СИҒИНДИ-12…

0

 

* * *

— Вой-до-од! — беихтиёр қичқира бошлади Манноп. — Йўқол, шайтон, йўқол! Даф бўл!..

У жазава ичида бошини бир неча марта силкитиб, кўзларини қайта-қайта юмиб очди.

Қабр ёнида ҳеч нарса кўзга ташланмасди.

— Кўзимга жинлар кўринди шекилли, — деди овоз чиқариб. — Гўристонда жинга бало бормикан?..

Шу маҳал оёқларига нимадир ботгандек баттар ваҳимаси ортиб ерга энгашди.

Кимнингдир бош чаноғи, суяклари сочилиб ётарди. Шоша-пиша уларни қўлига олди-да, ортга тисланди.

— Итларнинг иши бу, — деди яна овоз чиқариб. — Мана шу гўрни ковлашган ярамаслар! Буни қаерга беркитсам экан? Ҳа, ўзим кирадиган гўр ичига қўяман. Ҳар ҳолда одам суяги-ку!..

Манноп боягина қабрга тушиб кетганини, кундузи келишга қарор қилганини унутганди. Қайтадан очиқ қабрга яқин бориб пастга тушди. Бу гал анча дадилланиб қолганди. Қўрқмади. Миясини ёмон, ваҳимали хаёллар чулғаб олмади. Эҳтиёткорлик билан лаҳадни ёпиб турган ғиштларни бир четга олиб, ичкарига кирди.

У зулматда ўзини худди сўқирдек ҳис этарди. Ҳеч нарсани кўрмас, пайпасланишга мажбур эди.

Бир маҳал чўнтагида гугурт борлиги ёдига тушди. У шошилиб гугуртни қўлига олиб ёқди. Қоронғи гўр ёришди. Манноп эмаклаганча ичкарилаб борди.

Бу ер шу қадар бадбўй эканки, нафас олишга қийналгани етмай, кўнгли ағдарилай дерди.

Мурда жуда эски кўринди. Бош чаноқлари, тизза суяклари қорайиб кетибди.

Манноп қоронғи гўр ичида жим ўтириб юрагида пайдо бўла бошлаган қўрқувни енгишга уринарди. Шу ниятда чўнтагидан пулларни чиқариб бош чаноқ устига қўйди. Сўнгра тизза суякларни қўли билан ушлаб кўрди ва суякларни четроққа сурди.

— Ким бўлсангизам узр, — деди овоз чиқариб.

Овози қоронғи гўр ичкарисида бўғилиб чиқди. Бундан янада ҳайрати ортиб қайтадан тилга кирди.

— Кимсиз ўзи? Аёлмисиз, эркакмисиз? Мен суякларга қараб одамнинг жинсини ажрата олмайман… Хуллас, ёнингизга яна бир одамнинг суякларини қўяман. Менинг бойликларимни икковингиз қўриқлаб ётасиз!.. Бундан буён тез-тез келиб турсам керак. Қисқаси, пул топдим дегунча шу ерда ҳозир бўлавераман!.. Шундай қилишга мажбурман!..

Манноп шу йўл билан қўрқувларни енгди. Энди у умуман чўчимасди.

Бир туки сесканмай олиб кирган суякларни бир четга авайлаб қўйди-да, қўллари билан чуқурча ковлай бошлади.

Қарийб ярим соатча вақт ўтгач, чуқурча ҳам тайёр бўлди. У пулларни чуқурчага жойлади-ю, кўмди. Шу орада пешонасидаги терларни енгига артиб олди.

«Хайрият, — хаёлидан ўтказди Манноп. — Бу ишни ҳам уддаладим. Бу гўр менинг хазинамга айланадиган бўлди. Худди кинолардаги қароқчилар каби ўз хазинамни яратдим. Яшавор, Манноп!.. Сен гўрларданам, ўғри, босқинчиларданам қўрқмайсан!.. Умринг охиригача шундай ўтасан! Бўш келма, шоввоз! Зўрларнинг шўрини қурит!»

Манноп шундай ўйлар билан кўнглини кўтарди. Руҳан тетиклашиб, дунёга забтини ўтказар даражада дадиллашди.

Cўнгра пул яширган чуқурни яна бир карра текшириб кўрди. “Хазина”си негадир омонатдек туюлиб кетди. Чуқурни ковлаб пулларни чиқариб олди.

“Йўқ, бу ерга пул қўймайман, — ўйлади ўзича. — Гўр ичи ёқмаяпти. Яхшиси, ташқаридан бирор ишончли жой топаман. Шундай жой топаманки, ҳеч ким пайқамасин, ўша ерда пул ётгани етти ухлаб тушига кирмасин!..”

Пулларни қўйинга урди-да, қайтадан эмаклаб чиқиб лаҳад оғзини маҳкамлади. Кейин эса юқорига кўтарилиб, тупроқни яна пастга туширди.

Лекин қабрни қайтадан кўмишга улгурмади. Аввалига танаси бирдан қизиб, ичини нимадир куйдириб ўтгандек бўлди. Сўнгра томирлари тортишиб, оёқ-қўлларида кучли оғриқ сезди.

Манноп ерга думалади. Ётган ерида уёғидан буёғига айланиб хириллайверди.

Қанча ҳаракат қилмасин, томирлари бўшаша қолмасди.

— Вой-й! — ингранарди у кўзлари ола-кула ҳолда кўкка боқиб. — Ўлиб қоламан! Вой жоним, ўлаяпман!.. Ё-ёрдам…

Шу аснода боши гир-гир айланди-ю, ҳушидан кетди. Бир неча сония ичида ўзини кўм-кўк сувини тўлқинлар опичлаган поёнсиз денгиз бўйида кўрди.

Cоҳилда жиккаккина, олтмиш ёшларни қоралаган, юзлари ичига ботган оппоқ сочли кампир денгизга боққанча тек турар, бошидаги оқ рўмоли шамолда ҳилпирарди.

Онахон бир неча дақиқа сувга тикилиб тикилиб тургач, сесканиб ортга ўгирилди ва нима қилишни билмай гарангсиб турган Манноп томон юрди.

Аввалига ҳайрон бўлди. Кампирни қаердадир кўргандек бўларди-ю, сира эслай олмасди.

«Нега у денгиз бўйида ёлғиз юрибди? — ўйлади елка қисиб. — Ким ўзи? Нега мени кўрибоқ чопқиллаб қолди? Ё мени танийдими?»

Ўйлаб ўйининг охирига етмай, кампир Маннопнинг қаршисида ҳозир бўлди.

— Ярамас! — дея ҳайқирди у ғазабдан кўзлари ёниб. — Бировларнинг руҳини чирқиратишга, жасадини оёқости қилишга қандай ҳаддинг сиғди?

— Эна, кимсиз? — сўради Манноп ҳеч нарсага тушунмай. — Нега мени қарғаяпсиз? Сизни биринчи марта кўриб турган бўлсам! Ё кимгадир ўхшатдингизми?

— Ҳозиргина гўр ичини ағдар-тўнтар қилиб ташладинг-ку!.. Кўр эмасман-ку, жувонмарг!

— Эна, гўр ичидаги жасад сизникимиди? — қўрқа-писа ортга тисланди Манноп. — Кечиринг! Асло ундай қилмоқчи эмасдим. Ҳаёт шунга мажбур этди, ишонинг!..

— Йўқ, — бош эгди кампир. — Менинг жасадимни итлар ташқарига опчиқиб сочиб ташлашганди. Сен уларни гўр ичига олиб кириб тўғри иш қилдинг. Кўпчилик босиб ўтганди суякларимни. Болакайлар тўп ҳам қилиб ўйнашди бир куни. Лекин ўша гўр ичидаги жасад яқин дугонамникийди. У ҳозир уёқда ўтирволиб қон йиғлаяпти. Нима қилсин бечора? Келай деса, чўлоқ, нотавон!.. Сен-чи, яхши иш қилдим деб керилма! Ўша гўрдаги жасадни безовта қилганинг учун сенга жазо бераман. Шундай азоблангинки, туғилганингга пушаймонлар егин!..

— Эна, нега?.. Ундай қилманг!.. Мен у ишни атайин қилмадим-ку-у!!!

Кампир унинг оҳ-воҳларига қулоқ тутиб ўтирмади. Қаердандир қўлига бир тўп чангал олди-да, Маннопни савалай кетди. Чангалнинг ўткир тиконлари баданига санчилгани сайин Манноп янада қаттиқроқ додлар, бахтга қарши қочиб кетишга ўзида куч тополмасди. Калтакланиш давомида оғзига майда тошчадек қаттиқ бир нарса киириб кетгандек бўлди. Жонҳолатда ютинганда тошча томоғидан ўтиб кетди. Аммо бунга парво қилиб ўтирадиган аҳволда эмасди. Тезроқ чангал заҳридан халос бўлишга уринарди.

Калтаклашлар узоқ давом этди. Маннопнинг қонга бўялмаган ери қолмади. Ниҳоят кампир калтаклашдан тўхтади-да, “Илоё хор бўлиб ўлгин!” дея қарғанганча кутилмаганда кўздан ғойиб бўлди. Шундан сўнг орадан бир неча сония вақт ўтиб, Маннопнинг кўз ўнгини оппоқ парда қоплади. Боши гир-гир айланиб, юраги ҳаприқди.

Бу ҳолат ҳам бор йўғи бир неча сония давом этди. Яна ўзига келиб кўзлари мошдек очилди. Манноп танаси музлаб бораётганини ҳис этиб чўчиб бошини кўтарди. Атроф зим-зиё эди. Ён-верида итлар қабрларни искалаб юришган экан. Унинг ўрнидан қўзғалганини сезишди-ю, тирақайлаб қочишди.

«Менга нима бўлди ўзи? — кўнглидан ўтказди у қоронғиликда теваракка аланглаб. — Нима учун ҳушимдан кетдим? Ким эди кампир?.. Ҳа-я, туш кўрдим шекилли… Аммо… Ҳақиқатга яқин эди. Ростдан ҳам суякларни гўр ичига беркитганимни эслайман. Наҳотки, бу ўша жасаднинг руҳи бўлса?… Нимани ютдим ўзи?.. Тошмиди? Энди нима бўлади? Ичимда каттариб кетса-я!?. Э, ўлиб кетмайдими. Ҳозир шошилиш керак, шошилишим!.»

* * *

Кийимлари қора тупроққа ботиб кетган экан. Кўча чироғи шуъласида яхшилаб чанглардан тозаланди. Йўл четидаги кранда юз-қўлларини ювди.

Ана энди шаҳарга жўнаса бўлади. Белги қўйилди. У ковлаган чуқурни мушук ҳам, ит ҳам ковлаб очолмайди. Биров тут дарахти остида чуқурча борлигини ҳам билмайди. Хоҳлаган вақтида пулларидан хабар олиб қайтаверади.

«Зўр бўлди-да, — ўйларди Манноп дунёга бошқача кўз билан боқиб. — Ҳеч бир ўғри, танбалнинг хаёлига келмайдиган ишни қилдим. Худо кўрсатмасин, қамалиб кетган тақдиримдаям пулларимга ҳеч ким тегмайди. Қани, топиб кўришсин-чи!»

Шаҳар ширин уйқуда эди. Манноп алламаҳалгача кўча кезди. Қорни ҳам таталаб борарди. Пули бор. Бироқ ошхона-ю, дўконлар берк. Эрталабга қадар кутишга мажбур. Шундай экан, қандайдир пана-пастқам жой топиб мизғиб олса бўларди.

У дайдий-дайдий, охири вокзалга борди. Ичкарида одам кўп эди. Кимдир поездга илиниб қолиш илинжида юкини кўтариб ташқарига чопар, кимлардир ўриндиқларга ястаниб олганча мириқиб ухларди.

Бахтига вокзал буфети ишлаб турибди экан. Манноп хурсанд бўлиб буфетга кирди ва эҳтиёр шарт атрофга аланглаб бир нечта пирашка сотиб олди. Шундан сўнг яшин тезлигида вокзалдан чиқиб қоронғилик қаърига шўнғиди.

У темир йўлларни кесиб ўтмоқчи бўлди. Бахтга қарши поезд ўтаётганига тўғри келибди. Кўтишдан бўлак иложи йўқ…

Поезднинг тарақ-туруғи асабига тегиб безовталана бошлади.

Шу пайт орқадан кимдир маҳкам елкасини сиқди.

Кутилмаган таҳдид Маннопни довдираб қўйганди. Танаси бир неча сония ичида музлаб, ўзи ҳайкал каби қотиб қолди.

Беихтиёр ортга ўгирилишга уринди. Аммо бегона қўллар елкасини шу қадар қаттиқ сиқиб турардики, бурилишнинг сира иложи йўқ эди.

Манноп сўнгги кучини йиғди-да, таваккал кескин ҳаракат билан бир силтаниб орқасига ўгирилди ва беихтиёр ранги докадек оқарди.

Не кўз билан кўрсинки, қаршисида Тўлқин тиржайиб турарди.

— Сен?.. — беихтиёр ортга тисланди Манноп. — Қ-қаердан пайдо бўлдинг? Шайтонмисан?

— Қанақа шайтон, ошна? — кулиб юборди Тўлқин. — Мен Тўлқинман, хумпар, Тўлқин!.. Нима, танимадингми?

— Й-йўқ… Шунчаки кутмагандим… — зўрға жавоб қайтарди Манноп. — А-а-а… Милиса… лар қани?..

— Қанақа милиса?.. Биз уларни чалғитиб қочдик. Роса қувлашди. Барибир ета олишмади. Шунақа боплаб адаштирдикки, кўрчсанг, кулиб ўлардинг. Ўзинг-чи? Қай гўрда қолиб кетгандинг?

— Э, адашиб қолдим, — қўл силтади Манноп. — Ботқоқлармией, ариқлармией… Қоронғида ўбларим бўлди. Устимни қара, чанга ботдим. Тағин бу қуритганим. Бир соат олдин кўрганингда мени танимасдинг.

— Ўзингдан кўр, — дея синфдошини койиган бўлди Тўлқин. — Зовурга тушволиб ўтиравердинг-да! Ҳаракатингни қилсанг бўлмасмиди?

— Жиннимисан? Қорним бураб турса, қандай ҳаракат қиламан?..

— Бўпти, бўлар иш бўлди… Айтганча, улушинг ёнингдами?

Бу савол Маннопни бирдан ҳушёр торттирди. Ер остидан Тўлқинга маъноли боқди. Нияти нелигини фаҳмлашга уринди. Аммо бунинг иложини топа олмади.

— Нимайди? — сўради эҳтиёткорлик билан. — Тинчликми?

— Меники қочган пайтимда қаердадир тушиб қопти. Қарз бериб турасанми демоқчийдим.

— Ўзинг мендан баттар сўтак экансан-ку! — дея керилди Манноп. — Тағин катта гапирганингга ўлайми?!.

— Хўш, қарз берасанми-йўқми? — гапни кесди Тўлқин. — Пул ҳозир мана мундай керак.

— Нимага? Очиғини айт!

— Баҳром ака билан Меҳмонқул Тожикистонга ўтиб кетишди. Шундай қилмаса бўлмасди. Кўрдинг-ку аҳволни!.. Қўл пул кўргунча кун кўриб туриш керак-ку!

— Тожикистонга? Нима, уёқда иш зўрмикан?

— Албатта-да! Уёқдаги милиционерларнинг қўлига пул тутқазсанг бўлдийкан, хоҳлаган ишингни қилиб юравераркансан! Ҳеч ким мушугингни пишт демасакан. Баҳром акаларнинг эса уёқда таниши тиқилиб ётибди. Манаман деган ўғриларминан бир товоқдан ош ейишади. Маза қиладиган бўлишди.

Бу хабарни эшитиб Маннопнинг ранги ўзгарди. Энг ашаддий ўғрилар қўлдан чиққанидан афсусланиб кетди. Тарвузи қўлтиғидан тушган одам каби бўшашганча бетон устига ўтириб қолди.

— Ҳа, сенга нима бўлди? — энгашиб Маннопнинг икки билагидан маҳкам сиқди Тўлқин. — Мазанг қочдими?

— Ёмон бўлибди-да, — деди Манноп синфдошига алам аралаш боқиб. — Улар менга эрта-индин жуда керак эди.

— Нимага? Нима ишинг бориди уларда?

Манноп лаб тишлаганча нари кетди. Ўзини нималарнидир хомчўт қилган каби тутиб уёқдан буёққа юра бошлади. Тўлқин эса безовталик билан нуқул теваракка аланглар, шунда ҳам Маннопнинг ниятини билишга ошиқарди.

— Мен зўр иш топгандим, — деди Манноп ниҳоят синфдошига яқин келиб. — Чекка бир қишлоқда катта ферма боракан. Ўшани ўмариш керак эди.

— Қанақа ферма? Бўладиганми? Борганга арзийдими?

— Арзимаса асабим бузилмасди бунча. Аммо биз Баҳром акасиз ҳеч нарса қила олмаймиз. Қаттиқ қўриқлашади фермани.

— Э, ўзимиз тунай қоламиз ўша фермангни! Қойиллатардик!

— Сенминан-а? — менсимагандек Тўлқинга боқди Манноп. — Ҳазиллашаяпсанми?

— Унда нима қиласан бошни оғритиб? — қўл силтади Тўлқин. — Ундан кўра қутулиб қолганингга хурсанд бўл!

— Мен ўша ишни қилмагунча тинчлана олмайман, — деди ёлғондан қовоқ уйиб Манноп. — Қандай бўлмасин, Баҳром акаларни топишим шарт.

— Гижондан топасан уларни. Аллақачон думини тугиб бўлган Баҳром ака.

— Ҳарқалай, Америкага кетмаган-ку! Қўшни давлат бўлса, амаллаб ўта оларман?

— Сенми? — совуқ кулимсиради Тўлқин. — Вей, у ердагилар қанақалигини биласанми ўзинг? Ютиб юборишади сендақаларни!

— Мени ким деб ўйлаяпсан? — кутилмаганда синфдошининг ёқасидан бўғди Манноп. — Қачон кўргансан ютишганини? Айт, қачон кўргансан?

— Қ-қўйворсанг-чи! — хириллади Тўлқин. — Бир нарса дедимми? Шунчаки айтдим-қўйдим-да!..

— Сен ҳаммасини биласан! Қани, тез уларнинг аниқ манзилини бер! Абжағингни чиқарвораман ҳозир!..

— Жиннимисан? Ўлдириб қўясан ҳозир! Қўйворсанг-чи!

— Феълимни биласан-ку! — Тўлқинни қаттиқроқ бўғиб дўқлади Манноп. — Тутган жойимни жонини чиқармагунча қўйиб юбормайман! Хўш, айтасанми, ё ўлгинг келаяптими?

— Айтаман, айтаман! — Маннопнинг билагини маҳкам ушлаб базўр шивирлади Тўлқин. — Фақат қўйвор, ўртоқ, қўйвор!

Манноп уни қўйиб юборди. Тўлқин ҳиқиллай-ҳиқиллай бир муддат ерга энгашганча туриб қолди. У оғир-оғир нафас олар, ора-сирада ўқчиб-ўқчиб қўярди.

— Бўл тез! — унинг тепасига келди Манноп. — Кутаяпман!

— Чегарадан ўтганингдан кейин биринчи қишлоққа кирасан, — ниҳоят маълумот бера бошлади Тўлқин. — Қишлоқ жуда катта. Уч-тўрт чақиримга чўзилиб кетган. Охиригача бориб Полвон акани сўрайсан. Ўзиям ҳақиқий полвон одам. Юз эллик килоча келади. Баҳром акалар ўшаникига жойлашамиз деган.

— Бошқа ҳеч нарса дейишмаганми?

— Агар иложини топа олишса, бировлар орқали буёққа мол жўнатишаркан. «Сен кутволасан» деб тайинлаган.

— Кутволармиш, — афтини бужмайтириб юзини терс берди Манноп. — Ҳеч қанақа мол келмайди. Уларнинг ўзини опкеламан!

— Менам сенминан бирга борайми, ўртоқ? — ялинганнамо оҳангда сўради Тўлқин. — Бир ўзим нима қиламан шаҳарда? Бирор фойдам тегиб қолар!

— Ўчир! — уни жеркиб ташлади Манноп. — Пишириб қўйибдими сен сўтакка? Бизни кут!

Шундай деб Манноп Тўлқиннинг елкасига қоқиб қўйди-да, кўз очиб юмгунча кўздан ғойиб бўлди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here