Дўлана инсон танасининг қаришини секинлаштиради

0

ФОЙДАЛИЛИГИ

Дўлана пишиб етилган вақтда ўзида сапонинA (сувда кўпикланадиган органик моддалар), флавоноид, каротин, аскорбин ва органик кислоталар, крахмал ҳамда фруктозани сақлайди. Дўлана меваси гипертония, юрак хасталиги, атеросклерозда кенг қўлланилади. Дўлана новдалари ўсиш жараёнида А, К, С, Е, В гуруҳидаги витаминлар, эфир ёғлари, холин ва сорбитларни ўзида мужассамлаштиради.

Дўлана таркибидаги урсал кислотасининг шифобахш томони жуда катта. У шамоллашга қарши курашда энг яхши восита ҳисобланади. Дўлана пешоб ҳайдовчи, саратон келиб чиқишининг олдини олувчи, гепатопротектор ва кардиостимулловчи каби фойдали жиҳатларга эга.

Дўлана инсон танасининг қаришини секинлаштиради.

Дўлана таркибида яна қанд, асосан, фруктоза, кўп бўлмаган миқдорда глюкозани учратиш мумкин.

100 г дўланада 52 калл мавжуд. У ичаклардаги номутаносибликни йўқотади ҳамда холестеринни ҳайдаб чиқаради. Бу билан эса озишни тезлаштиради.

ГУЛИ ВА
МЕВАСИНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ

Одатда, дўлана сентябрь ойи ўрталаридан то ерга қор тушгунга қадар терилади. Бунда ўсимлик гулларини териш жуда ҳам эҳтиёткорликни талаб этади. Агар дўлана гулларидан шифо мақсадида фойдаланмоқчи бўлсангиз, унда гулларни териш ва қуритиш муддати бир ёки икки соатдан ошмаслиги шарт. Дўлана гулларидан тайёрланган дамлама ва мевасидан тайёрланган тиндирмалар асаб тизими муаммолари, юрак хасталигини енгишда яхши самара беради. Дўлана ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак хасталигида ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

* 2-3 ош қошиқ дўлана меваси устига 3 стакан қайнатилган сув қуйиб, 1 соатга бостириб қўйинг. Сўнг 1-2 ош қошиқдан кунига уч маҳал қабул қилинг.

* 1 ош қошиқ дўланага 1 стакан қайнаган сув қуйиб, икки соатга иссиқ жойга, усти ёпиқ ҳолда қўйинг (бунда термосдан фойдаланишингиз мумкин). Кейин эса кунига уч маҳал овқатдан аввал бир-икки ош қошиқдан истеъмол қилинг.

Бу дамлама бош айланиши, гипертония ва климакс давридаги касалликларда ҳамда асаб тизими муаммоларини ечишда кенг қўлланилади.

ЭПИЛЕПСИЯ ВА АЛЛЕРГИЯГА ҚАРШИ

Дўлана одамларда кўп учрайдиган бош оғриғи ва аллергияга ҳам шифо бўлади. Дўлана билан тутқаноқни ҳам даволаш мумкин. Масалан, доимий равишда эпилепсияси қўзғаб турадиган кишига олдиндан тайёрлаб қўйилган дўлана шарбати ичкизиб турилса, айни тутқаноғи тутадиган онларда бу вазиятдан осонгина ўтиб кетади.

Дўлана қалқонсимон безларда юз берган носозликларни ҳам бартараф этади. У буқоқнинг ҳар икки турига, ички заҳарли ва ташқи буқоққа жуда фойдали элемент — йодни етказиб бера олади.

ҚАНДЛИ ДИАБЕТГА ДАВО

Қандли диабетдан азият чекаётганлар дўлананинг шифобахш томонларини тасдиқлаб, уни жуда юқори баҳолашади. Дўлана қондаги қанд миқдорининг камайишига ёрдам берадиган энг табиий дармондорилиги билан бошқа мевалардан ажралиб туради.

Бундан ташқари, дўлана сафро чиқаришни кучайтирадиган, сафро ҳайдовчи дори. У танадаги модда алмашинувини ҳам фаоллаштиради.

Бўйнинг ўсиши ва заифликларнинг енгилиши учун дўлана меваси жуда фойдали.

Тиббий препаратлар дўлана ёрдамида мушак ва мияда қоннинг айланишини яхшилайди, марказий асаб системасини тинчлантиради, танадаги жисмоний ва ақлий чарчоқни олади.

Дизентерия ва диарея касаллиги ҳам дўлана билан даволанади. Дўлана яна гастритнинг ҳар қандай турига ва метеоризмга қарши доривор манбадир.

ХАЛҚ ТАБОБАТИДА

Барчамизга маълумки, инсон организмида учрайдиган касалликларнинг аксарият қисми асаб тизими билан боғлиқ. Асаблар таранглашганда эса юрак тизимида турли зўриқиш ва толиқишлар юзага келиши мумкин.

Дўлана нерв, юрак қон-томир, бош мия фаолияти, юрак-қон тизими фаолиятини яхшилаб, бош айланиши ҳамда бошқа касалликларнинг олдини олади. Шунинг учун дўланани кўпроқ ёши катталар кундалик таомномасига қўшгани маъқул.

Шунингдек, дўланадан тайёрланган турли дамлама ва тиндирмалар касалликдан эндигина тузалган беморларнинг умумий ҳолатини яхшилайди.

Қон босими баланд инсонлар дўлана истеъмол қилишса қон айланиши яхшиланиб, бош оғриғи қолиши, бошдаги ва қулоқлардаги шовқин ҳамда қондаги холестериннинг камайиши ҳолатлари кузатилади.

Шифобахшлиги жиҳатидан дўланадан тайёрланган чой ёки дамлама ҳам катта аҳамият касб этади. Бунинг учун дўлана гулларидан тайёрланган дамламани мушаклар қисилаётган вақтда ичиш анчайин фойдалидир.

Одатда, қовурилган ва майдаланган дўлана уруғидан қаҳва каби хушбўй ичимлик тайёрлаш мумкин. Янги узилган дўлана меваси эса турли хилдаги кисель, компот ва желелар тайёрлаш учун айни муддао.

Дўлана яна қондаги холестерин миқдорини пасайтиради ва жигарни ёғланишдан сақлайди. Танадаги ёғни камайтириб, гликогеннинг синтезини кучайтиради. Сафрони суюлтириб, пешоб ҳайдалишига сабабчи бўлади.

ДЎЛАНАНИНГ
САЛБИЙ ТОМОНИ

Дўланада ҳам антишифо томонлар бор. Тўғри, бу жуда қўрқинчли эмас, аммо оддий эътиборсизлик туфайли ёмон оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Масалан, дўланани 150 граммдан ортиқ ейиш мумкин эмас. Кўп истеъмол қилиш туфайли қон босими тушиб кетиши ва юрак уриши пасайиб қолиши мумкин. Айниқса, ҳомиладор, эмизикли ва камқон, камқувват аёлларнинг дўлана ейиши деярли тавсия этилмайди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, мазкур меванинг меъёридан ортиқ истеъмоли ич бузилишига ҳам олиб келади.

ЗУЛФИЗАРБОНУ тайёрлади.

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here