳар ичкарисига йўл олди.

* * *

Вақт хуфтонга яқинлаганда Манноп Баҳром етагида тунашлари лозим бўлган уй томон жўнади.

Олдинда жўрабоши, унинг кетидан Тўлқин ва пакана Меҳмонқул, орқада эса Манноп қадам ташларди.

«Буларнинг усули ғалати экан, — ўйларди Манноп. — Таксидан тушгандан бери миқ этишмайди-я! Худди кинолардаги немис аскарларига ўхшашади. Булар энди ўзларича устамон ўғрилар-да-а? Ҳозир бориб бойваччанинг шўрини қуритишади-ю, чўнтакларини қаппайтириб, ҳеч нарса бўлмагандек яшайверишади. Ёнида ҳақиқий изқувар кетаётгани ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди… Лекин бу иш менга ёқаяпти. Сих ҳам, кабоб ҳам куймайди. Шулар баҳонасида пул жамғараман.»

Далаларга туташ жойга етгач, Баҳром тўхтаб, анча наридаги уйларга ишора қилди.

— Ҳов анави кўкиш дарвозани кўраяпсанларми? — сўради ёнидагилардан. — Тепасига узун чироқ ўрнатилган. Э, девори пишган ғиштдан урилган-чи?!.

— Ҳа, кўрдик, — шериклари учун ҳам Манноп жавоб қилди. — Ўша девор ортида ит ҳам акиллаяпти. Қопоғонга ўхшайди.

— Ҳалитдан ваҳиманинг уясини бузаверма! — жеркиб берди Баҳром. — Итдан қўрққан ўғри ўғримиди?!.

— Ие, акиллайверса, ишнинг белига тепиши мумкин, ака!

— Ишинг бўлмасин! Ундан кўра эшит. Бу жуда катта бойнинг уйи. Қўриқчилари бор. Ўзи бола-чақасини олиб меҳмондорчиликка кетган. Хўш, нима қилишимиз керак? Албатта, дала томондаги девордан ошиб тушамиз. Шунда қўриқчиилар ҳитланмайди.

— Ит-чи? Барибир сездириб қўяди ҳуриб!

— Итни менга қўйиб берларинг! Зўр колбаса олволганман. Еса, бас, тош қотади. Сал ўтгандан кейин эса қон қусиб ўлади. Униям чиқмайди. Хуллас, сен шу атрофда туриб атрофни кузатасан. Бу ер қўриқчилардан пана. Йўқ, яхшиси, ҳов анави зовур ёқасига бор. Суви оз. Зовурдан ҳаммаёқ кафтдек кўриниб туради. Кўприк остига тушасан-да, тўрт тарафни кузатасан. Мабодо бирор хавфни сезсанг, дарров менинг телефонимга гудок ташла. Уқдингми?

— Уқдим, — деди Манноп норозиланиб. — Менам сизларминан кирсам девдим-да, ака! Иш ўрганардим.

— Сенга пишириб қўйибдими? Энди бир камим қўриқчиларга сездириб қўйишинг қолувмиди? Улгурасан. Ҳозирча пойлоқчиликни қойиллат! Шу ишинг учунам яхшигина улуш оласан.

— Бўпти-и, — дея Манноп юзини терс бурди. — Зовур бўлса зовур-да!..

Баҳром қолганларнинг ҳам вазифаларини тушунтириб чиққач, ўғрилар эҳтиёт шарт юзларига қора ниқоб тутишди ва девор тарафга йўл олишди.

* * *

Манноп жўрабоши айтганидек кўприк остига тушишни хоҳламади. Қирғоққа туриб олди-да, ўзича қўриқчилик қилган бўлди. Аслида ой ёруғида ўғриларнинг девор ошиб ичкарига ўтишларини кутди. Ўтиб бўлишлари билан югурганча ўша ерга борди. Девор ортидан туриб шерикларининг ҳаракатларига қулоқ тутди.

Ит ҳам негадир акилламай қўйганди.

«Итни бир бало қилишди шекилли, — ўйларди Манноп. — Боягина ҳуриб дунёни бузаётганди. Бирдан жим бўлди… Нима қилсам экан? Бу ерда тураверсам, ўғриваччаларнинг ишини кўролмай қоламан. Нима олганлари, қайси хонага кирганларини аниқ билишим керак. Акс ҳолда… Йўқ, ишни бузмай турай. Баҳром тағин бобиллаб беради. Барибир ташқарига олиб чиқишади-ку ўмарганларини!.. Э, нималар деяпман ўзим? Кўчада тургандан менам ичкарига кираман. Бобилласа ўзига…»

Манноп таваккал девор ошиб ҳовлига тушди. Сал нарида қоп-қора ит чўзилиб ётарди.

У итга эътибор бермай оёқ учида ичкарироқ юрди.

Қимматбаҳо ойналар ўрнатилган уй қаршисида пакана Меҳмонқул серрайиб турарди. Маннопни кўрди-ю, бир сакраб тушди.

— Вей, сенга нима дейилганди? — шивирлаб уни койиди Меҳмонқул. — Ҳозир Баҳром аканг чиқса ўлдиради сени.

— Ака, уйда ҳеч ким йўқ эканми? — худди эътибор бермагандек сўради Манноп. — Улар қаерга кириб кетишди?

— Одам бўлса келармидик, аҳмоқ? — тўнғиллади Меҳмонқул. — Секин гапир! Ташқаридагилар эшитиб қолса, ўламиз ҳаммамиз…

Бир маҳал дераза қаршисида Баҳромнинг шарпаси кўринди. У ё Маннопнинг бу ердалигини сезмади, ё сезса-да, индамади. Қўли билан «яқинроқ кел» дея имлади.

Манноп олдинроқда турганди. Секин Баҳром томон қўл чўзди. Баҳром унинг қўлига бир даста кўкимтир пулларни тутқазди.

— Ярамас, шу ердамидинг? Сенга нима дегандим? Бўпти Пулларни қўлтиқла-да, сур бу ердан! Бизни ташқарида кут!. Меҳмон! Сен ичкарига кир! Сандиқни очолмаяпмиз. Ичида тилла буюмлар бўлиши керак!

Манноп қўлидаги пулларни кўриб қотганди. Ҳаммаси чет эл валютаси!.. Ахир, бу пулларга бутун шаҳарни сотиб олса бўлади!..

Афсуски, ҳайратга қул бўлганча туришнинг мавриди эмас. У пулларни қўйинга уриб девор томон чопди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here