«Ҳизбут Таҳрир»нинг баъзи даъволарига раддия

0

Фикримизча, аввал айтиб ўтганимиздек, «Ҳизбут Таҳрир»нинг биздаги аъзоларининг кўплари ушбу маълумотлар билан таниш бўлмасалар керак. Агар бироз таниш бўлганларида ҳам ўзларини ҳозиргидан бошқача тутишлари ва “Ҳизб” ҳақидаги ошириб юборилган мақтов гапларини ўйлаб гапирадиган бўлардилар.

Уларнинг мақтов гаплари эса «Ҳизбут Таҳрир»дан бошқа ҳеч ким Исломни тўғри билмайди, ҳеч ким дин учун қайғурмайди, ҳеч ким Ислом давлати тузишни ўйламайди ва ҳоказолардан иборат эканини ҳамма яхши билади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Сизлардан амри маъруф ва наҳий мункар қиладиган бир уммат бўлсин» деган, ана ўша уммат бизмиз, дейди ҳизб аъзолари.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар, носаролар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар, менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинадир. Уларнинг етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда», деганлар. Ўша жаннатга тушадиган жамоа бизмиз, дейди ҳизб аъзолари.

Ҳақиқатда шундоқми?

«Ҳизбут Таҳрир»га аъзо бўлмаган мусулмонларнинг ҳаммаси юқоридаги оятда сифатланган умматдан эмасмилар?

«Ҳизбут Таҳрир»га аъзо бўлмаганлар ҳаммаси дўзахга тушадиларми?

Албатта, йўқ! Ушбу оят ва ҳадис ҳамда уларнинг маъносидаги барча шаръий матнларда зикр қилинган жамоадан мурод Аҳли сунна вал жамоа эканлигини мусулмонларнинг биринчи синф ўқувчилари ҳам яхши биладилар. Ҳатто кўпгина мусулмон бўлмаганлар ҳам бу ҳақиқатни биладилар.

«Ҳизбут Таҳрир»нинг аъзоларига ва бошқа хоҳловчиларга бу ҳизбни яхшироқ таништириб қўйиш учун юқорида «ал-Мавсуъа ал-муяссара фил адян вал мазаҳибил муосира» – «Замонафий динлар ва мазҳаблар ҳақидаги энсиклопедия» китобидан сўзма-сўз таржимаси келтирилган матнларни тааммул билан қайта кўриб чиқайлик.

«Ҳизбут Таҳрир»

«Ҳизбут Таҳрир» ал Исломий сиёсий партия бўлиб, у фикрга бош қурол сифатида суянган ҳолда Исломий халифаликни қайта тиклашга чақиради».

Ислом олами Исломий сиёсий партияларга тўлиб ётибди. Турли ҳаракат ва партияларни бирлаштирувчи ташкилотга аъзо бўлганларининг ўзи бир минг етти юздан ортиқ. Унга аъзо бўлмаган ҳаракат ва ҳизбларнинг ададини Аллоҳ таоло Ўзи билади. Демак «Ҳизбут Таҳрир» ташкилот ва ҳизб ўлароқ биринчи ҳам эмас, ягона ҳам эмас.

Шунингдек, хилофатни қайта тиклаш ҳам «Ҳизбут Таҳрир»нинг маҳрига тушган нарса эмас. Ундан олдин ҳам кўпчилик бу фикр билан чиққан.

Бу гапнинг далили учун биргина мисол келтирамиз. Мисрда кенг тарқалган, бошқа давлатлар ва ҳатто Америкада ҳам муридлари бўлган «Ал Азмия» тариқати асосчиси Мози Абул Азоим ҳали «Ҳизбут Таҳрир» асосчиси туғилмаган пайтда мазкур мақсад йўлида халқаро ташкилот тузиш ташаббуси билан ҳам чиққан. Демак, «Ҳизбут Таҳрир»нинг хилофат бўйича фикри биринчи ҳам эмас, ягона ҳам эмас.

Келгуси жумланинг шарҳига ўтамиз.

«Ундан мусулмон уламоларнинг барчасининг танқидига учраган шаръий ижтиҳодлар содир бўлган».

Демак, «Ҳизбут Таҳрир»нинг Ислом шариати бўйича айтган баъзи гаплари ва чиқарган фатволари мусулмон уламолари жумҳурининг танқидига учраган. Албатта, бу яхшилик аломати эмас. Бошқа сиёсий ёки ижтимоий ҳаракат, тоифа ва ҳизблар бу каби танқидга учрамаганлар.

Маълумки, «Ҳизбут Таҳрир»чилар Набиҳонийни жуда мақтаб юборадилар. «Ҳизбут Таҳрир» аъзоларидан бири ўз суҳбатдошига Набиҳонийнинг китобларини ўқибгина иймоним мукаммал бўлди, деган маънодаги гапни айтибди. Шунда суҳбат мазмунидан келиб чиққан хулоса бўйича суҳбатдош, сизнинг гапларингиздан Набиҳонийдан олдин ўтган мусулмонлар, мисол учун, имом Абу Ҳанифа ва бошқа уламоларнинг имонлари ҳам бут бўлмаганми, деган савол берган. «Ҳизбут Таҳрир»чи, бўлса бордир, деган.

Бизнингча, мазкур ҳизбчи катта хатога йўл қўйган. Ўзи билган озгина нотўғри фикрга ёпишиб олиб, билмаган кўпгина ҳақиқатни инкор қилган. Ҳеч бир Исломий тоифа, ташкилот ёки ҳизб ўз раҳбари ҳақида бунчалик муболағали гапларни айтмаган ва айтмайди ҳам.

Биз бирор кишини ёмонга чиқармоқчи ёки танқид қилмоқчи эмасмиз. Балки ҳар бир нарсани борича ўрганмоқчимиз. Мана, ўрганаётган маълумотларимизнинг ушбу маънога оид жумлаларига назар солайлик.

Таъсис ва кўзга кўринган шахсиятлари

Унинг муассиси Тақийиддин Набиҳоний (1909 – 1979 м.) фаластинлик.

Ҳайфанинг Ижзим қишлоғида туғилган. Дастлабки таълимни ўз қишлоғида олди. Сўнгра Азҳарга, кейин Қоҳиранинг дорул улумига борди. Қайтиб Фаластиннинг бир неча шаҳарларида ўқитувчи бўлиб ишлади».

1947 йилдаги фожиалардан кейин ватанини тарк қилиб оиласи билан Байрутга кетди.

Кейинчалик, Байтул Мақдисдаги шаръий истиъноф маҳкамасига аъзо этиб тайинланди. Сўнгра Аммондаги Ислом коллежида мударрис бўлиб ишлади.

1952 йилда у ўз ҳизбини тасис этди ва уни бошқариш, китоб ва бошқа нашрлар чиқаришга ишига раҳбарлик қилди. Мазкур нашрлар ҳизбнинг бош манбалари бўлди. У кейин ўз вафотига қадар Иордания, Сурия ва Ливан орасида қатнаб юрди. У Байрутда вафот этди ва ўша ерга дафн қилинди.

Демак, Набиҳоний ҳам ҳар қандай оддий банда каби ҳаёт кечирган. У ҳизб тузган ва ўз ҳизби мафкурасига оид китоблар ёзган. Бошқа ҳизбларнинг асосчилари ҳам қиладиган оддий иш. Аммо Набиҳоний Исломий илмлар бўйича катта олим ҳам бўлмаган, бирор илмий ташкилотга аъзо ҳам бўлмаган ёки катта олим шахс сифатида биров томонидан эътироф ҳам қилинмаган. Оддий бир ҳизб раҳбари, холос. Набиҳоний оддий ўқитувчи бўлган. У маҳкаманинг оддий ходими бўлган. Бошқа нарса бўлгани йўқ. Агар бирор ғайри оддий ҳолат бўлса, ҳаммага аён бўлар эди.

«Ҳизбут Таҳрир»нинг бошқа раҳбарлари ва фаоллари ҳам худди шундоқ оддий одамлар.

«Ҳизбнинг кўзга кўринган раҳбарларини билиб олиш жуда ҳам қийин. Чунки уларнинг низомий ишлари қаттиқ сир тутилади».

Бу нарса «Ҳизбут Таҳрир» танқидчиларига у ҳақида турли шубҳали гапларни тарқатишга кенг йўл очиб беради. «Ҳизбут Таҳрир»чилар, биз хилофат ва Ислом давлати қуриш ҳақида сўз ва иш юритганимиз туфайли раҳбарларимиз кимлигини сир сақлашга мажбурмиз, дейишади. Аммо «Ҳизбут Таҳрир»дан кўра қаттиқроқ шиддат билан Ислом давлати тузиш ҳақида сўз ва иш юритган ҳизб ва ташкилотлардан бирортаси ҳам ўз раҳбариятининг шахс ва исмларини яширмайдилар.

Эҳтимол, ҳизбнинг раҳбарлари кимлигини очиқ айтилса, оддий ҳизбчиларни баъзи нарсаларга ишонтириш қийинлашиб қолар.

Набиҳонийнинг вафотидан кейин ҳизбга Абдулқаюм Заллум раислик қилди. У Фаластиннинг Халил шаҳрида туғилган ва «Ҳаказо ҳудимат ал-хилофату» китоби муаллифидир.

19.10.1378 ҳижрий санада Али Фахриддин, Талол ал-Бассот, Мустафо Солиҳ, Мустафо ан Наҳҳос ва Мансур Ҳайдарларнинг илтимосига биноан ҳизбнинг Ливандаги шўъбаси таъсис этилди.

Ҳизбнинг Иорданиядаги шўъбасининг масъули Аҳмад Доғур эди. Ҳизбнинг ҳукмни тортиб олиш учун қилган уринишидан кейин 1969 йилда у ҳибсга олинди ва ўлимга ҳукм қилинди. Сўнгра бу ҳукм бекор қилинди.

1984 йил август ойида Мисрда «Ҳизбут Таҳрир»нинг 32 та аъзоси маҳкамага тортилди. Уларнинг раҳбарлари бўлган инженер Абдурроҳман Жобир Сулаймон, кимё фанлари доктори Салоҳиддин Муҳаммад Ҳасан, электроника фанлари доктори Камол Абу Леҳя ва Қоҳира дорулфунуни талабаси Алуддин Абдулваҳҳоб Ҳажжожларга мавжуд ҳукуматни тўнтаришга уриниш айби қўйилди.

Суриялик Абдурроҳман ал Моликий ҳизбнинг раҳбарларидандир. У «ал-Уқубот» деган китоб ёзган.

Эътибор берадиган бўлсак, «Ҳизбут Таҳрир»нинг номлари зикр этилган арбоблари ичида ҳақиқий Исломий уламо йўқ. Ҳар хил касб ва илмий унвон эгалари ичида шаръий илм соҳибларининг йўқлиги ўзига хос нуқсон бўлиб, «Ҳизбут Таҳрир»нинг айни шаръий масалаларда кўплаб хатоларга йўл қўйгани ҳам шу сабабдан бўлса, ажаб эмас.

Яна эътибор берадиган бир нарса, ҳизб арбобларининг турли мусулмон ўлкаларида ҳукмни ағдаришга уринишда айбланиб маҳкама қилинишларидир. Бундан «Ҳизбут Таҳрир» қаерга борса бир хил мушкулотлар келтириб чиқариши одатга айланганини билиб олиш қийин эмас. Мақсад маҳкамага тушиб ном чиқаришми ёки бошқами?!

Энди «Ҳизбут Таҳрир»нинг фикр ва эътиқодлари ҳақидаги маълумотларни батафсил ўрганиб чиқайлик.

Фикр ва эътиқодлар

Уларнинг ғояси аввал араб, кейин Ислом ўлкаларида Ислом халифалигини ўрнатиш орқали Исломий ҳаётни қайта бошлашга асосланган. Сўнгра Ислом уммати орқали даъватни ноисломий ўлкаларда олиб борилади.

«Ҳизбут Таҳрир» асосий ғояси шу дейдиган бўлсак, у ҳозир тамоман остин-устун бўлиб кетган. «Ҳизбут Таҳрир» араб ўлкаларида, ҳаттоки ўзи таъсис топган ерда ҳам ҳеч нарса қила олмади. Араб ўлкаларининг бирор қарич жойида ҳам халифаликни ўрнатмай туриб, бошқа Ислом ўлкаларига чиқди. У ерларда ҳам бирор натижага эриша олмай туриб, ноисломий ўлкаларга ҳам борди. Ҳозирда бошқа бирор ерда ошкора идораси бўлмаса ҳам Лондонда борлиги қизиқ. Бу нарса ҳам кўпчилик олдига турли шубҳали саволларни қўяди.

Келаси жумлаларда ўрганадиган маълумотларимиз бунисидан ҳам қизиқ. Эътибор ила ўқинг!

Ҳизб дастлаб ҳукмга етиш учун ўзи таъсис этилганидан бошлаб ўн уч йил муддатни тайин қилди. Кейин турли шароит ва тўсиқларни ҳисобга олиб, муддатни ўттиз йилга чўзди. Аммо иккала муддатнинг ҳам ўтганига қарамасдан, ҳеч нарса бўлгани йўқ.

Албатта, ҳукмга эришиш учун бу каби қисқа муддатларни олдиндан эълон қилиш вазиятни ҳисобга олмасликгина эмас, балки умуман сиёсатдан ва давлат қуриш каби оғир ишни мутлақо билмасликдан келиб чиққан. Бу ерда психологик омил катта ўрин тутган. У ҳам бўлса, нима қилиб бўлса ҳам тезроқ ҳукм курсисига ўтириш. Бу эса катта нуқсон ва айб ҳисобланади.

Бу ерда гап шошқалоқлик ҳақида ҳам эмас, тезроқ ҳукм курсисига ўтириш ҳақида кетмоқда. Нима қилиб бўлса ҳам, ҳизбни ёки ташкилотни тузган одам тезроқ ҳоким бўлиши керак. Хўш, охири нима бўлди? Нима бўлар эди. Кўпчилик одамлар жафо тортдилар. Мусулмонлар оммасига бало офатлар етди.

Энди қуйидаги сатрларга эътиборни қаратайлик.

“Ҳизб руҳоний ишлардан ғофилдир. У мазкур ишларга фикрий назар билан қарайди ва «инсонда руҳоний шавқ ҳамда жисмоний хоҳишлар йўқдир. Балки инсонда ҳожат ва инстинктлар бўлиб, уларни қондириш зарур”.

Бу гапларни инсон тан ва руҳдан ташкил топганлигига иймон келтирган мусулмонлар айтмоқдами ёки бошқаларми билиб бўлмай қолди. Ахир Аллоҳ таоло одамнинг танасини лойдан яратгандан сўнг унинг ичига Ўз руҳидан пуфламаган эдими?! Шунга биноан, инсон ҳам жисмоний, ҳам руҳоний тарбияга муҳтож эмасмиди?!

«Ҳизб ўз аъзоларига қабр азобига ва масийҳи дажжолнинг чиқишига эътиқод қилишни ҳаром қилган. Уларнинг назарида ким бу эътиқодни қилса, гуноҳкор бўлади».

Мана шу гап «Ҳизбут Таҳрир»нинг энг хатарли хатоларидан биридир. Агар билиб туриб қилинган иш бўлса, Ислом ақидасини бузиш учун қилинган маккорона ҳаракатдир. Агар билмасдан қилинган бўлса, Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби ҳукмига биноан фосиқликдир.

«Ҳизбут Таҳрир» аъзоларининг ўзларининг бу борадаги фикрларининг тўғрилигини исботлаш учун қиладиган уринишлари эса уларнинг диний илмлардан мутлақо бехабар эканлигига далилдир. Албатта, бу масала бўйича тортишувни диний илмлардан бехабар киши англаб етиши қийин. Аммо ҳақиқатни баён қилиш мақсадида бироз бўлса-да сўзламасдан ўтиб кетиш ҳам адолатдан бўлмайди.

Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидаги барча мусулмонлар қабр азобига ва қиёмат қоим яқинлашганда Дажжолнинг чиқишига иймон келтирадилар. Бу ҳақиқат ақоид китобларимизнинг барчасида алоҳида таъкидланган. Биз сиз муҳтарамларнинг эътиборингизга машҳур ҳанафий олим имом Тоҳавийнинг китобига ёзилган шарҳни Муҳаммад Анвар Бадахшоний қилган талхисидан бу икки масала бўйича иқтибос келтирамиз.

Қабр азоби ва неъматига иймон

Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар розияллоҳу анҳумлардан келган хабарлар асосида қабр азобига, ким шунга лойиқ бўлса, ва ундан Мункар-Накирнинг Роббисидан, динидан ва набийсидан сўроқ қилишига иймон келтирамиз. Қабр жаннат боғларидан бир боғдир ёки дўзах чуқурларидан бир чуқурдир.

Шарҳ: Яъни, осий бўлиб, азобга лойиқ бўлганлар учун қабр азоби бўлишига иймон келтирамиз. Мункар ва Накир номли икки фаришта бандадан унинг қабрида туриб Роббиси, дини ва набийси ҳақида савол-сўроқ қилишига иймон келтирамиз.

Далил:

1. «Ва Оли Фиръавнни ёмон азоб ўрабди. У дўзахдир. Унга эртаю кеч кўндаланг қилинурлар. (Қиёмат) соати қоим бўлган куни: «Оли Фиръавнни ашаддий азобга киритинглар», дейилур» (Ғофир: 45-46).

2. «Уларни то ҳалокатга учрайдиган кунларига йўлиққунларигача тек қўй. У кунда ҳийлалар уларга ҳеч фойда бермас ва уларга ёрдам ҳам берилмас. Ва алабатта, зулм қилганларга ундан ўзга азоб ҳам бор, лекин кўплари билмайдилар» (Тур: 45-47).

3. «Аллоҳ иймон келтирганларни ҳаёти дунёда ва охиратда субутли сўз ила собит қадам қилур. Ва Аллоҳ золимларни залолатга кетказур» (Иброҳим: 27).

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банда қабрига қўйилиб, асҳоблари ундан қайтганларида, у аларнинг ковушлари таққиллашини эшитиб турганда, ҳузурига икки фаришта келиб, уни ўтқазишади ва унга: «Мана бу одам (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳақида нима дер эдинг?»-дейишади.

Шунда мўмин: «Унинг Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига гувоҳлик бераман», дейди. Шунда, унга: «Дўзахдаги жойингга назар сол. Аллоҳ унинг ўрнига сенга жаннатдан жой берди», дейилади. У икки жойни ҳам кўради», деганлар (Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабрнинг ёнидан ўтиб кетаётиб:

«Албатта, бу иккови азобланмоқда. Азобланишлари катта нарсада эмас. Улардан бири сийдикдан тоза бўлишга эътибор бермас эди. Бошқаси эса, чақимчилик қилиб юрар эди», -дедилар. Бир хурмонинг хўл шохини олиб келиб, иккига бўлиб, икки қабрга биттадан суқиб қўйдилар.

Кишилар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, нега бундоқ қилдингиз?» – дедилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шоядки, булар қуругунча икковларидан азоб енгиллатилса», дедилар (Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).

6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан бирингиз қабрга қўйилса, унинг олдига қорамтир-зангори рангли икки фаришта келади. Улардан бирини Мункар, бошқасини Накир, дейилади», деганлар (Термизий ривоят қилган).

Хулоса шулки, қабр азоби ва неъмати ҳақида, икки фариштанинг савол қилиши ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан инкор қилиб бўлмайдиган даражада кўплаб хабарлар келган. Бунга иймон келтириш вожибдир. Ким инкор қилса, кофир бўлади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ,

манба: azon.uz

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here