Тўқсонинчи йиллардаги Москва мафияси… (ФОТО)

0

 

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида Россияда ўта шафқатсиз жиноий гуруҳ, мафия мавжуд эди. Бу гуруҳ “Медведковский” деб номланиб, дастлаб спортзалда тузилган. Етакчиси эса Григорий Гусятинский (лақаби “Шимоллик Гриша”) ҳисобланган. У тўқсонинчи йилларга қадар милицияда хизмат қилган. Мафия балоси кучайди-ю, дарҳол милициядан бўшаб, ўзи жиноий гуруҳ тузиш ҳаракатига тушди. У гуруҳга ўзи каби спорт билан шуғулланган, совуққон, шафқатсизлиги юзларидан балқиб турган йигитларнигина қабул қиларди. Кунларнинг бирида спортзалга Андрей Пылев деган йигит кириб келди. Гриша уни кўрди-ю, дарҳол гуруҳга қабул қилди. Андрейнинг ташқи кўриниши зўравонлик, шафқатсизликка қоришиқ эди.

Андрей Пылев… У 1962 йил оддий завод ишчиси оиласида туғилган. Мактабни қотириб тамомлай олмади. Олий ўқув юртига киришга ҳаракат қилиб кўрди. Яна ўхшамади. Отаси унга заводга кириб ишлашни таклиф қилди. Бунга ҳам кўнмади. Ойдан ойга маош кутиб яшаш Андрейга ёқмасди.

Таниш-билишларни ишга солиб ўзи яшайдиган жойга яқин бўлган гастрономдан иш топди. Уни қассоб вазифасига қабул қилишди. Бу иш эса ҳар куни спортзалга бориб астойдил шуғулланишни талаб қиларди. Шу баҳона у Гриша билан танишиб қолди.

КЎРИНМАС БАНДИТЛАР ТЎДАСИ

У биринчи учрашишдаёқ Гришанинг таклифини қабул қилди. Яна укаси Олегни ҳам ишга олишни таклиф қилди. Олег ҳам акаси билан Гришанинг спортзалига шуғулланиш учун келганди. Андрейнинг айтишича, Олег (лақаби Саныч) 22 ёшда бўлишига қарамай, ҳарбий қисмлардан бирида офицер эди. Лекин бир куни кўчада дружиначилар билан гап талашиб муштлашиб қолди. Уни суд қилиб шартли жазо тайинлашди. Шундан сўнг ҳарбий қисмдаги фаолияти ҳам тугади.

Мафия сафига яна Андрей Кондратьев (лақаби Кондрат) деган йигит ҳам қабул қилинди. Шундай қилиб Гриша ўзи орзулаган жиноий гуруҳни шакллантира олди. Бахтга қарши ўшанда гуруҳ аъзолари қуролдан қийналишарди. Масалан, Кондратни киллер вазифасига ёллаган бўлишса-да, қўлига ўта қадимий тўппонча тутқазишди. Тўппонча шу қадар эски эдики, қайси йили ишлаб чиқарилгани ҳам кўринмасди. Аммо Кондрат тез орада қадимий тўппонча билан тил топиша олди.

Бу жиноий гуруҳнинг асосий аъзолари эди. Гусятинский яна бир неча ўнлаб басавлат йигитларни ҳам гуруҳига олди. Уларнинг вазифаси гуруҳга улуш тўлашдан бош тортган тижоратчи, тадбиркорларни куч билан машинага ортиш ва керак бўлганда қийнашдан иборат эди. Пул беришни хоҳламаган пулдорларни машинада Пылев етагида шаҳардан ташқаридаги ўрмон ичкарисига олиб бориб буйрак қисмини ишдан чиқаришар, қўл-оёқларини синдириб ташлашарди. Ҳатто тишларини тўкиб, юзларида одам башараси қолмагунча қийнашарди. Шундай шафқатсизлик эвазига бу гуруҳ аъзолари Покровский, Тушинский ва Тинискийдаги “точка”ларни ўзиники қилиб олишди. Бу ерлардаги бозорлар ва дўконлардан улуш ундира бошлашди.

Ажабланарлиси, 1993 йилга қадар ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти вакиллари бу жиноий гуруҳ борлигини билишмаган. Гусятинский милиция органларида ишлайдиган танишлари ёрдамида ўз гуруҳини росмана кўринмасга айлантира олганди. Афсуски, бузоқнинг югургани сомонхонагача экан. Бир куни Гришанинг “қаноти” остидаги тадбиркорлардан бири (у банклардан қарз оларди-да, қайтармасди. Муаммони жиноий гуруҳ ҳал этарди. Эвазига тадбиркор талаб қилинган улушни берарди) навбатдаги улушни беришдан бош тортди. Ундан ҳимоя учун 100 минг доллар ҳақ талаб қилишганди. Тўлади. Бироқ Гришага бу камдек туюлди. Ундан яна 6 миллион доллар пул талаб қила бошлашди. Шунда тадбиркор билдики, мафиячилар уни чув туширмоқчи бўлишяпти.

Ижарага квартира топди-да, Гришанинг таъқибидан беркинди. Шунда мафия унинг қариндошларини ўлдиришга бел боғлади. Худди шу ҳаракати туфайли тадбиркор милицияга арз қилишга мажбур бўлди. Милициядагилар эса Гришадан ишни босди-босди қилиш учун 1 миллион доллар сўрашди. Гусятинский талаб қилинган пулни берди ва ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолдирилди.

КЕЧИРИЛМАС ХАТО

Медведковский жиноий гуруҳи аъзолари Гришадан қўрқишарди. Гриша ташқи кўринишидан у қадар қўрқинчли бўлмаса-да, шафқатсиз, қасоскор ва узоқ вақт гина сақларди. Масалан, бир воқеани олайлик. “Африкалик” лақабли Юрий Лукьянчиков яккакураш бўйича тенгсиз спортчи эди. Айнан у Мария деган ёш, гўзал қиз билан Гришани таништириб қўйганди. Гриша тез орада бу ёшгина қизга уйланиб олди. Кунларнинг бирида ёш хотини дам олишдан қайтди-ю, уни аэропортдан уйга олиб келиш Юранинг чекига тушди. Уйга келишгач, аёл ерга қўйилган жомадонни кўрсатиб Юрага буюрди.

— Жомадонни уйга олиб кир!

Шубҳасиз, Юранинг ғурури йўл бермади ва буйруқ адо этилмади. Мария эса уйга кирибоқ соғинган эрига эркаланиш ўрнига бақира кетди:

— Қанақа қайсар, ярамасларни шотир қилиб олгансиз? Ана, жомадонни уйга олиб киришни айтсам, қулоқ солмади! Менга қулоқ солмаган сизга бўйсунармиди?..

Гриша учун шу танбеҳнинг ўзи етарли эди. “Африкалик”ни йўқ қилишни Кондратга топширди. У ҳам тўппонча ёрдамида Юрани ўлдириб, жасадини қалин ўрмонга ташлаб келди.

Бошқа бир оддий шотир ҳам Гришанинг ғазабига учраган. Бир куни мафия аъзолари кайф-сафо қилиб ўтирганди. Шотир шампан шаробини очишда қўполликка йўл қўйди. Қопқоғи отилиб Гришага тегди. Ҳамма кулиб юборди. Шотир астойдил узр сўрай бошлади. Гриша ўзини босиб шотирнинг елкасига қоқди-ю, индамади. Орадан икки кун ўтгач, шотирнинг мурдасини ўрмонда қўзиқорин териб юрганлар топиб олишди. Унинг мияси чавақлаб ташланганди.

БИРЛАШУВ

1993 йил аввалида Москвадаги “Медведковский” ҳамда “Ореховский” жиноий гуруҳлари бирлашди. Шу йўл билан улар рақобатчиларни осонроқ синдиришга умид боғлашди. Бирлашган гуруҳга эса “Сильвестр” лақабли Сергей Тимофеев деган кимса етакчи бўлди. У ўшанда Москвадаги жиноят оламининг қироли сифатида тан олинганди. Бироқ 1994 йил 13 сентябрида у ўтирган машинани номаълум кимсалар портлатиб юборишди. Сильвестр ҳалок бўлди. Шундан кейин икки бирлашган жиноий гуруҳ ичкарисида рақобат пайдо бўлди. Ака-ука Пылевлар кутилмаганда жиноий гуруҳга бош бўлиш ҳаракатига тушишди. Агар эътибор берилса, Гришага нисбатан улар гуруҳ ичида кўпроқ ҳурмат-иззатга эга бўла боришарди. Гриша эса милицияга сотган тадбиркор воқеасидан сўнг гуруҳ орасида ҳурматини деярли йўқотганди. У хавф остида қолганини сезди ва ими-жимида Украинага қочиб ўтиб кетди.

Шунга қарамай, Украинада у олти ойгина яшади холос. Бир куни ўзи Москвада тузган “Медведковский” жиноий гуруҳи киллерларидан бири Леша Солдат лақабли бандит ижара квартирада отиб ўлдирди.

ПЫЛЕВЛАР “САЛТАНАТ”И

Гришанинг ўлимидан кейин ака-ука Пылевлар гуруҳ етакчилигини тўлиқ ўз қўлларига олишди. Улар пиёниста ва наркоманлардан мақсадлари йўлида фойдаланишга одатланишди. Лекин бу ҳаракатлар Пылевлар каттасига негадир ёқмади. Масалан, наркоманни яхшилаб дозага тўйдиргач, буюрилган ишни қилиши мумкин, аммо бир кун келиб доза ололмаса, милицияга сотишдан ҳам тоймаслигини сезди ва Санычга наркоманларни йўқ қила бориш вазифасини юклади. Саныч баъзи наркоман бандитларни ортиқча доза билан ўлдирди, баъзилари эса бедарак йўқолди.

Андрей гуруҳга янги шотирлар, киллерлар, бандитларни қабул қилишда шахмат ўйинидан унумли фойдаланарди. У аъзоликка даъвогарларни шахмат ўйнатиб қўярди-да, энг яхши ўйнаганини гуруҳга оларди.

ҚОНЛИ ҲАММОМ АМАЛИ

Гриша ўлдирилгач, орадан бир неча ҳафта ўтиб “Медведковский” етакчилигига янги даъвогар пайдо бўлди. У Юрий Бачурин (лақаби “Мўйлов”) эди. Юрий каллакесар сифатида Москвадаги мафия орасида алоҳида авторитетга эга эди. Юрий Бачурин Пылевларни ўлдириб, гуруҳ етакчилигига эга чиқиш режасини ҳар бурчакда ошкор этаверди. Шундай қилса, тарафкашлари кўпайишидан умид қилди. Бахтга қарши бунинг акси бўлиб чиқди. Юрийнинг ниятидан ака-ука Пылевлар хабар топди-ю, ундан қутулишни гуруҳдаги авторитетлардан бири Сергей Ананьевскийга ишониб топширишди. Бироқ “Мўйлов” билан очиқчасига учрашиш хавфли эди. Уни ҳаммомга таклиф этишди. Бачурин шу баҳонада гуруҳ етакчилигига эга чиқиши тезлашишидан умид қилиб таклифни қабул қилди. Ҳаммомдаги учрашув 1995 йил 14 февралга тайин этилганди. Бачурин ёнида бир неча шотирлар билан ҳаммомга ташриф буюрди-ю, тамом бўлди. Олдиндан ҳозирлик кўрган “Медведковский” каллакесарлари ёнидагиларни тинчитиб, охирида Бачуринни ҳам бўғиб ўлдиришди. Кейин эса мурдаларни кўздан панада жойлашган гаражлар орасига олиб бориб, ёқиб юборишди.

ХОТИМА

1996-1997 йилларга келиб Андрейнинг ҳам ҳукмронлик даври ўтгани сезилиб қолди. Гуруҳни милиция ва хавфсизлик хизмати вакиллари таъқиб эта бошлади. Шунда у ҳеч кимга билдирмай, Украинага равона бўлди. Ўша ерда тижоратини йўлга қўйди, маҳаллий жиноятчилар билан муносабатларни мустаҳкамлаш пайида бўлди. Шу орада Москва прокуратураси, милиция ва хавфсизлик хизмати биргаликда “Медведковский” жиноий гуруҳи аъзоларини бирма-бир қўлга олиш операциясини кучайтирди. 2002 йили ака-ука Пылевлар ва уларга ҳамроҳлик қилган ўнлаб шотирлар Украина хавфсизлик ходимлари тарафидан қўлга олиниб, Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти вакиллари ихтиёрига топширилди.

Ака-ука Пылевлар бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилди.

Шундай қилиб Москвадаги энг шафқатсиз, совуққон, инсоф-диёнатсиз “Медведковский” мафияси каллакесарлари йўқ қилинди.

Лента.ру

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here