Мафия сардори (84-қисм)

0

* * *

Фароғат кеч қолганди. Унинг ошхонага кириб кетаётганини кўрган Шаҳло дарров Фарангизнинг ёнига бориб, қулоғига: “Тезроқ кетмасангиз, аҳвол чатоқ. Ҳозиргина амакимнинг нариги хотини келди”, деб шивирлади. Фарангиз нажот истагандай Фотима опага қаради. Шаҳлонинг бўлғуси қайнонаси ҳеч нимадан хабари йўқлиги боис:

— Тинчликми? — дея сўради.

— Зарур ишим чиқиб қолди. Дарров уйга боришим керак. Ҳали сиз билан яна кўришамиз, биргалашиб чой ичамиз, — деб Фарангиз ўрнидан турди ва сумкачасини елкасига илди.

— Кузатиб қўйинг, — деди Шаҳло Наргизага юзланиб кўзини қисиб қўяркан, — фақат эҳтиёт бўлинглар.

Наргиза Шаҳлонинг ойисидан шубҳаланди. Бу айёр хотин ош дамлаш баҳонасида бошқа бир касофатни бошлаётганга ўхшайди, деган хавотирга бориб, тезда эшик томонга юрди.

Суҳбатга берилиб кетган икки овсин “душман”нинг кетганидан бехабар қолишди.

Фарангиз йўлга чиқиши билан такси тўхтатди. Уйига етгунча юраги сиқилиб кетди. У ҳеч қачон бундай аҳволга тушмаганди. Қочди. Худди бировникига ўғриликка тушиб, эгаси сезишидан қўрққандай қочди. Дарвоқе, унинг ўғридан нима фарқи бор? Бировнинг эрини ўғирлаш, бахтини, оиласини хонавайрон қилиш… Нега энди эсига тушди? Нега бошданоқ чек қўймади ҳаммасига? Онаси билан тинчгина яшарди. Онаси оламдан ўтганидан кейин ёлғиз ўзи… Кўникарди. Одамзод ҳар нарсага мослашиб кетаверади-ку! Ҳар нарсага… Иш, бошқа майда-чуйдалар билан овора бўларди. Барибир, фарзанд кўролмаскан. Бир куни қариганда, Бўрон акасиям ташлаб кетса… Ҳа, агар хотини сезса, қиёмат-қойим бўлади. Эҳтимол, сочларини битталаб юлса керак. Бўрон акасини ҳам тириклайин гўрга тиқади.

Унга ҳаво етмаётгандай эди. Машинанинг деразасини очиб, чуқур-чуқур нафас олди.

Ундаги ўзгаришни ҳайдовчи сезди, шекилли, кўзгу орқали нигоҳ ташлаб:

— Мазангиз бўлмаяптими? — деб сўради.

— Йўқ, яхшиман, — деб деразадан ташқарига қаради Фарангиз.

У уйга кириши билан Раънонинг қизлари бирин-кетин келиб салом беришди. Овқат ва чой тайёрлигини айтиб, ошхонага таклиф қилишди. Уларнинг беғуборлигини кўриб Фарангизнинг юраги баттар эзилди. Фарзанди бўлмаганидан, шу қора кўз қизлар ўзиники эмаслигидан додлаб юбораёзди. Буни атрофида фариштадай парвона бўлаётган хонимчалардан яшириш мақсадида уларга қарамасликка ҳаракат қилди.

Орадан беш дақиқа ҳам ўтмади. Қозоннинг ёнига бориб, овқатни ўзи сузмоқчи эди, димоғига ғалати ҳид урилиб, ўхчиб юборди. Аслида маставанинг ранги қип-қизил, одамнинг иштаҳасини очадиган эди. Аммо Фарангиз ўхчиди. Югуриб ташқарига чиқди. Энгашди. Ўхчиш кучайди. Бироқ қусолмади. Томоғига бир нима тиқилди-ю, яна қайтиб кетди.

У ошхонага қайтиб келганида, худди югурган одамдай ҳансираб нафас оларди. Қизлар овқатни ёмон қилдикми, деган хавотирда унга олазарак боқишди.

— Бирон ёмонроқ нарса еганга ўхшайман… Пиширган маставаларинг чиройли чиқибди, — деди Фарангиз қизларнинг хижолат бўлаётганини кўриб.

Кейин яна қозоннинг ёнига борди. Косаларни тўлатиб мастава сузди. Қизларнинг каттаси уларни пешма-пеш хонтахта устига қўйиб чиқди.

Фарангизнинг иштаҳаси очилмади. Лекин қизлар хафа бўлмасин, деб бир-икки қошиқ еган бўлди. Бирдан музлаткичдаги қатиқ эсига тушди. Ўрнидан туриб борди-да, музлаткични очиши билан тузланган помидорни кўриб қолди. Кўзи ўт бўлиб чақнади. Шартта бир донасини олиб тишлади. Ундаги таъм, маза бутун вужудини яйратиб юборди. Тез емаса, қўлидан биров тортиб олиб қўядигандек шоша-пиша помидорни оғзига тиқди. Шунда бирдан қулоғига кулги овози чалинди. У қизларни эсидан чиқарган экан, қизариб кетди. Уларга уялганча қараркан, жилмайди.

— Менинг ойим кичкина синглимни туғишларидан олдин, сизга ўхшаб тузланган нарсаларни кўриб қолса, икки қўллаб ёпишарди, — деди қизларнинг каттаси.

— Нима?! Йўғ-э?! — деди бирдан кўзлари порлаган Фарангиз. Шу заҳоти энтикиш, қувонч бўғзига келиб тиқилди. Оғзидаги сўнгги помидорни қийналганча чайнаб, бир-бир босиб қизларнинг ёнига келди-да:

— Нима бўлганди, шакарим?! — деб сўради.

— Кечиринг, — деди кенжа қиз “бемаза гап” айтган опачасининг ёнини оларкан, — билмасдан айтиб қўйдилар.

— Нега энди кечирарканман, мукофотлайман, — деб Фарангиз югурганча ўзининг ётоқхонасига борди-да, титкилай-титкилай бундан олти ой муқаддам Бўрон акаси совға қилган сирғани топди. Дарров ошхонага қайтиб, унга дунёдаги энг катта хушхабарни айтган қизнинг қулоғига зиракни тақиб қўйди. Кейин опа-сингилларнинг юзидан чўлпиллатиб ўпаркан. — Мени уришмайсизлар, — деганча ликопчага бирдан тўртта тузланган помидорни қўйиб, ўзининг хонасига олиб кетди.

У бир неча кундан бери шу қизалоқларга жудаям ўрганиб қолганди. Уларнинг ёнида оғзини тўлдириб помидор ейишга уялди. Айни дақиқада у еру кўкка сиғмаётганди. Қизчанинг: “Ойим кичкина синглимни туғишдан олдин сизга ўхшаб шўр нарсаларга ўч бўлиб қолганди”, деган гапи қулоғидан сира кетмаётганди. Шу боисдан хонасига киргач, гоҳ йиғлади, гоҳ кулди. Эшикка ўғринча қараб қўйиб, қорнини силади. Қилиғидан ўзи уялиб, дарров шолғомдай қизариб кетди.

Бир хаёл Бўрон акасига қўнғироқ қилиб янгиликни айтмоқчи бўлди. Телефонини қўлига олгач, дарров ниятидан қайтди. “Ҳали аниқ эмас. Мен ҳақиқатан ҳам, ёмонроқ нарса еб қўйгандирман балки? Аввал ҳеч ҳомиладор бўлмаганман-ку. Шунинг учун аввал текширтиришим керак. Эй, Худо! Эй, Худо, ўзинг ёрдам бер! Агар гумоним нотўғри чиқса, ўзимни-ўзим еб қўяман, юрагим ёрилиб ўламан… Шошма, Фарангиз, сенга ҳаяжонланиш мумкин эмас. Ўзингни тутиб, кўнгилни қувонтирадиган нарсалар тўғрисида ўйла… Шунда ҳамма-ҳаммаси жойида бўлади. Ҳозир ўрнимдан тураман, кийинаман, сўнг дўхтирга бораман. Ҳа, шундай қиламан!” — дея хаёлидан ўтказди Фарангиз.

У уйидан унча узоқ бўлмаган поликлиникага тез юриб борди. Тўғри, бунақанги тез юришидан ўзиям хавотирга тушди. Ахир ҳозир унга илкис ҳаракат мумкин эмас. Шундай ўйлади-ю, дарров хаёли чалғиди. У учрашиши зарур бўлган врачнинг олдига етганида, тинимсиз ҳансирарди.

— Вой, нима бало, орқангиздан ёв қувдими? — деди дўхтир бепарво чашкасидаги қаҳвадан ҳўплаб.

— Биласизми, менинг кўнглим айнияпти. Ҳар хил ҳидлар ёқмаяпти… Кейин, кейин…

— Ҳамма аёлда шундай бўлади-да, — дея бирдан Фарангизнинг гапини бўлди дўхтир аёл, — ҳовлиқмасангиз ҳам бўлади. Эр кўрдингизми, тамом. Худди бир қоп тилла топган одамдайсиз, тавба қилдим. Ўтиринг, кўриб қўяман.

Фарангиз тошдай қотди. У бунақанги муомалани сира кутмаганди. Ўзи қандай ҳаяжонланаётган бўлса, дўхтир ҳам шу аҳволга тушади, деган ўйда эди. Аммо… Аммо… У: “Одамлар бунчалар совуқ бўлмаса”, — деб хаёлидан ўтказди ва тишини-тишига босиб, шифокор кўрсатган жойга ўтирди.

— Ҳомила уч ҳафталик, яхши ривожланиб келаяпти.

Бу гап аёлни еттинчи осмонга чиқариб қўйди. Кўзидан дув-дув ёш оқди. Кейин ўкириб йиғлаб юборди.

Шифокор ҳайрон эди. Чунки унинг беш йиллик малакаси мобайнида ҳали бирорта аёл бунақа ўкирмаган. Ҳатто ҳали турмушга чиқмасдан ҳомила орттириб олганлар ҳам. Бари жўн, совуққина қабул қилган.

— Нима, эрингизнинг қучоғига кираётганингизда бола бўп қолишини ўйламаганмидингиз?! Бас! Керак бўлмаса, олдириб ташланг. Туғмоқчи бўлсангиз, ўзингизга қаранг! — дея бақириб берди дўхтир жувон.

— Хурсандчилигим бошқа нарсадан. Менга бола бўлмайди, дейишганди. Шу пайтгача тирноққа зор эдим. Ҳозир, ҳозир сизга қандай раҳмат айтишниям билмайман. Мана, — деб Фарангиз кўзидаги ёшни шоша-пиша артди-да, бўйнидаги тилла занжирни ечиб, без бўлиб унга тикилиб турган дўхтирнинг қўлига тут-қазди, — суюнчисига. Ҳозирча шунисини олиб туринг. Ҳали бундан ҳам каттасини совға қиламан!

Шифокорнинг юзига бирдан табассум югурди. Дарров юмшади. Муомаласи ҳам мулойимлашиб, ширин сўзлар билан ҳомиладорлик даврида нимаики қилиш керак бўлса, ҳаммасини қоғозчага ёзиб берди.

Фарангиз уйига қайтиб, қизчаларни бирма-бир ўпиб қўйди. Кейин Бўрон акасига қўнғироқ қилди. Бироқ у томондан гўшак кўтарилмади. “Ҳеч қурса, шундай маҳалда телефонларини олса бўлмайдими?” — деди аччиқланган Фарангиз. Ахир унинг ичидаги шодлик бир ўзига кўплик қилаётганди. Тезда “айбдор”га айтиб, енгиллашиш ниятида эди. Ўхшамади. Ётоғига чўзилди. Зумда аччиқланиш чекиниб, ўрнига бир-биридан гўзал орзулар хаёлини эгаллаб олди. У, албатта, ўғил туғади. Чиройли, ўзи билан Бўрон акасига ўхшаган. Қўлчаларидан ушлаб ўйнайди, юз-кўзларини томоша қилади. Бозорга бориб ўғли учун ҳавас билан кийим-бош сотиб олади…

Агар дарвозасининг тагига машина келиб сигнал бермаганида, у хаёл суриб ётаверарди. Фарангиз бирдан тунд қиёфага кириб олди. Ахир, у ҳам озгина аразлаши, нозланиши керак-ку. Бироқ дарвозани очганидаёқ хаёли бутунлай ўзгариб кетди. Чунки машинанинг орқа ўриндиғида бегона аёл ўтирарди. У Фарангизни кўриши билан пастга тушди. Жилмайди. Салом берди.

— Бунга яхшилаб қара-чи, балки танирсан, — деди Бўрон ўзи билан бирга келган аёлни кўрсатиб.

Фарангиз қизарди. Сўнг бошини секин қимирлатиб, танимаслигини билдирди.

— Раъно бу, уйимиздаги қизларнинг онаси, — деди Бўрон катта янгилик айтаётгандай, кўзлари ёниб, сўнг синглисига юзланди, — сен кўриб турган жувон кеннойинг бўлади, оти Фарангиз. Энди икковларинг яхшилаб кўришинглар.

Бўрон ичкарига кириб кетди.

Раъно озиб кетган, ранги ҳам синиққан эди. Нима қилишини билмай қолди. Фарангиз дарров унинг қўлидан қучоқлади.

— Уйга киринг, опа, келганингиз жуда яхши бўлди, биз қизларингиз билан бирга овқат қилиб тургандик. Шу десангиз, чойимда битта чўп сузиб қолди. Қизларингиз бирам ажойиб-да! Уйингизга яна меҳмон келадиган бўлди, — дейишди.

Раънонинг қалби қайғуга тўлганди. Мабодо Фарангиз ҳам қовоқ-тумшуқ қилиб кутиб олганида борми, бутунлай адойи тамом бўларди. Ҳар тугул, акасининг шу пайтгача сир сақлаб келаётган хотини уни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Мумкин қадар ширин гаплар айтишга уринаяпти. Демакки, ёмон хотинга ўхшамайди. Бунинг ўрнига Фароғат кеннойиси бўлганида борми, қарашлари билан ерга тиқиб юборган бўларди.

Раъно бирин-кетин югуриб келаётган қизларини кўриши билан йиғлаб юборди. Шу заҳоти унинг оёқларидан мадор қочди. Чўк тушиб ўтириб қолди. Қучоғини ҳам зўрға очди. Қизлар бирин-сирин ўзларини онанинг бағрига отишди.

Манзарани кўриб турган Фарангиз ҳам уввос тортиб юборди. Буни ҳеч қандай тил билан таърифлаб бўлмайди. Айрилиқдаги она-болалар бир сўз айтолмай, бир-бирларини қучганча йиғлашлари, ҳар қандай тош юракни ҳам эзиб юборади…

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Мафия сардори (57-қисм)

Мафия сардори (58-қисм)

Мафия сардори (59-қисм)

Мафия сардори (60-қисм)

Мафия сардори (61-қисм)

Мафия сардори (62-қисм)

Мафия сардори (63-қисм)

Мафия сардори (64-қисм)

Мафия сардори (65-қисм)

Мафия сардори (66-қисм)

Мафия сардори (67-қисм)

Мафия сардори (68-қисм)

Мафия сардори (69-қисм)

Мафия сардори (70-қисм)

Мафия сардори (71-қисм)

Мафия сардори (72-қисм)

Мафия сардори (73-қисм)

Мафия сардори (74-қисм)

Мафия сардори (75-қисм)

Мафия сардори (76-қисм)

Мафия сардори (77-қисм)

Мафия сардори (78-қисм)

Мафия сардори (79-қисм)

Мафия сардори (80-қисм)

Мафия сардори (81-қисм)

Мафия сардори (82-қисм)

Мафия сардори (83-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here