Келинлари тақдирини ўйин қилган қайнона

0

Бу ҳикоя — юрагимни тинимсиз тирнаб юрган дард маҳсули. Илгари бу ҳақда кимгадир гапириш мен учун эриш туюларди. Чунки ўзимга етгунча ғурурли аёлман. Аммо ҳаёт буюк тарбиячи экан. Бошқалардан минг карра устунроқман, деганларни ҳам ўз синовлари билан эгиб оларкан.

Мен ўтган асрда, атеистлар замонида тарбия кўрган одамман, шунинг учун ҳамма ўз ҳаётини ўзи изга солади, тақдирини ҳам ҳар ким ўзи яратади, деб ўйлардим. «Пешонага битилгани бўлади», деган гапга умуман ишонмасдим. Бир умр шу ақидага амал қилиб яшадим. Икки ўғлим, бир қизимга ҳам мана шу ишончни сингдирдим. Қизим ва ўғилларим ўзлари ёқтириб, турмуш қуришди. Катта ўғлим билан қизимдан кўнглим тинч. Аммо кенжатойимнинг ҳаётида ҳалигача ҳаловат йўқ.

Аввалига ҳаммаси яхши эди. Ўғлим институтда ўқиб юрганида бир қизни ёқтириб қолган экан. Бу ҳақда эшитиб, уни ўз кўзим билан кўриш учун пойтахтга отландим. Қиз жуда чиройли, одобли, ақлли ва энг муҳими, зиёли  оиланинг фарзанди эди. Шундай ажойиб қизни топгани учун ўғлимдан хурсанд бўлдим.

Охирги босқичда ўқиётганида қизнинг уйига совчиликка бордим. Ота-онаси аввалига узоққа бермаймиз, деб роса тихирлик қилишди. Лекин бир амаллаб уларни кўндирдим. Ҳамма расм-русумларни рисоладагидек ўтказдик. Тўй кунини аниқладик.

Бу орада арзимас бир кўнгилсиз воқеа содир бўлди. Тўйга уч кун қолганда қизи тушмагур баланд пошнали туфлида метрога тушаётиб, қоқилиб йиқилибди-ю, оёғи жароҳатланибди. Уни текширган шифокорлар «Зарари йўқ, тезда ўтиб кетади», дейишибди. Оёғини гипслаб қўймоқчи бўлишганида ўғлим «Уч кундан кейин гипсли оёқда келин кўйлак киясизми?» деб кўнмабди. Оғриқ камроқ эканми, келиним ҳам бунга рози бўла қолибди.

Тўй ўтди. Келиним салгина оқсоқланиб қолди. Орадан бир йил ўтса ҳам, унинг юриши текисланмасди. Шифокорларга кўрсатдик. Ўшанда оёғидаги бармоғининг суяги синган ва қийшиқ битган экан. «Энди суякни бошқатдан синдириб, тўғрилаш мумкин», деди шифокор. Қудаларим бунга розилик беришмади. Устига-устак, Нафосат оғироёқ эди. Ўзи шифокорликка ўқигани учун агар ҳозир операция қилдирсак, танамдаги кальций суягимни тиклашга сарф бўлади, болам нимжон туғилиши мумкин, деб туриб олди.

Набирам туғилгач эса бола билан ўралашиб, операцияни унутди. Оқсоқлиги ҳақида гап очсам, қудаларим «Ёш онани қийнамай қўя қолайлик», дейишди. Менинг эса ичимга чироқ ёқса ёришмасди. Келинимга қараганимда «Шундай кўркам, ишбилармон болам энди мана шу оқсоқ хотин билан яшайдими?!» деган ғашлик ич-этимни тимдаларди.

Ўғлимнинг ишлари юришгандан юришиб, тадбиркорлиги ривожланиб, уйимизга пул  оқиб келарди. Келиним иккови аҳил эди. Ўғлим хотинининг чўлоқлигини пайқамаётгани эса ғашимни келтирарди. Охири чидолмадим, ҳар икки гапимнинг бирида «Хотининг чўлоқ», «Бунақа оқсоқ хотин билан қачонгача яшайсан, кўзингни очсанг-чи», «Шундай давлатинг билан дўсту душманнинг даврасига бир чўлоқни етаклаб боришга уялмайсанми?» деявериб, келинимдан ўғлимнинг кўнглини совутдим. Уч йил деганда келишмовчиликлар бошланди.

Ўғлим хотинини камситиб, отасининг уйига жўнатиб юборди. Қудаларим келиб, «Одам пешонасида борини кўради, озгина сабр қилинг. Ўртадаги бола етим бўлмасин, керак бўлса операция қилдириб, қизимнинг оёғини тўғрилатиб берамиз», деб кўп ялинишди.

— Унинг чўлоқлиги ҳаммага маълум. Пешонасини бўлса, одам ўзи яратади. Олиб кетаверинглар, — дедим қовоғимни уюб. — Боламга тўрт мучаси соғ, бекаму кўст келин топаман!

«Жон ойижон, майли, Суҳроб акам бошқа  аёлга уйланишига ҳам розиман. Боламни отасиз қолдирманг, мени ҳайдаманглар», деб келиним роса бўзлади.

Қулоқ солмадим. «Йигит кишининг хотини йўлида, боласи белида, лаш-лушларингизни йиғиб кетаверинг», деб туриб олдим.

Келиним ҳам, набирам ҳам аччиқ-аччиқ йиғлаб, уйимиздан чиқиб кетишди. Улар ажрашишгач, ўғлимга Нафосатдан ҳам чиройлироқ келин излай бошладим. Икки ой тиним билмадим. Охири бир қиз кўнглимга ўтиргандай бўлди. «Бўларкан-ку, келиним бор десанг дегулик, қадди расо, чиройда тенги йўқ», деб ўйладим ич-ичимдан ғурурланиб. Исми жисмига монанд Гўзал. Ўғлим ҳам уни бир кўрди-ю, уйланишга рози бўлди.

Буни қарангки, бу келиним олдингисидан ҳам фаросатлироқ эди. Ҳар икки гапининг бирида «Ойижон», деб кўзимга мўлтираб турарди. Таниш-билишларим эса: «Суҳроб пешонаси ярқираган йигит экан, бу келинингиз ҳам чиройда тенгсиз-а», дейишарди ҳавасланиб.

— Мендек онаси бор йигит хунук хотин билан яшасинми? — деб ғурурланардим.

Кўнглим жойига тушганди. «Индамасанг, одамлар пешонасига битилган тақдирга ишониб, қандай кунларга кўниб яшамайди-я», деб ўйлардим истеҳзо билан. Гўзални чиройли кийинтириб, дўсту душманимнинг кўзини куйдириб, тўйларга, йиғинларга етаклаб борардим.

Орадан икки ой ўтиб-ўтмай, у ҳомиладор бўлди. Келинимга ҳомиладорлик ҳам жуда ярашганди. Тўлишиб, янада кўҳлик бўлиб кетганди. Суюнганимдан ўзимни қўярга жой тополмасдим. Нима истаса, муҳайё қилардим. Ўғлим ҳам назаримда жуда бахтли кўринарди. У ора-сира Нафосатнинг қўлидаги ўғлидан ҳам хабар олар, буни эшитсам, негадир аччиғим келарди.

Куз эмасми, бир куни кечқурун қаттиқ шамол бўлди. Эрталаб ҳовлига чиққанимда токнинг новдалари, дарахтларнинг майда-чуйда шох-шаббалари ерда сочилиб ётган экан. Келинимни овора қилмай, ўзим йиғиштириб қўя қолай, деган ўйда уларни бир жойга йиғиб турганимда Гўзал ичкаридан чиқди-ю: «Ойижон, нима қиляпсиз, ҳозир ўзим йиғиштириб оламан», дея шоша-пиша мен томонга келаётиб, шох-шаббалардан бирига қоқилиб йиқилди. «Вой кўзим, кўзимга нимадир санчилди, ойижон», деб изиллаётган келинимнинг ёнига етиб бордим-у, даҳшатдан қотиб қолдим. Унинг кўзига чўп кирганди. Ўғлим уйдан отилиб чиқди. Гўзални шифохонага олиб бордик. «Ҳар тугул қорачиғи зарарланмабди, мўъжизани қаранглар, боласига ҳам ҳеч нарса қилмабди», дейишди шифокорлар. Йигирма кунларда келинимнинг кўзидаги боғични ечишди. Шунда у аввалгидек тиниқ кўролмаётгани маълум бўлди. Айтишларича, кўзининг ички босими ошиб кетаётган экан. Шифокорлар кўзойнак тақишини тавсия қилишди.

Икки ой деганда набирам туғилди. Қиз экан. Келинимнинг кўриши эса тобора сустлашиб борарди. Кейин билсак, болага ёмон таъсир этмасин, деб дўхтирлар берган баъзи дориларни ичмаган экан.

Кўзойнак ортидан келинимнинг кўзлари катта-катта ва жуда ғалати кўринар, унга қараганимда негадир кўнглим ғаш тортарди. Одамлар «Бу боланинг пешонасига ўзи ногирон хотин билан яшаш ёзилган экан», демасин деб, ўғлим икковимиз келинимни етаклаб, ҳали у, ҳали бу шифокорга чопардик. Олти ой деганда Гўзал иккита операцияни бошидан ўтказди. Юзига қизиллик югурди. Аммо кўзойнагини ташлай олмади. Устига-устак, иккинчи кўзи ҳам хиралаша бошлади. Унинг бу нуқсони назаримда биринчи келиним Нафосатникидан анча кўпроқ сезиларди… «Наҳотки тақдир деганлари рост бўлса, наҳотки одам пешонасида боринигина кўрса? Наҳот ўғлимнинг пешонасига фақат ногирон хотин битилган бўлса?..» деган саволлар мени қийнарди. Баъзида «Нафосатим билан набирамнинг уволи тутдимикин?» деб ҳам ўйлардим.

Биринчи келинимга беҳуда жабр қилганимни, шунинг учун ҳам мана шу кўргиликларни кўраётганимни ўйлаганимда эса гоҳ даҳшатга тушардим, гоҳ буларнинг бари бир тасодиф, дея ўзимни овутардим. Афсус ва алам билан яна икки йилни ўтказдим. Гўзални ҳар қанча даволатмайлик, фойдаси бўлмади. Шифокорлар вақти соати билан ўзи яхши бўлиб кетмаса, биз бошқа ҳеч нарса қила олмаймиз, дейишди. Келиним гоҳида олдида турган нарсаларни ҳам илғамай қолар, баъзан кўзи оғриб қийналган кезлари ҳовлида ҳасса кўтариб юрарди. Уни бу аҳволда кўриб, ичимдан зил кетардим. Дардимни кимга айтишни билмасдим. Энди ўғлим ҳам индамай менинг гапимга кўниб яшайдиган бола эмасди. У уйга кеч келадиган, хотини билан асабий оҳангда гаплашадиган бўлиб қолди.

Бир куни Гўзалнинг йиғлаб ўтиргани устидан чиқдим. «Нима бўлди?» деб сўрасам, ўғлимнинг бошқа бир қизга уйланаётганини айтди. «Қўйинг, бундай нохуш ўйларни миянгиздан чиқариб ташланг», десам, олдимга бир даста таклифнома ташлади. Чиндан ҳам ўғлим билан Зулфизар исмли қизнинг тўйига таклифномалар эди. Суҳроб уйга қайтганида бу ҳақда сўрасам, «Шунча уриндик, даволата олмадик, ошна-оғайниларим олдида тўрткўз хотин билан юришга ор қиламан. Ажрашгиси келмаса, сиз билан шу ҳовлида яшайверсин, мен алоҳида уй олиб чиқиб кетаман», деса бўладими.

«Пешонадаги битик», деган гапга аста-секин ишона бошлаганим учун:

— Бу ишингни қўй, пешонангда борини кўрасан энди, — дедим.

— Нималар деяпсиз, ойи, қанақа пешона? Ҳар бир одамнинг тақдири ўзининг қўлида-ю! — деди Суҳроб жаҳлланиб.

Тилимни тишлаб қолдим. Бу ўзимнинг гапларим эди. Болаларимга берган тарбиямнинг маҳсули!

Гўзал ҳам Нафосат каби боласини бағрига босиб, ота уйига кетди. Бу сафар келинимни йиғлаб-йиғлаб кузатдим.

Эшигимга яна янги келин келди. Эй, Худо, Зулфизар ҳам ниҳоятда сулув эди! Юз тузилиши, терисининг тозалиги, қошларининг пайвасталиги, тим қора мунчоқдек кўзларининг чақнаб туриши одамни беихтиёр ўзига маҳлиё қилиб қўярди.

У ҳам аввалги келинларимдек мулойим, аввалги келинларимдек самимий эди. Келинимнинг чиройига қараганим сайин негадир юрагимни ваҳм босар, ич-ичимдан: «Бу сафар ҳеч қандай кўргилик бўлмасин. Худойим уни Ўзи асрасин», деб дуо қилардим.

Ўғлимнинг ҳаётига соя тушмасин, деган ўйда Зулфизарга сездирмай, Гўзал билан набирамдан хабар олардим. Суҳроб билан уришиб-тортишиб бўлса-да, уларга алоҳида ҳовли-жой қилдириб бердим. Гўзал энди кўзига линза тақар, ишга кириб, ўзини ўнглаб олганди.

Зулфизар билан ўғлим икки фарзандли  бўлишди. Суҳроб келинимни машина ҳайдашга ўргатадиган курсда ўқитди. Машина олиб берди. Келиним набираларимни ўқишга, қўшимча машғулотларга, спорт тўгараклари, сузиш ҳавзасига олиб борарди. Улардан ортган пайти қайнона-келин гап-гаштаклар, тўй-тўйчиқларга бирга-бирга бориб келардик. Энди одамларнинг нигоҳларида менга нисбатан аввалги ҳавас йўқ эди. Уларнинг қарашларидан иккита бегуноҳ келинга зулм қилган қайнонага нафратни ҳис этардим. Аммо начора таниш-билишлардан, эл-юртдан воз кечиб бўлмайди-ку.

Йигирма йил мана шундай ҳаёт кечирдик. Болалар катта бўлиб қолишди. Ўғлимнинг ишлари янада юришди. Таниш-билишлари кўпайди. Ҳаммаси изига тушгандек эди. Мен ҳам хотиржам тортдим. «Пешонадаги битик», деган гаплар менга яна аввалгидек эриш туюла бошлади.

Икки ойча аввал қўшни туманда яшайдиган дугонам қиз узатадиган бўлди. Тўйга чақирди. Келиним икковимиз йўлга отландик. Тўйни ўтказиб қайтаётган маҳалимиз қоронғи тушиб қолганди. Зулфизар анчадан бери машина ҳайдагани учун у билан бирга юришдан чўчимайман. Тажрибаси бор. Шу ўйда келаётганимда йўлимиздан бир кучук чиқиб қолса бўладими… Итни уриб юбормаслик учун машинани четга бурган келиним бирдан бошқарувни йўқотди ва биз рўпарамиздан келаётган юк машинасига тўқнашиб кетдик…

Орқа ўриндиқда ўтиргандим. Бошим билан ойнага урилганимни биламан, бошқа нарса эсимда йўқ. Кўзимни очсам, шифохонада ётибман. Пешонамни танғиб, боғлаб қўйишибди. Бўлиб ўтган воқеани эсладиму, юрагим шувиллаб кетди. Бир зумда ўғлимнинг ҳаёти кўз олдимдан лопиллаб ўта бошлади. Дарҳол келинимнинг соғлиғини суриштирдим. «Аҳволи бироз оғир эди, ўғлингиз пойтахтга олиб кетди», дейишди.

Ҳар ҳолда Тошкентдаги шифокорларнинг тажрибаси катта. Зулфизарим тезроқ оёққа туради, деган ўйда кўнглим бироз жойига тушди.

Лекин адашган эканман. Шифохонадан чиққанимдан кейин ҳамма гапни очиқ-ойдин айтишди. Фалокат пайти машинанинг олди ғижимланиб, Зулфизарнинг иккала оёғи ҳам қисилиб қолиб, суяклари майдаланиб, синиб кетибди.

Икки ойдан бери ўғлимнинг ҳам тинчи йўқ. Шифокорлар келинимнинг ўнг оёғини асраб қолишди. Аммо… Чап оёғи тузалмаяпти. Шифокорлар «Тиззасидан кесмасак, яллиғланиш баданига тарқаб кетади», дейишяпти.

Бир ҳафтадан бери келинимнинг ёнида эдим. Эрталаб ўғлим келди. Анча ўзини олдириб қўйибди. «Одам пешонасида борини кўраркан, мана шу ҳақиқатни англашимиз учун шунчалик қийналишимиз керакмиди?! — дейди мунғайиб. — Биз-ку, майли, аммо келинларингизнинг айби нимада эди?»

Унинг саволига жавоб беролмадим.

Шифохонадан чиқаётганимда эса қизиқ бир воқеа содир бўлди. Катта келиним Нафосатни учратдим. Ўша ерда шифокор бўлиб ишлаётган экан. Мен билан жилмайибгина саломлашди. Нима деяримни билмай, набирамни сўрадим. «Дадаси юборган алимент пулларини ишлатмай йиғиб юргандим, институтни битиргач, ёнига озгина маблағ қўшиб ўз тадбиркорлик ишимни бошладим», деди у аввалгидек самимий кулимсираб. Уни уйдан қувиб солганимиздан кейин операция қилдириб, оёғини тузатгани ҳақида эшитгандим. Хайрлашиб, кетаётганида разм солиб қарасам, сираям оқсоқланмаяпти…

Мана шунақа гаплар. Энди аввалгидек кибрли аёл эмасман. Одамларнинг дилини оғритиш, камситиш яхшиликка олиб келмаслигини яхши биламан. Оёғини кесишса ҳам, келиним болаларининг бахтига омон бўлсин, дейман. Энди бир нарсага аминман, одам бемаъни кибру ҳавога алданиб, ўзини ҳам, яқинларини ҳам қийноққа солавераркан. Аслида эса пешонасида боридан қочиб қутула олмас экан.

ОДИНА опанинг ҳикоясини

Ёдгора ЖУМАНАЗАР ёзиб олди.

(«Ҳордиқ плюс» газетаси хазинасидан)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here