Вақтида даволанмаган глаукома буткул кўр бўлиб қолишга олиб келади

0

Кўз — танамизнинг энг нозик аъзоси. Кичик эҳтиётсизлик ёки эътиборсизлик билан унга шикаст етказиб қўйиш ҳеч гап эмас. Чунки кўз равшанлиги инсон учун жуда муҳим. Шунинг учун кўзни асрамоқ лозим. Демак, бугун турли кўз касалликлари ва глаукома ҳақида малакали офтальмолог Жаҳонгир САЪДУЛЛАЕВ билан суҳбатлашамиз.

Глаукома — кўз ички босими ортиб кетиши ва кўрув нерви зарарланишига олиб келадиган сурункали касаллик. Бунда кўрув нерви ҳужайралари ва нерв тўқималари нобуд бўлади. Оқибатда кўриш учун зарур бўлган кўз-мия ўртасидаги боғлиқлик аста-секин бузилиб боради. Кўз ҳамон нурни кўрса-да, лекин кўрув маълумотини мияга юбориш тизими бузилади.

Энг ёмони, глаукома инсоннинг буткул кўр бўлиб қолишига сабаб бўлади. Глаукома (кўк сув) бу кўз ички босимининг доим ёки вақти-вақти билан ошиб туриши, кўрув нер­вининг атрофияси, кўришнинг пасайиши ва кўрликка олиб келувчи жиддий сурункали кўз касаллигидир. Глаукоманинг мураккаблиги шундаки, у баъзида оғриқсиз, секин, ҳеч қандай белгиларсиз кечади ва шунинг учун кеч аниқланади.

Кўз ички босими нормада 16-26 мм симоб устунига тенг. Агар босим меъёридан ошиб кетса, кўрув нерви атрофиясига олиб келади ва кўрликка сабаб бўлади. Афсуски, атрофияга учраган кўрув нервини даволаш усули ҳозиргача топилмаган.

Ёпиқ бурчакли глаукома эса бирдан хуруж билан бошланиши мумкин. Бу аломатлар беморни чалғитади ва улар адашиб, бошқа мутахассисларга мурожаат қилишади. Бундай аломатларни ўзингизда ҳис қилсангиз, албатта, кўз касалликлари шифокори кўригидан ўтиб қўйинг.

Глаукома касаллигининг илк аломатларига тўхталишдан олдин кимларда ва қайси омиллар таъсирида глаукома учраши хавфи юқори бўлади, деган саволга жавоб бериш, мақсадга мувофиқ:

оилада глаукома билан касалланган бемор бўлиши (наслий);

ҳамма 35 ёшдан катталарда;

миопия ёки гиперметропия — 4. 0 +4. 0 диоптриядан ортиқ бўлса;

артериал босим ошиб туриши, гипертония касаллиги, мигрен, қандли диабет, қал­қонсимон без касалликлари, юрак-қон томир касалликларига дучор бўлганларда;

аввал кўзда жароҳат бўлганлиги, бошқа кўз касалликлари билан узоқ оғриганларда;

кўп чекиш ва кўп суюқлик ичиш, семизликда;

доимий кўз зўриқишида.

Демак, кўз касалликларининг ривожланишига аксарият ҳолларда носоғлом турмуш тарзи ҳам сабаб бўлар экан.

Хуллас, бу касалликнинг келиб чиқишига олтмишдан зиёд (томирларнинг атеросклерози, қон босими ошиши, қандли диабет, ирсий касалликлар, турли кўз жароҳатлари, дориларнинг ножўя таъсири ва ҳоказо) омиллар сабаб бўлиши мумкин.

Глаукома, асосан, 45 ёшдан ошганларда кўпроқ кузатилади. Шунингдек, болаларда (туғма глаукома) ва ёшларда (ўсмирлар глаукомаси) ҳам кузатилиши мумкин. Касалликнинг эрта босқичида ранг ажратиш қобилияти, қоронғуликка мослашиш ва, асосан, теварак-атрофни кўриш майдонининг торайиши каби кўз фаолияти бузилиши кузатилади.

Глаукомага хос дастлабки белгилар — нарсаларни аниқ кўрмаслик, эрталаб уйғонгандан сўнг (1-3 соат) кўзи, пешона ва чакка томонида оғриқ сезиш. Бу аломатлар бошқа касалликларда ҳам кузатилиши мумкин, шунга қарамасдан, албатта, кўзни текширтириш зарур.

Глаукома тўсатдан ўткир хуруж билан бошланиши ҳам мумкин. Беморнинг кўз ички босими жуда юқори кўрсаткичларгача ошганда қаттиқ бош оғриғи, кўз соҳасида оғриқ ва қизариш кузатилади. Баъзи ҳолларда кўнгил айниши, қайт қилиш белгилари ҳам рўй беради.

Нур манбаларига қаралганда, улар ҳар тарафга ёйилган камалаксимон доиралар бўлиб кўринади. Ташхис қўйилиши билан шифокор томонидан кўз ички босимини тушириш учун керакли дори воситалари буюрилади. Зарур ҳолларда жарроҳлик амалиёти ўтказилади.

Глаукомани эрта аниқлаш жуда муҳим бўлиб, касалликни даволашда яхши натижа беради.

Кўпчилик ҳолларда одамларни кўз симптомлари безовта қилмайди ва кўзларида ҳеч қандай муаммо йўқдай туюлади. Агар наслида ва оиласида глаукома билан касалланган беморлар йўқ бўлса, бундай одамлар 40 ёшида биринчи кўз текширувини ўтказгани маъқул. Агар баъзи симптомлар пайдо бўлса ёки оиласида глаукома билан касалланган беморлар бўлса ва бошқа омиллар таъсир қилса, кўзни текширишни эртароқ бошлаш лозим.

Глаукома тасдиқланса, унинг шикастланиш даражаси аниқланиб, даво чоралари кўрилади.

КАСАЛЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

Глаукоматоз шикастланишнинг олдини олишда 3 хил бир-бирини тўлдирувчи назарий йўллар мавжуд. Биринчиси — кўз ички босимининг пасайиши ва турғунлашиши, иккинчиси — кўзда қон айланишининг яхшиланиши ва турғунлашиши, учинчиси — нейропротекция, яъни нерв ҳужайраларини шикастланиш механизмларидан сақлаш. Кўпчилик ҳолларда кўз ички босимини нормаллаштириш учун дори воситалари ишлатилади. Агар бу натижа бермаса, лазер нури ёки жарроҳлик усули қўлланилади.

Глаукома билан оғриган беморнинг кўз нурини яхшилаш ёки уни сақлаб қолиш фақат офтальмолог шифокорлардан эмас, балки беморнинг ўзидан ҳам кўп машаққат талаб қилади. Бемор тарафидан амал қилинадиган чора-тадбирлар ҳам касалликни даволашда муҳим аҳамият касб этади.

ГЛАУКОМАНИ АНИҚЛОВЧИ
ТЕКШИРУВЛАР

Офтальмологик текширувлардан — кўриш ўткирлигини аниқлаш, тирқишли лампа (махсус офтальмологик микроскоп) ёрдамида текширув ўтказиш, кўриш майдонини аниқлаш (периметрия), кўз ички босимини ўлчаш (тонометрия), офтальмоскопия ва оптико когерент томография каби бир қатор текширувлар ўтказилади.

Хасталик аниқланса, глаукома «Д» рўйхатига олиниб, бир ойда бир марта кўз ички босими ўлчаниб, назоратдан ўтказиб турилади.

ДАВОЛАШ

Даволаш усуллари 3 хил:

Медикаментоз даволаш —
дорилар ёрдамида

Глаукомани даволаш, одатда, медикаментоз усулдан бошланади. Дорилар шифокор тавсиясига кўра вақтида ишлатилса, кўзланган натижага эришилади, лекин дори воситалари доим ҳам таъсирчан бўлмайди. Сабаблари турлича: баъзида беморларда дориларни ўз вақтида томизиш имконияти бўлмаслиги ёки дори воситаларини узоқ вақт ишлатиш баъзи ножўя таъсирларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳар бир дори воситасини фақат шифокор тавсиясига кўра қўллаш лозим.

Лазер нури ёрдамида даволаш

Лазер нури кўз суюқлиги оқиб кетиш тизимига таъсир қилиб, унинг оқиб кетишини яхшилайди. Лазер операциялари амбулатор шароитда ўтказилади ва нисбатан енгил амалиёт ҳисобланади. Бироқ глаукоманинг ҳамма турларида ҳам лазер ёрдам бермайди.

Жарроҳлик усулида даволаш

Бу усул кўпчилик беморлар учун ягона даволаш усули ҳисобланади. Бошқа усуллар фойда бермаган ҳолатларда жарроҳлик амалиётини эрта даврда бажариш мақсадга мувофиқ. Жарроҳлик амалиёти қанча эрта бажарилса, кўриш қобилиятини сақлаб қолиш эҳтимоли шунча ошади. Ҳозирда хавфсиз замонавий оператив даволаш усуллари ишлаб чиқилган. Баъзан лозим бўлса, беморга 2-3 марта қайта операция тавсия қилиниши мумкин.

БЕМОРГА ТАВСИЯЛАР

Даво нафақат касал кўзга, балки бутун танага қаратилмоғи лозим.

Хасталикни даволашда меъёрида (суткада камида 7-8 соат) ухлаш, хонани шамоллатиш ва тоза ҳавода сайр қилиш тавсия этилади.

Бошни баланд қўйиб ётиш керак, акс ҳолда, кўзда қон ва суюқлик тўпланиб, кўз ички босими ортиб кетиши мумкин.

Эрталаб енгил бадантарбия қилиш фойдали. Бемор ҳаяжонланиш, асабийлашиш, совқотиш, жуда қизиб кетиш кабилардан холи бўлмоғи керак.

У қизиган печь (ўчоқ, тандир) олдида узоқ муддат турмаслиги, бошини энгаштириб ишламаслиги лозим.

Иссиқ ҳаммомда ювиниш, кун иссиғида бош кийимсиз юриш ва офтобда тобланиш, жисмоний ва ақлий меҳнат билан жуда чарчагунча машғул бўлиш ҳам ярамайди.

Бемор қоронғуда ўтирмаслиги, қора кўзойнак тақмаслиги лозим. Ўқиш, ёзиш ва майда ишларни ёруғ хонада бажариши керак.

Бемор кун давомида 4-5 маҳал овқатланиши, кечки овқат эса уйқуга ётишдан 4 соат олдин тановул қилиниши зарур.

Қовурилган ва шўр таомлар, шунингдек, мурч, қалампир истеъмол қилиш мумкин эмас. Аччиқ чой, қаҳва, спиртли ичимликлар ичиш ва тамаки чекиш қатъий тақиқланади.

Беморга сут, сабзавотли овқат тавсия этилади.

Дори-дармонларни фақат шифокор кўрсатмаси билан қўллаш лозим.

Ёш ўтиши билан кўз ички босими ошиши хавфи кучаяди. Шу боис 40 ёшдан ошган, кўз касаллигидан шикоят қилиб келган барча кишиларда кўз ва кўз ички босимини текшириш зарур. Кўзи оғриган ҳар бир киши, унда глаукома бўлмаса ҳам ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиши керак. Бу билан кўздаги ҳар қандай касалликнинг олди олинади.

«Ҳордиқ плюс» газетасининг хазинасидан

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here