ҚАРОҚЧИ-15…

0

 

* * *

Ниғмат Юранинг машинасида номаълум тарафга кетиб борарди-ю, вужудини қўрқув, ҳадик, саросима чулғаб олганди. У яна қалбидан нажот кутар, назарида бу номаълум товуш соҳиби Ниғматга ҳақиқий ҳимоячи, суянч эди.

«Қулоқ сол, — дея ҳайқирарди Ниғмат хаёлан. — Бу мелиса-ку! Мени ишлата-ишлата, бир кун бошқалар қаторида қамоққа тиқмаслигига ким кафил бўла олади? Нима қилай? Бу нусхага ишонмайман. Унга суяна олмайман. Наҳотки, боши берк кўчага кириб қолган бўлсам? Нега унда сен сукут сақлашдан нарига ўтмайсан? Нима учун ўз вақтида мени балолардан, кулфатлардан огоҳ этмайсан? Мана, ҳозир ҳам жимсан. Мен ўлиб-толиб дардимни дастурхон қилиш билан овораман-у, сен миқ этмайсан. Нега? Ё худонинг юборган яна бир балосимисан? Мени жарга қулатиб, шундан кейингина хотиржам тортасанми?»

— Аҳмоқ! — дея Ниғматни койиб берди қалби. — Мен, ахир ўзингман-ку! Кўксингнинг бир парчасиман! Қишлоқда ўсганинг, мактабда ўқишни ёлчитмаганинг, ўзгалар каби тўлақонли тарбия топмаганинг ана энди сезилиб қолди. Қалбинг қандай қилиб сенга душман бўлиши мумкин? Сен ўлсанг, мен ҳам ўзинг билан кетаман-ку боқий дунёга! Шуниям тушунмайсанми?

«У ҳолда менга очиқ-ойдин гапир, — деди Ниғмат ижирғаниб. — Мана, биз етти ухлаб тушимизда кўрмаган одамга эргашганча қаергадир кетиб бормоқдамиз. Хўш, кейин-чи? Балки бу мени қул қилиб ишлатар? Ёки маразларнинг қўлига топширар? Гапир! Қандай йўл тутай? Нима қилай?..»

Ички товуш бир неча дақиқа сукутга толди. Бу қисқа муддат ичида Ниғматнинг бўлари бўлганди. Чунки ўзи мустақил равишда миясини ишлатиб бирор тадбир топа билмасди. Хаёлнинг қай кўчасига бош суқмасин, зулматнигина кўрарди. Шу сабаб чидашдан, бардош қилишдан ўзга чора тополмади. Машина салонидан ташқарига ҳиссиз тикилганча қалб садосини кутишда давом этди.

— Биз сен билан шайтон йўриғидаги бандалармиз, — деди ниҳоят қалби оғир тин олиб. Қалбининг оғир тин олиши Ниғматнинг кўкси билинар-билинмас кўтарилиб-кўтарилиб тушишида намоён бўлди. — Шуни ҳеч қачон ёдингдан чиқарма. Яхши, тўғри сўзли, виждонли, диёнатли, имонли кишилар ҳозир ўз юртида, кулбасида ширин тушлар кўриш билан банд. Улар эрта тонгда туришади-ю, яратгандан ишларига, ўқишларига, оилалари, турмуш ўртоқлари, ота-она, фарзандларига яхшилик тилашади. Сўнгра пок режалари, мақсадлари йўлида кета бошлашади. Биз-чи? Хаёлимизда зўравонлик, ёмонлик, ваҳшийликдан бўлак нарса йўқ. Шундай экан, ёнингдаги мелисадан ранжима. У ўз ишини қиляпти. Мақсади йўлида сендек нотавон, жирканч кимсани қаноти остига олмоқчи. Сенга пул, ётар жой, егулик бермоқчи. Бунинг эвазига сен унинг хизматини қиласан. Хотиржам бўл, бу юмушни ҳам уддалаймиз. Иккимизга бизни кутиб турган юмуш чикора. Хавотирланма. Ўзингни эркин тут. Биз албатта ўз ниятимизга етамиз…

* * *

Юра Ниғматни шаҳарнинг қайсидир мавзесига олиб келди-да, тўрт қаватли уйнинг иккинчи қаватига бошлади.

— Мана шу ерда менинг квартирам бор, — деди Юра Ниғматнинг елкасига қоқиб. — Яқинда ижарачиларни ҳайдаб солгандим. Омадинг боракан. Бир ўзинг маза қилиб яшайсан.

— Ўртоқ капитан, бир нарса сўрасам майлими? — сўради Ниғмат Юрага сирли назар ташлаб. — Албатта… Рухсат берсангиз…

— Сўрайвер, — деди Юра кулиб. — Нимани тушунмадинг? Ё бу ерлар ёқмадими сенга? Бошқа жойга олиб борайми?

— Йўқ, гап ундамас. Фақат бир нарсани билмоқчийдим. Мана, сиз ёлғиз ўзимни квартирангизга ташлаб кетасиз. Лекин кимлигимни билмайсиз. Балки сиз ўйлаганчалик яхши одаммасдирман? Ўғри баттол бўлсам-чи?

— Тўғри, — деди Юра жиддий тортиб. — Сени яхши одамсан деёлмайман. Мелисада ўн беш йилдан бери ишласам, сендақаларнинг кўпини кўрганман. Агар яхши одам бўлсанг, бегона юртларга келиб, қоронғи тунда дайдимасдинг. Демак, ё ўғрисан, ё қайсидир босқинчининг югурдагисан.

— Унда нега менга ёрдам бермоқчи бўляпсиз?

— Эҳ, соддагина йигит, — бош қашиган кўйи квартира эшигини очиб қўли билан «кир» ишорасини қилганча сўз қотди Юра. — Ҳалиям ҳеч нарсани тушунмабсан. Агар фолбинликми, нимайди?.. Ишқилиб, шунақа нарсадан хабаринг бўлмаса, кеннойинг оғирлашганини аниқ айтиб бермасанг, сенга бошқача кўз билан қараган бўлардим. Ҳозир сен бўлим камерасида дам олаётган бўлардинг. Тақдирингда бор экан. Милицияга ёрдаминг тегадиган бўлиб турибди. Ишон, милиция ёрдам берганларни қуруқ қолдирмайди. Кўчада ҳам қўймайди. Оч-наҳор юришинггаям йўл бермайди. Милиция шунақа ташкилот. Шундай экан, капитан менга шунчаки ёрдам беряпти деган хаёлни миянгдан чиқариб ташла. Эртага терговчи дўстимнинг ёнига борамиз, ўшанда ишинг нимадан иборат бўлишини ўзинг кўрасан. Қойиллатсанг, марра сеники. Келажагинг ойдин бўлади. Тушундингми?

— Тушундим, — бош ирғади Ниғмат юзини терс буриб. Шу баҳонада хаёлан норози ғудраниб олишни-да унутмади.

«Сенга ёрдам берадиган тилим, қўл-оёғим узилиб тушса бўлмасмиди? Афсуски, бошқа борадиган ерим йўқ. Акс ҳолда сенлар менинг қорамни кўрмасдинг… Майли, мелиса бўлсангам инсофлисиданга ўхшадинг. Бир марта ёрдам бераман. Кейин мени топиб бўпсан. Яқин орада йўлимни топиб олай… Ишқилиб топай-да ўша йўлни!..»

* * *

Квартира жуда шинам эди. Ниғмат ёлғиз қолгани заҳоти хоналарни айланаркан, дид билан безатилган зал, ётоққа алоҳида разм солди. Ошхонадаги орасталик, ҳар бир жиҳознинг тартиб билан терилгани, ярқирашини кўриб ҳайратдан ёқа ушлади. Шу аснода бу квартирани пиёниста аёлнинг уйи билан солиштирди. Йўқ, икки квартира орасида ер билан осмонча фарқ борлиги шундоқ кўриниб турарди.

— Бу хизматчи аёл ёллабди, — деди қалби унга. — Мелиса-да, топиш-тутиши яхши бўлади. Лекин ўша хизматчи аёл билан шу уйда тез-тез айш қилиб туриши менга ёқмаяпти. Эй, Худо, қаерга қарама, наҳс, зинони кўради бу кўзларинг. Шу гуноҳга йўл қўймасдан яшашнинг иложи йўқми? Наҳотки, бандасининг тоқати етмаса шунга? Мана шу мелисанинг хотини ҳам бинойидай. Эрини еру кўкка ишонмайди. Аммо бу мараз хотинидан ташқари ўйнаш ҳам топволган. Бу ҳам етмагандай хизматчи аёлга кўз сузади. Эҳ, қанийди қўлимиздан келса-ю, наҳс бандаларини бирма-бир тиғдан ўтказсак. Афсус, бунга ҳали эрта! Эрта!.. Йўқ, Бундай хаёлларга берилмайлик, Кўп билсанг тез қарийсан. Ўзингни овсарликка солиб яшасанг, бу дунёда ҳурматинг жойида бўлади. Кўр, кар, соқов, гунг бўл. Ҳозир эса музлаткични оч, ароқ турибди қулқиллаб. Юз-юз қилгин-да, дамингни ол. Мана бу сенга ростакамига ором беради. Мен ҳам осойиш топаман.

— Тўғри айтасан, — деди Ниғмат қалбига қулоқ тутган ҳолда музлаткич эшигига қўл юбориб. — Менга нима. Ўлиб кетмайдими?!. Сен билан бизга «така бўлсин, сут берсин». Ёки халқда «лўлининг эшагини суғориб пулини ол» деган гап бор. Мелисаларнинг пулини олайлик-у, қуён бўлайлик.

— Ана энди ўзингга келдинг. Боя айтдим-ку, иккимиздан ҳеч қачон файласуф чиқмайди. Ўғри, зўравон бўлсак ҳам катта гап. Қани, ишрат қил, кўнгил ёз, оғайни! Ҳадемай, тонг отади!

Ниғмат колбасани кесиб, бир бўлагини қўлига олди-да, ароқ тўла қадаҳни сипқорди.

Ароқ жуда ўткиридан экан. Бир неча ўн сония ичида бадани қизиб, кайфи чоғлангандек бўлди.

Ичкиликнинг яна бир қадаҳини ичгач, қалб амри билан ўрнидан турди ва ётоққа йўл олди.

* * *

Юра эрта тонгдаёқ келиб эшикни тақиллата бошлади. Чарчоқ енгибдими, Ниғмат аранг кўзларини очиб истамайгина, норозиланганча ўрнидан турди-да, уйқу устунлигида хиёл гандираклаган ҳолда йўлакка чиқди.

— Ие, ҳалиям ухлаяпсанми? — сўради Юра ичкарига кира солиб. — Ҳамма ишда-ку аллақачон!

— Менинг ишим йўқ, — совуқ жавоб қилди Ниғмат қовоғини уйиб. — Ухлашга ҳақим бор!

— Ҳали улгурасан ухлашга. Тез кийин, бизни терговчи СИЗО да кутяпти.

— У нима дегани?

— Турма дегани, турма, ўртоқ! Гумондорлар ўша ерда судгача ушлаб турилади.

— Мен у ерда нима қиламан? Камерага қамашадими?

— Борганингдан кейин терговчининг ўзи айтади нима қилишингни. Тезроқ бўл, кечикяпмиз!

Ниғмат оғир уф тортганча юз-қўлини ювиш учун ваннахонага йўл олди.

Орадан ўн беш дақиқача вақт ўтгач, улар олдинма-кетин ташқарига чиқиб Юранинг машинасига ўтиришди.

* * *

Умрида бу қадар совуққон ерни кўрмаган экан.

Ниғмат турма дарвозасига кўзи тушди-ю, юраги орқага тортган каби беихтиёр қисина бошлади. Кўнгли ғашланди. Бироқ қалби уйғоқ эди. Унга таскин берди.

— Сен катта иш бошидасан, — деди Ниғматга. — Бардам бўл, қўрқаётганингни ҳеч кимга сездирма. Умуман, сени еб қўйишмайди. Чунки ўзинг биласан. Кўзларингни, нигоҳларингни жоду зоҳир. Бу жоду манаман деган баттолни ҳам тек қотишга, керак бўлса, қарашларинг олдида тиз чўкиб таъзим қилишга мажбур этади. Бўшашма!..

Юра Ниғматни эргаштирганча турма ичкарисига кирди. Йўл-йўлакай эшиклар қаршисида елкасига қурол осганча турган қўриқчиларга ҳужжат кўрсатиб борди.

Узундан-узун йўлак бўйлаб бориб, ниҳоят улар кичик бир хонага киришди.

Хона деярли бўм-бўш эди. Ўртага қўйилган стол қаршисида фуқаро кийимидаги пакана, малласоч бир эркак ўтирарди. Ниғмат унга кўзи тушгани ҳамоно терговчи эканини, ўзидан икки-уч ёш катталигини пайқади.

Юра икковларини ёлғиз қолдирди-ю, ташқарига йўл олди. Бармоқ ишораси ёрдамида икки соатдан сўнг олиб кетишига ишора қилди.

— Бу терговчи ҳам катта бойлардан, — деди қалби Юра чиқиб кетиши билан. — Аммо пулни рози-ризолик билан олади. Бировни қўрқитмайди. Қонунни пеш қилади, вассалом! Ўзи жуда лаганбардор йигит. Бошлиқларнинг пойи патаги бўлса-бўладики, мақсадига етади. Мана, ҳозир у прокуратурада бош терговчи. Егани олдида, емагани кетида. Энг чигал, йирик жиноятларни очиш керак бўлса, ўзи ҳозир туради. Биладики, бундай ишлар туфайли қўлига мўмай даромад келиб тушади. Эҳ, дўстим, қаршингдаги терговчининг олдига қандай одамлар келиб қуллуқ қилишини билсайдинг!..

— Сизни безовта қилиб қўймадикми? — ўртадаги жимликни бузиб сўради терговчи. — Агар қарши бўлмасангиз, танишиб олсак. Исмим Николай.

— Меники Ниғмат, — деди Ниғмат терговчининг кўзларига тик боқиб. — Иложи бўлса, тезроқ мақсадга ўтсак девдим.

Ниғмат бу қадар дадил сўзлашини кўрган терговчининг бироз энсаси қотгандек бўлди. Аммо сездирмасликка уриниб мажбуран жилмайди.

— Яхши, — дея икки кафти билан бошини чангаллади у. — Мақсадга ўтиш жуда маъқул иш, ўртоқ. Хуллас, сиз ҳақингизда Юра гапириб қолганди… Мени қизиқтириб қўйдингиз.

— Бўлиши мумкин. Хўш, мен қандай вазифани бажаришим керак?

— Сизми? Умуман айтганда, ишингиз у қадар оғир эмас. Экстрасенслар учун бу хамирдан қил суғуриш билан баробар. Шундай эмасми?

Ниғмат терговчига янада қаттиқроқ термилди. Ўзини маданиятли, интеллегент қилиб кўрсатишга уринаётгани, ясама муомалада бўлаётгани унга алам қилди. Аммо у ҳам кўнглидан кечаётган ўйларни сездирмай, совуқ тиржайди.

— Буни сиз терговчилар ҳаммадан кўра яхшироқ биласизлар, — деди терговчига ҳиссиз боқиб. — Ишни кўрсатаверинг. Қўлдан келса, бош устига!

Очиғи, Ниғмат умри бино бўлиб ҳозиргидек маданиятли, болахонадор сўзларни тилига кўчириб кўрмаганди. Кўнглига шундай чиройли сўзларни солгани учун қалбига хаёлан миннатдорчилик билдирди.

— Биласизми, — терговчи қўли билан ташқарини кўрсатиб сўз бошлади. — Камераларнинг бирида гумондоримиз ўтирибди. У ўта хавфли қотил. Умри деярли турмада ўтган. Афсуски, бу сафар жиноятини бўйнига олмай куйдиряпти.

— Тағин одам ўлдирибдими?

— Ўлдиргандаям каттакон раҳбарнинг ўғлини ўлдирган. Ўлигини йўқ қилиб юборган. Искович итларимизнинг қидирмаган ери қолмади. Ҳеч қаерда йўқ.

— Пича қийнаб кўрмадиларингми? — сўради Ниғмат шумлиги тутиб. — Ҳарқалай, сизларда жиноятни кимнингдир бўйнига қўйиш усуллари кўп-ку!

— Э, бунақалардан калтак ўтармиди? — терговчи Ниғматнинг нимага шаъма қилаётганини дарров пайқаб, қўл силтади. — Таёқ еявериб эти тош бўлиб кетган бу маразнинг. Хуллас, бўйнига олмаяпти. Далиллар эса фақат шу ифлос ўлдирганини тасдиқлаяпти.

— Мен нима қилишим керак?

— Сиз ўша камерада ўтириб берасиз. Узоғи билан икки соатча камерада бўласиз. Танишасиз, кўнглига қўл солиб кўрасиз. Ажабмас, унинг ҳақиқатан қотиллигини айтиб берсангиз! Айтганча, ишни дўндирсангиз, мукофотиям йўқ эмас. Фақат мукофотни Юрадан оласиз.

— Тушундим, — деди Ниғмат даст ўрнидан туриб. — Илтимос, мени ўша камерага бошланг! Кўнглим негадир алағда бўляпти. Сиз… Эътибор қилманг. Ҳар бир иш олдидан шунақа ёмон бўламан!

Терговчи мамнун жилмайганча Ниғматни билагидан тутиб ташқарига бошлади.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here