Мавсумий: Гриппга қарши парҳез

0

Грипп айни куз-қиш фаслида кенг тарқаладиган, ҳаво-томчи йўли билан юқадиган ўткир вирусли касаллик бўлиб, организмнинг умумий заҳарланиши ва нафас йўлларининг зарарланиши билан кечади.

Хасталик вирусининг А, В ва С турлари мавжуд. Вируслар ташқи муҳитга чидамсиз бўлиб, қуёш нури ва дезинфекцияловчи (зарарсизлантирувчи) моддалар таъсирида тез нобуд бўлади. Лекин паст ҳароратда узоқ вақт сақланиб қолиши мумкин.

Касалликнинг дастлабки кунларида вирус организмдан кўп миқдорда ажралади. Бемор аксирганда, йўталганда ва гаплашганда ҳаво заррачалари ва сўлак томчилари билан атроф-муҳитга тарқалади ҳамда яқин атрофдаги одамларга нафас йўллари орқали юқади. Соғлом инсон инфекция юқтирган кишига 1-2 метр яқинликда бўлганда касаллик юқиш хавфи ортади. Аҳоли зичлиги гриппнинг тарқалишини осонлаштиради. Касалликдан кейин ҳосил бўладиган иммунитет бир неча йиллар, ҳатто умр бўйи сақланиши мумкин. Алоҳида таъкидлаш лозим, бу иммунитет айнан шу касаллик турига нисбатан юзага чиқади. Бир мавсумда бир неча марта грипп билан касалланиш инсоннинг бошқа вирус штаммлари юқтирганлигини билдиради. Бундай ҳолат, асосан, иммунитети паст ва нимжон болаларда кўпроқ кузатилади.

Гриппда, асосан, асаб тизими ва қон томирлари зарарланади. Бундан ташқари, ангина (бодомча безларининг яллиғланиши), қулоқнинг яллиғланиши  (отит), юрак мушакларининг зарарланиши  (миокардит), буйракнинг яллиғланиши  (пиелонефрит), мия пардасининг яллиғланиши — менингит ва ўпканинг яллиғланиши (пневмония)  каби асоратларга сабаб бўлади. Касалликнинг кам учрайдиган, лекин жуда оғир кечадиган асоратларидан бири бош мия тўқимасининг яллиғланиши  — энцефалитдир.

Касаллик, айниқса, 1 ёшгача бўлган болалар ва кекса ёшдаги кишиларда оғир кечади ҳамда турли асоратлар қолдиради. Бунга асосий сабаб болаларда иммунитетнинг тўлиқ шаклланмаганлиги бўлса, кекса ёшдаги кишиларда мавжуд сурункали касалликларнинг қўзғашидир.

Гриппни даволаш шифокор назоратида олиб борилади. Ётоқ режимига риоя қилинади. Беморни даволашда махсус парҳез тайинланмайди. Лекин иштаҳанинг пасайганлигини эътиборга олган ҳолда, одатда, кўпроқ суюқ таомлар буюрилади. Яна турли суюқликларни ичиш тавсия қилинади. Лимон, малина ва турли мурабболар солинган чойлар, асал қўшилган чой, хонадонда тайёрланган шарбатлар илиқ ва иссиқ ҳолда тез-тез ичиб турилиши мақсадга мувофиқ. Шунингдек, илиқ ҳолда газсиз минерал ва қайнатилган сув ҳам ичиб туриш зарур.

Кўп ҳолларда гриппга чалинган беморларимиз касаллик аломатлари кузатила бошлаган бўлса-да, «ўтиб кетади« қабилида иш тутиб, шифокорга мурожаат қилишмайди ва аксарият ҳолларда касалликни оёқда ўтказадилар. Бу бир томондан атрофдагилар учун инфекция юқиш хавфини оширса, иккинчи томондан касалликнинг зўрайиши ва турли асоратлар қолдиришига имкон яратади. Ваҳоланки, касалликнинг бошланишидаёқ ётоқ режимига риоя қилган ҳолда ўз вақтида даво муолажалари ўтказилса, бемор тезда тузалиб кетади.

Гриппда фойдали маҳсулотлар

Товуқ шўрва: яллиғланиш ва бурун тиқилишига олиб келувчи ҳужайра-нейтрофиллар ривожланишига йўл қўймайди;

саримсоқ: таркибида бактерия, замбуруғ ва вирусларни ўлдирувчи аллицин моддаси мавжуд;

зираворлар (занжабил, долчин, хантал, кашнич): қон томирларининг торайишига олиб келувчи тана ҳарорати юқори бўлганда яхши наф берувчи терлашни кучайтиради ва нафас олиш ҳамда ютинишни енгиллаштиради;

таркибида рух моддаси бўлган маҳсулотлар (гўшт, тухум, денгиз маҳсулотлари, ёнғоқлар);

таркибида бета-каротин моддаси, фолий кислотаси, магний (масалан, қовун, исмалоқ, ўрик, лавлаги, гулкарам, сарсабил, сабзи, манго, мандарин, помидор, қовоқ, пушти грейфрут, шафтоли, тарвуз, киви) юқори даражада бўлган мева ва сабзавотлар;

С витаминига бой маҳсулотлар (папайя, цитрус мевалар, апельсин шарбати, сариқ ёки қизил гармдори, қулупнай, помидор ва батат);

Е витаминига бой маҳсулотлар (маккажўхори мойи, бодом, балиқ мойи, денгиз қисқичбақаси, ўрмон ёнғоғи, махсар мойи, ёнғоқ мойи, кунгабоқар уруғи ва лосось балиғи гўшти);

таркибида флавоноидлар бўлган малина шарбати, лимонлар, кўк гармдори, олча ва узум;

биофлавоноидларнинг юқори концентрацияланган шакли  — кверцетинли маҳсулотлар (брокколи, қизил ва сариқ пиёз).

Тахминий таомнома

Нонушта: сутда пиширилган манний бўтқаси, лимонли кўк чой.

Иккинчи нонушта: бир дона илитилган тухум, наъматак қайнатмаси.

Тушлик: гўштли шўрвада сабзавотли суп-пюре, буғда пиширилган думалоқ котлетлар, гуруч бўтқаси, компот.

Тамадди: асал солиб пиширилган олма.

Кечки овқат: буғда пиширилган балиқ, картошка пюреси, мева шарбати.

Уйқуга ётишдан аввал: кефир ёки сутдан тайёрланган бошқа нордон ичимликлар.

 

Гриппда қўлланиладиган халқона усуллар:

пиёз ва саримсоқ буғи (пиёз ва 2-3 дона саримсоқ тишчасини қирғичдан чиқариб, ундан бир неча маротаба чуқур нафас олиш)  — кунига 2-4 марта;

қуритилган малина меваларидан тайёрланган дамлама (1 ош қошиқ қуритилган малина мевасига 1 стакан қайнаган сув қуйилади ва 20 дақиқа дам едирилади)  — кунига 2 маҳал 250 мл дан ичилади;

жўка (липа) дарахти гуллари ва қуритилган малина меваси аралашмаси (1 ош қолшиқ аралашмага 1 стакан қайноқ сув қуйилади ва 20 дақиқа дам едирилади)  — кунига 2 маҳал 250 мл дан ичилади.

 

Кўза шўрва

Масаллиқлар: 500 г гўшт, 2 та пиёз, 3 та картошка, 1 та сабзи, 1-2 дона помидор, 1 тадан қизил ва кўк булғор қалампири, 5-6 та саримсоқ тишчаси, таъбга яраша туз, зираворлар ва кўкатлар.

Аввало, олдиндан тайёрлаб қўйилган кўзаларга ювиб, тозаланган ва бўлакланган гўшт, сабзи, картошка, помидор, пиёз, саримсоқ пиёз, булғор қалампирлари, кўкатларни навбати билан жойлаштирамиз. Сўнг таъбга яраша туз ва зираворлар солиб, устидан масаллиқларни кўмадиган даражада сув соламиз. Ҳамма ишни якунлаб олгач, кўзаларни олдиндан қиздирилган газ печига жойлаштирамиз. Кўзалардаги шўрва суви қайнаб чиқиши билан оловни ўрта даражада пасайтириб қўямиз. Аммо кўза шўрвани пишириш жараёнида кўзадаги сув миқдори камайиб кетмаслиги керак. Шўрва гўштнинг қаттиқ ёки юмшоқлигига қараб 1, 5-2 соатда тайёр бўлади.

 

Гулкарамли шўрва

Масаллиқлар: 1 бош гулкарам, 500 г гўшт, 1 бош пиёз, 2 та сабзи, 3 та картошка, таъбга яраша туз, зираворлар, кўк пиёз ва кашнич.

Мол ёки қўй гўштининг ёғлироқ жойи ҳамда суякларини ажратиб оламиз ва ювиб-тозалаб, оловга қўйилган сувли қозонга соламиз. Шўрва суви қайнаб чиққач, кўпикларини олиб, оловни бироз пасайтирамиз ва тўғралган пиёзларни қўшиб, қайнатишда давом этамиз. Сўнг олдиндан тайёрлаб қўйилган сабзи бўлакларини соламиз. 5-7 дақиқадан кейин эса гул бандларидан ажратилган гулкарам ва бўлакланган картошка солиб, оловни пасайтирамиз. Шу ҳолатда 20 дақиқа давомида милтиратиб қайнатамиз. Сўнгра тайёр таомни косаларга сузиб, бетига кашнич ва кўк пиёз сепилган ҳолда дастурхонга тортамиз.

 

Гуручли товуқ шўрва

Масаллиқлар: 1 та товуқ, 1 пиёла гуруч, 1 бош пиёз, 3-4 та саримсоқ тишчаси, таъбга яраша туз, зиравор ва кўкатлар.

Тозалаб ювиб, бўлакланган товуқ гўштини сув тўлдирилган қозонга солиб қайнатамиз. Қайнаб чиққанидан сўнг кўпигини олиб ташлаб, оловни ош дамланадиган даражада пасайтирамиз ва қозон қопқоғини ярим ёпиқ ҳолатга келтириб қўямиз. Шўрва шу ҳолатда 3 соат қайнайди.

Бундай шўрванинг гуручини қозонда алоҳида пишириб оламиз. Бунинг учун оловга қўйилган қозон бироз қизигач, 2 ош қошиқ ўсимлик мойи солиб, устидан ювилган гуруч соламиз ва енгилгина қовуриб, таъбга яраша туз ва гуруч ботадиган даражада сув қуямиз. Гуруч сувини тортгач, оловни пасайтириб, худди ош каби дамлаб қўямиз.

Бу орада пиёз ва кўкатларни майда қилиб тўғраб, саримсоқни янчиб оламиз.

Янчилган кашнич уруғи, қизил қалампир, туз, хитой тузи, кунжут ва гуручни алоҳида идишларда дастурхонга қўямиз.

Косаларга маълум миқдорда товуқ гўшти ва шўрва солиб, дастурхонга тортамиз. Тановул қилишдан олдин истаган одам кўкат ва зираворларни ўз таъбига қараб солаверади.

Ёқимли иштаҳа!

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here