Акасини ота ҳовлидан қувиб чиққан ука қисмати

0

Ота ўғлини елкасига опичлаб олди. Ўғил отасининг бўйнидан маҳкам қучди. Падарининг елкаси узра олдиндаги йўлга қаради. Қишлоқнинг тошлоқ кўчаси, икки ёнда баланд ўсган тераклар, тиниқ осмон ва парвоз этаётган қушларга ҳавас билан боқди. Ўзи ҳам ўша қушлар сафига қўшилиб учгиси, осмон ва теракларни отасининг бўйнини қучгани каби бағрига босгиси келди. Бу орзу унга умид ва ишонч берди ҳамда бир зум хаёлан парвоз қилди. Ўзини қушлар сафида кўриб севинди. Самода муаллақ турган қуш каби қўлларини кенг ёйди. Шу пайт бирдан ерга шўнғиб кетаётгандай бўлди. Унинг хаёлини отасининг: «Маҳкам ушла, йиқиласан!» деган гапи бўлди. Бола истамайгина отасининг бўйнидан қучди. Ҳорғин ҳолатда иягини отасининг елкасига қўйди.

Улар шу тариқа анча-мунча йўл босишди. Отаси бир дақиқа ҳам дам олмай ўғлини опичлаб, манзилга яқин келиб қолди. У  аввал қишлоқдан чиқиб, пахта даласини иккига бўлиб ўтган йўлдан юрди. Кейин катта каналдаги темир кўприкдан ўтиб, асфальт йўлга чиқиб олди. Бола ортига ўгирилиб, олисда қолган қишлоғига қаради. Бояги тераклар орасидан ўзларининг уйини ахтарди. Лекин тополмади. Шунгача миқ этмай келган бола отасига:

— Уйимизни кўрсатинг, — деди.

Шунча йўл босиб ҳориган Собир ҳансираб зўрға нафас оларкан:

— Индамай юр, кейин кўрсатаман, — деди.

Бола хархаша қилди. Собир истамайгина ортига ўгирилди. Қаддини бироз ростлаб, қишлоққа диққат билан қаради. Уйи бу ердан кўринмас экан. У:

— Уйимиз бу ердан кўринмайди. Теракларнинг панасида. Мана шу тўғрида, — дея бир қўли билан зўрға ишора қилди.

Бола яна ўша қадрдон теракларга қаради ва йиғлаб юборди: «Аямни соғиндим!»

Собирнинг нафаси бўғзига тиқилиб кўкраги ачишди. Хаёлидан: «Эй, Худо, шугина гўдакнинг бошида шунча ташвиш. Ахир бунинг нима гуноҳи бор?» деган ўй ўтди. Тағин атайлаб, ўзини жаҳлдор кўрсатишга уринди.

— Ҳозирдан йиғлаяпсанми? Айтиб қўяй, агар йиғлайверсанг, уйга вақтида келолмайсан. Аввал ҳам айтганман-ку. Тўғрими?

Бола бирдан жим бўлди. Отасининг бўйнидан қўлини олиб, кўз ёшини артди. Шу пайт уларнинг ёнгинасига машина келиб тўхтади. Ҳайдовчи баланд овозда:

— Йўл бўлсин? — деди.

— Шаҳарга!

— Ўтиринг.

Собир машинанинг орқа эшигини очиб, аввал ўғлини ўтқазди, кейин ўзи ўтирди. Ҳайдовчи ойнадан уларга қаради ва:

— Нега кап-катта йигитни кўтариб олдингиз, узоқ юриб чарчадими? — деди.

— Ҳа, кўп юрса чарчайди.

— Ўғлингизми?.. Ота-бола саҳарлаб жўнабсизлар-да? Томошагами ёки қариндошлар борми?

— Томоша бўлса қани эди. Боламнинг мазаси йўқ. Шунга шифокорга кетяпмиз, — деди Собир дарди янгиланиб.

— Нима қилган? Шамоллабдими?

— Юрак!

Бу гапни эшитган ҳайдовчи ортига ўгирилиб қаради. Собирнинг сўзига ишонмагандай болага термилди ва: — Шугина гўдакнинг ҳам юраги оғрийдими? — деди ва гапида давом этди:
— Эй, ака, касал ҳам кўпайиб кетди. Ёшу қари бирдай хаста. Тавба қилдим, табиат ўзгариб кетдими ёки биз билмайдиган бошқа сабаби борми, ишқилиб, кимга қараманг, аҳвол шу… Йигитни касалхонага ётқизасизми? Аввал ҳам даволанганми?

— Ҳа, бир йилдан бери даволанади. Икки ой уйда бўлса, ўн-ўн беш кун шифохонада, — деди Собир.

Бола эса:

— Борамизу қайтамиз, ётмайман, — деди отасига қараб.

— Кўрамиз, шифокор нима деса шу! Уйда келишиб олдик-ку?!

— Бу полвон йигитнинг исми борми?

— Ҳа, Шуҳрат.

— Шуҳратбек, йиғламасанг, сенга мана буни бераман, — дея ҳайдовчи кичкина ўйинчоқни болага берди. Кейин Собирга қараб гапида давом этди:

— Жуда ажойиб замонда яшаяпмиз. Мана, мен ўз ишим билан шаҳарга бориб-келаман. Йўлда ҳар куни сизга ўхшаган бирор йўловчини олиб, гурунглашиб кетаман. Шаҳарга боргач пул керакмас десам, ҳайрон қолади. Ҳатто ишонгиси келмайди. Менга шубҳа билан қарайди. Тушуняпсизми, ука, одамлар яхшиликни кўриб ҳайратланадиган бўлиб қолди. Яхшиликни унутиб юбордик-да! Ҳатто ака-ука, опа-сингиллар ҳам оқибатни эсдан чиқариб, сен-менга боряпти…

Собир ҳайдовчининг гапини тасдиқлади-ю, хаёлга толди. Бундан неча йиллар аввал бўлган воқеалар кўз ўнгида жонланди.

* * *

Ўшанда Собир энди унаштирилганди. Тасодифан отаси оламдан ўтди. Тўй қолдирилди. Собир бундан қаттиқ қайғуга тушди. Шундоқ ҳам онасининг бевақт ўлимига ўкиниб юрган Собир буткул тушкунликка тушиб қолди. Тағин одамови бўлиб, ҳеч кимни хуши суймайдиган одат чиқарди. Шунинг учун акасининг болалари ҳовлида ўйнаб, баландроқ овозда гапирса ҳам бақирар, янгасига: «Отам ўтиб кетганига қувоняпсизми? Мана, болаларингиз ҳам байрам қиляпти. Сиз ҳам кекса кишининг инжиқлигидан қутулдим, деяётгандирсиз?» дерди. Собирнинг шунга ўхшаш ўринсиз таъналари сабаб ака-ука айтишиб ҳам олди. Тоқати-тоқ бўлган Собир ана шундай тортишувларнинг бирида акасига:

— Бу уй, ҳовли-жой менга тегишли. Бу ҳақда отам айтганини ўзингиз ҳам эшитгансиз. Шундай экан, марҳамат қилиб, уйимни бўшатиб қўйинг! — деди.

Укасидан бу гапни кутмаган Шароф бир қалқиб тушди. Нима дейишни билмай анграйиб қолди. Шароф бироз ўзини ўнглагач, Собирга:

— Шайтонга ҳай бер, ука! Тўғри, отамнинг васияти, уй сеники. Лекин тайин жойим бўлмаса, ёш болаларим билан қаерга бораман? Майли, бир йил сабр қил, уй олиб, кўчиб кетаман. Унгача озгина маблағ жамғариб олай, — деди.

Собир акаси ўзига ён берганини кўриб, тағин оловланди:

— Менинг ишим йўқ. Уйни бўшатиб қўйинг. Бу ҳовлини сотиб, шаҳардан уй олиб, кўчиб кетмоқчиман. Шунинг учун ҳозирдан кўчишга ҳозирлик кўринг!

— Нима десанг, хўп дейман, лекин бу ҳовлини сотмайсан, — деди Шароф.

— Сотаманми-йўқми, бу менинг ишим! Сиз яхшиси, индамай уйни бўшатиб қўйинг!

Ака-уканинг тортишуви узоқ чўзилди. Вазият шу даражага етдики, Шароф аччиғи чиқиб, укасининг ёқасидан олди. Тала-тўпдан хабар топган қўшнилар ака-укани ажратишди. Шароф уятдан қизарди. Ўз қилиғидан Собирнинг ҳам дили хуфтон бўлди. Лекин ўзини-ўзи оқлаб: «Уй меники бўлгандан кейин хўжайинлик қилишга ҳақим бор», дерди.

Шароф икки ўт орасида қолди. У болалиги ўтган уйнинг сотилишини тасаввур ҳам қилолмасди. Шу сабаб қандай бўлмасин, укасини уйни сотиш фикридан қайтаришни истарди. Шароф бор гапни қон-қариндошларга айтди. Улар ўзаро маслаҳатлашишди. Собирга насиҳат қилишди. Собир бундай қараса, шунча одам унинг оғзига тикилиб, нима деб жавоб қайтаришига илҳақ. Бундан ўзини тенгсиз ҳис қилган Собир айтганидан туриб олди.

— Менинг ҳам орзу-ҳавасим бор. Уйни сотиб, шаҳарда яшашни, юқори мансабларда ишлашни истайман!

Собир, аслида, уйни сотишни ўйлаб ҳам кўрмаганди. Акаси билан тортишаётганда бу гап оғзидан беихтиёр чиқиб кетди. Кейин қараса, айнан шу гап унинг учун яхшигина ҳимоя қуроли экан. Ўзаро кенгашган қариндошлар Собирга насиҳат қилиш бефойда эканини фаҳмлагач, Шароф укасига юзланди:

— Агар озгина вақт кутсанг, уйни ўзим оламан.

Собир кўзини лўқ қилиб:

— Уйни сизга сотмайман. Биринчидан, ҳозир пулингиз йўқ. Мен шу йилдан қолмай шаҳарга кўчишим керак. Иккинчидан, сиз уйни арзон оласиз. Ҳамма ёнингизни олиб, нархни туширади. Хуллас, иккимизнинг савдомиз келишмайди, — деди.

Шароф эса:

— Майли, нима қилсам уйни сотмайсан? — деди ўзга чораси йўқлигини билиб. — Лекин айтиб қўяй, отамнинг сўзини икки қилмаслик учун нима десанг ҳам хўп деяпман. Бўлмаса, судлашиб бўлса ҳам меросни тенг бўлиб олардим.

Собир акасининг охирги гапидан сўнг ўйлашиб муомала қилиш кераклигини билди ва Шарофга ён босган бўлиб:

— Олти ой ичида уйни бўшатиб қўйсангиз бўлди, — деди.

Уч ой ўтар-ўтмас Шароф ижара уй топиб, кўчиб кетди. У ёш болалари билан йиллар давомида уй қуролмай сарсон-саргардонликда кун кечирди. Шарофнинг топган-тутгани тинимсиз кўчиш ва ижара ҳақига сарф бўларди.

Буни кўрган Собир қандай хатога йўл қўйганини англаб етганди, аммо кеч бўлганди. Ҳозир ҳайдовчи оқибат ҳақида гапирганида шу воқеалар кўз олдига келиб, ўзидан-ўзи нафратланди. Собирнинг хаёлини ҳамон нималарнидир гапириб келаётган ҳайдовчининг сўзи бўлди.

— Бу дунё ҳисоб-китобли. Ҳеч нарса бесабаб бўлмас экан, — деди ҳайдовчи.

Собир тағин ўзини деб азият чеккан акаси ва оиласини кўз олдига келтирди. Ёнида ўтирган ўғлига қаради. Бола машина ойнасидан ташқарига қараб индамай кетар, унинг хаёлини бояги қишлоқ манзараси банд этганди. У ўша қушлар каби озод учишни, истаганича елиб-югуришни хоҳларди. Шундай вақтларда нима учун айнан бундай хасталикка чалингани ҳақида бош қотирар, бу ҳақда отасидан сўрашга эса юраги дов бермасди.

Қувончбек ХУДОЙШУКУР

(«Ҳордиқ плюс» газетаси хазинасидан)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here