НОМУС ЎТИ…

0

 

* * *

Бахтиёр отаси туҳмат билан қамалиб кетганда ўн икки ёшда эди. Мана, орадан йиллар ўтиб ўн тўққизга тўлди.

Етимлик аламими, у совуққонроқ, шафқатсизроқ бўлиб ўсди. Лекин меҳнатдан қочмади. Онаси «ёлғиз боламсан, ўзингни уринтирма, чўкиб қоласан» дейишларига қарамай, рўзғорнинг энг оғир юкини бўйнига илди.

Гоҳ даладан хашак йиғиб келиб мол-қўйларнинг оғзига тутди, гоҳ дўконга чопиб унмиди, ёғмиди, гуручмиди келтириб, омборни тўлдирди.

Бўш қолган вақтларида жисмоний машқларни канда қилмади. Отасининг «Ҳаётда фақат зўр бўл, туҳматчиларни, ярамасларни пачоқлаб ташлайдиган даражада кучли бўл» деган сўнгги насиҳати ҳамиша қулоқлари остида жаранглади.

Отасига эркалангиси, нималардир хусусида маслаҳатлашгиси келганда аламига чидолмай ўттиз килолик тошларни даст кўтарди-да, томорқа тарафга улоқтираверди. Бу ҳам бўй йигитга бироз таскин бергандек туюлди.

Афсуски, ҳаётнинг ўнқир-чўнқир сўқмоқлари кўп экан. Бахтиёр қанча текис йўлдан юришга интилмасин, ўнқир-чўнқир сўқмоқларга дуч келаверди.

Айниқса, нариги маҳалладаги мактаб директори Самад аканинг хурмача қилиқлари, Бахтиёрларникига тез-тез ташриф буюришлари, онаси Холбувига кўз қисишлари, машинасига ўтқазиб қаергадир олиб кетишлари жонига тегди. Ҳар гал Самад акани кўрганда, отаси кўз олдига келиб, тишларини ғижирлатиб қўядиган бўлди. Онасига неча марта айтди. Отаси ҳақида эслатди. Уришди, бу йўлдан қайтишга ундади. Бахтга қарши, Холбуви опа ўғлининг гапига қулоқ осиш тугул, эшитишни ҳам истамади. Бахтиёр ҳар тергаганда, қошларини чимириб, бир неча соат ўғлига гапирмай қўядиган одат чиқарди.

Гарчи ҳали ҳаётнинг асл қиёфасини кўрмаган бўлса-да, Бахтиёр тушунарди. Онаси ёлғиз, яшагиси, ўйнаб-кулгиси келар. Балки отаси Нурмат акадан буткул умидини узгандир? Қамоқда сил касалига учраганини эшитгач, ҳаётини янгитдан қурмоқни ихтиёр қилгандир?..

Аммо Бахтиёр бунга кўника олмади. Онасини бегона эркакнинг қўйнида тасаввур этганда шўрлик отаси хўрлангандек, дод солиб ўкираётгандек, юрагини чангаллаганча ерга юзтубан йиқилаётгандек туюлаверди.

Ана шундай лаҳзаларда беихтиёр муштлари тугилиб, Самад акадан ўч олиш, ҳовлидан унинг шум қадамини узиш йўлларини қидира бошлади.

— Ўзиминан эркакчасига гаплашаман, — ўйлади бир куни. — Кабинетига кириб бораман-да, масалани кўндаланг қўяман. Шундаям тушунмаса, ўзидан кўрсин! Энасини Учқўрғондан кўрсатаман!

* * *

Бахтиёр йўлга отланишдан олдин онасини зимдан кузатди. Холбуви опа қайсидир қўшиқни хиргойи қилганча ошхонада куймаланарди.

Бу қилиғи баттар ғашига тегиб костюмини елкага илди-ю, мактаб томон жўнади.

Мактабгача пиёда ўн беш дақиқалик йўл. Бахтиёр икки ён бағри бепоён далалардан иборат қум кўчада кетиб бораркан, хаёлан Самад акага айтадиган гапларини қайта-қайта такрорлади. Директорнинг ҳузурига кирганда ўзини қандай тутиши ҳақида бош қотирди.

— Сир бой бермайман у нусхага, — деди ўзига ўзи. — Биламан, дарров ялтоқланиб кўнглимни олишга уринади. Илгариги сафаргидай «болам-болам» қилишни бошлайди. Аҳмоғи йўқ. Мен ёш бола эмасман. Унақанги ифлосларга бола бўлгандан ўзимни осганим яхши…

Мактабда навбатдаги дарс соати бошлангани сабабми, деярли сукунат ҳукмрон эди.

Бахтиёр қоровул билан бош ирғаб саломлашди-да, тўппа тўғри иккинчи қаватга кўтарилди.

Директорнинг хонаси қия очиқ экан. Шошилмай уёқ-буёғини тўғрилади-ю, икки-уч марта эшикни тақиллатди.

— Киринг! — деган овоз келди ичкаридан.

Бу Самад аканинг товуши эди. Ўзи учун ёқимсиз товушни қулоғида туйиб Бахтиёрнинг ғижини келди.

Жаҳд билан эшикни очди-да, кабинетга қадам қўйди. Самад ака Бахтиёрга кўзи тушди дегунча беихтиёр ранги ўзгариб, ўрнидан турди.

— Кел, ўғлим, — деди ўзини босишга уриниб. — Бирор гап бўлдими? Рангинг оқариб кетибди? Қани, манави курсига ўтир-чи!..

— Курсингиз ўзингизга буюрсин! — деди Бахтиёр аламли оҳангда. — Сизни огоҳлантиргани келгандим.

— Огоҳлантиргани? — ўзини ҳайрон бўлганга солди Самад ака сир бой бергиси келмай. — Нима айб қилибмизки, бизни огоҳлантирасан, бўтам?

— Ўзингизни гўлликка солманг! — овозини бир парда кўтарди Бахтиёр. — Мен ёш бола эмасман.

— Хўп, гапиравер дардингни! Нима гап ўзи?..

— Онамни тинч қўйинг! Бизникига қадам босманг!

Самад ака совуқ кулимсираб олди-да, бош қашиган кўйи Бахтиёрнинг кўзларига тик боқди.

— Сен ҳали ёшсан, — дея сўз бошлади салмоқ билан. — Ниманиям тушунардинг? Биз… Онангминан ёмон иш қилаётганимиз йўқ. Фақат… Нима десам экан? Ҳаёт экан, шундай бўп қолди. Ўзинг кўриб турибсан, отанг уёқда. Рўзғор ташвишлари… Вей, мана кўрасан, ўзим сени уйлантираман. Ҳовлини қайтадан ҳашаматли қилиб қурамиз. Сенга машина олиб бераман. Фақат билиб қўй, ҳаммасини ўша Холбувининг ҳурмати учун қиламан, ҳа!..

— Рўзғоримизга аралашманг! — беихтиёр бақириб юборди Бахтиёр. — Ҳаётимизга суқилиб киришга ҳақингиз йўқ! Мен-чи, машина минишгаям, ҳашаматли ҳовлигаям ҳавасманд эмасман. Менга отамнинг номуси қадрлироқ!.. Агар яна бир марта сизни онамминан бирга кўрсам…

— Хўш, нима қилардинг? — энди керилиб, Бахтиёрни менсимаган оҳангда гап бошлади Самад ака. — Муштдай бошингдан хўжайинлик қилишни ким қўйибди сенга? Мен… Онангни севаман, тамом!.. Сен аралашма!..

Бахтиёр титраб Самад акага яқин борди-да, кўрсаткич қўлини кўзларига тўғрилади.

— Агар яна ҳовлимизга қадам боссанг, ўзингдан кўр! — шивирлади у. — Аяб ўтирмайман!..

* * *

Самад ака одатда хуфтондан ошганда, томорқа тарафдаги кичик сўқмоқ орқали ими-жимида кириб келарди.

Бахтиёр ўша кундан бошлаб унинг йўлини пойлайдиган бўлди. Номус, рашк ўти уйқусини, оромини ўғирлади. Қалби нафрат, интиқомга тўлди. Ҳали бирор марта бировга бемаврид қўл кўтариб кўрмаган бу йигит севикли ва жондан азиз отасининг ори учун қотилликка-да тайёр турди.

Орадан уч кун ўтди. Самад акадан ҳадеганда дарак бўлавермади. Бахтиёр бу эркакка таҳдиди таъсир этганидан бироз тинчланиб, айвонга тўшалган ўринга чўзилди-ю, кўзларини юмди.

Шу заҳоти отаси Ботир аканинг ғамгин чеҳраси кўз олдида гавдаланди.

Хаёлида отаси ҳам худди бўлиб ўтган ишлардан хабар топгандек туюлиб кетди.

Тасаввурлар чалкашди. Қанча чалғишга ҳаракат қилмасин, қамоқхона камераси, Ботир аканинг мунгли нигоҳи кўз ўнгидан кетмасди.

Охири сакраб ўрнидан турди-да, онаси ухлайдиган хонага разм солди.

Хона чироғи ёниқ эди. Кўнгли баттар ғашланиб, жонҳолатда қўлига ўчоқбошига беркитилган ломни олди ва томорқа тарафга чопди.

Шу тобда кўнгли қандайдир хунук ҳодисани олдиндан сезгандек бўлар, интиқомга юз тутган юрагида титроқ зоҳир эди.

Ҳали айланма сўқмоққача етмаганди. Қамишлардан тикланган қўра ортида қора шарпага кўзи тушиб таққа тўхтади.

«Ифлос! — кўнглидан ўтказди Бахтиёр қўлидаги ломни қаттиқроқ қисиб. — Тағин келибди. Ажал бошлаб келди бу ифлосни, ажал!.. Ўлдираман! Мажақлаб ташлайман!..»

Адашмабди. Келаётган Самад ака экан. Нарироқ ўтишини кутиб турди.

Ёнгинасидан ўтиб кетгани ҳамоно даст қаддини тиклади-да, бир сакраб унга етиб олди ва йўлига кўндаланг бўлди.

— Мен огоҳлантиргандим, — шивирлади Бахтиёр Самад акага аламли боқиб. — Тушунмабсан! Энди ўзингдан кўр!

Самад ака ҳатто жавоб қайтаришга улгурмади. Бахтиёрнинг қўлидаги оғир лом аввал боши аралаш келиб тушди. Аъзойи бадани қонга бўялиб, «Вой боши-им!!!» деганча ерга юзтубан йиқилгач, оғир зарбалар бел, оёқ, бўйни аралаш ёғилаверди…

* * *

Самад аканинг ҳайқириғи Холбуви опанинг қулоғига ҳам етганди. Бошига рўмол ўрашни, оёғига шиппагини илишни-да унутиб югурганча сўқмоқчага етиб келди.

Келди-ю, додлаганча ўғлининг қўлига ёпишди.

— Нима қип қўйдинг, жувонма-арг? — қичқирди у сал қурса юраги хуруж қилгудек қақшаб. — Нимага ўлдирдинг уни, нимага?..

Бахтиёр ҳеч нарса демади. Кийимларига сачраган қонларни жирканган кўйи кафти билан артаркан, бир атрофини ўраб олганларга, бир қўлтиғидан тутиб нари етаклашга тутинган эркакларга жавдиради.

Онасининг тиззасига шапатилаб додлаши, қўшни аёлларнинг чувиллаб йиғлаши-да қулоғига кирмади.

Фақат дағ-дағ титраб ерда чўзилиб ётган Самад аканинг мурдаси томон қараганча сўкинаверди.

— Ифлос!.. Отамнинг ўчини олдим, отамнинг!.. Ҳаммангни сўяман! Каллангни оламан!..

Шу орада кимлардир Холбуви опага сув ичириб сал тинчлантирди шекилли, у яна ўғлига яқин келиб ёқасига ёпишди.

— Н-нима қип қўйди-инг?.. Энди нима бўлади, аҳмоқ?..

Бир-икки силташ Бахтиёрни ўзига келтирди. У сўкинишдан, бақиришдан тўхтаб, онасининг икки елкасини сиқимлади.

— Менга қаранг, сизга ачинмайман!.. Сизга раҳмим келмайди!.. О-отамнинг юзига оёқ қўйманг!.. Отамни ҳақоратламанг! Отажонимнинг номусини ерга топтаманг!..

ХОТИМА ЎРНИДА

Орадан йиллар ўтди. Бахтиёр ҳам, отаси ҳам жазо муддатини ўтаб бўлишди.

Бироқ улар эски ҳовлига қайтишмади. Ота-бола олис туманга бориб ўша ерда ўзлари учун уй қуришди. Икковлари аҳил ва хотиржам ҳаёт кечиришни маъқул топишди. Бахтиёр хасталаниб қолган падарини қурби етганча парвариш қилар, кундузлари бировларга ёлланиб, рўзғор учун пул топарди…

Ота-боланинг яшаш манзилидан хабар топган Холбуви опа кўп бора келиб, қишлоққа қайтишларини сўради. Ёлворди, тиз чўкиб тавба қилди.

Аммо тавбалари, ёлворишлари ҳавога учди. Бахтиёр ҳам, отаси ҳам уни кечира олишмади.

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here