СИҒИНДИ-11…

0

 

* * *

Хўш, энди нима қилса бўлади? Пуллар қўлга тегди. Ҳозир жуфтакни ростлаб қолса, ит ҳам тополмайди Маннопни. Шаҳар кенг бўлса. Бир бурчагидан жой топади-ю, кайф-сафо қилиб яшайверади. Баҳром нима қила оларди? Милицияга берадими? Ҳаётда бу ишни қила олмайди. Чунки ўзи чув тушишидан қўрқади. Ҳамтовоқлари билан бирга қидирадими? Хўш, нима бўпти? Қидирган билан барибир топа олмайди. Масалан, Нозима опасиникига беркиниб олса…

«Йўқ, бундай қилмайман — кўнглидан ўтказди Манноп. — Яхшиси, уларнинг чиқишини кутаман. Улушимни олгандан кейин амалга ошираман режамни. Шундай қилишим керакки, бу нусхалар ҳитланмасин. Шу ишни мен қилганимдан ҳаётда хабар топмасин!..»

Шундай ўйлар билан Манноп шерикларини кута бошлади. Орадан ўн беш дақиқача вақт ўтди. Ниҳоят девор остида оёқ товушлари эшитилди. Манноп ҳар эҳтимолга қарши дарахт панасига беркинди.

Кўчада олдин Баҳром, кетидан қолганлар пайдо бўлди. Барчалари уст-бошларини қоқа-қоқа зовур тарафга юришди. Баҳром йўл-йўлакай Маннопни ҳам товушсиз имлади.

— Бугунги иш «супер» бўлди, — дея мақтаниб Маннопнинг қўлидаги пулларни олди Баҳром. — Бунақаси бўлмаган. Роса қуритдик бойвачча акамизни!

— Ҳа, роса пайтавасига қурт тушадиган бўлди, — унинг гапини маъқуллади Тўлқин. — Хўш, Баҳром ака, синфдошим қалай ишлади?

Баҳром Маннопга бир қараб олди-да, пулларни тўрт қисмга ажратди. Камроғини Маннопга тутқазди.

— Ёмон ишламадинг, — деб қўйди кўз қисиб. — Ҳозир… Тўхта… — Баҳром чўнтагидаги бир сиқим тилла тақинчоқларни чиқариб ерга ташлади-да, орасидан иккита бриллиант кўзли узукни Маннопга берди. — Эҳтиёт бўлгин сотаётганда! Тағин кимдир таниб қолмасин узукларни!

— Хўп бўлади, ака! — мамнун бош ирғади Манноп. — Ҳеч қачон сизга гап теккиздирмайман!

Улушлар чўнтакларга жойлангач, ўғрилар бараварига ўринларидан туришди.

— Энди тезроқ қорамизни ўчиришимиз керак, — деди Баҳром ўмарилган уй тарафга безовта қараб олиб. — Қўшниларидан биронтаси кўрмаган бўлса бас. Қолгани силлиқ кечади.

Энди буёғига отни қамчиламаса бўлмасди. Айни вақти. Зўравонлар жазосини олиши лозим. Лекин қай йўл билан?

Манноп кетишга чоғланган шерикларга бир-бир қараб олгач, ясама безовталана бошлади.

— Ҳа, намунча сакрашга тушдинг? — ўдағайлади Баҳром. — Ё топган пулинг оғирлик қилаяптими?

— Қ-қорин бураб қолди, — деди иҳраб Манноп. — Иҳ-ҳ-ҳ!.. Вой-вой-вой!.. Б-баҳром ака… Сизлар нари бориб туринглар! Мен ҳожатга чиқиб келмасам бўлмайди. Ў-ўлиб қоламан ҳозир!..

— Ҳе сендақа тўғри ичакдан ўргилдим! — сўкинди Баҳром қолганларга еб қўйгудек ўқрайиб. — Бўпти, кўприк остига туш! Биров кўриб қолмасин! Биз муюлишда кутамиз. Юрларинг энди!..

Манноп сездириб қўймаслик учун бурала-бурала кўприк остига тушди.

Сув тиззага ҳам чиқмайдиган даражада оз бўлса-да, жуда совуқ эди. Манноп чидади. Оёқ яланг зовур ичига тушди-да, кўприк остидан туриб уларнинг узоқлашишини кута бошлади.

* * *

Шу тахлит беш дақиқача сувда туриб қолди. Чўнтагидаги қўл телефонни олишга шошилмади.

«Яхшиям анави нусхалар қўл телефоним борлигини билишмасди, — ўйлади Манноп. — Шундай бўлгани дуруст. Шубҳага боришмайди…»

Шу пайт оёқларига қандайдир совуқ нарса илашаётгандек сесканиб кетди. Энгашиб сув остини кўздан кечирмоқчи бўлди. Қоронғиликда ҳеч вақо кўринмасди.

Яна тик туриб шерикларини кузата бошлади. Бир зум ўтмай тағин ўша совуқ нарса оёғига тегиб ўтиб кетди. Шундан кейингина Манноп ниманидир пайқагандек ранги оқарди.

«Илон бўлса-я? — кўнглидан кечирди у қалтираб. — Сувда фақат илон юради-ку! Қурбақа бўлса, бунақа сирғалмасди оёғимда… Ҳа, илон бу, илон!.. Улар кўпчилик шекилли!.. Энажо-он, эна!.. Ёрдам бери-инг!..»

Манноп гарчи бу совуққон жонзотни кўзи билан кўрмаган бўлса-да, тамом бўлаёзганди. Ахир… Ўша нарса оёқларига бир неча марта сирғалиб ўтди. Чақиб олса-я?..

Манноп қанчалар муштумзўр бўлмасин, илондан ўлгудек қўрқарди. Болаликда ҳам ариқда сузиб келаётган илонга кўзи тушса, ура солиб қочган пайтлари бўлган.

У мурдадек қотиб қолди. Ҳатто нафас олаётган-олмаётгани ҳам сезилмади. Ранги пахтадек оқариб, бўғзига нимадир тиқилгандек бўлди.

Илонлар эса нари кетай демасди. Олдинма-кетин сузиб фақат Маннопнинг оёқларига сирғалиб сузишарди.

Шу вақтга қадар ўзини енгилмас, ҳаммадан зўр деб ҳисоблаган Маннопнинг ҳозирги ҳолига маймунлар йиғларди. У қимирлашга-да қўрқар, аъзойи бадани музлаб қолганди. Қисқа муддат давом этган даҳшатлар Манноп учун йилдек туюларди.

«Нима қилдим энди? — ўйларди сувилон безиён бўлишини билмаган Манноп. — Ҳозир чақиб олишса, ўламан шу ерда. Режаларим ҳам бир пул бўлади. Эсиз, Нозима опамнинг гапига кирмасдан, Раҳим ака айтган ишга борсам бўларкан. Энди мана шу сувда ўлигим қоладиган бўлди…»

Шундай ўйлар исканжасида турганда, илонлар бирдан даф бўлди. Ортиқ уни безовта қилмай қўйишди. Ҳаммалари бир-бирларини қувлаганча нари сузиб кетишди.

Шундан кейингина Манноп сал ўзига келгандек қўрқа-писа сувдан чиқди.

Барибир танасидаги титроқ босилмасди. Бир муддатга бўлсин нима қилиши лозимлигини ҳам унутганди.

* * *

Ҳушини йиғиб олгач, Манноп аста муюлиш томон назар ташлади. Ўғрилар ҳануз ўзаро ғудранишар, Баҳром тез-тез зовур тарафга безовта қараб қўярди.

«Демак, ҳалиям туришибди, — ўйлади Манноп. — Ҳозир тузлайман буларни. Қочишга жой тополмай қолишади… Сичқоннинг ини минг танга бўлади…»

У ҳовлиқиб чўнтагидан телефонини чиқарди-да, керакли рақамларни терди.

— Милиция! — гўшакдан овоз келди. — Гапиринг! Ким бу?..

— Ака, — деди шивирлаб Манноп. — Ҳозир фалон жойда яшайдиган фалончи аканинг уйини ўғри босди. Ҳали кетишмади улар. Шу атрофда туришибди. Ҳамма бойликларини опчиқиб кетишди.

— Сиз кимсиз? — сўради милиционер. — Исм-фамилиянгиз? Манзилингиз?

— Мен ўша кишининг қўшниси бўламан. Бешта уй нарида тураман. Лекин… Ака, мен исмимни айтолмайман… Қўрқаман!.. Билиб қолишса ўлдиришади мени ўғрилар!..

— Яна манзилни қайтариб юборинг!

Манноп манзилни айтди-ю, дарров телефонни ўчирди ва қопқоғини очиб ичидаги сим картани чиқарди-да, сувга отди.

«Ана энди мен ҳақиқий кўринмас одамга айландим, — деди у хаёлан. — Ҳали замон милиционерлар етиб келишади. Қани, бироз кутай-чи!..»

Шу орада у томон Меҳмонқул илдам юриб келаётганини кўриб қолди.

Шошиб қайтадан сувга тушди ва ўтириб олди.

— Вей, бўлмайсанми тезроқ! — паст овозда дўқлади Меҳмонқул. — Ўтираверасанми ичкетарга ўхшаб?

— А-ака, бўларим бўлди. — дея атайин ингранди Манноп. — Кундузи макарон егандим. Ит эмган сал эскиргандек туюлганди. Эътибор қилмай паққос туширибман… Ични бузди ярамас!

— Тезроқ бўл! Кутишга вақт йўқ!..

Меҳмонқул ортга қайтди дегунча у жонҳолатда сувдан чиқди-да, ўғриларни кузатишда давом этди.

Ана, Меҳмонқул уларга яқинлашиб нималардир дея норози қўл силтади. Шундан сўнг барчалари зовурга қараб олиб, аста йўлга тушишди.

«Эҳ, кетиб қолишмасайди, — хавотир аралаш уларнинг ортидан боқарди Манноп. — Сувдан қуруқ чиқиб кетишади-ку!.. Милиционерлар ҳам намунча чўзилишмаса?..»

Йўқ, бу гал ҳам Маннопнинг умидлари пучга чиқмади. Қарама-қарши тарафдан ўқдек учиб келган милиция машинаси ўғриларнинг рўпарасида тўхтади. Машинадан тўрт милиционер сакраб тушди-да, қочишга тутинган ўғрилар кетидан қувлай кетди.

Кейинги манзарани Манноп кўра олмади. Ўғриларни тутишдими-йўқми, унга қоронғи эди.

Бир жойда қотиб туравериш ҳам нотўғри.

«Хайрият, — дея эҳтиёткорлик билан қаддини ростлади у. — Улар энди қилмишларига яраша жазо олишади. Қочиб қаерга боришарди? Барибир тутиб олиб қамашади. Буёғига ўзимнинг эҳтиётимни қилмасам бўлмайди. Асосийси, менинг сотганимни сезишмади. Шуниси зўр бўлди.»

Манноп бир муддат атрофга аланглаб қай томон юриш ҳақида бош қотирди.

Ҳа, шаҳарга олиб борадиган йўлга чиқишнинг имкони йўқ. Ҳадемай милиционерлар уччаласини ҳам тутиб машинасида ўша ёққа чиқиб келишади. Манави ёқ-чи? Агар далани кесиб ўтса қаерга бориши мумкин? Ҳойнаҳой шаҳарга чиқадиган бошқа йўл бордир шу тарафда? Ёки йўқмикан?..

Таваккал қилади. Далани кесиб чиқади.

Манноп далага ўзини уришдан кўра, зовур ёқалаб пича юришга қарор қилди. Шундай қилгани маъқул туюлди.

* * *

Ҳа, бир кечанинг ўзида шунча пул!.. Бир умр бурнини ерга ишқаб ишлаганда ҳам бунча пул тополмайди. Агар уларни ўзимизнинг пулларга айлантирса борми, манави чўнтакларига сиғмай кетади.

«Хўш, буларни нима қиламан энди? — кўнглидан ўтказди у қаршисидаги қабристондан кўз узмай. — Аҳмоқ одам ёнида шунча пул кўтариб юради. Айниқса, мен каби уй-жойининг тайини йўқларга бу иш бошини кундага қўйиб берган билан баробар. Ҳарқалай, «Ўғрини қароқчи урибди» деган гаплар бор. Вокзалдами, йўл бўйидами, чарчаб ухлаб қолса-ю, кимдир чўнтагини кесиб кетса нима бўлади? Йўқ, бу пулларни ишончли жойга беркитгани маъқул. Шундай жой топиши керакки, ҳар гал катта пул ишлаб топганда, ўша жойда тўпласин. Токи бу жойни зоғ ҳам билмасин. Ана шунда бир кун келиб ҳашаматли, каттакон уйга етадиган пул йиғилади. Ўшанда Нозима опасининг олдига бошини баланд кўтариб боради.»

Манноп бир неча дақиқа ўйланиб қолди. Пул яширишга ҳадеганда яхши жой топила қолмасди. Уёғини ўйлаб кўрди, буёғини чамалади, барибир маъқул бўлавермади.

Жин урсин!.. Нима қилса бўлади-а? Ё қишлоққа бориб ҳовлисига беркитиб келсинми? Йўқ, отаси пиёниста, барибир ҳитланади. Қолаверса, у ерга борса, тағин ортиқча гап-сўзлар кўпаяди. Қўшнилар насиҳат қила бошлашади, отаси дийдиё қилишга тушади.

Ҳа, топди, пулларни манави қабристондаги гўрларнинг бирига яширади.

Ахир, Мўмин бува билан бирга гўр ковлади, энди қўрқмасдан кира олади. Башарти суяк чиқиб қолса, секин бир четга суриб қўйса кифоя экан. Умуман, каллали одам шундай йўл тутиши керак. Гўрга пул беркитилгани ҳеч кимнинг етти ухлаб тушига кирмайди. Қолаверса, билган тақдирда ҳам унча-мунча одам юрак ютиб гўр ичига кира олмайди…

Манноп ўйлаб топган тадбиридан ўзи руҳланиб қабристон томон йўл олди.

Дарвоза қулф экан.

Девор ошиб тушишга мажбур бўлди. Сўнгра теваракни ўғринча кузатди. Ҳеч ким йўқ. У дўмпайган, зўлмат қўйнида қорайиб унча-мунча одамнинг юрагига ваҳима соладиган қабрларни оралаб ичкарироқ киришга аҳд қилди.

Қабрларнинг кўпчилиги устига мармартошлар ўрнатилган. Атрофига гуллар экилган. Ҳеч бир қабр устини чакалак босмаган. Бу ғира-шира чироқ шуъласида ҳам аниқ кўриниб турарди.

Манноп қабристон ичкарисига юриб борарди-ю, ўзини анча эркин ҳис этарди.

«Гўристонни йўлагиниям асфальт қилса бўларкан-ку, — ўйларди ним қоронғиликда атрофга алақ-жалақ боқиб. — Нега бизнинг қишлоқда шундай қилишмайди? Гўристонга киришга қўрқади одам. Ёмғир ёғса-ку, Худо беради. Юриш тугул, ичкарисига бир қадам босиб кириб бўлмай қолади. Мана, бўларкан-ку!.. Эҳ, ҳали бу ерлардан очиқ гўр топа олармиканнман?..»

Бу маҳалда қалбида эзгулик ҳисси ҳукмрон инсонлар ширин уйқуда бўладилар. Улар кун бўйи меҳнат қилиб, тирикчилик, ўзгаларга яхшиликлар қилиб, меҳр-муҳаббат улашиб чарчаган. Бу инсонлар ҳеч қачон ўзларини юз фоиз ҳақ дея ҳисобламайдилар. Ҳамиша билиб-билмай қайсидир гуноҳга йўл қўйган бўлишлари мумкинлигидан хавотирда яшайдилар. Шу сабабли ухлашга ётишдан олдин, уйғонгандан кейин Яратганга илтижо қилиб, гуноҳлари учун тавба қиладилар.

Афсуски, Маннопга бу туйғулар ёт эди. У умри бино бўлибдики, фақат ичкилик, ҳақоратлар, шармандалик, беҳаёлик, ўғрилик, босқинчилик, бировни менсимаслик, зўравонлик ва муштумзўрликларни кўриб кўзи пишди. Шунинг учун у тавба қилиш нималигини, тавба фарз эканини англаб ета олмасди.

Ҳозир ҳам кетиб бораяпти-ю, ўзини ҳақ, ўзгалардан устун дея ҳисоблаяпти. У ўғриларга боплаб тузоқ қўя олганидан мамнун, терисига сиғмас даражада қувонган. Бироқ чўнтагидаги бир даста кўкимтир пуллар ҳаром эканини тан олгиси келмайди. Бу пулларни пешона тер эвазига келган деб ўйлайди…

Манноп айни чоғда қабристон муҳитига, сукунатга тобора яхшироқ кўникиб борарди.

У дадил юриб бориб бир четдан эски бир қабр топди.

Қабрни итми, тулкими тешиб кирган кўринади. Бир чети нураб тушибди.

Эндигина энгашиб тупроқни четга сурмоқчи бўлганди, ёнидан безовта миёвлаганча каттакон қора мушук ўтиб кетди.

Бундай лаҳзаларда манаман деган ботирнинг ҳам юраги шиғ этади. Манноп жонҳолатда ўрнидан турди-да, қалбидаги қўрқув аламини сўкинишдан олди.

— Ифлос, шумоёқ!.. — шивирлади мушук қочган тарафга кесак отиб. — Яна шу ерга қалам босгин, бўғиб ўлдираман! Отинг ўчсин!..

Хўш, энди нима қилади? Қўлида на белкурак, на кетмон бор. Демак, қўлини ишга солади. Қандай бўлмасин, тонгга қадар бу юмушни тугатиб, қабрга белги қўйиши шарт. Ҳа, қабр ичидан яна кичик бир чуқур қазийди. Пулларни ўша ерга кўмади. Токи анави қора мушукка ўхшаган маҳлуқлар ковлай олишмасин!..

У шоша-пиша эгнидаги кийимларни ечди-да, ишга тушди. Қабр тупроғини ҳовучлаб-ҳовучлаб юқорига ота бошлади.

Маннопга тешик жуда асқотаётганди. Чамаси икки-уч челак тупроқ олингач, кутилмаганда оёғи тойиб пастга қулади. Ҳаммаёғи чангга ботди.

— Вой-до-од! — кутилмаганда бақириб юборди Манноп. — Ёрдам берингла-а-ар!..

У жуда қўрқиб кетганди. Назарида кимдир орқадан келиб атайин қабрга итариб юборгандек туюларди.

Азбаройи даҳшатга тушганидан тирмаша-тирмаша амал-тақал юқорига кўтарилиб олди. Сўнгра ваҳима аралаш атрофга боқди. Хаёлида ҳар бир дўмпайган қабр ортида қандайдир қўрқинчли, кўзга кўринмайдиган, қўл билан тутиб бўлмайдиган маҳлуқсифатлар тургандек бўларди.

Манноп нима қилишни билмай аста ортга тисланди. Лекин пул беркитиш илинжи устун келиб яна очиқ қабрга яқинлашди-да сирғалиб пастга тушди.

Йиқилганда қумнинг тенг ярми пастга ўпирилиб тушиб бўлганди. Шу маҳал юқорида кимдир тик туриб уни кузатаётгандек жонҳолатда бошини кўтарди.

Бояги қора, каттакон мушук тепасида турган экан. Қоронғиликда мушукнинг кўзлари ёнар, негадир Маннопдан кўз узмай пишқириб қўярди.

— Бор кет! — қўл силтаб уни ҳайдамоқчи бўлди Манноп. — Кет фалокатнинг уяси, кет!..

Шундай дерди-ю, вужуди дир-дир титрарди. Мушук ҳам ҳадеганда кета қолмас, тек қотиб турарди.

Йиқилган курашга тўймаганидек, Манноп базўр ўрнидан қўзғалди-да, кафтини тўлдириб мушукка отди.

Мушук шу заҳоти даф бўлди. У енгил нафас олиб қумларни кафти билан ёришга, лаҳалга йўл очишга тутинди.

Бу ҳолва экан. Оёғига қандайдир совуқ нарса илашганини ҳис этиб бирдан энгашди.

Адашмабди. Қорамтирми, ё бошқачароқ рангдами, қоронғида кўрмади, хуллас, узун бир илон оёқларига сирғалганча юқорига ўрлади. Ҳали ваҳималар тарқаб улгурмай, қабр ичидан қисирлаган товушларни эшитди.

«Ие, — кўнглидан ўтказди Манноп худди хавфли душмандан беркинмоқчи бўлган аскар каби қабр четига суяниб. — Нима бўлди бу тағин?.. Наҳотки, у дунёдан келган Азроил бўлса?.. Болалигимда катталар айтарди. Мурдаларни сўроқ-савол қилишга фаришталар ташриф буюраркан. Ўшалар мени сезиб қолган бўлишса-я?!. Ҳозир гўрни ёриб чиқиб мениям ичкарига судраб қолишса-я?!.. Йўғ-э, бу шунчаки гап-сўзлар бўлишиям мумкин. Унақага ўхшамайди. Менимча гўр ичида итми, тулкими ётган кўринади. Ўшалар суякларни шитирлатаётган бўлишиям мумкин… Гўристонда ҳамма нарсани кутса бўлади…»

Бу ҳолатда манаман деган босқинчи ҳам тилини тишлайди. Манноп бўларича бўлганди. Рангида ранг қолмаган, ҳатто қўрқувдан тишларигача бир-бирига навбат бермай такилларди.

«Йўқ, юқорига чиқмасам бўлмайди, — дея қайтадан қумга тирмашди Манноп. — Бунақада ўлиб қолиш ҳам ҳеч гапмас. Яхшиси, кундузи келаман. Ҳа, тушлик вақтида келсам, гўристонда ҳеч ким бўлмайди. Ҳозиргидек ит, мушукларга ҳам рўбарў бўлмайман. Ҳарқалай, атрофимда ким, нима борлигини кўриб тураман…»

Шундай хаёллар билан у юқорига чиқиб олди ва шоша-пиша кийимларини қоқиб қаддини ғоз тутди.

Танасидаги титроқ ҳали-вери босиладиганга ўхшамасди. Ўзи тили танглайига ёпишгандек, оғзи қуруқшагандек тамшанарди.

Кетиш мақсадида ортга ўгирилди-ю, додлаб юбораёзди. Дўмпайган қабрлардан бири тепасида чўпдек озғин, қадди букчайганнамо бир кимсанинг қора шарпаси қотиб турарди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here