Асир юракнинг озодлиги

0

Битирув кечамизда телефонимга «Ташқарига чиқ, муҳим гапим бор», деган SMS келди. Хабар эгасини танимасам-да, ичимда нимадир шув этди.  «У сирли киши ким?» дея аста ташқарига мўраладим. Ташқарида эса синфдошларим Одил ва Жамол гаплашиб туришган экан. Парданинг қимирлаганини сезган Жамол Одилдан узоқлашди. Шунда SMS ёзган Жамол эканлигини пайқадим.

Жамол синфимиздаги энг кўркам, ўзига қараб юрадиган, отасининг эрка ўғли эди. Уни куттириб қўймаслик учун аста ташқарига отландим.  Иккимиз сассиз сал наридаги каттакон дарахт тагига бордик.

— Саида, — деди Жамол томоғини қириб оларкан, — анчадан бери сенга бир гапни айтаман, дейман-у, негадир тилим бормайди.

— Гапиравер, қулоғим сенда… Менинг ҳам тилим айланмас, юрагимнинг уришини Жамол эшитиб қолишидан қўрқиб, энтикиб кетаётгандим.

— Мактабни битириб, ҳаммамиз ҳар ёққа кетамиз. Сен билан учрашишнинг мавриди бўладими-йўқми, билмайман, лекин мен  коллежга ҳужжатларимни топширмоқчиман. У ердаги тартибни биласан. Мен чиройли сўзларни билмайман, шунинг учун бир гапимни унутма: мен учун ўзингни асра! Балки, йиллаб мени кутарсан, кўзларинг йўлимда интизор бўлар, аммо мени кутишдан чарчама. Дилинг ҳам, юрагинг ҳам, ўй-хаёлларинг ҳам меники бўлишини истайман.

Мен ўзим орзу қилган, чўрткесар, кўркам ва гапидан қайтмайдиган йигит менга дил изҳор қилаётганидан ич-ичимга сиғмаётгандим.

Орадан кунлар, кетидан ойлар ўтди. Мен ҳужжатларимни ҳамшираликка топширдим. Жамол эса ўзи айтганидай ҳарбий билим юртини танлади. Ўқув йили ҳам бошланди. У мени биринчи бўлиб телефон орқали табриклади. Биз бир-биримизни кам кўрсак-да, ҳар куни телефонда гаплашардик. Гапимиз эса сира тугамасди.

Шундай кунларнинг бирида уйимизга совчи келди. Совчи узоқ қариндошимиздан бўлиб, ёшлигимизда ота-оналаримиз келишиб қўйишганини важ қилиб, онамнинг бошини роса гаранг қилишди. Шунда юрагим шув этди. Отам томондан бўлган қариндошларимиз гапларида туриб олишса-чи? Унда нима бўлади?

Дарров Жамолга қўнғироқ қилдим. Аксига олиб, телефони ўчирилган экан. Телефон ёқилганлиги ҳақидаги хабарни олишим билан таниш рақамларни излай бошладим. Назаримда, Жамолнинг рақамини бир умр қидиргандек бўлдим.

— Алло, — деган таниш овоздан сапчиб тушдим-у, кўзларимда ёш айланди.

— Алло, мен.. … менга совчи келди узоқ қариндошимиздан, — дедим ҳиқиллаб.

— Ким экан у сени мендан тортиб оладиган? Йиғлама, мен борман-ку…

Жамолнинг олдида ўзимни худди каттакон тоғ қаршисида тургандек ҳис қилардим. Чунки у мени доим асраб-авайлаши, ҳимоя қилишига ишонардим…

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, яна ўша қариндошларимиздан совчи келди ва бу сафар айниб қолишганини, йигитнинг севган қизи борлигини айтиб кетишди. Бу, албатта, Жамолнинг иши эканини юрагимдан ҳис қилардим. Энди муҳаббатимиз тобора кучайиб борар, у менсиз, мен эса усиз туролмасдик. Шу аснода йиллар ўтди. Мен коллежни битириб, ўқишимни давом эттиришга бел боғладим. Жамол ҳам ҳарбий коллежни тугатиб, чегара қўшинларига сержант бўлиб жўнади.

Энди бизларни узоқ масофа ажратиб турар, истасак-да, кўриша олмасдик. Ўқишга шўнғиб кетсам-да, Жамолни учратолмаётганим учун жиззаки бўлиб қолгандим.

Бир куни уйимизга яна совчилар келди. Онам мени қўярда-қўймай йигит билан учрашишга кўндирди.

— Бир мартагина, номига бўлса ҳам чиқ, совчиларнинг олдида юзим шувут бўлмасин, — дея ялинди онам.

Агар шу учрашув ҳаётимни остин-устун қилишини билганимда…

Хуллас, учрашувга чиқдим. Узоқдан кўркам, бўйи баланд йигитни кўриб, атайлаб қадамимни секинлатдим. Унинг қаршисига борарканман, менга совчи қўйган йигитнинг юз кўриниши қанақа экан, деб ўйлардим. Не кўз билан кўрайки, у синфдошимиз Эркин экан. У Жамол билан муносабатимиздан хабардор эди.

— Эркин, сенмисан?  — тўғрисини айтсам, кулиб юборай дедим. Чунки бир пайтлар Эркин жуда бўш-баёв бола, бунинг устига синфдошларимиздан калтак еб юрарди.

— Салом, яхшимисан?

Эркиннинг шунчалик ўзгарганини энди кўриб турибман. Жиддий, нигоҳи қатъий..

— Биласанми Саида, мен сенга ўшандаёқ кўнгил қўйгандим. Аммо Жамол уддабуронроқ чиқиб, сени илиб кетди. Сен ҳам унга мойиллигингни билдирдинг. Энди эса у биздан йироқда. Агар унга турмушга чиқсанг, бошинг кўч-кўчдан чиқмайди. Наҳотки шундай турмушга рози бўлсанг?

Мен унга тикилиб «Бу менинг ҳаётим, сенинг ишинг бўлмасин», дедиму орқамга ўгирилиб, кетишга чоғландим.

— Билиб қўй, барибир, сени ўзимники қиламан!

Эркиннинг ҳайқирган овози хиёбонни тутди.

— Ҳеч қачон, ҳеч қачон! — дея олға одимлардим.

Орадан бир-икки кун ўтиб, телефоним жиринглади. Қарасам, нотаниш рақам.

— Алло…

— Алло!

Жамолнинг овозидан кўнглим ёришди.

— Соғлиғингиз яхшими?

— Ҳаминқадар… Токи сен томондан ёмон мужда эшитмаганимга қадар яхшийди…

— Бу нима деганингиз?

— Эркин билан нима қилиб қўл ушлашиб юрибсан, сенга нима дегандим? Учрашувларга чиқмайман, деб ваъда берган ким?

Устма-уст саволлардан эсанкираб қолдим.

— Менмас, ойим, ойим қўймади…

— Кўнглинг учрашувни тусаб қолган бўлса, катта кўча сенга, хайр!  Бугундан бошлаб ҳаммаси тамом!

Алоқа узилди. Нима қилишимни билмай, йиғлаб юбордим.

Кўз олдимга тиржайиб турган Эркиннинг сиймоси келди. Ҳаммасига Эркин айбдор, деган ўйда унга телефон қилдим.

— Алло, сенга нима дегандим? Жамолнинг севгисини била туриб, менга совчи қўйдинг, мақсадинг нима эди?

— Мақсадимми? Мақсадим сенларни айириш! Сенга эга бўлиш!

Ундан нафратланиб кетдим.

— Сенга хотин бўлгандан кўра, ўлганим яхши…

Шу ўйда шаҳт билан ҳовлига отилдим. Кўзларимдан тирқираб ёш оқар, дунё мен учун тор эди. Жамолнинг олдида нима деган одам бўлдим? Пок севгимизга доғ тушди. У мени кечирмайди. Эркин эса… У менга совчи қўйганига бир умр афсусланиб юради. Ҳаммаси афсусланади, Жамол ҳам, Эркин ҳам, онам ҳам…

Ҳовлига чиқсам, эшикдан кириб келаётган совчиларга кўзим тушди. Онам уларни хушмуомалалик билан ичкарига бошлади. Ҳаммасини барбод қилишнинг йўлини топдим. Совчиларга Жамолни севишимни, бошқага турмушга чиқмаслигимни айтаман.

Чой баҳона ичкарига кирдим. Менга зимдан тикилаётган аёлларга ер тагидан қарарканман, ич-ичимдан ғазаб қайнаб чиқарди.

— Мен.. мен Жамолни севаман, Эркинга турмушга чиқиш ниятим йўқ! Фақат Жамолни дейман…

— Ҳаёсиз! Нималар деяпсан?

Онамнинг дашномлари ҳам менга кор қилмади. Бор гапни айтиб, чиқиб кетдим. Бахтим учун курашишим керак эди.

Ташқарига чиққач енгил нафас олдим. Мана, ҳаммаси тамом! Энди нима бўлса бўлар…

Шу пайт ичкаридаги аёлларнинг овози баланд чиқа бошлади:

— Ҳой, ким бор? Ёрдам беринглар!..

Ичкарига киришга ботинолмасдим. Синглимни киритдим. Ичкаридан унинг «Ойижон!» деган овози келди. Мен ҳам хонага чопдим. Онам ерда оғзидан кўпик чиқиб, типирчилаб ётарди. Дарров қўлимга қошиқ олиб, нафас йўлини очдим. Аммо ойимнинг қорачиқлари тепага кета бошлади.

— Ойи, ойи…

— Севгинг бошингга етди, қизгина, ўзингга балоси урса ҳам майли эди, шунча йил сенларни бир кўзлаб боққан онангнинг бошига етдинг… — дея нотаниш аёл ойимнинг бошини кўтариб, елпиди.

— Ҳозирги қизларга ҳайронсан, бунақа келин олгандан кўра, ўғлим хотинсиз ўтсин-а!

Бу Эркиннинг онаси эди.

«Тез ёрдам» онамни олиб кетди. Ҳовлида опа-сингил иккимиз қолдик. Орадан ҳеч қанча ўтмай қўшнимиз Зиёд ака бизни касалхонага олиб борди. Жонлантириш бўлими олдида докторларнинг жавобини кутардик. Тинмай кириб-чиқаётган шифокорларнинг юз-кўзидаги хавотирни кўриб, қилиб қўйган ишимдан афсусландим. Аммо энди жуда кеч эди. Тонгга яқин онамнинг аҳволи яхшиланди.

— Худо бир қайтариб берди, — деди шифокор аёл хушмуомалалик билан. — Энди онангизни асранг, унга фақат яхши гапларни айтинг, ёмон хабар, асабийлашиш умуман мумкин эмас…

Онам ётган палатага аста кирдим. Турли найчалар уланган онамнинг танаси бир кунда шалвираб қолган эди. «Бизни деб ёниб-куйди, отаси йўқлиги билинмасин, дея яхши едириб-кийдирди, ўқитди. Мен эса биргина йигитни деб, онамдан ажралиб қолишимга бир баҳя қолди. Эҳ, нималар қилиб қўйдим, а?..»

Онажонимнинг ним юмуқ кўзларини, қўлларини силар эканман, тинмай йиғлардим.

— Ойижон, мени кечиринг, мен хато қилдим…

Кунлар ўтиб, ойим секин-аста оёққа тура бошлади. Касалхонадан чиқишига улар яхши кўрган таомларни пиширдим. Аммо онам негадир мен билан илгаригидек гаплашмасди.

Орадан бир ҳафта ўтгач, онам ёнига чақириб:

— Анави Жамолингдан қачон совчи келади? Севса, шу пайтгача одам жўнатиб, бошингни боғлаб қўймасмиди? Айт, одамини жўнатсин! — деди.

Нима дейишимни билмасдим. Чунки ўтган кунлар орасида унга қўнғироқ қилиб чарчадим. Жамол рақамини ўзгартирган эди, назаримда. Уйидагилардан сўраш ноқулай. Қўлимдан ҳеч нарса келмасди шу тобда. Тақдирга тан бериб яшаш эса оғир эди.

Ўша воқеадан кейин уйимиздан совчиларнинг қадами узилди. Ишга бориб қайтар чоғимда маҳалладаги аёлларнинг мени кўриши билан ола қараш қилиб, пичир-пичирларидан тоқатим тоқ бўларди. «Энди фақат онам учун яшайман. Севгиси саёз, қизларга ўхшаб аразлаб юрадиган Жамол ҳам керакмас!..» Охири шу қарорга келдим.

Инсон ҳамма нарсага кўникаркан. Вақт ҳамма нарсага малҳам, деганлари рост экан. Онамнинг аҳволини кўриб, бундан бир неча йил олдин қилган тентаклигимни эслаб, ўзимни-ўзим ёмон кўриб кетаман. Синглимга келаётган совчиларнинг кети узилмас, онам эса менга термуларди. Жамолдан ҳали-ҳануз жавоб йўқ эди. Жамолнинг уйига келиб-кетаётганини эшитсам-да, ғурурим у томон биринчи қадамни ташлашга йўл қўймасди.

— Василани узатаверинг, ойи, — дедим бир куни кечки овқатда. — Акс ҳолда, менинг тентаклигим унинг ҳам бахтини бойлайди… Вақт ўтмасин.

— Сени узатмай туриб, уни қандай узатаман? Саида, ахир ёшинг бир жойга бориб қолди, шуни ўйласанг-чи?! Куни кеча ишлаётган касалхонангдаги бир одамдан совчи келди. Икки боласи етим қолибди, сени хотинликка сўрабди. Бундан ортиқ иснод борми? Бир номардни деб, йўлингни боғладинг. Қани у? Уйига келганида ҳам сендан хабар олай, демайди. Қанақа йигит у ўзи?

— У-ми? У жуда мағрур, ойи.

— Мағрурлиги сенинг бошингга етди. Мана, уйланаётган экан. Бу сени шунча йиллик садоқатинг учун жавоб!

Онам олдимга улоқтирган таклифномага узоқ термулдим. Аммо кўзларимдан оқаётган ёш ундаги ҳарфларни тобора чаплар, қўлларим эса титрарди. Уни ўқиб ҳам ўтирмадим. Нимта-нимта қилиб йиртдим-у, деразадан улоқтирдим. Бу эса менинг унга жавобим!

Шу куни қандай тонг оттирганимни билмайман. Касалхонага бориб, менга ким совчи қўйганини суриштирдим. Фаррош аёллар Комил ака деган жарроҳлигини айтишди. Тўғри унинг хонасига бордим. У киши мени кўриб ҳайрон бўлди. Кейин ўтиришга таклиф қилди.

— Ўтиринг, Саидахон. Келишингизни кутган эдим. Мана, учрашдик ҳам. Аввало, мени кечиринг. Хотиним  касаллик билан узоқ курашди. Шифокор бўлсам-да, уни олиб қололмадим. Иккита норасида болам билан кетидан йиғлаб қолавердик. Аммо наилож? Тақдир шундай экан. Ўтмишингизни қизлар гапириб беришди, севганингиз уйланаётган экан. Балки, сиз ҳам тақдирга тан берарсиз…

Комил акани яхши билардим. Жарроҳлик бўлимига яқинда ўтганлигим боис, икки-учта енгил опреацияларда уларга ассистентлик қилганман. Қўли енгил шифокор. Қанча одамлардан дуо олган. Мен уни узоқ куттирмадим. «Мен розиман», дедим ва хонадан чиқдим.

Шу аснода онам тўй тараддудини бошлади. Холаларим кириб-чиқиб мени табриклар, мен эса ҳиссиз қўғирчоқ сингари ҳаммага бирдек боқардим.

Эҳ, қанча орзуларим бор эди. Ҳовлимизга куёвжўраларнинг кириб келиб, шовқин билан рақсга тушишини, гўшанга ортида Жамолни бир борамас, минг бора тасаввур қилиб, этларимнинг жунжикиб кетганлари… Бари сароб, бари йўққа чиқди. Мана, бугун тўйим бўлса-да, ҳечам кўнглим ёришмасди. Бормасимдан икки фарзандли аёлга айландим. Тақдирнинг ҳукмини қаранг…

Комил аканинг уйидагилар мени яхши кутиб олишди. Фарзандлари ҳам жуда тарбияли, уларнинг кўзларига қарасам, мунгни кўраман. Уларни ўз фарзандларимдек кўришга ўз-ўзимга ваъда бердим. Биринчи кунданоқ уларни айлантириш учун хиёбонга олиб бордим. Улар ҳам менга кўникишди. Ойижон, дейишганда, қувонардим. Комил ака билан бирга ишга бориб, бирга қайтардик. Болаларимиздан ҳам кўнглимиз тинч, токи…

Ўша йиллари чегарада отишма бўлгани ҳақида хабар келди. Душманлар чегарадан ўтишмоқчи бўлишган экан. Ўшанда кўнглим тубига кўмиб қўйган муҳаббатим — Жамол ҳақида ўйладим. Ҳарбий госпиталга малакали жарроҳ ва ҳамшира кераклигини айтишди. Касалхонада Комил акадан бошқа тажрибали шифокор йўқ эди, улар эса ўз-ўзидан мени ҳамшираликка танлади. Олис тумандаги чоғроқ касалхонага бордик. Ярадорларни кўриб, кўнглим бузилди. Негадир йиғлагим келар, тинмай ҳиқиллардим. Шунда Комил ака:

— Ўзингни қўлга ол, ахир булар ярадор, сенинг йиғлаётганингни кўриб, баттар тушкунликка тушади, — деди.

Бизни шу куниёқ жарроҳлик хонасига олиб киришди.

— Ҳарбийлардан бири  қаттиқ яраланган, уни жойидан силжитиб бўлмайди, тўрт жойидан ўқ еган. Иродаси кучли йигит экан, — ахборот берди шифокор. — Бир ўзим уддалай олмайман, шунинг учун сизни чақиртирдик. Сизга ёрдамчи бўламан…

Ичкарига кирдик ва мен анжомларни тайёрлай бошладим. Беморни олиб киришди. Не кўз билан кўрайки, у Жамол эди. Ё Раб! Бу не кўргилик?

Уни операция қила бошладик. Жамолнинг жароҳатлари оғир бўлса-да, юраги бир маромда урар, менинг эса қўлларим севгилимнинг қонига беланганди.

— Ҳамшира, тампон, тезроқ!

Комил аканинг зардасидан чўчиб тушдим.

— Ўзингизни қўлга олинг!  Беморни йўқотяпмиз ахир!

Қарасам, чиндан ҳам Жамолнинг қон босими тушиб кетаётганди…

— Антибиотикларга аллергияси йўқмикин? Тезда таҳлил қилинг! — дея буйруқ берди ҳарбий жарроҳ.

— Йўқ, унинг антибиотикларга ҳеч қандай аллергияси йўқ…

— Сиз қаердан биласиз?

Ҳарбий шифокор менга қараб турганини пайқаган Комил ака ҳаммасини аллақачон тушунган эди.

— Муолажани бошланг, тезроқ. Қонни тозалаш керак…

Мен тезда унинг томирига игна санчдим.

— Азамат йигит экан, — ҳамон қойил қоларди ҳарбий шифокор.

Ҳа, Жамол мард ва жасур йигит эди, аммо тақдир синовларига иккимиз ҳам бардош бера олмадик…

Операция кўнгилдагидек ўтди. Ҳамма хурсанд. Ташқарида турган ёшгина жувонни кўриб, бу Жамолнинг турмуш ўртоғи эканлигини тушундим.

— Опа, нима бўлди? Жамол акам яхшимилар?

— Ҳаммаси ортда қолди, энди унинг аҳволи яхшиланишини кутишимиз керак… — дедим аёлга тасалли бериб.

Биз йўлга чиқдик. Иккимиз ҳам жим эдик. Мен ҳадик билан Комил акага қараб қўяр, ўйламай гапирган гапимдан уялардим. Буни тушунган Комил ака деди:

— Хижолат бўлма, ҳаммаси жойида, вақт зиқ эди, сенинг ўрнингда бошқаси ҳам шундай қиларди…

Бу воқеалардан кейин яна турмуш ташвишларимизга кўмилдик. Бизга ҳарбий комиссариятдан ташаккурнома беришди. Жамол ҳам тузалиб, ишга қайтибди. Яқинда уйимизга яна янги меҳмон келади. Менинг фарзанд кутаётганимни эшитганлар қутлашга келишди. Мен қанчалик бахтиёрман. Юрагимнинг маҳбуби эса… У асир қилган юрак — энди озод! Шундай бўлгани барчамизга яхши. Ахир ҳаёт давом этяпти.

Озода ТУРСУНБОЕВА

                                                                                                   Ҳордиқ газетасидан олинди

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here