Мафия сардори (85-қисм)

0

Бўрон чидолмади. Дарров уйга кириб кетди. Фарангиз бориб қизларнинг кенжасини кўтарди. Шу маҳал ҳомиладорлиги эсига тушди. Қулоғининг остида дўхтирнинг гаплари жаранглади: “Оғир кўтариш мумкин эмас”. У қизни секин ерга туширди-да:

— Энди уйга кирамиз, — деди.

Аммо Фарангизнинг уйига кириш Раънога насиб этмади. Дарвоза данғиллаб, сочлари тўзғиган, кўзлари олайган Ғайбулло кириб келди. Унинг ортидан иккита формали кишиям кирди.

— Ана! — бақирди Ғайбулло. — Менинг болаларим!

Раънонинг эти музлаб кетди. Бирдан у қалтирай бошлади. Фарангиз ҳам гарчи аввалига қўрқиб кетган эса-да, кейин дарров ўзини ўнглади. Шу билан бирга аччиғи чиқди. Бу муттаҳам ким бўлибдики, унинг уйига бостириб кирса?

— Ҳаромилар! Маразлар! Болаларимни ўғирлаб чет элга сотмоқчи бўлдингларми?! Мен сенларга кўрсатиб қўяман! Ҳа, ҳаммангни турмага тиқтираман! — дея бақиришда давом этди Ғайбулло.

Бўрон уй кийимларини эндигина кияётган эди. У ҳам бақириқдан чўчиб тушди ва пала-партиш кийиниб таш-қарига югурди ва синглисининг тепасига келиб ўдағайлаб турган куёвига кўзи тушди.

— Нима гап?! — деди баланд овозда.

— Ана, бош ўғри! — деди Ғайбулло ўзи билан бирга келган милиционерларга. — Ҳаммаси ўшанинг иши!

Бўрон пинак бузмади. Бир-бир босиб, зинадан тушди. Милиционерлардан бири унга дарров салом берди. Улар таниш эдилар. Бўроннинг тадбиркорлиги, бошқаларнинг олдида яхшигина обрўси борлигини билган Зуфар исмли йигит шундай одамнинг бунақанги ишга қўл уриши мумкинмаслигини дарров англаб етди. Касалхонадан Раънони олган Бўронни машинасига ўтираётганида танимаганликлари боис, орқасидан тушган ва шу ергача етиб келишганди.

Бўрон ҳам уни дарров таниди. Иккаласи қўл бериб кўришишди.

— Ҳа-а-а! — деб бақириб юборди бирдан Ғайбулло. — Сизлар дарров таниш-билишчиликка ўтиб олдингларми?! Мен тоза одам деб, ғирт порахўрни бошлаб келдимми ҳали?!

Унинг одамнинг асабини қўзғайдиган ингичка овози милиционернинг пешонасини тириштирди. У ҳали сўзлашга улгурмасидан Ғайбулло ёнидан пичоқ чиқарди-да, бирдан Раънонинг бўйнидан қучоқлаб пичоқни аёлнинг кўксига тиради.

* * *

Витя Тимофеевич рост гапираётганди. Бир сафар у ёшлигидан бирга ўсиб, бир синфда ўқиган, иккови битта қизга ошиқ бўлиб, сўнг ҳуқуқшунослик институтида ҳам бирга таҳсил олган Наримон исмли ўртоғини Роман Фёдоровичнинг кўз ўнгида сўйиб ташлаган. Арзимаган нарса учун. “Нега уйимга бординг?” — деб сўраганди Витя Тимофеевич ўртоғидан. “Сени қидиргандим. Тўғрироғи, уйингнинг олдидан ўтиб кетаётгандим, бирровга кирдим”, — деб жавоб қилганди Наримон. “Бирровга кириб, икки соатдан сўнг чиқиб кетгансан. Тўғрими?” Наримон бошқа гапиришга улгурмаганди ўшанда. Витя Тимофеевич шартта шамширини қинидан суғуриб унинг бўйнини узиб ташлади. Роман Фёдорович шу пайтгача ундан нега бундай қилганини сўрамаган. Қўрққан. Тергашим ёқмай, мени ҳам бурдалаб ташламасин, деб ўйлаган. Ҳозир ҳам дўстининг хатти-ҳаракатига мутлақо тушунмаяпти. Қизи ичиб, маст бўлибди. Шунинг учун уни майиб қилиш керакми? Бунинг устига, келгиндилар ғўдайиб туришган бўлса… Умуман, Витянинг улар билан нима иши бор?..

Роман Фёдорович ўйини охирига етказмасдан, Витя Тимофеевич шамширини ҳавога кўтарди. Энди биргина ҳаракат қолди. Қилични ташлаб юборса, тамом, банкирнинг боши пол устида коптокдай думалайди.

Каллакесар банкирнинг бошини узиб ташламади. Кутилмаганда шамширни Шоҳруҳнинг бўйнига яқинлаштирди. Унинг бу қилиғига Юлдуз чидаб туролмади. Витя Тимофеевичнинг кўкрагига шунақанги қаттиқ тепдики, қотил гурсиллаб йиқилди. Роман Фёдорович билан Шоҳруҳ бирдан ўрнидан туриб кетди. Банкир жон ҳолатда “дўст”ининг ёнига бориб, туришига кў-маклаша бошлади.

— Бопладинг, — деди Витя Тимофеевич банкирни нари суриб, кўксини уқа-ларкан. — Бўл-ди, имтиҳондан ўтдинглар!

У шамширни қинига тиқиб қўйди. Бошқатдан Шоҳруҳ билан Юлдузнинг қўлларини сиқиб кўришди.

— Одамнинг юрагини ёрдинг, — деди Роман Фёдорович, — бу палакат ҳақиқатан ҳам мени ўлдирадими, деган хаёлга боргандим.

— Ўзиям иштонингни ҳўллаб қўйдинг-ов, — деб кулди Витя Тимофеевич.

— Сендан ҳамма нарсани кутса бўлади. Дўстинг Наримонни аямаганда, менга шафқат қилармидинг?

— У қилган ишни сен ҳам қилганингда, каллангни узиб ташлаган бўлардим. Лекин икки қизнинг жанжаллашиб қолгани учун ёқа йиртаётганинг ниҳоятда аҳмоқлигингдан далолат бериб турибди, — деди Витя Тимофеевич столга ўтираркан.

— Агар Юля бошқа қизларга ўхшаганида, “ғинг” демасдим. Лекин бунинг нималарга қодирлигини ўзинг кўрдинг, — деди Роман Фёдорович Юлдузга кўз қири билан қараб.

— Етарли, — деди Витя Тимофеевич, — қизинг тузалади. Кейин иккиси бир-биридан кечирим сўрайди, шу билан олам гулистон. Дарвоқе, биз меҳмонмиз. Меҳмонга, ҳеч қурса, ароқ қўйишади, — деб у Шоҳруҳга қаради.

Юлдуз ўрнидан туриб, ароқ келтириб стол устига қўйди, лекин эркаклар билан ўтиришга асаби чидамай, чиқиб кетди.

Витя Тимофеевичга худди шу керак эди. Икки қадаҳдан ароқ ичишгач, секин гап бошлади.

— Сени биз Москвага жўнатмоқчимиз. Дарвоқе, мен сенга ўзимни таништирмадим. Манави одам билан эскидан қадрдонмиз, — деди у банкирни кўрсатиб. — Кўп ишларни бирга қилганмиз. Менинг олдимдаги қарзи анча ошиб қолган, — шундай деб у банкирга кўз қисиб қўйди. Очиқ-ошкор. Худди “Эсингдан чиқариб қўймадингми?” дегандек. — Хуллас, дўстим, сени катта даврага олиб чиқишга қарор қилдик. Тўғрироғи, бир неча дақиқа муқаддам мен шундай қарорга келдим. Ўзингни тутишинг, гапиришинг шунга ундади. Қолаверса, қайлиғинг ҳам чаққонгина экан. Қисқаси, Москвага бориб керакли одамларга учрашасан. У ердан Голландияга ўтасан. Чунки ўша давлатда героин истеъмол қилишга рухсат берилган. Демак, бизга кенг йўл очилган. Ҳар ҳафта АҚШдан келаётган “дори”нинг йўлини тўсишимиз керак. Улар ўта маккор одамлар. Героинни ўзлари етиштирмайди, лекин афғон билан Колумбия “мол”ининг олди-сотдиси ўшаларнинг қўлида. Голландияда ана шундай қонун пайдо бўлишигаям океан ортидаги “семизлар”нинг қўли бор, албатта. Биз кўпиккамас, балки, кўпик остидаги сувга эътибор беришимиз зарур.

— Гапни чалкаштирмай дангалига ўтинг, — деди Шоҳруҳ Витя Тимофеевичнинг “маъруза”сини охиригача эшитишга сабри етмай.

— Калта ўйларкансан, дўстим.

— Вазифамни айтинг.

— Керакли “дори-дармон”ни қўриқлаш.

— Мен аскар эмасман.

— Генерал бўлиш учун кўп қурбон беришинг зарур.

— Етарлича қурбонлик бўлди.

— Оз!.. Қўшилмаслигинг ҳам мумкин. Лекин унда кетмончилигингча қолаверасан, майда-чуйдалар билан муштлашиб. Яна бир гап: бу ерда бир кун ҳам яшамайсан! Очиқ айтаётганимга хафа бўлма. Аммо мажбурман шунга. Етмиш-саксон ёшгача яшаш йўлини топсанг, албатта, дунёдаги энг бахтли одамга айланасан. Балки бугун, ҳозир энг охирги кунингни яшаётгандирсан. Бунисига ҳам кафолат йўқ. Мен сени қўрқитаётганим йўқ, очиғини, аччиқ ҳақиқатни айтаяпман. Шунингдек, қандай кўрсатма берсак, бўйин товлашинг ҳам мумкин эмас. Шу пайтгача сен пиёдалар билан ишлаб келдинг. Бу ёғига тўрага айландинг. Эҳтимол, вақти келиб шоҳ ҳам бўларсан. Буниси эҳтимолнинг шимолида жойлашган. Гапларимни икки қулоғингга ҳам қуйиб олгандирсан! — деди Витя Тимофеевич Шоҳруҳга ўткир нигоҳини қадаб.

— Сиз бир нарсани эсингиздан чиқариб қўйдингиз, жаноб. Одамнинг айтгани, ўйлагани йигирма фоизгача амалга ошсаям катта гап. Шунинг учун фолбинлик қилмайлик-да, сиз айтганингиздай, нафас олиб турайлик.

Шу кунгача бирорта одам Витя Тимофеевичнинг гапларига қарши бормаганди. Ҳатто манави пулдор, дунёнинг исталган жойидан паноҳ топиши мумкин бўлган Роман Фёдорович ҳам. “Аммо қаёқдаги мишиқи менга тик қаради, кескин гапирди, — ўйлади Витя Тимофеевич. — Демакки, бундан келажакда жуда кўп фойдаланса бўлади. Худди Николай пошшо сингари. Унинг ақл-заковати бутун Осиёни эгаллашга етди. Сиёсат билан шунча ерга эга чиқди. Кейингилар… Улар эслашга-да арзимайди. Ҳаммаси бемаза уруғдан бўлган. Шунинг учун ҳам расво қилишди давлатни. Мен эса, маккорман. Манаман деган миллиардерлар ҳам ҳисоблашишга мажбур. Шундай қилмаса, ишлари битмайди уларнинг. Жуда қисқа муддатда ҳаммасини гадойваччага айлантириб қўяман”.

— Гапингда жон бор, йигитча. Рост сўзлаганинг учун ҳам кечираман. Бироқ бошқа бунақанги гапларни айтма. Ҳар қандай рост сўз ҳам, мавридсиз айтилганда, аксини бериши мумкин. Бўлди, ортиқча майнавозчиликни йиғиштирайлик. Тонгги рейс билан Москвага учасан. Қайлиғинг шу ерда қолади. Гаров сифатида.

Шоҳруҳ ҳеч нима демади. Қадаҳни тўлдириб бир кўтаришда ичди.

— Сиз гапираяпсиз-у, мен юз грамм ичишга улгурармиканман, деб ўйлаяпман, — деди у Витя Тимофеевичга қараб. — Одам ғалати бўп кетаркан, тўғрими?

— Нафақат ғалати бўлади, бошқа аҳволга тушишиям ҳеч гап эмас, — деди Роман Фёдорович гапга аралашиб.

— Менга ҳеч нарса ваъда қилинмасдан хўжайинлик қилинаётган экан, бир нарсани сўрашимга тўғри келади, — деди Шоҳруҳ ўзига тегишли қадаҳни қўлига оларкан.

Витя Тимофеевич унга ўқрайиб қараб қўйди. Сўнг хаёлини тиниқлаштирадиган суюқликни ютди. Сигарета тутатди. Тутунни мириқиб ичига ютди. Кейин:

— Сўра, — дея амр қилди.

— Бир ой муҳлат берасиз. Қиладиган ишларим бор. Қолаверса, ҳали бунақанги ишга тайёр эмасман. Аслида жуда яхши таклиф. Ҳар қандай одам бунга жон-жон деб рози бўлади. Мен унинг масъулиятини жуда яхши ҳис қилиб турибман, шунинг учун вақт керак.

— Ақлли одамнинг гапи. Ҳовлиқмалик қилмаганинг учун сени мукофотласа бўлади. Ишимиз пишди. Мен эртага тушга яқин учиб кетаман. Сенинг чиптангни эса, бекор қиламиз, — деди Витя Тимофеевич, сўнг банкирга юзланди, — дўстим, бир маишат қилайлик. Ҳаммоми, ресторани, раққосалари бор-у… Ўша ерда… Қани, энди битта-битта олайлик.

Шоҳруҳ улар билан бирга кетмади. Роса чарчаганини баҳона қилиб, уйида қолди. Унинг боши тинимсиз ғувиллар, фикрини бир жойга жамлашга қийналарди. Нималар бўлаётгани, нега ваъда бериб юборганини сира тушунолмасди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Мафия сардори (57-қисм)

Мафия сардори (58-қисм)

Мафия сардори (59-қисм)

Мафия сардори (60-қисм)

Мафия сардори (61-қисм)

Мафия сардори (62-қисм)

Мафия сардори (63-қисм)

Мафия сардори (64-қисм)

Мафия сардори (65-қисм)

Мафия сардори (66-қисм)

Мафия сардори (67-қисм)

Мафия сардори (68-қисм)

Мафия сардори (69-қисм)

Мафия сардори (70-қисм)

Мафия сардори (71-қисм)

Мафия сардори (72-қисм)

Мафия сардори (73-қисм)

Мафия сардори (74-қисм)

Мафия сардори (75-қисм)

Мафия сардори (76-қисм)

Мафия сардори (77-қисм)

Мафия сардори (78-қисм)

Мафия сардори (79-қисм)

Мафия сардори (80-қисм)

Мафия сардори (81-қисм)

Мафия сардори (82-қисм)

Мафия сардори (83-қисм)

Мафия сардори (84-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here