ҚАРОҚЧИ-14…

0

 

* * *

Катта шаҳар ҳали ухламаган, машиналарнинг ғиз-ғизи тинмаган, йўловчилар ҳануз шошилишда, қаерларгадир чопишда давом этар, дўкон сотувчилари гарчи чўзиб эснашдан тийила олмасалар-да, ҳали вери уйга кетишга тараддудланишмасди.

Ниғмат йўл-йўлакай анча ўзини тутиб олган ҳолда фақат бир манзилни — милиция бўлимини қидирарди. Аллакимлардан сўрашни истамасди. Қалбигагина суянар, фақат ундан нажот кутган кўйи қадам ташларди.

Турли хаёллар исканжасида сершовқин мавзедан анча узоқлашиб ҳам улгурди. Буёғига қоронғи кўчалар, сокинлик булути ортида қолган ҳовлилардан иборат янги мавзе бошланди.

Ниғмат ҳануз атрофга олазарак боққанча кетиб борарди.

Шу маҳал ҳовлилардан анча нарида қизил чироқлар остидан юз кўрсатиб турган ёзувга кўзи тушди. Ниғмат ёзувни кўргани ҳамоно беихтиёр юраги ғаш торта бошлаганини ҳис этди. Лекин қалбининг далдаси бу ғашликни дарҳол нари ҳайдаб, Ниғматни олдинга юришга ундади.

— Хайрият, — деди овоз чиқариб Ниғмат курткаси ёқасини тўғриларкан. — Мелисасигаям етиб келибман. Ана энди буёғига пешонамдан кўраман. Камерага қамашса, жоним бироз ором олса, хавфлардан нари бўлсам бас. Менга деса, жонимни суғуриб олишмайдими? Қаҳратонда қаёқдаги қаланғи қасанғилар қўлида хор бўлиб ўлгандан, шу ерда турма азобини тортганим минг чандон яхши. Ишқилиб, шарманда қилмасин!..

Бу ер ҳақиқатан шаҳар милиция бўлими эди. Эшик ёпиқ бўлса-да, ичкаридан навбатчи милиционерларнинг узуқ-юлуқ кулгиси, сўкинишлари қулоққа чалинарди.

Ниғмат эшикни қайта-қайта тақиллатди. Ниҳоят товушлар тиниб кимдир эшик томон юрди.

— Сенга ким керак? — остонада ҳозир бўлган баланд бўйли, заҳил юз, ингичка мўйлов қўйган капитан Ниғматга бошдан оёқ шубҳали қараш қилди. — Қаердан келдинг? Кимсан?

Ниғмат жавоб беришга шошилмади. Қалбига қулоқ тутган кўйи бир неча ўн сония капитанга тикилиб турди. Сўнгра қайғули, ҳазин оҳангда сўз бошлади.

— Ўртоқ капитан, хотинингиз оғирлашиб қолди, — деди у ер чизиб. — Ҳозир уни жонлантириш хонасига олиб киришди. Адашмасам, вақтинча сизга хабар бермай туришни лозим топишган кўринади.

— Нима? — бу гапни эшитган капитаннинг кўзлари косасидан чиқаёзди. — С-сен қ-қаердан биласан? Кимсан? Н-нимага оғирлашади?..

— Ҳамшира нотўғри укол қилиб қўйган, — давом этди Ниғмат. — Шошилмасангиз бўлмайди. Йўқса…

— Ўчир чакагингни! — беихтиёр бақириб юборди милиционер. — Совуқ нафас! Турқингам гапингга ўхшаб совуқ экан!.. Эҳ, нима қилдим энди, нима?.. Нима бўлади энди?..

— Шошилинг, — деди Ниғмат қўрқа-писа капитанга боқаркан. — Бу туришингиз ўзингизга душман бўлиб қолиши ҳеч гапмас!..

— Шунақами? — капитан танасида пайдо бўлган титроқни боса олмай титрай-титрай чўнтагидан сигарет олиб тутатди. Аммо бу ҳам таскин бермадими, сигаретни четга улоқтирди-да, Ниғматнинг билагига чанг солди.

— Қани, юр, худонинг балоси, — дея уни қатор машиналар томон судради у. — Мен билан бирга борасан касалхонага! Агар алдаган бўлсанг, терингни шилволаман! Юр дедим!

— Х-хў-ўп, бораман, ака, бораман! Фақат… Билагимни қўйворинг! Қочиб кетмайман!

Капитан Ниғматга қулоқ тутмади. Аксинча билагини янада қаттиқроқ сиқиб машинасига ўтқазди ва моторга ўт қўйди.

* * *

Орадан бир ярим соатча вақт ўтгач, капитан Ниғматни яна милиция бўлимига олиб келди.

Шу тобда капитаннинг чеҳраси анча очилган, титроқлар пасанда бўлган, стол қаршисида ўтирганча рўпарасида қимтинибгина ўтирган Ниғматга сирли боқарди.

— Сен, ука, жа бало чиқиб қолдинг-ку, — деди ниҳоят капитан орадаги сукутни бузиб. — Касалхонага бормаган, хотинимниям, мениям умрингда кўрмаган бўлсанг, қандай хабар топа қолдинг ҳаммасидан? Ё жодугар, фолбинмисан?

— Йўқ, — дея бошини кўтарди Ниғмат қовоғини уйиб. — Менга Худо берган. Одамни бир кўрганимдаёқ кимлигини, қандайлигини айтиб бера оламан. Ўзим… Тушунмайман бунинг нималигига. Аммо шундайман, ака! Кечиринг!..

— Шунақами? — елка қисганча Ниғматга қаттиқроқ тикилиб қаради капитан. — Хўш, энди гапир-чи, бўлимга нима учун келгандинг? Фақат қўрқма, сенга ёмонлик қилмайман. Ахир… Нима бўлгандаям, менга катта яхшилик қилдинг, укам! Айтавер дардингни! Менам қўлимдан келса сенга ёрдам бераман!

Ниғмат гапни нимадан бошлашни билмай, бир муддат гарангсиди. Сал қурса, Соли, Валера тўғрисида гуллаб қўяёзди. Яхшики, қалби ўз вақтида уни тўхтатиб, мақсадга ўтишга ундади.

— Сен фақат секта ҳақида гапир, — уқтирди қалби Ниғматга. — Ўзинг кўрасан, қаршингдаги мелиса безовталаниб қолади. Тезроқ бўл! Фурсатни қўлдан берма! Акс ҳолда яна бир бегуноҳнинг қони тўкилиши мумкин.

— Шаҳар четида секта боракан, — деди Ниғмат. — Икки тарафи далалардан иборат жойда. Ёнида ёқилғи қуйиш шоҳобчасиям бориди, ҳа, ўзим кўрдим!

— Секта? — бирдан ҳушёр тортди капитан. — Сен қаердан биласан?

— Мен у ерга тасодифан бориб қолдим. Қўноққа жой қидириб юргандим. Кирсам, каттакон залда аёллар, эркаклар тик туришибди. Тўрда соқолли бир эркак уларга ниманидир уқтираётган экан. Одамлар бараварига чайқалишарди.

— Хўш, хўш, кейин-чи? Кейин нима бўлди?

— Кейинми? Кейин… Ҳалиги соқолли мени кўриши билан «ана, қурбонлик ўз оёғи билан келди, энди уни қурбонлик қиламиз. Дунё покланади» деди.

— Йўғ-э, — капитан даст ўрнидан туриб кетди. — Ростми шу гапларинг?.. Менга қара, ўша соқоллининг исми Маратмиди?

— Билмайман, исмини сўрашга улгурмадим. Ўша гапни гапириши билан ура солиб қочдим.

— Шунақа дегин?.. — капитан пича Ниғматнинг тепасида айланган бўлди-да, илкис энгашиб унинг елкасидан тутди. — Менга қара, сен шу ерда ўтир, ҳеч қаерга жилма! Биз ўша жойга йигитлар билан бориб келамиз.

— Х-хўп, — деди Ниғмат кўнгли ёришиб. — Ўтир десангиз ўтираман.

— Ҳозир ўша ифлосни тутамиз. Сен гувоҳлик берасан.

— Гап йўқ.

— Фақат қочиб кетишни хаёлинггаям келтирма!

— Хўп.

— Ҳой, Гриша, тез тезкор гуруҳни отлантир! Тезроқ бўл!

Кўз очиб юмгунча ҳаммаёқнинг тўс-тўполони чиқди. Қаердандир юзларига қора ниқоб тутган йигитлар елкаларида автоматлар билан ҳозир бўлди.

Капитан уларни ортидан эргаштирганча ташқарига отилди.

* * *

Ички ишлар бўлимида ярим кечаси ҳам ҳаёт қайнаши Ниғматнинг етти ухлаб тушига кирмаган экан. Навбатчилар хонасининг бир бурчагида ўтирарди-ю, гоҳ аёл, гоҳ эркак жиноятчи, безориларни милиционерлар судраклаб кириб қолишар, шу заҳоти хоналар, йўлакларни бировларнинг йиғи-сиғиси, бўралаб сўкиниши, ялиниб-ёлворганча қиладиган оҳ-воҳлари тутарди. Гоҳо қайсидир милиционер буйруққа бўйсунишни истамаганни дўппослаб қоларди. Бир сўз билан айтганда, бу маскан нақ қиёматни эслатиб юборарди.

Аммо Ниғматнинг ушбу манзарага қараши умуман бошқача эди. У олиб келинган ёшу қарига ўзга назар билан боқар, ўзгача ўйларди.

«Мелисалар нега буларни хўрлайверади? — ўйларди у ғижиниб. — Айби нимайкан? Ўғирлик қилгандир, кимнидир дўппослагандир, нари борса безорилик қилиб кимнингдир тинчини бузгандир. Лекин ҳаммалари бир одам-ку! Нимага шу айби учун калтаклаш, ҳақоратлаш керак? Демак, мен ҳам шулардан бирининг ўрнида бўлсам, мениям дўппослашаркан-да! Тўғри, мен қаршилик кўрсата олмайман. Чунки улар кўпчилик. Бирига қарши чиқсам, бошқаси тепамда ҳозир бўлади. Эҳ, қандай кунларга қолдим! Ўша ифлос Умарни калтакламасам, уйдан қочмасам, ичкилик ичмасам ҳаммаси яхши кечарди. Ҳеч кимнинг қаршисида мулзам бўлмасдим, ҳеч кимга ялинмасдим, қўрқиб-пусиб яшамасдим. Афсус, ўзимга ўзим қилдим. Энди кеч. Буёғига пешонамда ёзилганини кўришга маҳкумман. Уф-ф… Бағрим эзилиб кетяпти. Қалбим, нима қилай? Қандай йўл тутай? Нима дей? Кимга ишонай? Нега жимсан?

— Сен аҳмоқона хаёлларни каллангдан чиқариб ташла, — овоз берди қалби. — Тўғри йўлда турибсан. Бундан кейинги тутадиган йўлинг битта. У ҳам бўлса, воситачилик, керак бўлса, чақимчилик, сотқинлик қиласан. Агар шу йўлни танласанг, хато қилмайсан. Кут, сабр қил, ишон, умидвор бўл, қаддингни тик тут, бошингни баланд кўтар!

Бу маслаҳат Ниғматни пича тинчлантирди ва капитаннинг қайтишини кута бошлади.

Орадан тахминан ярим соатча вақт ўтгач, ҳийла сокинлик қўйнига чўмган йўлак тағин шовқин-суронга тўлди. Бу гал Ниғматнинг қулоғига капитаннинг ҳайқириғи чалиниб даст ўрнидан турди-ю, ойнадан йўлакка қаради.

Йўлак бўйлаб аввал ўзи ўша файзсиз бинода кўрган, уни қурбонлик дея атаб аюҳаннос солган соқоллини, кетидан яна олти нафар баланд бўйли эркакни олиб ўтиб кетишди.

Ниғмат хаёлларини бир жойга жамлаб улгурмай, хонага ҳовлиққанча капитан кирди.

— Хўш, зерикмадингми, укам? — сўради у кафтларини бир-бирига ишқалаб. — Ҳеч ким хафа қилмадими ишқилиб?

— Й-йўқ, — деди Ниғмат елка қисиб. — Томоша қили-иб ўтирибман, ўртоқ капитан.

— Баракалла! Сен ҳақиқий эркакнинг ишини тутдинг. Бизга ўта хавфли жиноятчиларни тутиб бердинг. Шуни биласанми?

— Сезгандим, — деди Ниғмат гарчи бу жиноятнинг маънисига ета олмаган бўлса-да сир бой бермасликка тиришиб. — Соқоллининг турқи совуқ эди. Пайқагандим.

Капитан кийимларини ечди-да, ўз курсисига ўтириб, бир муддат ўйга толди. Ора сирада Ниғматга ер остидан маъноли кўз ташлади. Сўнгра даъфатан жонланиб қайта ўрнидан қўзғалди.

— Сен боя хотиним тўғрисида фол очгандинг-а? — сўради у Ниғматнинг тепасига келиб. — Тўғрими ё тонасанми?

— Фол очмадим, — деди Ниғмат қовоғини уйиб. — Мен фолбин эмасман, ўртоқ капитан. Шунчаки… Худонинг инояти эди.

— Майли, нима бўлгандаям, барибир тўғри ахборот бердинг. Агар сен келмасанг, дўхтирлар билан ҳозир қирпичоқ бўлардим. Кеннойингдан ажралиб ҳам қолишим мумкин эди.

— Ҳаммаси худодан, — деди Ниғмат бош чайқаб. — Ҳар кимга умр ўлчаб берилган.

— Ў, жа доно экансан-ку, — кулди капитан. — Худди авлиёлардай гапирасан-а!

— Бори-да, — юзини терс буриб норозиланди Ниғмат. — Болалигимда энам раҳматли шундай дерди.

— Отинг нима ўзи? Қара, танишиш ҳам эсдан чиқибди.

— Ниғмат.

— Меники Юрий Антонович. Сен Юра ака деявер. Сенларда «ака» дейиш одат-ку! Ё адашдимми?

— Тўғри, — деди Ниғмат мажбуран кулимсираб. — Ўзимиз ҳурмат қилган одамни ёши улуғ бўлмасаям ака деяверамиз.

— Яхши-и… Локигин зўр иш қилдинг. Кеннойинг, буёқда анави сектантлар… Вей, булар нима қилиб юрганини биласанми?

— Йўқ, Юра ака, билмайман. Нима қилишди? Одам ўлдиришдими?

— Ўлдирганда-чи!?. Шу кунгача саккиз кишининг бошига етган. ҳали бу тахмин холос. Тергов бошлансин, балки унданам кўпроқ жиноятлари очилар. Ҳаммасини тергов кўрсатади.

— Демак, яна бироз турсам, мениям ўлдирвораркан-да?

— Аниқ эди. Омадинг боракан. Қочиб қолмаганингда… Бўпти, буларни гаплашишга ҳали вақт бўлади. Энди ука… Нимайди? Фолбинмиди? Йўқ, фолбинмасман дединг. Унда сени экстрасенс дея қолай. Нима дейсан?

— У нима дегани? — соддаларча кўзларини чақчайтириб капитанга тик боқди Ниғмат. — Жиноятчими?

— Э, қанақа жиноятчи? Нима десам экан? Хуллас, топқирларни шундай деб аташади. Экстрасенслар ҳар қандай сирни очиб бера олишади. Масалан, айт, мен аслида қандай одамман? Фақат ростингни гапир. Шуни тўғри айта олсанг, сенга зўр иш бор. Ўзингам хурсанд бўласан кейин.

Ниғмат саволни эшитганданоқ қалбига қулоқ тутганди. Ички овоздан нажот кутарди. Шу кўйи бир неча дақиқа тек ўтирди-да, беихтиёр ўрнидан туриб капитанга жуда яқин келди.

— Сиз… Йўқ, буни айтолмайман, — деди Ниғмат икки юзини кафтлари орасига олиб. — Буни айтиш мен учун оғир, ака.

— Айтасан, — капитан Ниғматнинг икки елкасини маҳкам сиқиб бир неча марта силкитди. — Бошладингми, тамом, айтмаганингга қўймайман.

— Хафа қилиб қўйишдан қўрқаман сизни.

— Хафа бўлган номард, — деди капитан жиддий оҳангда. — Айтавер, йигит, айтавер. Хўш, нимайкан ўша сир?

— Сиз… Қайнсинглингизни севасиз, — деди Ниғмат таваккал. — Бир йилдан бери ўша қора соч, узун бўйли ҳурилиқо тинчингизни ўғирлаган. Исми… Янглишмаётган бўлсам, Елена.

Капитан бу хабарни эшитгандаёқ тош қотганди. Худди катта бойлик топиб олгандек, Ниғматга бақрайганча турар, лаблари, қовоқлари учиб-учиб қўярди.

Шу тахлит анча вақт тургач, кутилмаганда сесканди. Ҳеч нарса демай хонани телбаларча айлана бошлади. Ниғмат эса капитаннинг бу ҳолатини сира тушуна олмасди. Хонадан чиқишни ҳам, тураверишни ҳам била олмай ҳайрон эди.

— Сен авлиё экансан, — деди ниҳоят капитан ўзини қўлга олиб. — Йўқ… Қандай қилиб бунчалик тўғри топяпсан-а ҳаммасини? Исмини-чи? Ё… Ленани, мени олдиндан танирмидинг? Балки анчадан бери ортимдан кузатиб юргандирсан? Йўқ, бўлиши мумкинмас. Сен шаҳарда узоқ яшамагансан. Яқиндагина келган бўлсанг керак. Турқинг айтиб турибди. Аммо… Барибир тан бердим сенга. Баракалла!..

— Ака, илтимос, энди менга рухсат берсангиз, — деди Ниғмат бўшашиб. — Мен кетсам девдим.

— Кетсам? Қаерга? Кўчагами? Нима қиласан кўчада? Йў-ўқ, ука, сени қўйиб юбора олмайман.

— Нимага, ака?

— Биринчидан, анави соқоллининг тергови бошланса, гувоҳлик беришинг керак. Иккинчидан, сенга яна зўр иш бор. Ўша ишда бизга албатта ёрдам беришинг шарт. Ҳозир сени бир квартирага олиб бораман. Дамингни ол, тўйиб ухла, қорнингни тўйғаз. Эртага қолган гапларни гаплашаверамиз. Айтганча, паспортингни менга бериб қўй!..

— П-паспортим?.. Н-нимага?

— Қўрқма, шунчаки… Расмиятчилик учун. Паспортинг менда бўлса, қочиб кетолмайсан. Хўш, келишдикми?

Нима ҳам қила оларди? Қалб истаги ҳам шу эди. Ниғмат қалбига қарши бора олмаслигини биларди.

Бош ирғаб капитаннинг таклифини маъқуллади.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here