«Ахир биргина талоқ аршни ларзага келтиради-ку!»

0

Хонзода ўзини қўярга жой тополмасди. Уй тўла меҳмон, келиб-кетувчиларнинг кети узилмайди-ю, лекин аёл ҳаммасига қўл силтаб қочиб кетишни хоҳлаётганди. Дарпарданинг бир четини кўтариб, ҳовлида ял-ял ёнганча юрган келинчакка қаради. Ялтироқ кийимларга бурканган келинчак ҳамманинг кўнглини олиш билан овора. Унинг юзида мамнун кайфият, бахт барқ уриб турарди. Ҳар келган меҳмон келинни ўпиб-қучганида, мақтаганида Хонзоданинг фиғони фалакка чиқар, асаблари таранглашарди.

— Жодугар, ҳали шошмай тур!

* * *

Хонзода ўғли Соҳиб билан укаси Зоҳиднинг бирга ўйнашини узоқдан кузатиб тураркан хаёлларга берилди. Аёл ҳадеб касалдан боши чиқмайдиган ўғлини ўйлаб, кўп сиқиларди. Севикли эридан ажрашгани ва ёлғиз фарзанд тарбияси бўйнида қолгани учунми сўнгги пайтларда аламзада бўлиб қолганди. Шу пайт Хонзоданинг хаёлларини бақир-чақир овози бўлди. Дераза ортида укаси ва ўғли жанжаллашар, ур-тўполон бошланиб кетганди.

— Нима бўляпти бу ерда? — бақириб болалар томон яқинлашган жувон кўзларини чақчайтирди. — Иккинчи Соҳибга қўл теккизма, ярамас!

Соҳиб нимжон ва касалмандроқ бўлгани учун Хонзода ўғлини тебранган шамолдан ҳам ҳимоялашга уринар, ҳозир ҳам укаси кўзига ғирт бегонадай кўриниб кетгани сабаб Зоҳидни турткилаётганди.

Ёши катта бўлиб қолганига қарамай Зоҳидни туғибоқ оламдан ўтган онасини Хонзода кўп эслар, укаси кўзига онасининг қотили ўлароқ хунук кўриниб кетарди баъзан.

— Қани болалар, энди боринглар! — деди Хонзоданинг отаси.

Кексалик аломати бўлмиш ажинлар юзини қоплаётган отасига хижолатомуз қараган Хонзода бошини эгди.

— Биламан, ҳозир сенга ҳам осон эмас, — деди бир мунча сукутдан сўнг ота қизига. — Лекин номард эрингдан ажрашганинг аламини укангдан олма, қизим!

— Дада…

— Ўғлинг ва уканг тенгдош. Тўғри, онанг раҳматли Зоҳидни дунёга келтирибоқ вафот этди, бироқ гўдак ҳеч замонда бунга айбдор эмас! Укангни катта қилишга заррача ёрдам бермадинг, доим уни турткиладинг, ахир бу яхши эмас, болам!

Дадаси қизига қанча насиҳат қилишига қарамай, барибир, укаси Зоҳидни хушламайдиган Хонзоданинг қалбида меҳр уй­ғонмасди.

Кунлар шу тариқа ўтар, Зоҳид ва Соҳиб деярли бирга улғайишарди-ю, бироқ уларнинг иккиси икки дунё. Болаларнинг ўртасида вужудга келган ҳар қандай келишмовчилик мудом Соҳиб фойдасига ҳал бўлар, Хонзода касалдан боши чиқмайдиган фарзандини бошига кўтарарди. «Нега менинг болам ҳар уч куннинг бирида шамоллайди-ю, Зоҳид қишда ялангоёқ муз узра учса ҳам ҳеч нарса қилмайди? Нега боламнинг бўй-басти кичик, озғингина-да, Зоҳид кун сайин алп қоматга айланяпти? Нега менинг ўғлим доим икки-уч баҳо олиб келадию, Зоҳиднинг кундалиги бешга тўла?» Хонзода ўзи сезмаган ҳолда ўғлини укаси билан таққослайдиган одат чиқарганди. Аёл ҳар ишда Зоҳид ва Соҳибнинг ҳаракатларини сар­ҳисоб қилар, йиллар ўтгани са­йин бу вазият аёлни эзишда давом этарди.

— Опа! — кўчадан қувноқ товуш-ла ҳайқириб кирган Зоҳид Хонзодани чақирди. — Опажон, суюнчи беринг!

— Вой, бунча шанғиллайсан? — деди аёл эснаб. — Тинчликми?

— Ўқишга кирдим опа, талаба бўлибман, табрикланг!

— Ҳа, шундайми, табриклайман! — деди Хонзода жилмайишга уриниб.

Опасини қучганча шўхлик қилиб, Хонзодани кўтариб олган Зоҳиднинг эса қувончи ичига сиғмасди.

— Ҳой, тушир мени, тушир, эсингни еганмисан нима бало?

Аёл бақираётиб, остонадан кириб келган ўғлига кўзи тушди.  Хонзода ўғлининг ёнига югурди.

— Хўш, кирибсанми? Гапирсанг-чи, болажоним!

Соҳиб бошини хам қилганча талмовсираб турди-да, бирдан жазавага тушиб ҳайқирди:

— Бунча сўрайверасиз?!

— Болам…

— Йўқ, кирмабман, тушунарлими, жуда кам балл олибман! — бақиришда давом этган Соҳиб Зоҳидга ҳам ўдағайлади. — Сен нега бақрайиб турибсан, хурсандмисан?!

— Ўзингни бос, онангда нима айб?..

— Ўчир овозингни Зоҳид, гапирма! — деди ўғлининг ёнини ола кетган Хонзода.

Соҳиб қўлини бир силтади-ю, орқасига ўгирилиб, кўчага отилди.

— Болам, қаерга кетяпсан, тўхта! — дея ўғлининг ортидан ҳайқирган аёл укаси томон шарт ўгирилди. — Агар Соҳибимга бирор кор-ҳол бўлса, сени қарғайман!.

Зоҳид ҳамма нарсага кўз юмиши мумкин, бироқ опасининг бу гапига асло чидолмайди. Ахир дадасининг вафотидан сўнг унинг ёлғиз қадрдони шу опаси-ку. Хонзоданинг бемеҳрлигини Зоҳид  қатъий тарбия ўрнида кўрар, турткилашларини қаттиққўлликка йўйиб қўя қоларди. Мана, ҳозир ҳам опаси ундан норози. Онасини кўрмагани учунми, Хонзодани жонидан ортиқ кўрадиган Зоҳид опасининг йиғлашига чидолмасди. Айниқса, отаси ҳам бу дунёдан ўтиб кетгач, Хонзода Зоҳид учун ҳам ота, ҳам она.

* * *

Вақт ўтиб борар, Зоҳиднинг ишлари гуллагандан гулларди. Йигит ўқиш билан биргаликда ишлар, ҳатто бир қанча тадбиркорларнинг назарига ҳам тушган эди.

— Опа, мени ишга таклиф этишяпти!

— Ҳа, яхши-ку.

— Опа, менинг лойиҳамни қабул қилишди!

— Шундайми?

— Опа, хорижга юборишяпти, иш ўрганиб келармишман!

— Ўргилдим, хорижликларнинг сенга кўзи учиб турганмиди?!

— Опа, катта маош олдим!

— Ҳа, яхши…

Суҳбатларнинг ҳар қандай кўриниши айни шу тарзда ўтарди. Зоҳид ўз вазифаларини тўлқинланиб бажарар ва завқини опаси билан баҳам кўришни истарди, лекин Хонзода ё қуруққина жавоб билан, ёки киноя билан мавзуни ёпарди. Аёл гарчи ўзини хотиржам тутса-да, ич-ичидан сиқилар, ҳамон укаси билан ўғлини таққослаб ўзини қўярга жой тополмасди. Хонзода Соҳибни гоҳ у-гоҳ бу таниши билан учраштирар, ўғлини мақтаб эси кетарди. Зоҳид бу орада ўқишни битириб, аллақачон ўз ишини йўлга қўйган, бироқ Соҳиб ҳалигача ҳеч кимнинг назарига тушмаганди.

— Бу ишни қойиллатдим, у ишни қойиллатдим, дея оғзингни тўлдириб гапиришни биласан, битта қариндошингга иш топиб беролмайсан! — деди Хонзода укасига шанғиллаб.

— Опажон, ахир бир эмас, уч маротаба иш топиб бердим-ку, — куйиниб гапирган Зоҳид опасининг қўлларидан тутди. — Ўзи ҳам ҳаракат қилиши керак-да…

— Сен топиб берган қаланғи-қасанғи ишларингни миннат қиляпсан, а?! — қўлини тортиб олди аёл. — Ўзинг ҳашаматли офисларда ўтирасан-у, менинг болам бир қават пастдаги оддий хонада ўтиради, шундайми?!

— Қани энди имкон бўлса, уни ёнимга олардим! — деди Зоҳид қўлини кўксига қўйиб, астойидил сўзларкан. — Лекин у, ҳ-ҳалиги…

— Ўқимаган-да! Шундай демоқчимисан? Сен ўқиган, менинг болам ўқимаган бир нотавон, а? Гапир! — Хонзода опа кўзларини чақчайтирар, аламзада нигоҳи Зоҳидни тешиб юборгудай эди гўё.

— Опа, гап ўқишда эмас, уқишда! Агар Соҳибнинг ўзида ишимга заррача иштиёқи бўлганида ҳам…

— Сени эшитишни ҳам хоҳламайман! — ўрнидан туриб кетган аёл укасига кескин ўгирилди. — Соҳибимга иш топиб бермасанг, рози эмасман, қар­ғайман!

Зоҳид опасидан яна ўша оғриқли сўзни эшитди, эзилиб кетди. У нима қилиб бўлса ҳам Соҳибга яхши иш топиб беришни ўйларди. «Нима бўлса бўлсин, опам норозилик билдирмаса бас, опам қарғамаса бас!» Зоҳид ўша куниёқ Соҳибни яхши ишга жойлаштирди. Унинг орқасидан гап эшитса ҳам, боши эгилса ҳам, Соҳибга лавозим берди.

Кунлардан бир кун Зоҳид уйланиш ҳақида қизарибгина оғиз очди. Қанча уринмасин опасини совчиликка рози қилолмаган Зоҳид холасига ёрилишга мажбур бўлди ва шу тариқа тўй тадориги бошланди. Тўйнинг ҳеч қандай олди-бердиларига аралашмай, бир чеккада кузатиб турган Хонзодага бу ҳодисалар ҳеч ёқмас, негадир аёлнинг ичини ит тирнарди. Бир куни Зоҳид ва келин бўлмишнинг хиёбонда тушган суратларига тикилиб турган ўғлини кўрди-ю, баттар эзилди.

— Қурбақага ўхшайди-я? — ўғлига яқинлашган аёл суратдаги қизга ишора қилди.

— Ойи, нега доим беъмани гапларни гапирасиз? Аксинча, жуда чиройли экан-ку!

Соҳибнинг тутоқиб кетишидан Хонзодага «Ўғлим бу қизни ёқтириб қолган чоғи», деган ўй келди ва шошиб қолди. Холасидан ўша қизнинг манзилини суриштириб олди-ю, отни қамчилади.

— Ҳа, сиз Зоҳиджоннинг опасимисиз? Жуда яхши-да, чойдан олинг! — ҳаяжонланиб кетган аёл Хонзодага чой узатди. — Ўзим ҳам ҳеч кўринмади, фотиҳа ҳақида гаплашгани келса керак, деб тургандим.

— Йўқ, мен совчиликка келдим, ўргилай, — деди Хонзода опа чўзилиб ўтиришни истамай.

— Ҳа, майли, синглим, лекин холангизники ҳам ҳисоб эди, — деди аёл мамнун куларкан. — Сиз ҳеч хижолат тортманг, менга мазангиз йўқлиги ҳақида айтишганди…

— Мазам жойида, ўргилай, — гапни бўлган Хонзода жилмайди. — Кейин мен Зоҳидга эмас, ўғлим Соҳибга қизингизни сўраб келдим.

Дастурхонга термулган кўйи майин табассум билан ўтирган аёл юзида ҳайрат аломати зоҳир бўлди ва у Хонзодага тикилиб қолди.

— Н-нима?!

— Ўғлим Соҳибжонга дейман, — гапини хотиржам такрорлади Хонзода опа.

— Қ-қанақасига, ахир?!

— Соҳибим жуда келишган, ақлли, яхши жойда ишлайди. Қолаверса, Зоҳиддан бўйи баланд, фаросати ҳам баланд, деб бемалол айта оламан…

Оғзи тинмаётган Хонзодага қараб турган аёл донг қотди. Бир зум «Мен кимлар билан қуда бўлмоқчиман? Укасига душман биланми?!» деган хаёл миясига келган мезбон довдирарди. Хонзодани бир амаллаб кузатган аёл нима қилишни билмай эсанкирарди. Эрини бу гаплардан огоҳ этганида, эркак ҳам ёқасини ушлади ва: «Зоҳид зўр йигит, қизимизни опасига бермаяпмиз-ку!» деб мавзуга якун ясади.

* * *

— Зоҳид, Зоҳид! — ҳовлига шаҳдам қадамлар билан юриб чиққан Хонзода опа титраганча укасини қидирди.

Тўпланган бир тўда меҳмон ҳайрон.

— Тинчликми опа?

— Тинчлик эмас, вой, дод, бу янги келин дастидан дод!

Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ жазавага тушаётган аёлнинг бу аҳволи туғилган кунга келган меҳмонларни чўчитар, пичир-пичирлар бошланганди.

— Опа, туринг ўрнингиздан, тушунтиринг, илтимос!

Зоҳид доимгидай сиқилиб қолаётганди, кўнгли хижил тортаётганди унинг.

— Йўқот, эшитяпсанми, ҳозироқ мана бу жодугарингни йўқот!

— Ия, м-мен нима қилдим, опажон?! — ҳайрон қолган келинчак йиғлай бошлади.

— Сен менинг айтганларимни қилмаяпсан, асабимга тегяпсан, ҳиқилдоғимга келди сен билан яшаш! — Хонзода опа гапираркан укасига қараб-қараб қўярди. — Укам мени танлайди, опасининг розилигини танлайди ва сен жодугарни бугуноқ йўқотади!

— Ахир опажон!..

— Бас қил! — деди Зоҳид хотинининг гапини бўлиб ва опасига қаради. — Опажон, турмуш ўйинчоқ эмас-ку!

Хонзоданинг қайсарлиги тутган. Ўтган йилларни эсларкан, Зоҳидга нафрати қўзирди. Қолаверса, онасининг ўлган кунида укаси туғилган кунини нишонлаши опанинг сабр косаси тўлишига сабаб бўлганди. Аёл ҳеч кимни эшитишни истамас, ҳатто «Ўзингизни босинг, ойи!» деяётган Соҳибга ҳам қарамасди. Фақат «Келин йўқолсин!» дея ҳайқирар, ичидаги ҳасад оловини шу усулда ўчирмоқчи эди гўё. Хонзода биларди, укасини қандай йўриғига солишни жуда яхши биларди. Эски усулни қўлласа кифоя!

— Агар, — деди Хонзода қошларини чимириб, — ҳозироқ хотинчангнинг талоғини бермасанг, розимасман! Қарғайман!

Ҳамма жим. Хонзода опа айни шу тариқа укасини қўрқитиши ҳеч кимга сир эмас. «Тамом!» дея ўйлади келинчак ҳам. Меҳмонлар «Хонзода яна фитнасини бошлади. Зоҳид опасини рози қилиш учун ҳаммасига тайёр», дея ўйлашарди.

— Сукут аломати ризо! — деди мағрур бошини кўтарган аёл келинчакка яқинлашиб. — Латта-путтангни йиғ, кетасан!

— Ҳа, азизам, — узоқ сукунатдан сўнг тилга кирди Зоҳид ва қатъият билан деди. — Латта-путталаримизни йиғ, бугуноқ отамнинг уйидан кетамиз. Яратган бизга тоза қалб, сабр, ҳавас қила олиш бахтини берган экан, уй муаммо эмас!

— Зоҳид! — кўзлари катта очилиб кетган Хонзода ҳайратдан донг қотди.

— Бутун умр, — деди Зоҳид опасининг кўзларига маҳзун боқиб, — бутун умр муҳаббатингиздан умидвор яшадим. Ғазабингизни меҳрга, аламингизни тарбияга йўйдим, чизган чизиғингиздан чиқмадим, ҳатто Латофатга ўғлингиз учун совчи бўлиб бордингиз-а, опажон?! Биласизми, розилигингиз учунгина индамадим. Лекин бугун бир бечорани ноҳақ ҳайдаб, уни талоқ қилолмайман! Менга сизнинг розилигингиздан Яратганнинг розилиги муҳимроқ! Ахир биргина талоқ аршни ларзага келтиради-ку!

Хонзоданинг ичидан алланима узилди, кўзларига ёш келди. Эҳтимол, укасини яхши кўриб кетгандир. Даврадагиларнинг эса шивир-шивири давом этар, улар: «Яратганнинг розилиги олдида ҳасадгўй опа қарғиши нима бўларди!» дейишарди.

 

Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here