Анорнинг сиз билмаган хусусиятлари

0

Анор шифобахш моддаларга бой мева бўлиб, унда С, В1, В2, В6, В15, РР, В12, ва А витаминлари, кальций, калий, темир, йод, кремний, фосфор, альюминий, магний, хром, мис ва марганец моддалари, фоли ва аскорбин кислотаси етарли даражада. Анорнинг 100 граммида 80 ккалл мавжуд.

Анор пўстлоғида эса ошловчи, қатрон, бўёқ моддалари, мева пўсти ҳамда оралиқ пардалари таркибида 28 фоизга қадар ошловчилар сақланади.

Анор озиб кетишни енгади, гемоглобинни кўтаради, шамоллашни даф этиб, оғриқлардан халос этади, юрак оғриғини енгиб, қон томирлар ва пешоб йўлларидаги фаолиятни яхшилайди, ич оғриғини даволайди, ичаклардаги боғланиш ҳамда ўт қопи ишини меъёрга келтиради, жигардаги қувватсизликка барҳам бериб, иммунитетни кўтаради.

Халқ табобатида анордан диарея, дисбактериоз ва дизентерияда ҳам фойдаланилади.

Ангинани даволашда анорга тенг келадигани йўқ.

Энг муҳими, анор иштаҳани очади. Тана ҳарорати кўтарилганда туширади ва танадаги модда алмашинувини яхшилайди.

ҚОННИ КЎПАЙТИРАДИ

Анор энг фойдали мевалардан бўлиб, халқ табобатида нафақат меваси, балки пўчоғи, гули, барги, новдаси ва ҳаттоки илдизи ҳам кони фойда эканлиги эътироф этилади.

Мевасидан тайёрланган шарбат иммунитетни кўтаради. Бу эса кишига ҳар қандай инфекцияга қарши кураша олиш қувватини беради.

Анор таркибида аскорбин кислотаси етарлича бўлганлиги сабабли зангила (милк касаллиги) дан халос этади.

Замонавий тиббиётда ҳам, халқ табобатида ҳам аёлларга  кўпроқ анор ейиш тавсия этилади. Тиббий тадқиқотларда аниқланишича, анор таркибида эллаготанинлар сақланади. Бу модда анорда жуда кўплиги боис, у кўкрак бези касаллиги ва саратоннинг олдини олади.

 

ШАРБАТИ ОШҚОЗОНГА ФОЙДА

Анорнинг янги шарбати ошқозонда ҳазм қилиш жараёнини яхшилайди. Шунинг учун уни оғир ҳазм бўлувчи таомлардан сўнг истеъмол қилиш жуда фойдали. Айниқса, жигарга оғирлик қиладиган таомни бехосдан еб қўйсангиз, ундан кейин анор шарбати ичиш лозимлигини унутманг.

Анор шарбати оғиз бўшлиғи касалликлари ва томоқ оғриғида ҳам даво. Бунинг учун анор шарбатини стаканга солиб, қайноқ сув тўлдирилган идишга илигунча солиб қўйинг. Шарбат илигач, ичинг. Томоқдаги шамоллашни енгишда бу шарбатдан ўтадигани йўқ. Оғиз бўшлиғининг яллиғланишида ҳам чучук анор шарбати жуда фойдали. Уни ҳам худди юқоридагидек илитиб ичиш лозим.

 

АНОР ШАРБАТИ АНЕМИЯДАН ХАЛОС ЭТАДИ

Бундан ташқари, анор меваси ва шарбати қондаги гемоглобин миқдорини кўтаради ҳамда анемиядан халос этади. Бунинг учун анор шарбатидан  кунига 3 маҳал, 1 стакандан ичиб туриш буюрилади. Бундай халқона муолажани 4 ой давом эттириб, 1 ой танаффус қилсангиз ва танаффусдан кейин яна шунча вақт муолажа курсини қўлласангиз, камқонликдан батамом қутуласиз.

 

АНОР ЮРАКНИ
БАҚУВВАТ ҚИЛАДИ

Анор юракни бақувват қилади. Бунинг учун кунига 2-3 дона анордан шарбат тайёрлаб ичиш лозим.

Бундан ташқари, анор баргидан тайёрланган чой мия фаолиятини яхшилайди. Бунинг учун қуритилган
анор барги кукунидан 2 ош қошиқни термосга солиб, устидан 1 литр қайноқ сув қуйсангиз кифоя.

Анор шарбатини кунига 3-4 маҳал ичсангиз, қон босимингизни кўтаради. Бу билан юрак-қон томирлари яхшиланади.

 

ОРГАНИЗМНИ ТОЗАЛАЙДИ

Анорнинг энг нодир қудрати унинг тозаловчи хусусиятга эгалигидир. Анор организмга тушган ҳар қандай инфекцияни ҳайдаб чиқара олади.

Тиббиёт оламининг султони Абу Али ибн Сино анор хусусиятлари тўғрисида шундай дейди:

Нордон анор ва хусусан, унинг шарбати сафрони босади.

Пўсти, айниқса, куйдирилгани жароҳатлар учун доридир.

Анорнинг уруғи асал билан бирга тиш ва қулоқ оғриғига фойда.

Шунингдек, бу малҳамни бурун ичига суртиб, ундаги жароҳат ва яллиғланишдан халос бўлиш мумкин.

Анорнинг уруғини янчиб, асал билан қўшиб, оғиз ярасига суртиш ҳам фойдали.

Ширин анор кўнгилни очади.

Нордон-чучук анор меъда яллиғланишига фойда қилади.

Иситмалаган киши овқатлангандан кейин анор шарбатини ичиши лозим.

Нордон анор ширин анорга қараганда пешобни кўпроқ юриштиради, умуман, иккаласи ҳам пешоб ҳайдовчидир.

Буюк ҳаким анор яна бир қатор хасталикларга даво эканини таъкидлаб ўтади. Жумладан, Ибн Сино анор пўстини қон тупурганда, милкдан қон оққанида фойдаси борлигини, пўчоғидан тайёрланган қайнатма гижжани ҳайдаш хусусиятига эгалигини айтади. Қайнатмадан кунига уч маҳал овқатдан олдин 1 ош қошиқдан ичиш ва оғизни чайқашда ҳам фойдаланиш мумкин.

Уй шароитида бундай қайнатмани тайёрлаш учун оғзи ёпиладиган чинни ёки сирли идишга 1 чой қошиқ майдаланган мева пўстидан солиб, устидан 200 г сув қу­йинг ва 15 дақиқа милтиратиб қайнатинг. Сўнг 2 соат тиндиринг.

Анор шарбатини мунтазам ичиб юриш буйрак шамоллаши, жигар касаллиги, қулоқ ва кўзнинг газакланишини даволайди.

Шунингдек, анор чанқоқни қондириш борасида ҳам тенгсиз.

ҚАРИЛИКНИ
КЕЧИКТИРАДИ?!

Анор нафақат минг бир дардга даво бўлувчи ва қариликни кечиктирувчи шифобахш дармондоридир. Шунинг учун анорни доимий истеъмол қилиш юракнинг соат каби мунтазам ишлашини таъминлайди. Бу эса инсоннинг ҳамиша тетик ва ёш бўлиб юришига сабаб бўлади.

Хаддерсфилд университети олимлари анорнинг алъцгеймер хасталигига энг яхши даво эканлигини аниқлашган. Бу хасталик витаминлар етишмаслиги натижасида тез кексайиб қолиш билан боғлиқдир. Олимларнинг фикрича, анор таркибидаги пуникалагин бош миядаги тўқималарнинг емирилишига йўл қўймайди. Анор таркибидаги «anti-age» моддаси эса терининг буришишига қаршилик кўрсатиб, ажинлардан сақлайди.

Шунинг учун халқ табобатида «Анорни кундалик овқатланиш рационига киритсангиз, кексалик эшигингизга яқинлашмайди», дея таъкидланади.

АНОР ЕЙИШНИНГ САБАБЛАРИ

Тожик халқ табиби Ҳамид Зоҳидовнинг «Канзи шифо» китобида анорни доимий равишда истеъмол қилишнинг айрим сабаблари айтилган:

1. Гемоглобин қон таркибини ҳосил қилувчи энг муҳим қон шарчалари бўлиб, кислородни қайта ишлаш вазифасини бажаради. Агар сурункали чанқоқ, бош айланиши ва лоҳасликни сезсангиз, бу гемоглобин миқдори камайиб кетганидан дарак. Бу ҳолатда кунига битта анорни сиқиб, сувини ичинг.

2. Қуритилган анор пўчоғини кўк чой билан бирга чойнакка солиб, қайноқ сув билан дамланг. Бу чойни кечаси ухлашдан олдин ичсангиз, тиниқиб ухлайсиз.

3. Анор пўчоғи қайнатилган сув билан оғиз чайқасангиз, тиш оғриғи, милк яллиғланиши ва шамоллашидан халос этади. Чунки унда оғиз бўшлиғидаги бактерия ва вирусларга қарши курашиш хусусияти мавжуд.

4. Бундан ташқари, бу қайнатмадан иссиқлигида томоғингизни ғарғара қилиб, 2-3 ош қошиқ ичиб юборсангиз, томоқ оғриғи ва нафас йўлидаги шамоллашдан қутуласиз.

5. Худди шу қайнатмани оч қоринга кунига 3-4 маҳал ичсангиз, ичаклар инфекциядан тозаланади. Ич оғриғи, дисбактериоз ва дизентериядан халос бўласиз.

6. Анор пўсти юз терисига ҳам фойдалидир. Агар юзингиз ўта ёғли, ҳуснбузарларга тўла ва нотекис бўлса, анор пўстини зайтун ёғига чала қовуриб, бироз совутинг ва илиқ ҳолатда юзингизга суртинг. Ниқобни 5-10 дақиқа ушлагач, илиқ сувда чайинг.

 

Зулфизар ИСОҚОВА тайёрлади.

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here