Менга пул керак эмас! (Замонавий эртак)

0

Ҳа, сарлавҳани ўқиб ҳайрон қолгандирсиз? Ҳозирги замонда пул тўғрисида бундай фикрлай оладиган кимсанинг топилишига шубҳангиз борлиги аниқ. Ҳа, пул айни дамда қандай қудратга эга бўла олганини биламан. Унга янада кўпроқ эга чиқиш мақсадида одамлар туну кун ором билмаслигидан ҳам хабарим бор. Пул кишилар ҳаётининг мазмунига, ҳеч бўлмаса мазмун киритиш қудратига айланиб қолгани бор гап. Лекин мен дунё ичида бир дунёман гўё. Пул менга умуман керак эмас! Муҳими – статус! Қуйида ушбунинг сабабларини маълум қилиб ўтсам, балки мени тушунишингиз осонроқ кечар.

Болалигимдан тўкис ҳаётда катта бўлдим. Мени кўпинча пул билан боғлиқ вазиятлардан эҳтиётлаб катта қилишган. Бу қимматли қоғоз ҳақида билганларим – уни ушлагандан сўнг албатта қўлни ювиш керак. Чунки пул – саломатлигингизга хавф солувчи микроблар макони. Унга меҳр қўйиш ҳам хавфли. Меҳрингиз тушдими, тамом, инсоний сифатларингиздан ажралиб бораверасиз. Фақат пулни яхши кўрадиган кимсалар на оиланинг қадрига етади, на бирор кимга бахт бера олади. Яна Гётенинг «Фауст» номли асарида пулнинг шайтон томонидан ясалгани ва тарқатилгани тўғрисида ўқиганим бор. Ҳа, пул – шайтоннинг қоғози. Демак, у иймонга ҳам маълум маънода хавф солади. Кўрдингизми, пул ҳаётингизни бағишлашга арзийдиган даражада ижобий буюм эмас.

Ҳаётим давомида пулга мухтожлик билан боғлиқ вазиятларга жуда кам дуч келганим – бу менинг омадим. Тасаввур қиласизми, кундалик харажатларим учун деярли пулнинг ҳожати бўлмайди. Отамнинг корхонасида ишлайман. Ишга оилавий автоуловимизда келаман. Тушликни ишхонамиз ошхонасида қиламан. Кундалик рўзғор харажатлари қадрли отажонимнинг зиммаларида. Кийим кечак борасида эса оилавий дўстимизнинг либослар дўкони муаммоларимизни осонгина ҳал қилади. Пул сиз ўйлаганингиз қадар муҳим эмас! Муҳими – статус!

Корхонамизда асосан пулга мухтож кишилар ишлайди. Улар доим маоши камлигидан нолигани нолиган. Шунда бир неча ойдан буён маош олмай ишлаётганимни тилимга чиқарай, дейману, ўзимни тияман. Чунки ойлик олмасамда онажоним «кунлик» маошимни ҳар тонг кармонимга жойлаб қўйишлари ёдимга тушадида! Лекин барибир, муҳими пул эмас! Муҳими – статус!

Ҳамкасбларим бирор буюмни сотиб олаётгани тўғрисида гапириб қолса, ўша буюмнинг энг қиммат маркалиси уйимизда борлиги ва унинг қандай кароматларга қодир экани тўғрисида айтаман. Шунда суҳбатдошим бир сесканиб ким билан гаплашаётгани ёдига тушади ва мавзуни ўзгартиради. Ҳа, бу ерда пулнинг умуман аҳамияти йўқ! Муҳими – статус!

Масалан, менинг жиянларим шаҳардаги энг яхши хусусий боғчалардан бирида тарбияланади. Боғча хўжайини онамнинг дугонаси бўлгани сабаб жиянларим учун хизмат ҳақи олишмайди. Ҳа, пулсиз ҳам шаҳарнинг энг қиммат боғчасида тарбия олиш мумкин. Муҳими – статус!

Беш йил муқаддам талаба бўлиш учун номдор олийгоҳга ҳужжат топширдим. Йиқилдим. Шунда яна бир бор мен сизга қийматини келтираётган «статус» ёрдамга келди. Олийгоҳ раҳбари отамнинг ҳурматини қилиб қўшимча шартнома асосида ўқишга қабул қилди. Буниси энди росмана статус!

Ана шунақа. Ҳозиргача бўлган ҳаётий хулосаларим шахсий тажрибаларимга асосланган. Шу ерда сизга бир сиримни айтиб кетай. Бобом ҳам, отам ҳам умр бўйи пул учун эмас, балки керакли статусга эга бўлиш учун ишлаганлар. Бизга ҳам шундай ўргатишган. Балки олган тарбиям нуқтаи назаридан бўлса керак, яна бир бор такрорлайман: менга пул керак эмас. Чунки кўп ишларим пулсиз битади. Муҳими – статус.

PS. Сиз ҳам ҳаётингизда пул билан боғлиқ шу каби «эртак»ларни тинглашингизга тўғри келганми? Умуман, сиз учун қай бири муҳим – пул ёки статус? Улар бир биридан айри мавжуд бўла оладими? Бой бўлмай туриб киши ҳаётда ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиши мумкинми? Фикрларингиз биз учун муҳим.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here