«На сен уни эсладинг, на мен унутдим»

0

Қадамлар босардик                                                                                              бирам оҳиста,

Баҳор пойимизга                                                                                                           гуллар тўшарди.

Кўзларим ахтариб                                                                                               кўзингга тушса,

Дарёдек қалбимда                                                                                             ишқим жўшарди.

Балки, севар эдим,                                                                                     балки, севилдим,

Сен ҳам индамадинг,                                                                        

мен ҳам жим юрдим.

Саратон ташналар                                                                                            этди дилимни,

Сен эдинг бахтимнинг                                                                                        зилол чашмаси.

Нега айтмадим                                                                                           ахир тутиб қўлингни —

Менга не керак                                                                                                              сендан бошқаси?!

ўанимат ёшлигим,                                                                                             ғафлат ёшлигим,

Сен ҳам билмагандинг,                                                                   

мен ҳам кеч билдим.

Қадамлар босяпман                                                                                             оҳиста, ёлғиз,

Пойимда қор эмас,                                                                                     алам ғижирлар.

Ҳамон таърифингга                                                                                     излаяпман сўз,

Бедор тунлар қоғоздек                                                                               кўнглим ғижимлар.

Мудом юрагимда яшар                                                                                     илк севгим,

На сен уни эсладинг,                                                

   на мен унутдим.

 

«Бугун яна тунда уйғондим. Яна уйқуни қувган хаёлларим нима қидираётганини унутиб, боши оққан томонларга талпинганча узоқ ўтмишга, ёшлик пайтимга қараб кетди. Ёшлигим олтин шаҳардек олис-олислардан порлаб кўриниб турарди. Унга яқинлашгач эса яна ўша юрагимни ҳаприқтирган қўнғироқ жарангидек кулгинг эшитилди. «Кулишинг менга ёқади!» Бу гапни яна ичимда айтдим, ҳатто шивирламадим ҳам. Менинг тилимни нима боғлади, билмадим. Яна сен билан шунчаки дўстона суҳбат қурдим. Ҳа, дўстона… Аслида, ёнингда бутун борлиғимни қандайдир ёқимли, ҳатто куйдиргандек иссиқ тафт эгаллаб олса-да, шунчаки совуққон, ичимдан келаётган алангани яна ичимга ютганча сен билан дўстона суҳбат қурдим. Гўё ихтиёримсиз, ҳатто идрокимни ожиз қолдирганча қалбимда сенга нисбатан жўш ураётган туғёнларни ошкор қилсам, мендан хафа бўласан ва мен энди жарангли кулгингдан, бетакрор ҳусну малоҳатингни кўришдан, ширин суҳбатингдан бебаҳра қоламан.

«Сен яхши боласан!» Мана шу сўзларингнинг ўзи менга энг юксак мукофот бўлди. Гўё мен мақсадимга эришдим, гўё мен қалбингни забт этдим. Менга бундан ортиғи керак эмас! Сенга туйғуларим ҳақида ҳеч нарса демадим. Ким билади, балки пок, беғубор, мурғак гўдакдек
ҳимоясиз туйғуларимни шафқатсиз оламдан асрагандирман. Туйғуларимни ошкор этиб, улар тақдирини таваккалга қолдиришни истамагандирман. Ҳозиргача улар шундай соф ва жўшқинлигича қолган. Ҳаёт ҳар хил инъомларга бой бўлса-да, шу вақтгача ўша сенинг ёнингда ҳис қилганим, бутун борлиғим ва шууримга сиғмаган бахт туйғусини бошқа ҳеч ҳам ҳис қилмадим. Балки, ҳозир сен ҳам худди мендек турмуш ташвишларига шўнғиб кетгандирсан?! Ёшликнинг хаёлот оламидан чиқиб, ҳақиқий ҳаёт кечираётгандирсан? Севикли ёр, меҳрибон онадирсан. Сени ҳозир учратиб қолсам, ўша бетакрор туйғуларни туйиш тугул, балки танимасман ҳам. Лекин қачон хаёлларим мени ёшлик мамлакатимга етакласа, сени ўша 17 баҳоримиздаги тимсолингни кўраман. Ҳамон ўша-ўша… Шўх, латофатли, жозибали қиз… Бу сувратинг йиллар ўтса-да, кўнглим ойнасида ўз аксини ҳеч қачон тарк этмайди. Соғинсам ҳам, кўргим, суҳбатлашгим келса ҳам, мен ўша 17 ёш қизни қумсайман.

Хаёлларим ёшлик мамлакатидан яна кўзда ёш билан қайтиб келди. Ҳар сафар шу ҳол… Гарчи дунё юзини кўрмай, қалбимнинг туб-тубига маҳкум этилганча қолган бўлса-да, илк муҳаббатимнинг ёди туфайли хаёлларим у мамлакатдан кўзда ёш билан қайтади.

Кўнгил ҳаловат топмаган тун ўз ўрнини оппоқ тонгга бўшата бошлагач, қалбга зарра ёруғлик инди ва тонгдек оппоқ қоғозга яна бир бор сенинг таърифингни битганча тонгнинг ширин алласи уйқусиз кўзларимга ором берди».

Жавлон НАБИЕВ

Тошкент вилояти

Бўка тумани

«Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here